Валид ибн Язид 709 йили туғилган. Унинг онаси Уммул-Хажжож Ироқ волийси Хажжож ибн Юсуфнинг жияни бўлган. Валид ибн Язид отаси Язид ибн Абдулмалик (720-724) васиятига кўра, амакиси Хишомдан кейин халифа бўлиши керак эди. Аммо Валид хулқи ёмон бўлганлиги ва маст қилувчи ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли Ҳишом унга тахтни топширишни хоҳламади ва ўзининг ўғли Масламани валиаҳд қилишни ният қилди. Шу воқеа сабабли халифа Ҳишом ва Валид ибн Язид муносабатлари ёмонлашди. Валид Ҳишомнинг ўлимига қадар кўчманчилар орасида ҳаёт кечирди. Халифа Ҳишом фитна тарқалишидан қўрқар эди. Шунинг учун Валидни ҳокимиятдан четлатиш ҳақида кўрсатма бермади.
Валид амакиси Ҳишомнинг вафотидан сўнг 743 йили халқдан байъат олди. У халифалигининг дастлабки йилларида ўзини яхши сифатлар билан намоён қилди. Жумладан, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун қуйидаги ишларни амалга оширди:
1. Давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар даражаси кўтарилди. Бу хизматлар асосан Шом аҳолисининг ногиронлар, ақли заифлар, имконияти чекланган ва кўп болали оилаларига кўрсатилди.
2. Девон хизматида фаолият юритувчи шахсларнинг иш ҳақилари оширилди. Бу ислоҳот халифаликнинг барча ҳудудларига татбиқ этилди. Шунингдек, уларга бериладиган имтиёз ва совға-саломлар кўпайтирилди. Валид ибн Язид ўзининг зиёратига келган қариндошларига ҳам кўплаб ҳадялар берди.
3. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида сув иншоотлари қуришга этибор қаратилди. Дамашқ шарқида ёмғир сувидан фойдаланишга имкон берувчи янги сув иншооти барпо этилди.
Валид укаси Ғумр ибн Язидни фатҳ юришлари учун Кипрга жўнатди. У аскарларга Кипрда қолиш ёки Шомга қайтиш ихтиёрини берди. Уларнинг бир қисми Шомга қайтди, бир қисми эса Кипрда қолди. Валид ўғиллари Ҳакам ва Усмонни валиаҳд деб эълон қилди. Бу ҳақида вилоятларга одам юбориб, волийларга халқдан байъат олишга буюрди.
Валид ибн Язид ислоҳотлар билан бир қаторда интиқом (қасос олиш) сиёсатини ҳам олиб борди. Ҳижоз волийлигига халифа Валид тоғаси Юсуф ибн Муҳаммадни тайинлади. Халифа Ҳишомнинг тоғаси бўлган собиқ волийлар Иброҳим ва Муҳаммадни Ироққа, Юсуф ибн Умарнинг олдига юборди. У халифанинг амри билан уларни вафот этгунича азоблади.
740 йили Ироқда қўзғолон кўтарган Зайд ибн Алининг ўғли Яҳё Хуросонга жўнаб кетган эди. У Балх шаҳрида, Хуройш ибн Амрнинг уйида халифа Ҳишом вафотигача беркиниб турди. Яҳё ибн Зайднинг Балхда эканлиги ҳақидаги хабар Юсуф ибн Умарга етганида, у Хуросон волийси Наср ибн Сайёрга мактуб ёзди. Наср Балх ноибига элчи жўнатиб Хуройш ибн Амрни жазолашни буюрди. Унинг буйруғи билан Хуройшга олти юз дарра урилди. Сўнг Яҳё ибн Зайд хибсга олинди. Хуросон волийси халифадан қандай чора кўриш ҳақида сўраганида Валид уни озод қилишни ва ўзининг олдига жўнатишни амр қилди. Наср ибн Сайёр Яҳё ибн Зайдга икки минг дирҳам бериб, ундан узр сўради ва халифанинг ҳузурига бориши кераклигини айтди. Яҳё ибн Зайд Балҳдан чиққанидан сўнг Сарахсга йўл олди. Унинг етмишга яқин тарафдори бор эди. Наср ибн Сайёр уларни халифанинг олдига эмас, бошқа тарафга юрганини билгач, уларга қарши минг кишилик қўшин жўнатди. Яҳё ибн Зайд Насрнинг қўшинини мағлубиятга учратди. Шундан сўнг Хуросон волийси иккинчи марта қўшин жўнатди. Мазкур қўшин 743 йили Жузжонда Яҳёга етиб олди ва уларни мағлубиятга учратди. Ушбу жангда Яҳё ибн Зайд ва тарафдорларининг аксар қисми ҳалок бўлди.
Валид ибн Язид халифалигининг аввалида қариндош-уруғларига мурувват кўрсатган эди. Аммо вақт ўтиши билан у амакиваччаларига нисбатан кескин сиёсат юрита бошлади. Хусусан, Сулаймон ибн Ҳишомни юз дарра урдирди ва соч-соқолини олдириб, Уммонга сургун қилди. Шунингдек, халифа Ҳишом ва фарзандларининг Расофа(Расофа - Сурия шимолида, Фрот дарёси бўйида жойлашган шаҳар. Ҳишом ибн Абдулмалик у ерда иккита қаср курдирган. Валид ибн Язид Ҳишом фарзандларидан Маслама ибн Ҳишомнинг мулкига тегмаган. Чунки у Валидга яхши муносабатда бўлар эди.)даги мол-мулкини ўзлаштириб олди ва уларни барча имтиёзлардан маҳрум этди.
Халифа Валид Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрийни унинг ғаними Юсуф ибн Умарнинг олдига жўнатди. У 739 йилдан буён Дамашқда ҳибсда сақланаётган эди. Холид Юсуф ибн Умар берган азоблар натижасида ҳалок бўлди. Бу эса унинг тарафдори бўлган қабилалар норозилигига сабаб бўлди.
Ушбу вазиятдан Валид ибн Абдулмалик (705-715) нинг ўғли Язид фойдаланишга ҳаракат қилди. У акаси Аббос ибн Валиднинг қаршилигига қарамай, Валид сиёсатидан норози кучларни атрофига жамлаб, улардан махфий тарзда байъат олди. Бу вақтда халифа пойтахтда эмас эди. Язид ибн Валид унинг Дамашқда йўқлигидан фойдаланиб, шаҳарни эгаллади. Халифа Валид Иорданиянинг Ҳимс шаҳрида, Нуъмон ибн Башир қасрида эди. Язид у ерга қўшин жўнатди, улар 744 йили халифа Валид турган қасрни қамал қилиб, уни ўлдирдилар.
Валид ибн Язид ҳақидаги фикрлар
Халифа Валид ибн Язид тўғрисида турли фикрлар мавжуд. Уларнинг аксар қисмида салбий муносабат билдирилган. Унга нисбатан маст қилувчи ичимликни каъба устида туриб ичганлиги, никоҳи таъқиқланган яқинларига уйланганлиги, шаръий амалларни енгил санаганлиги каби айбловлар қўйилади. Имом Аҳмаднинг Муснад китобида заиф иснод билан келтирилган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Бу умматнинг ичида Валид исмли киши бўлади, у Фиръавн ўз қавмига қилган ёмонлигидан кўра бу умматга ёмонроқ бўлади” деганликлари айтилади. Язид ибн Муҳаммад Аздий ва Шариф Муртазо каби тарихчилар ҳадисда зикр қилинган Валид исмли киши Валид ибн Язид ёки Валид ибн Абдулмалик бўлганлигини айтадилар. Лекин Ҳусайн Атвон “Сийрат ал-Валид ибн Язид” (“Валид ибн Язид” сийрати) номли асарида юқорида зикр қилинган ҳадисни мавзу (тўқима) ҳадис деб ҳисоблайди. Унинг фикрига кўра, ҳадис ровийлари таркибида Саид ибн Мусайяб (636-715)дан кейин Умар ибн Хаттоб келтирилади, яъни тобеинлардан бўлган Саид ибн Мусайяб рошид халифаларнинг иккинчиси Умар ибн Хаттобдан ҳадис ривоят қилганлиги айтилади. Ваҳоланки, Умар ибн Хаттоб вафот этганида (644 йил) Саид ибн Мусайяб етти ёки саккиз ёшда эди. У ривоят қила оладиган ёшда эмас эди(Муҳаммад Саллобий. Ад-давла ал-умавийя: авамил ал-издиҳар, тадаийят ал-инҳияр. - Байрут: Дарул-маърифа, 2008 йил. - Б. 504.).
Иззуддин ибн ал-Асир, Шамсиддин Заҳабий, Аб-дураҳмон ибн Халдун каби тарихчилар Валид ҳақида айтилган салбий фикрларни инкор қиладилар. Хусу-сан, ибн ал-Асир айтади: “Валид ибн Язиднинг қавми у ҳақида айтилган фикрларни инкор қилади ва “у ҳақида айтилган фикрлар тўқиб чиқарилган, ишончли эмас”, деб айтади”.
Заҳабий айтади: “Валидга нисбат берилган куфр ёки зиндиқлик(Урта асрларда ислом таълимотини рад этган ва нотўғри талқин қилган фалсафий оқимлар. Шунингдек, монийлик, маздакийлик ва ҳуррамийлик таълимоти вакилларига берилган умумий ном.) нотўғри фикрдир”. Ибн Халдун айтади: “Валид ҳақида кўп миш-мишлар тарқалди. Кўпчилик уни инкор қилади ва бу унинг душманлари тўқиб чиқарган уйдурма деб ҳисобланади”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Валид ҳақида турли фикрларни учратиш мумкин. Бироқ масала тарихий воқеалар билан таҳлил қилинса, унга бироз аниқлик киритилади. Эҳтимол, Валид ҳақиқатан ахлоқий камчиликка эга бўлгандир. Акс ҳолда, Ҳишом ибн Абдулмалик уни валиаҳдликдан четлатишга ҳаракат қилмаган бўлар эди. Шунингдек, муҳаддис ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (671-741) умрининг охиригача унинг халифа бўлишига қаршилик кўрсатмас эди. Айни вақтда Валид ҳақидаги барча салбий фикрлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар бу фикрлар тўғри бўлганида Фаластин ва Ҳимс аҳолиси Валид ўлдирганлиги учун Язид ибн Валидга қарши исён кўтармаган бўлар эди. Демак, Валид ибн Язид хулқида айрим жузъий камчиликлар бўлган. Лекин улар халифани мусулмонликдан чиқариб, зиндиқликда айбланиши учун етарли бўлмаган.
С.Умматалиевнинг
"Ислом тарихидан олтин саҳифалар" китобидан