loader
Foto

Ким илм талаб қилиш йўлига юрса...

Касир ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан бирга Дамашкдаги масжидда ўтирган эдим. Бир киши келиб: «Эй Абу Дардо, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарларидан сиз у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган, менга етган бир ҳадис учун олдингизга келдим, бошқа бирор хожат учун келмадим», деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниг шундай деяётганларини эшитганман: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига юргизиб қўяди. (Аллоҳ уни жаннатга киришини осон қилиб қўяди). Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга ер ва осмонлардаги зотлар, ҳатто сувдаги китлар (балиқлар) ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обидга нисбатан фазилати худди Бадр - ўн тўртинчи кечадаги ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан фазилатига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қилиб қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улкан насибани олибди» (Имом Аҳмад, Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ваДоримийлар ривоят ҳилишган. Термизий (Касир ибн Қайсни) Қайс ибн Касир деб айтган).

Шарҳ: Ҳадиснинг хулосаси шуки, бу ҳадиснинг асл ровийси Абу Дардо розияллоҳу анҳу бўлиб, ровийлардан Касир ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ воқеани баён қилиб бермоқдалар. У киши ҳадисни шундай баён қилади: Мен Дамашқдаги масжидда Абу Дардо розияллоҳу анҳу билан бирга ўтирган эдим. Шу вақт бир одам келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари бўлмиш Мадинаи Мунавварадан келганини, эшитган бир ҳадиси борасида у кишидан сўраш учун келганини айтди. Унинг мақсади илм ҳосил қилиш эди. У одам икки хил мақсадда келган бўлиши эҳтимоли бор:

Биринчиси, у одам бу ҳадис Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганини умумий ҳолда эшитган бўлиб, уни батафсил эши-тиш учун у зотнинг олдиларига келган.

Иккинчиси, у одам бу ҳадисни Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ровий орқали эшитган бўлиб, санадни олий қилиш ва ўртадаги битта ровийни тушириб юбориш мақсадида Дамашққа, у зотнинг олдига келган бўлиши мумкин. Чунки ҳадисни воситасиз эшитиш ҳам ҳадис санадининг олий бўлишига сабаб бўлади. Кейин у саҳоба юқоридаги ҳадисни айтиб берди. Бу ўринда ҳам иккита эҳтимол бор.

Биринчиси, бу жойга келган киши айнан шу ҳадисни эшитиш учун келган.

Иккинчиси, у киши бошқа ҳадис ҳақида сўраган. Аммо Абу Дардо розияллоҳу анҳу у одамни хурсанд қилиш мақсадида ушбу ҳадисни ҳам айтиб берган бўлишлари мумкин.

Шу жойгача ҳадиснинг биринчи қисми баён қилинди.

Ҳадиснинг иккинчи қисмида фаришталар толиби илм учун қанотларини қўйиши айтилди. Фаришталарнинг қанотларини ёзишлиги борасида ҳам бир неча фикрлар бор:

Биринчиси: Бу ҳақиқий маънода дейилади. «Мишкот ал-масобиҳ» китобининг шарҳи «Мирқотул мафатиҳ» китобида Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ ушбу воқеани келтирган: «Бир киши илм толиби учун фаришталар қанотларини қўйишлари ҳақидаги ҳадисни эшитгач, бу ҳолатни узоқ санаб, оёғини ерга урган экан. Шу ондаёқ унинг оёғи синиб кетган экан». Шунга кўра бу ҳақиқий ҳолат бўлиши мумкин.

Иккинчиси: Фаришталар қанотларини қўйишлари учмасдан тўхтаб туришларидан киноя саналади. Яъни илм толиблари дарс қилаётган чоғида фаришталар учишдан тўхтаб, уларнинг дарсларини эшитиш учун жамланадилар.

Учинчиси: Илм толибларига юмшоқ муомала қилишдан киноядир.

Тўртинчиси: Фаришталар томонидан илм толибларига салом йўлланади.

Ҳадиснинг учинчи қисмида уламолар ва илм толиблари учун қуруқликдаги ва сувдаги барча махлуқотлар истиғфор айтиши баён қилинди. Зеро, Аллоҳ таоло у махлуқотларга шундай қилишларини амр қилгандир. Аллоҳ таоло илм аҳлларининг гунохдари кечирили-шини истагани учун бу махлуқларни истиғфорга машғул қилди.

Савол: Ушбу ҳадисда сувдаги жониворлардан балиқ зикр қилинди. Ваҳоланки, денгиз ва океанларда турли-туман жониворлар кўпдир. Кейинги ҳадисда эса, қуруқлик махлуқотлари орасидан фақатгина чумоли зикр қилинди. Қуруқликда ҳам махлуқотлар жуда ҳам кўпку. Нима сабабдан бу икки жонивор хослаб келтирилди?

Жавоб: Бу ердаги хослашликнинг сабаби, балик сув ҳайвонлари орасида сувга энг муҳтожроғидир. Яъни унинг ҳаёти сув биландир. Бошқа бир ҳадисда: «Уламолар сабабидан ёмғир ёғдирилади», дейилган. Денгиз ва дарёларнинг суви эса ёмғирга муҳтож саналади. Сувда яшовчи ҳайвонларнинг, айниқса, балиқнинг ҳаётига сабаб бўладиган сув илм аҳлларининг шарофатидан ёғади. Шу сабаб балиқлар уларнинг ҳаққига истиғфор айтар экан.

Чумоли бўлса ризқни жамлашга энг ҳарис жонивор ҳисобланади. У тўплаган озуқалари яхши сақланиши учун ер тагида алоҳида коваклар қазийди. Бошқа ҳадисларда: «Улар туфайли ризқланадилар» дея уламолар чумолиларнинг ҳам ризқига сабабчи бўлиши айтилган. Раббоний уламолар баракотидан ҳашаротларга ҳам ризқ берилар экан. Шу боис, бошқа ҳайвонлар уларнинг ҳаққига истиғфор айтмаса ҳам, мана шу икки жонивор ризқлари улар сабабидан келаётгани учун уламолар ҳаққига истиғфор айтишга ҳақли саналадилар.

Ҳадиснинг тўртинчи бўлагида олим кишининг обидга нисбатан бўлган фазилати баён қилинмоқда. Улар ўртасидаги фарқ ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан бўлган ёруғлигига ўхшатилди. Бу ерда олим ўн тўрт кунлик ойга ўхшатилаяпти. Олимни унга ўхшатилишининг сабаби, тўлин ой нақадар нурли бўлгани каби, олим ҳам илмининг нури билан нурафшон бўлгандир. Ёки бошқача айтадиган бўлсак, «ойнинг нури қуёшдан олинади», дейилгани каби, олимнинг илми ҳам агар нубувват қуёшидан манфаатланган бўлса, бошқаларга ҳам бениҳоя манфаатли бўлади.

Бу ҳадисда зикр қилинган олимдан фарз, суннат ва нафл ибодатларни адо қилгандан кейин зиёда вақтини илм йўлига сарф қилган киши назарда тутиляпти. Чунки илм бўлсада, лекин фарз ва суннат амалларни адо қилмайдиган киши олим дейилмайди, балки уни маълумоти бор инсон дейилади.

Ҳадисда келган обид кишидан мақсад умуман илми йўқ бўлган инсон назарда тутилгани йўқ. Балки ўзига тегишли зарурий илмларни ўрганиб, сўнгра ҳаётининг қолган қисмини ибодатга сарф қилган кишидир. Мана шундай обид билан олимнинг ўртасидаги фазилат ўн тўрт кунлик ой ва бошқа юлдузлар ўртасидаги фазилатга ўхшатилди. Зеро, илмсиз обид бирор ўринда олимга қиёс қилинмайди.

Ҳадиснинг охирги қисмида уламолар Пайғамбарларнинг меросхўрлари экани, Пайғамбарлар молу давлат эмас, илмни мерос қолдирганлари ҳақида сўз юритилди. Маълумки, бир инсон вафот этадиган бўлса, унинг барча турдаги моли меросхўрларга тақсимлаб берилади. Худди шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломларга меросхўр бўлган зотлар ҳам уларнинг барча илмлари, ахлоқлари, одоблари ва одатларига ворис бўлмоқлари лозим саналади. Бу ердаги ворисликдан мурод, илмий ворисликдир.

Ҳадисда аҳли илмларнинг бешта хислати санаб ўтилди.

Биринчиси, «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўйишлиги».

Иккинчиси, «Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёзиши».

Учинчиси, «Олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши».

Тўртинчиси, «Олимнинг обидга нисбатан фазли, худди Бадр кечасидаги ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан бўлган фазлига ўхшаши».

Бешинчиси, «Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги».

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан