Джумла
islamonline.uz Written by  Jan 21, 2017 - 1221 Views

Мақсадларга эришишда бизнинг тутган йўлимиз

Диндошларимиз бир неча йилларга режа қилишимиздан нима наф, ахир Аллоҳ биз учун олдиндан ҳаммасини ҳал қилиб қўймаганми? – дея таъкидлашади. Бизлар учун фақат сабр билан, ўтаётган кунимиздан рози бўлган ҳолда, Аллоҳ бизга тақдир қилганини кутиб яшаш қолади, холос. Аммо динимиз бизни умуман бошқа нарсага, яъни биз учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати бўлган ўз ҳаракатларимизни олдиндан белгилаш ва режалаштиришга ҳарис бўлмоқликка ундайди. Ҳар бир ўзини Ислом умматидан деб ҳисоблаган муслим ва муслима ўз олдига хайрли мақсадларни қўймоқлиги ва уларга етишмоқлик ҳаракатида бўлмоқлиги набавий ахлоқ эмасми?
Инсоният учун енг гўзал намуна ва Аллоҳнинг сўнгги элчиси Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг набийлик вазифаларини тўлиқ англаб етганлар. Ўзларининг олдига мақсад қўйиш баробарида, Аллоҳнинг иродаси билан уларни амалга оширишга киришганлар ва шу ўринда саҳобаларга бу борада таълим берганлар. Қуръони Каримда номлари зикр қилинган 25 та пайғамбарнинг вазифалари ҳам бир хил эди - Одам фарзандларини ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақириш.
«Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборурмиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар.» (Анъом сураси, 48-оят)
«Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: “Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг”, деб ваҳий қилганмиз.» ( Анбиё сураси, 25-оят)
Саодат асри мусулмонлари Аллоҳнинг уларга юборган оят калималарига суянган ҳолда ўзларидан талаб қилинган ва бўладиган ҳодисаларнинг амалга ошиш тартибини яхши тушуниб етишган эди. Замонамиз мусулмонлари эса Ислом дини бизнинг олдимизга қўйган вазифаларни мужмаллик билан тасаввур қилиши оқибатида мақсадларга эришишда адашишга; бу эса уммат келажагини ноаниқлик гирдобига йўлиқтиришига сабаб бўлиши мумкин.
Авраам Линколн ўз сўзларида “Тўғри қўйилган мақсад – муваффақиятнинг ярми” эканлигини айтган бўлиб, шубҳасиз, албатта Аллоҳнинг ёрдами ила, ягона тўғри йўл бу – олдимизда турган аниқ вазифаларни белгилаб олишдир. Холис ният билан белгилаб олинган хайрли мақсад мусулмон умматини олдинги интилишга, амаллар рўёбига ва янги режалар тузишга имкон яратади.
Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Умматим 73 фирқага бўлинади, биттасидан ташқари барча фирқалар дўзахга киради", деганлар. Шунда саҳобаи киромлар: Ё Расулуллоҳ, нажот топадиган бу фирқаи ножия қайсидир! - деб сўрашганида, Пайғамбаримиз Муҳаммад салаллоҳу алайҳи ва саллам: "Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутганлар", деб жавоб бердилар. Ҳозирда мавжуд гуруҳларнинг ҳар бири ўзларини тўғри йўлдалигини эътироф қилиб ўз олдиларига турли мақсадларни белгилаб олишади, улардан айримлари эса таг томирлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаламнинг бизга қолдириб кетган кўрсатмаларига тескаридир.
Аллоҳ таоло ўз Каломи Мажийдида: «Бас, улар ишларини ўз ораларида пора-пора қилиб бўлиб юбордилар. Ҳар фирқа ўз ҳузурларидаги нарса ила хурсанддирлар.» (Мўъминун сураси, 53-оят)
Бу кунга келиб Ислом уммати турли фирқаларга бўлинмаслиги ва ҳамжиҳатликда умумий мақсадларга етишмоқликка муҳтождир.
«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқаради. Шоядки, ҳидоят топсангиз.» (Оли Имрон сураси, 103-оят)
Мусулмонлар жиддийлик ва эътиборда таназзулга рўбаро бўлаётгани замонавий мусулмонларнинг Аллоҳ буюрганидек итоатда эмаслиги, балки ўз нуқтаи назарларидан келиб чиқиб иш тутаётганликлари сабабидандир. Сўнгги самовий дин вакиллари аслида иккиламчи, балки динда аҳамиятсиз бўлган кўплаб саволлар устида бир-бирлари билан тортишмоқдалар. Бу умматни Аллоҳ йўлида ягона мақсад сари бирлашиш учун нима мажбур қила олади? Жавоб битта: Аллоҳга ва унинг Расулига бўлган муҳаббатдир!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўз Расулига ва мусулмонларга қарата айтадики:
«Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир” деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир.» (Оли Имрон сураси, 31-оят)

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз мақсадларига қандай еришганлар?

«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.» (Аҳзоб сураси, 21-оят)
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ, У киши ва саҳобалардан ўрганишимиз лозим бўлган ўрнак шуки, улар олдиндан мустаҳкам режалаштирилмаган ишга, шунингдек, унинг қандай оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилмасдан туриб ҳеч қандай жиддий ишга бел боғламаганлар. Ёрқин мисол сифатида эса Қурайш қавмини Исломни қабул қилишга ва кўпхудоликни буткул тугатишга олиб борилган изчил ҳаракатни далил қилишимиз мумкин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчилардан бўлиб ўз завжайи мутоҳҳоралари Хадийжа розиаллоҳу анҳо ва яқин қариндош, дўстларини саодатга чорлаганлар. Улар Ислом тарихи саҳифаларида Пешқадамлар розияаллоҳу анҳум бўлиб танилдилар.
Улар ҳақида Қуръонда шундай марҳамат қилинади: «Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир.» (Тавба сураси, 100-оят)
Дастлабки саҳобаларнинг иймонга келишларидан сўнг махфий бўлган даъватнинг оғир уч йили бошланди ва бу пайт хуфёна учрашувлар Ал-Акраманинг уйида бўлиб ўтарди. Шу давр мобайнида Аллоҳ азза ва жалла Исломни ва саҳобаларни Умар ибн Хаттоб ва Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг амакилари Хамза ибн Абдумутоллиб билан қувватлантирди.
Кейинги босқичда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшлик бой зодагонларни Исломга чақиришга киришдилар. Ундан сўнг эса рисолат Маккадан ташқарида яшовчи Тоиф, Мадина ва Ҳабашистонда яшовчи аҳолига етказилди. Бу ўз навбатида мусулмонларнинг Мадинадаги ўрнини мустаҳкамлади.
Исломга бўлган бу даъват йилларида Набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам динга тарғибда эътиборларини қаратган жамоадан ортга чекинмаганлар, шунингдек, бир ишни охирига етказмасдан туриб, яъни ўз даъватларининг натижасини кўриш мақсадида биринчи жамоадан иккинчи жамоага югурмаганлар.
Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу борада Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга даъватни босқичма-босқич қилишларини таълим бериб шундай дейди:
«Ва Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришинг учун бўлиб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб туширдик.» (Исро сураси, 106-оят)
Набий саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг Маккадан Мадинага ҳижратлари эса у кишининг қанчалик тартибли ва режага асосан иш юритишларига ёрқин далилдир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан қиладиган Мадинага ҳижратларини махфий режалаштирдилар. Уйларидан чиқишдан аввал Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга Маккалик мушрикларнинг омонатларини бериб қўйишни тайинлаб, ўз жойларига ётишликка буюрдилар. Ёсин сурасининг дастлабки 9 оятини ўқиган ҳолатда уйларидан чиқдилар. Бу пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш қасдида келган бир гуруҳ мушриклар пойлаб туришар, аммо Набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам уларнинг олдиларидан ўтиб кета туриб ҳаммасининг бошига бир сиқимдан қум ёки тупроқни қўйиб чиққанларини кўрмас, бақрайганча қараб турар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг уйларига боргач, орқа эшикдан чиқиб Маккани тарк этдилар.
Мадина шимолда бўлишига қарамасдан Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам жанубга қараб юрдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг озод қилган мавлолари Омир ибн Фуҳайро қўйларни уларнинг ортидан ҳайдаб борди, сабаби туя изларини ёпишлик лозим эди. Ғордаги уч кундан сўнг Мадинага қараб йўл олдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳаракатлари бизга ҳар бир ишни пухта режалаштиришга ва, енг асосийси, натижага эришиш учун ана шу ишнинг сабабини қилишимиз зарурлигини уқтирадилар.
Аллоҳ таоло бизлардан белгиланган мақсадга этиш йўлида ҳар доим сабабни қоим қилишга ва бор кучимизни ишга солишга чақиради.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: «...Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас...» (Роъд сураси, 11-оят)
Натижасида Аллоҳ бизларга дин ва дунё ишларида муваффақият ва ғалаба берадиган амалларга доимо пухта режа билан киришмоғимиз керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидаги мақсадлари

Набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам бутун инсониятга юборилган хотамил анбиё эканликлари, ҳудуд ва давр жиҳатидан чекланган бошқа Набий ва Пайғамбарлардан фарқли равишда, у кишига қўшимча вазифаларни юклаган. Дунёнинг барча қитъаларига Исломни ёйиш ва, шу аснода, хато қилмасликдек улкан вазифа олдиларида турар эди.
Набий саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳаётлик чоғларидаёқ дунёнинг бир қанча империя ва давлатларига, шунингдек қабила ва халқларига Ислом динига даъват мақсадида элчилар юбордилар. Шу йўл билан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини халқлар билан дипломатик муомалага ва кучли стратег бўлишга ўргатдилар.
Имоми Муслимнинг саҳиҳларида Муоз розияллоҳу анҳу айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени (Яманга) юбораётиб: «Сен китоб аҳли бўлган қавм ҳузурига кетмоқдасан. Аввал уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадур расулуллоҳ» шаҳодатига даъват қил. Агар бунга итоат қилишса, Аллоҳ уларга ҳар кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, Аллоҳ уларга бойлардан олиб камбағалларга бериладиган садақани фарз қилганини билдир. Агар бунга ҳам итоат қилишса, қимматбаҳо, яъни сара молларини олишдан четлан. Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки мазлумнинг дуоси билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқ», дедилар. Бундан дин ишларини тартиб билан амалга ошириш зарурлигини билиб оламиз.

Ҳаракат қилиш вақти етмадими?

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатти-ҳаракатларидан ва ҳаётий сабоқларидан тўлалигича ўрнак олмас эканмиз қилаётган ишларимизда хайр ва баракага етишмоқлигимиз қийинлашиб биз ҳам ўз йўлимиздан четга чиқишимиз аниқ.
Ниятларимизни тўғрилаб, ҳар бир ишни Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширишга ҳаракатда бўлмоқлигимиз, бизни чин мусулмон сифатида шаклланишимизга йўл очади. Ҳар бир ишни режали амалга оширишда вақтимиз, имкониятимиз ва атрофимизда бизга боғлиқ бўлмаган вазиятларни ҳисобга олишимиз бизни ҳар соҳада, жумладан, динимизда муваффақиятга етаклайди.
Сўзларнинг енг гўзали Аллоҳнинг, йўлларнинг енг тўғриси Набий саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг йўли бўлган бу ҳаёти имтиҳон дунёда, бизлардан талаб қилинган амалларда тартибли мўмин бўлиш, мақсадларга режа асосида етишиш ва бу йўлда бизга мерос сабоқларга амал қилишимиз – бизнинг саодатимиздир.

Info-Islam.ru сайтидан
Исломиддин Сирожиддин таржимаси
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…