"Айтинг: "Ҳамду сано Аллоҳ, учундир. Яқинда у сизларга ўз оят-мўьжизаларини кўрсатур. Бас, сизлар у (мўъжизаларни) тан олурсизлар (лекин у кунда тан олишингиз сизларга фойда бермас)”. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизларнинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир" (Намл сураси, 93 оят).
"Токи уларга (ушбу Қуръон ростдан ҳам Аллаҳ таоладан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг борлигимиз ва қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатажакмиз” (Фуссилат, 53 оят).
Сўнгги йилларда илм одамларининг диққатини янги бир мавзу ўзига тортди, у ҳам бўлса, инсон ўғлининг оёқ босиб яқиндан танигани Ойнинг одамга таъсири масаласидир. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, катта океанларда маджазир (ой ҳолатига кўра сувнинг кўтарилиши ёки пасайиши — Тарж.) ҳодисаларига тўлин ой сабаб бўлганидек, вужудининг 80 фоизи сув бўлган инсонга ҳам таъсир ўтказар экан. Вужуддаги суюқлик тенглиги бузилади, миядаги тартибли иш фаолияти оқсайди ва юрак уриши тезлашади. Айниқса, юрак ва қанд касалликларида таҳликали оқибатларга йўл очади. Шунингдек, тўлин ой асаб тизимидаги ҳужайраларнинг ишлаш тартибини ҳам бузади ва натижада вужудда мувозанатсизлик ҳолатларини пайдо қилади, вужуддаги электр оқими икки мислга ортади. Тўлин ойнинг айниқса аёлларга кўпроқ таъсир этиши ҳам бор гапдир.
ЖИНОЯТ НИСБАТИ, ВОҚЕАЛАР, ЎЗИНИ ЎЗИ ЎЛДИРИШ
1993 йилнинг августида ой тўлган кунлари Олмонияда одам ўлдириш, ақлдан озиш ва ўзини ўзи ўлдириш ҳодисалари ортганлиги кузатилди. Тадқиқотлар натижасига кўра, тўлин ой фақат Шимолий Оврупа ўлкаларида эмас, ер юзининг ҳамма жойида инсонларга таъсир кўрсатар экан. Психологлар тўлин ой чиққан пайтда инсонда руҳий ўзгариш содир бўлишини айтмоқдалар. Фаранг олими Рене Клауде Гуиллот ойнинг бу кунларида ақлдан озишнинг ортишини қайд этган ва шу кунлари содир этилган жиноятларни текшириб чиқиб мавзу билан алоқадор “Тўлин ой телбаликлари” номли китоб ёзган. Тадқиқотчи, жумладан, шундай дейди: “Фақатгина Франсада эмас, Амрикадаги политсия қайдларидан ҳам тўлин ой кечаларида амалга оширилган жиноятларнинг сонида ортиш борлигини кўрса бўлади”.
Бундан ташқари, ҳиндистонлик икки олим тажриба учун 1980 ва 1984 йилларни олиб, ўша йиллари тўлин ой чиққан вақтларда жиноятлар сони кескин ортганини аниқладилар. Бу икки олимнинг тадқиқотлари нуфузли ва жиддий тиббиёт жаридаси ҳисобланган “British Medical journal" да эълон қилинди.
Тадқиқотчи профессор С.Р.Тхакурнинг фикрича, тўлин ой кунларида ўзини ўлдириш ва бошқа жиноятларнинг ортишига инсон вужудидаги “кел-кет” тўлқинлари сабаб бўлар экан. Тўлин ой чоғида Дунё, Ой ва Куёш айни бир чизиқ устида ётганликларидан, ойнинг тортиш кучида ўзгариш бўлиб, инсон вужудидаги сув миқдори 60 фоизга ошади. Бу туфайли вужудда пайдо бўладиган баданий ва руҳий ўзгаришлар инсонда жиноят қилиш майлини орттиради. Тадқиқотчилар беш йил ичида уч политсия маҳкамасида тўпланган маълумотларни компютерга юклаб, натижаларни тўлин ой вақтлари билан солиштиргач, ана шундай хулосага келдилар (“Илм ва техника” журнали, 298-сон; “Ҳуррият” газети, 1993 й. 3 сентябр; “Тўлин ой Қобуси” , 5-бет.).
ВА ИСЛОМДА ТЎЛИН ОЙ
Тўлин ой борасидаги тадқиқотлар, “Айёми бийз” дея таъбир этилган ва қамарий ойнинг 13-14 ва 15-кунларида тутилиши суннат ҳисобланган рўзани хотирамизга келтиради.
1. Имоми Бухорий, Муслим ва Насоийлар иттифоқ билан билдирганлари ҳадиси шарифда, саҳобалардан Абу Ҳурайра (р.а.) шундай ривоят қилади: “Расули Акрам (с.а.в.) менга ҳар ой уч кун рўза тутишни тавсия этдилар” (Имоми Бухорий. Китабус савм; Фатҳул-борий, 4-жилд, Боби Сийми Бийд, 226-бет; “Айёми Бийд рўзаси”, 5 9-боб, 1880.).
2. Муслимнинг Абу Дардодан (р.а.) ривоят этганлари ҳадиси муборакда “Ҳабибим, ҳаёт давомида тарк этмаяжагим ҳар ой уч кун рўза тутишимни тавсия этдилар”, дея марҳамат қилинади (Ат-тарғиб ват-тарҳиб, 2-жилд, 120. Китабус-савм.).
3. Байҳақий, Табароний, Абу Довуд, Насоий, Термизий, Аҳмад Ҳанбал, Баззор, Ибни Ҳиббон “Саҳиҳ”лари ва бошқа ҳадис китобларида бу мавзуга алоқадор бир неча ҳадисларни учратамиз. Масалан, Термизий ва Насоий Абу Заррдан (р.а.) шу ҳадисни ривоят қиладилар: “Эй Абу Зарр, ҳар ой уч кун рўза тутадиган бўлсанг, (ойнинг) 13-14 ва 15-кунлари тут” (Имоми Термизий, 3-жилд, 761-ҳадис; Насоий, 22. Китабус-савм).
Маълумки, ойнинг ўртасидаги бу уч кун тўлин ой кунларидир. Сарвари Олам (с.а.в.) Рамазон рўзасидан ташқари, бу кунларда ҳам рўза тутишни тавсия этиб, яна шундай марҳамат қилганлар:
“Сабр ойининг (Рамазоннинг) рўзаси ва ҳар ойда уч кун рўза тутиш кўкракнинг ваҳарини кетказади”. “Ваҳар” сўзи араб тилида “кин”, “ғайз”, “ўпкаланиш”, “душманлик”, “васваса”, “ҳийла”, “асабийлашмоқ” маъноларида келади.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ида Абу Зарр (р.а.) Фахри Коинотдан (с.а.в.) шу ҳадисни ривоят қилади: “Ҳар ой уч кун рўза тутиш қалбнинг мағалласини кетказади”.
Саҳобалар сўрадилар: ”Ё Расулоллоҳ, қалбнинг мағалласи недир?” Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилдилар:”Шайтоннинг ёмонлигидир (яъни, ифлослигидир) (Ал-Фатҳур-раббоний, 10-жилд, 264-ҳадис).
Абу Довуд ва Насоийда Кузома ибн Милҳам шундай дейди:”Саййидул Башар (с.а.в.) бизга айёми бийдда (оқ кунларда) рўза тутмоқликни буюрардилар ва: “Бу нарса йил бўйи (нафл) рўза тутмоқ кабидир”, дер эдилар.
Саййидул Башар (с.а.в.)нинг тўлин ойга тўғри келадиган кунларда рўза тутишни тавсия этишлари ҳақиқатан Уд Зоти муборакнинг қиёматга қадар давом этадиган мўъжизалардан биридир. Чунки:
1. Пайғамбаримиз (с.а.в.) тўлин ойнинг инсон вужудига ўтказадиган зарарли таъсиридан хабар бермоқдаларки, бу ҳодиса 14 аср сўнг эндигина англашилди ва бу борадаги тадқиқотлар ҳали давом этмоқда.
2. Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсонга бу зарарли таъсирлардан (рўза тутиб — тарж.) сақланишни тавсия этарканлар, даволаниш йўлини хам кўрсатмоқдалар.
Бу иккинчи дастурни ҳануз олимлар етарлича аниқлаб олганича йўқ. Тадқиқотчилар вужудимиздаги табиий мўътадил ҳолатни тўлин ойдан қандай қўриқлай олишимиз хусусида ҳали бир фикр айта олмаяптилар. Зеро, бу янги бир мавзудир (!). Аммо моддада ва маънода раҳбаримиз бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) мўъжизавий тиббиётлари билан асрлар оша нур тутмоқдалар, такрор ва такрор “Тибби Набавий”га диққатни тортмоқдалар, ақл ва қалб бутунлигига эришган табибларни бу сўнгсиз хазинага чорламоқдалар.
Кўрайликчи, тўлин ойнинг инсонларга етказадиган зарарли таъсирларини аниқлаган илм одамлари бунга қарши сақланиш ва даволаниш йўлларини ҳам кашф этадилармикан?! Ҳар ҳолда, орадаги 14 асрлик фарқни кўзда тутиб, шошилсалар, ёмон бўлмас эди.
Тадқиқотчи: Рафил КИЛЕЖИ
Интернет маълумотлари ва баъзи китоблар асосида Абу Муслим тайёрлади