loader
Foto

Пластик идишлар ичакларга касал юқтиради

"Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, «бутилкаланган» сув соғлиқ учун хавф туғдирадиган микрозаррачаларнинг асосий манбаларидан биридир. Микропластик кўпинча денгизга ташланган ахлатни ейдиган, кейин эса бизнинг ликопчаларимизга тушадиган денгизда яшовчи жониворлар танасида топилиши мумкин", - деб ёзади нашр.

"Ўртача ҳисобда, олимлар инсон нажасининг ҳар 10 граммида ўртача 20 та микропластик заррачаси топганлар. Пластик бутун дунё бўйлаб, жумладан, Буюк Британияда тадқиқотчилар томонидан қатнашчилардан олинган деярли барча нажас намуналаридан топилган.

Вена тиббиёт университети етакчи тадқиқотчиларидан бири доктор Филипп Шваблнинг айтишича: "Бу тадқиқот ушбу турдаги биринчи тадқиқотдир. У биз анча вақтдан бери гумон қилиб келган нарсани тасдиқлайди: пластик охир-оқибат одам ичагига бориб тушади".

"Микропластик парчаланган пластик чиқитлари, синтетик толалар ва шахсий гигиена воситалари таркибида мавжуд заррачаларни ўз ичига олади. Унинг одамлар учун риски ҳанузгача номаълум, лекин микропластик заҳарли кимёвий моддаларни тўплаб бориши ва энг майда заррачалар қон оқимига тушиб қолиши мумкинлиги борасида хавотирлар мавжуд (...)",- деб ёзади газета.

"Ҳайвонларни тадқиқ қилишда энг юқори пластик контсентрацияси ичакларда топилган бўлса ҳам, микропластиканинг энг кичик зарралари қон оқимига, лимфа тизимига кириб, ҳатто жигарга ҳам етиб бориши мумкин, - деди доктор Швабл, - Энди биз одамнинг ичида микропластиканинг мавжудлиги ҳақида биринчи далилларга эга бўлган бир пайтда, бу инсон саломатлиги учун нимани англатишини тушуниш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказишимиз керак".

"Финляндия, Италия, Япония, Нидерландия, Полша, Россия ва Австриядан келган саккиз нафар кўнгиллининг нажаси юзлаб пластик зарралардан иборат эди. Уларнинг энг кўп тарқалгани озиқ-овқат ва ичимликлар қадоқларида жойлашган полипропилен ва полиэтилен терефталат (ПEТ) эди". «Нажас намуналари ижобий натижа берди - ўртача 10 г нажасга 20 микропластик заррача» - деди доктор Швабл.

" Ўртача катталардаги нажаснинг кунлик ҳажми тахминан 100 г ни ташкил қилади, яъни 200 та пластик заррачани беради. Йил давомида бу рақам 73 минг заррачани ташкил қилади", - дейилади нашрда.

"Полиэтилен пакетлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади ва полиэтилентерефталат [ПЭТ-пластик бутилка] одам нажасида энг катта улушни ташкил қилади", - таъкидлади Швабл. Унинг жамоаси шунингдек, етти турдаги пластикни аниқлади, бу эса унинг организмга тушиш манбалари хилма-хил бўлишини тахмин қилишга имкон беради.

"Ҳисоб-китобларга кўра, денгиз жониворлари, водопровод суви ва туз билан бирга микропластика йиллик истеъмоли бир киши учун мос равишда 11 минг, 5,8 минг ва 1 минг заррачани ташкил этади. Бу баъзи одамлар ҳавонинг ифлосланиши орқали 70 минг заррача нафас олаётганини ҳисобга олмаганда. Улар кўпинча чангда бўлади", - дейди нашр.

Доктор Шваблнинг кўрсатишича, микропластик ўртача миқдори сувни пластик бутилкада ичадиган одамлар организмида кўпроқ бўларкан. "Бутилкадаги сув микропластик ютиб юборишга жуда катта ҳисса қўшиши мумкин – ўртача бир литрга 118 дан 325 заррагача, агар сув фақат шу манбалардан келиб тушадиган бўлса, умумий ҳисобда бу бир йилда 90 минг зарра микропластикни ташкил қилади".

"Микропластик заррачалари узунлиги 5 мм дан кам бўлиб, турли маҳсулотларда белгиланган мақсадлар учун фойдаланилади. Шунингдек, микропластик заррачалари шамолда нураш, деградация, эскириш оқибатида бевосита йирик пластик парчалар майдаланиши натижасида ҳам вужудга келади", - дейилади мақолада.

Доктор Шваблнинг сўзларига кўра, микропластик ошқозон-ичак йўлига шикаст етказиши мумкин. "У заҳарли кимёвий моддалар ва патогенлар тарқалишига кўмаклашиш ёки биоаккумуляция йўли билан ичаклар иммунореакцияси ва чидамлилигига таъсир этиши мумкин ", - деди у.

"Annals of Internal Medicine журнали маълум қилган тадқиқот давомида ҳар бир қатнашчи наас намунаси олинишидан олдин бир ҳафта давомида «овқат кундалиги» юритган. Кундаликлар барча қатнашчилар платик идишлардаги овқатларни еган ёки ичимликларни ичган ҳолда пластик таъсирига учраганини кўрсатади. Қатнашчилардан биронтаси вегетариан бўлмаган ва улардан олти нафари денгиз балиғини истеъмол қилган", - қайд этилган мақолада. Нажас намуналари Австрия атроф-муҳитни ҳимоя қилиш Агентлигида ўн хил турдаги пластик бўйича текширувдан ўтказилди, деб ёзади Daily Mail.

"(...) Тунец, лобстер ва креветкаларда катта миқдорда микропластик аниқланди. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов беришнинг турли босқичларида ёки ўраб-қадоқлаш натижасида у пластик билан булғаниши эҳтимоли катта. Йилига 350 млн тоннадан ортиқ пластик ишлаб чиқарилади. Доктор Швабл ва унинг ҳамкасблари пластик заррачалари ютиб юборишнинг инсон саломатлигига таъсирини аниқлашни давом эттиришга чақирдилар", - дейилади мақолада.

"(...) Тадқиқотда келтирилган асосий хулосаларнинг айримлари шуни кўрсатадики, 150 микрометрдан катта бўлган микропластик заррачалари, эҳтимол, организмга ҳеч қандай зарар келтирмасдан чиқиб кетиши мумкин. Бироқ бундан майда заррачалар органларимиз ичига тушиши мумкин. (...) Мавжуд маълумотларга асосланган ҳолда айтиш мумкинки, соғлиқ учун микропластик билан боғлиқ риск паст деб баҳоланади, чунки 150 микрометрдан катта заррачалар ичакларда сўрилиб кетмайди", - дейилади мақолада.

Манба: Daily Mail

Абу Муслим таржимаси