loader
Foto

Шимни тўпиғдан юқори қилиб кийиш

Муқаддас динимизда кийиниш борасида алоҳида одоблар жорий қилингани, либосларни покиза тутиш ва уларни кийиш масаласида махсус кўрсатмалар борлиги сир эмас, албатта. Зеро, динимизнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи алоҳида ўрин тутади. Мўмин-мусулмонларнинг кийиниш маданиятига риоя қилишлари ўзлари учун обрў ва мартаба экани, гўзал ва чиройли кўриниш, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

"Эй Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари) ни туширдик. (Аммо) тақво либоси - бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар!" (26-оят). Демак, мукаррам қилиб яратилган инсон зотининг бошқа махлуқотлардан фарқи баданини чиройли либослар билан тўсишидадир. Кийиниш одобларига оид юқоридаги ояти карималардан ташқари кўплаб ҳадиси шарифлар келган.

Айни кийиниш масаласида турли кишилар жамиятида либоснинг тури ва кийинишида фарқлар борлиги табиий. Шу нуқтаи назардан махсус иштон (изор) кийиш бобидан келган баъзи ҳадиси шарифларнинг зоҳирига қараб ҳукм қилган, бу масалани жиддий ҳаромликка йўйган баъзи инсонлар учрагани боис, жумҳур уламоларимиз наздида айни калта иштон кийиш масаласида қандай ҳукм берганини алоҳида эслатишни лозим деб топдик. Зеро, ҳозирда иштонни фақат калта кийиш зарур, тўпиқдан пастга тушиш ҳаром, деган хато тушунчалар шаклланиб, ривожланмоқда. Аслида эса, асрлар давомида жумҳур уламолар бу масалага атрофлича қарашган ҳамда поклик ва ниятга қараб узун бўлса ҳам жоизлигига ҳукм қилишган.

Аслида бу масалада ихтилоф чиқарадиганлар ушбу мавзуда келган ҳадиси шарифларга бир ёқлама қарашлари асосида иш тутганлари учун тушунмовчилик келиб чиққанлигини кўпчилик уламолар таъкидлайдилар. Маълумки, шаръий ҳукмга далил келтириш учун махсус тартиб ва босқичлар жорий қилинган.

Бир иш борасида биргина ҳадиснинг ўзи билан ҳукм чиқарилмайди. Балки ўша мавзуга доир барча оят ва ҳадисларни атрофлича ўрганиб кейин ҳукм чиқарилади.

Калта иштон масаласи ҳам уламолар томонидан батафсил ўрганилиб, жавоби айтилган масала ҳисобланади.

Ихтилоф чиқараётган томон ўз гапларига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирадилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: "Иштоннинг икки тўпиқдан пасткиси дўзах (оловида)дир", дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Улар мана шу ҳадиснинг ўзини ушлаб олиб, содда мусулмонларни чалғитиб, қаттиқ қўрқувга солмоқдалар. Умидсизликка етакламоқдалар.

Иштони тўпиғидан пастга тушган одам дўзахи бўлади, деган гапни эшитган оддий мусулмон «Наҳотки, Иймонда, Исломда, ибодатда, тақвода юрган одам ҳам биргина иштони тўпиғидан пастга тушгани учун дўзахи бўлса», деб хаёл қилиши турган гап.

Ана шундай нотўғри тушунчаларни қўзғаётганлар бу ҳадисни ҳам атрофлича ўрганиб, бу масалага баҳо беришганида бундай ихтилофлар юзага чиқмас эди.

Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда шундай марҳамат қилганлар:

"Енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бўлди”, дедилар” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Имом Заҳабий "Ал-Кабоир”да: "Эллик бешинчи гуноҳи кабира бу - киши иштон ёки изорини ҳамда уст-бош либосларини такаббурона, фахр ва манманлик учун кийишидир. Зеро Аллоҳтаоло:

"... ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас" [Луқмон сураси, 18-оят, деб келтиради. Демак, кишининг такаббурона феъл-атворлари билан бирга мақтанчоқлик учун либос кийиши ҳам динимизда қораланган.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам манманлик ила кийимлар кийишни қоралаганлар:

“Бир киши ўзининг соч шокиласига ва кийимига маҳлиё бўлиб юриб бораётганда, бирдан уни ер ютиб юборди. Эндиу қиёмат қоим бўлгунча пастга тушиб бораверади", дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Ибн Умар розияллоху анхудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам:

"Осилтириш изорда, кўйлакда ва саллададир. Кимўша нарсалардан бирортасини манманлик ила осилтириб юрса, Аллоҳ қиёмат куниунга назар солмас", дедилар". (Имом Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган).

Юқоридаги ҳадислардан маълум бўладики, осилтириш фақат иштоннинг ўзида эмас, балки бошқа кийимларга ҳам тегишли экан.

Хўп, агар кимдир ушбу кийимларни мақтаниш, кибрланиш учун киймаса ҳам юқоридаги хукм остига дохил бўладими, деган савол туғилиши табиий. Айнан шундай саволлар саҳобаи киромларнинг ўзида ҳам туғилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким манманлик ила кийимини судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳунга назар солмас», дедилар.

“Ё Аллоҳнинг Расули, албатта, изоримнинг бир тарафи уни ушлаб юрмасам тушиб қолади?" деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу. “Сен манманлик ила қиладиганлардан эмассан" дедилар". (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Демак, асосий иллат кийимнинг осилтирилишида эмас, қалбий касаллик ҳисобланмиш манмансираш ва такаббурликка берилиб кийинишда экан.

Жумҳур олимларимиз бу бобда келган барча ҳадислар манмансираш ва кибр учун иштонини тўпиқдан пастга тушириб кийганлар қиёматда азобланади. Манманлик учун киймайдиган бўлса, улар учун ундай қаттиқ гаплар йўқ, дейишади.

Шунингдек, Имом Абулмаолий Бурҳониддин ўзининг "Муҳит ал-Бурҳоний фи фиқҳ ан-Нўъмоний" асарларида ривоят қилишича: «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ қиймати 400 динор бўлган қимматбаҳо ридо кийиб ерга судраб юрардилар. Уни кўрганлар: "Бундай кийинишдан қайтарилмаганмизми?», деб сўрадилар. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса: "Бу қайтариқ ўз либосларини манманлик ва мақтанчоқлик учунгина кийиб юрувчиларгадир. Биз эса улардан эмасмиз”, деб жавоб берганларини келтиради.

Шунинг учун бундай ихтилофларни қўзғаб, содда мусулмонлар орасига раҳна солишдан, фитна чиқаришдан эҳтиёт бўлмоқ лозим.

Унинг ўрнига покиза шариатимизда кийимнинг талабларини баён қилиш зарур бўлади.

Шариатнинг кийим борасидаги талаби: авратни тўсадиган ва манманликдан, кибру ҳаводан холи ҳолда кийинишдир.

Ундан ташқари ибодатга қулай бўлган, намоз ўқишда ноқулайлик туғдирмайдиган бўлиши, ўта тор бўлиб, авратлари очилиб қолмайдиган даражада бўлиши керак. Валлоху аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан