Джумла

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январь куни Самарқанд вилояти, Нурота (ҳозирги Иштихон) туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1957-1967 йилларда тумандаги 57-ўрта мактабда ўқиган. Мактабни тугатиб, Иштихон туманидаги Свердлов совхозининг 4-бўлимида ишчи бўлиб меҳнат фаолиятини бошлайди (1967 й.). 1973-1975 йиллар армия сафида ҳарбий хизматни ўтайди. Ҳарбий хизматдан сўнг яна ўз иш жойига қайтади. 1980-1982 йилларда Пайариқ туманидаги Имом ал-Бухорий жоме масжидида имом ноиби бўлиб ишлайди.
Усмонхон Алимов 1982-1983 йилларда Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги ТИИда таҳсил олади. Сўнгра 2006 йилгача Имом ал-Бухорий жомесида имом-хатиблик қилади. Орада Марокашдаги Каравейн университетида таълим олган (1989-1990). У 2000-2006 йилларда ЎМИнинг Самарқанд вилоятидаги вакили, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби бўлиб ишлади.
Маълумки, мустақиллик йилларида кўплаб алломаларимиз қаторида ҳадис илмининг султони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг муборак номи тикланиб, мероси ўрганила бошланди. Бу улуғ зотнинг мангу қўним топган жойи ободанлаштирилди. Бу ишларининг боришида Шайх Усмонхон Алимов бевосита ташкилотчи ва маслаҳатчи бўлди.
Самарқанд шаҳридаги Хожа Аҳрор Валий ва Имом Абу Мансур Мотуридий зиёратгоҳлари ҳамда кўплаб улуғ зотлар дафн этилган Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуини қайта таъмирлаш ишларида Шайх Усмонхон Алимов раҳбарлигидаги Самарқанд вилояти имом-хатибларининг жуда катта хизматлари сингган. Улуғ бобокалонлари меросини халққа қайтариш, уларнинг мақбаралари, қадамжоларини обод қилишдаги саъй-ҳаракатлари шарофатидан эл орасида катта ҳурмат топган, диний соҳада кўп йил фидокорона хизмат қилиб,бой тажриба орттирган уламо Усмонхон Алимов 2006 йил 8 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.
Шундан сўнг унинг бошчилигида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги деярли ташландиқ ҳолга келиб қолган, фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад Қаффол Шоший дафн этилган Ҳазрати Имом мажмуаси қайта таъмирланиб, ободонлаштириш ишларидан сўнг таниб бўлмас даражада ўзгариб, муборак масканга айланди. Ушбу хайрли ишларнинг боришида ҳам муфтий Усмонхон Алимов бош-қош бўлди.
Шайх Усмонхон Алимов иш фаолиятида ЎМИ бўлимларини такомиллаштириш, диний таълим муассасаларида ўқув жараёнини юксалтириш, уларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш масалаларига жиддий эътибор қаратди. У ислом дини таълимотига мувофиқ дин билан дунё ишларини бир тутган, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини яхши англаб етган ҳолда иш юритишни уддалайдиган раҳбардир. Унинг раҳбарлигида диний идора фаолиятининг самарадорлиги янада ошди ва халқимиз учун илмли ва юқори савияли имомлар етиштириб бериш учун зарур барча шарт-шароитлар яратилди. Айни пайтда Республика раҳбарияти томонидан идора тизимининг юртимиз тинчлиги, халқимизнинг маънавий камолоти йўлидаги меҳнатлари юқори тақдирланмоқда.
Муфтий Усмонхон Апимов ҳар доим изланишда ўқиб-ўрганишдан чарчамайдиган комил инсон. Унинг “Ҳазрати Имом”, “Имом Бухорий баракоти”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Расулуллоҳ васиятлари”, “IХ-ХI асрларда Самарқандда калом илмининг ривожланиши”, “Илмнинг фазилати”, “Вояга етмаганларга оид ҳукмлар мажмуаси”, “Истиқлол шарофати”, “Суннат ва ҳадис”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳаётбахш маънавий мерос”, “Ҳорманг, азаматлар”, “Бухорий бобом” каби китоблари халқимизни дин чашмаларидан баҳраманд бўлишга ундайди. Мусулмонларнинг муқаддас китоби - Қуръони карим маъноларини ўзбек китобхонига етказиш, ундаги мўъжизакорлик, инсонпарварлик ғоялари, ирфоний маънолар сирларини баён қилиш йўлида тасниф этилган “Тафсири Ирфон” китоби халқимизга муфтий, олим Шайх Усмонхон Алимовдан муносиб туҳфадир.
Тошкент Ислом университетининг фахрий фан доктори Усмонхон Алимов 2012 йили нуфузли халқаро ташкилот – Ислом олами уюшмаси (Робита) Таъсис мажлисининг аъзоси бўлди.

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…