loader
Foto

Бахт фашизми: ҳаёт non-stop режимидаги шоу каби

Ҳозирги кунда давлат, халқаро корпорациялар бизга қарата: «Сиз бахтли бўлишингиз шарт» дейди. Бунда улар «бахт» сўзи остида кўзда тутадиган маъно вақт ўтиши билан ўзгариб туради. Бир пайтлар, айтилганидек, «бахт» учун ишлаётган аёл бўлиш зарур эди, кейинчалик – ҳеч нарса билан шуғулланмаслик, яхши она бўлиш, таътилни аъло даражада ўтказиш ва ҳ.к. Бизга «бахт» сифатида нима изҳор қилинган бўлса, шунга интила бошладик.

Нима учун Малдив ороллари бахт учун баҳона сабаб сифатида қаралди, ахир Монголияга сафар қилишдан ҳам бахтли бўлиши мумкин-ку? Нима учун ҳар бир киши энг яхши фотосуратларни олишга ҳаракат қилиши керак? Нима учун одамлардан тинчгина кексайиш эркинлиги олиб қўйилди? Нима учун ҳар бир киши ўз ҳаётини нон-стоп режимида шоуга айлантириб, намойиш қилиши керак?

Бундай саволлар рўйхати чексиз бўлиши мумкин ва мен уларга қониқарли жавоб топа олмайман. Қандай қилиб бахт, моҳиятан, қайғу, қўрқув, уят каби оддий туйғу, ҳаёт тарзига, ҳамма унга интиладиган мақсадга айланди? Буни ўзига хос бахт фашизми деб айта оламизми?

Бахт излаш инсон учун зарурий, ёки ҳеч бўлмаганда, одатий, оқилона ҳаракатлар тарзи ҳисобланади. Лекин муаммо шундаки, бизга бахт сифатида нима тақдим қилинади… Бахт таърифида сени ўзингдан ҳам яхши биладиган қандайдир тизим сифатида…

Сьюзен Зонтагнинг айтишича, фуқаролар бахтсизлиги давлат учун хавфли, чунки ҳар бир бахтсиз инқилоб уруғи ҳисобланади. Шу сабабли бизга бахтли бўлишимиз шарт деб айтишади ва биз учун бахт нима эканлигини баён килишади. Технологиялар ривожланиши буни бизнинг хотирамизда мунтазам янгилаб боришга имкон беради. Инқилобнинг олдини олиш учун «истеъмол синдроми» деб номланган касаллик ўйлаб топилди. «Агар сиз бахтсиз бўлишга шу қадар ҳафсала қилган экансиз, унда бошқа ҳеч нарса қилмаслик учун фақат истеъмол қилинг», – дейилади унинг шиорида.

Кейинчалик «бахт» бутун бир саноатни юзага келтирди. Ўзига бериладиган баҳони оширишнинг турли усуллари, бирон-бир киши шахс сифатида қанчалик қимматли эканлиги ҳақида суҳбатлар маҳсулотга айланди. Бахт меъёрлари ишлаб чиқилди. Бизнинг руҳи ҳолатимиз ва ҳис-туйғуларимиз кимлар учундир жадвалга киритилган маълумотларга айланди. 2014 йил Британия авиалиниялари ўз йуловчилари учун ғйриодатий хизмат ишлаб чиқди: парвоз вақтида уларга ўз рангини одамнинг кайфиятига қараб ўзгартириб турадиган «бахт адёли» берила бошлади. Магазинда одамнинг кайфиятини аниқлаб берадиган кружка ва соатлар топиш мумкин, бунинг учун махсус иловалар мавжуд. Энди одамлар уларнинг бахт даражаси қандай эканлигини тушунгач, масалан, рақсга ёки сузиш машғулотларига бориши мумкин. Лондон иқтисодиёт мактабида ишлайдиган Даниэль Фудживара одамларга спорт ёки санъат билан шуғулланиш учун кўпроқ имкон бериладиган бўлса, бу уларнинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатишини айтади. Бу эса, нима бўлганда ҳам, давлат харажатларини қисқартиради. Гэллап жамоатчилик фикри институти эса агар ходимлар ўзини бахтсиз деб ҳис қиладиган бўлса, уларнинг иш унумдорлиги, солиқлар пасайиши ва соғлиқни тиклаш харажатлари ортиши ҳисобига АҚШ иқтисодиётига 500 миллиард доллар зарар етказилиши ҳақида маълумотлар келтиради.

Шу сабабли одамларда энди ҳис-туйғулар йўқ, фақат Ватсап, Фейсбук ёки Твиттердаги каби статуслар бор, холос. Ахир туйғуларни башорат қилиб бўлмайди, башорат қилиб бўлмайдиган нарсанинг эса олдини олиш мумкин эмас. Кечирасизу, биронта давлат бундай ҳолатни ўзига эп кўрмайди.

Шунинг учун ҳам бу давлатда бахтсиз бўлиш тақиқланган. Статусингизни янгилаб олинг.

Абу Муслим таржимаси