Джумла
Абу Муслим Written by  Sep 13, 2016 - 2058 Views

Мода ортидан

Бир куни Хўжа Насриддин бозордан аёли учун либос сотиб олибди. Сотувчига пулини бериши билан уйига қараб югура кетибди. У ниҳоятда шошганидан ҳатто қоқилиб-йиқилар эди. Унинг бунчалик шошаётганини кўрган одамлар: "Хўжа, нега бунчалик шошяпсан, тинчликми?", деб сўрашибди. Хўжа эса: "Хотинимга ушбу либосни тезроқ олиб бормасам бўлмайди, акс ҳолда модадан қолиб кетиши мумкин", дебди...

Мода дегани нима?

Французча “mode” ва лотинча “modus” деган сўз меъёр, усул, қоида, кўрсатма деган маъноларни беради. Мода – турмуш ёки маданиятда кийим-кечак, рўзғор буюмларига нисбатан муайян дид ёки қизиқишнинг маълум вақтгача устувор бўлишидир. Мода – бирон бир нарсанинг аҳоли орасида вақтинча машҳур бўлиши. Машҳурлик ҳақида айтилган бу сўзлар нақадар ҳақ, айни сўзлар модага амал қилишга нисбатан айтилса ҳам бўлади: қиммат ҳолда қўлга киритилади, тез ва осон бузилади. Маълум бир қомат ва тана тузилишини афзал дейиш ҳам мода саналадиган бўлди.

Мода ва Ислом

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам сафардан ўзлари билан бирга қайтаётган саҳобаларига: "Дарҳақиқат сизлар биродарларингиз хузурига қайтмоқдасизлар. Уловларингизни тузатинг, либосларингизни тўғриланг. Ҳатто одамлар орасида (юздаги) ҳол каби бўлинг. Албатта, Аллоҳ бузуқлик ва ахлоқсизликни яхши кўрмайди», дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва у зотнинг асҳоблари шундай эдилар, Аллоҳ улардан рози бўлсин. Уларга эргашганлар ҳам шундайдирлар.
Масалан, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ... Ривоят қилишларича, унинг ташқи кўриниши доим чиройли бўлган; ўзларидан хушбўй ҳид таратиб юрар, эгниларида эса чиройли кийимлар бўлар эди.
Умматнинг салафлари буни жуда яхши англаганлар. Ва Аллоҳнинг ўзларига берган неъматлари ҳақида кўп сўзлар эдилар, бунга беэътибор қараган одамни эса айблар эдилар. Зеро улар қуйидаги ҳадисга амал қилишар эди:
Молик ибн Назла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жулдур кийимда борганимда у зот: «Мол-дунёинг борми?», деб сўрадилар. «Ҳа», дедим. «Қайси туридан бор?», дедилар. «Аллоҳ менга туялар, қўй-эчкилар, отлар, қуллар ато этган», дедим. «Аллоҳ сенга мол берган бўлса, Аллоҳнинг неъмати ва фазли-карамининг асари сенда кўринсин», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради.

Ташқи гўзалликнинг энг яхши тури – унинг камтар ва мўътадил бўлишидир. Аслида мода дегани – қандайдир нарсанинг гўзаллиги эмас, аксинча у – вақтинча гўзал деб саналадиган нарсадир. Шу ерда ҳақли равишда савол туғилади: ким бирон нарсага гўзал деб баҳо беришга ҳақли? Ким бирон нарсани гўзал ёки хунук деб баҳо беради: моделерларми, жамиятми, олий табақа вакилларими?  Қачонгача ўз қароримиздан кўра, “бу масалада компитент бўлган шахс” таклифларини устун кўрамиз ва мода дея аталган нарсаларни ҳарид қилишда исрофгарчиликлардан ҳам чўчимаймиз, мода бўлган ғояларни қабул қилишдаги иккиюзламачиликларимиз-чи, ёки мода саналаётган юриш-туришдаги ҳийлаларимиз ёки “мода бўлган мавзулар”га шўнғиб лағвга берилишимизлар-чи?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Динор бандаси ҳам, дирҳам бандаси ҳам, хамийса бандаси ҳам хор бўлсин! Унга ато берилса, рози бўлади, берилмаса, норози бўлади. Хор бўлсин! Иши чаппа кетсин! Оёғига тикан кирса, чиқара олмасин! (Саҳиҳи Бухорий)

Мўмин учун ташқи гўзаллик – Аллоҳ таоло йўлидаги бир қадам; аммо ким шу қадам билан кифояланса, (яъни чиройлик, гўзаллик ташқи кўринишда деган фикрла қотиб қолса) зарар кўради. Чунки, унинг бу хирси Аллоҳ таоло розилигини топиш йўлидаги катта ғовга айланади.

Мода фалсафаси

Модага қарам бўлишнинг биринчи сабаби – инсоннинг қандайдир гуруҳга мансуб бўлишга бўлган эҳтиёжидир. Модага эргашиш – бегоналар билан ўзлариникини ажратишнинг бир белгиси ҳамдир. Аслини олганда эса, ўз нафсига, дидига эргашишдан кўра тўдага эргашиб, мужмал яшаш, бошқалар билан бир хил бўлишдан ўзлигини йўқотиш хавфлироқдир. Асосий ҳавф эса инсоннинг ҳаётдаги маъно-мазмунни йўқотиб қўйишида бўлса керак. У  ўз борлиги йўқотишининг эвазига буларни бир бадал деб билади, оқибатда у қандайдир нарсаларга, кийиниш стилларига, истеъмол молларига ҳаддан ташқари аҳамият бериб юборади.

Мода – бирон нарсанинг сифатли бўлиши эмас, балки янги бирон нарса демакдир. Айнан бирон нарсани янгилик сифатида тақдим қилиш билан модачилар истеъмолчиларини ўзларига жалб қиладилар.

Ларс Свендсен ёзади: “Моданинг тамойиллари шундан иборатки, у доим эксперимент қилиш (тажрибадан ўтказиш) ҳамда янги маҳсулот ва стилларни ишлаб чиқишни талаб этади. Шунинг учун ҳам у сиз эга бўлишга қаттиқ интилаётган шахсий мазмунни (ўзликни) ато қила олмайди. Ҳамма нарса ўзаро алмашув ва бирдай қимматга (яъни, бирдай эътиборсиз) эга бўлиб турганида, ҳақиқий фазилатга эга бўлишнинг имкони йўқ. Алал оқибат, тотал тасодифларга қарам бўламиз ёки саъй-ҳаракатларимиз оммавий фалаж гирдобида ғарқ бўлади. Бу ерда бир хил хажмда бўлган икки қоп емни танлай олмай очдан ўлган эшак ҳақидаги ривоятни эслаш кифоя”. Свендсеннинг айтишича, модага интилиш – кундалик ҳаётдаги зерикарлилик (бир хиллик) ва такрорийликдан қочишдир.

Савол туғилади: моддий нарсалардан қандайдир бойлик (фойда), янгилик топиб, у билан завқланиб қолиши учун унинг қалби қанчалик қашшоқлашган бўлиши керак экан-а? Брендларнинг машҳурлиги мижозларнинг эстетик дидидан дарак бермайди, аксинча бу – маънавий қашшоқликнинг белгисидир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассалам: “Ҳақиқий бойлик – ички дунёнинг бой бўлишидир”, деганларида қанчалар хақ эди!
Хулоса ўрнида айтадиганимиз шуки: айнан ҳар куннинг қадрига етиб, ҳаётнинг маъно-моҳиятини англаб, ўз амаллари орқали Аллоҳ таолони рози қилишга уринадиган гуруҳга мансуб бўлиш, шунинг билан бир қаторда CalvinClein шимлари ва Armani кўйлакларида бўлмаса ҳам атрофдагиларга қизиқарли ва ёқимли бўлиш мумкин...

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…