loader
Foto

Заиф ровийлардан ривоят қилишдан қайтариқ ва уларнинг ривоятини қабул қилишда эҳтиёт бўлиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг охирида шундай кишилар пайдо бўладики, улар сизлар ҳам, оталарингиз ҳам эшитмаган гапларни сизларга айтадилар. Ўзларингизни улардан узоқ тутинглар», дедилар».

Шарҳ: Воизларнинг энг катта камчилиги инсонларни таъсирлантириш ва дунёвий манфаат илинжида янги-янги ҳадисларни эшиттиришга ҳаракат қиладилар. Натижада, ҳадис тўқишиб, эътиборсиз китоблардан ривоятларни олиб, уларни халққа баён қиладилар. Бундай инсонларда умматга фойда ўта кам, зиёни эса ўта кўп бўлади. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ мана шундай тоифадаги инсонларга доир иккита ҳадисни бу бобда тақдим қилди.

(фа иййакум ва иййаҳум) - бу жумлада «вов» ҳарфи зиёда бўлиб, «иййаҳум» сўзи «иййакум» исми феълнинг мафъулун биҳ (тўлдирувчис)идир. «Кум» эса унинг фоилидир. Шунда мазкур жумланинг маъноси бундай бўлади: «Улардан сақланинглар ва ўзларингизни улардан сақланглар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда маккор ёлғончилар пайдо бўлади. Улар сизлар ҳам, оталарингиз ҳам эшитмаган гапларни сизларга айтадилар. Улардан сақланинглар, яна сизларни адаштириб, фитнага солиб қўйишмасин!» дедилар.

Шарҳ:

Ҳадисдаги (дажжалуна) сўзи муболаға сийға бўлиб, у «алдаш, ёлғон гапириш» деган маъноларни англатади. «Дажлун» деб шайтоннинг алдовига айтилади. Бунда ҳақ билан ботилнинг орасини фарқлаш жуда мушкул бўлиб қолади. Бу ҳадис шариатнинг асосий манбаларини қўйиб, ўз фикри билан масалаларга ечим айтадиган кишиларга қаратилган. Охир замонда фитнанинг эшиги катта қилиб очиб қўйилади. Узидан шайх, олим ясаб олган кишилар оми халқ олдига чиқиб, уларни фитнага солиб қўядиган ҳадисларни тўқишади. Ҳадисда бундай инсонлардан сақланиш уқтирилмоқда. Хулосаи калом, дин иши борасида жуда эҳтиёт бўлиш даркор. Хусусан, киши ўзини бидъатчиларнинг мажлисидан йироқда тутишга алоҳида эътибор қаратиши керак.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: «Шайтон бир киши суратига кириб, одамларнинг олдига келиб, уларга ёлғон ҳадис айтади.

Сўнг улар тарқалишади. Улардан бири: «Бир кишининг ҳадис айтаётганини эшитдим, унинг юзини танийман-у, исмини билмайман», деб (сўнгра у шайтондан эшитган ёлғон ривоятни нақл қилиб) айтади».

Шарҳ:

Шайтон ҳам ёлғон ҳадис тўқишда иштирок этади. Унинг сурати шуки, у бирор кишининг суратига кириб, ўзини-ўзи одамларга олим сифатида кўрсатиб, узундан-узоқ гапириб, унинг ичига ёлғон ҳадисларни аралаштириб юборади. Мажлисда иштирок этганлар унинг суратини таниймиз, лекин исмини билмаймиз, дейдилар. Шунинг учун минбарга панд-насиҳатга чиқаётган кишининг исми шарифини одамларга таништириб қўйиш лозим. Олимларнинг йўли соф ва равшандир. Чунки улар панд-насиҳат қилмоқчи бўлган олимнинг исмини эълон қиладилар ва шайтон бундай ҳолатда суқилиб киришга имкон топа олмайди. Демак, панд-насиҳат қилаётган одамларга ҳам эътибор қаратиш лозим экан.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Денгизда Сулаймон (алайҳиссалом) боғлаб қўйган зиндон-банд шайтонлар бор. Яқинда улар чиқиб, кишиларга (нималарнидир) «Мана шу Қуръон» деб ўқиб беришади».

Шарҳ:

Денгизларда жин ва шайтонлар кишанланган. Улар яқинда кишанлардан халос бўлиб, чиқадилар. Шундан кейин одамлар орасига кириб, бир нарсаларни ўқиб эшиттирадилар. «Қуръон» сўзи луғатда «жамлаш» маъносини англатади. Демак, ўқиладиган ҳар бир мажмуага луғавий жиҳатдан «Қуръон» дейилади. Зеро, «Қуръон» сўзи «ўқиладиган нарса» маъносидадир. Ушбу ҳадисдаги Қуръондан нима мақсад қилинган? Ҳадисдан нима тушунилади? Бу борада тўртта қараш мавжуд:

Биринчиси, «Қуръон» деб номланган қандайдир китоб ирода қилинган бўлиши ҳам мумкин. Шайтонлар унинг воситасида инсонларни алдашга ҳаракат қиладилар. Лекин Аллоҳ таоло Ўзининг каломини сақлашни зиммасига олган. Шунинг учун шайтонлар ўзларининг бундай найрангларида муваффақият қозона олишмайди;

Иккинчиси, ҳадисдаги «Қуръон» сўзидан ҳақиқий Қуръон ирода қилинган бўлиши мумкин. Бундан мақсад шуки, шайтонлар инсонларга Қуръони Каримни ўқиб, уни хато тафсир қилиш орқали янглиш йўлга одамларни етаклашади. Ҳозирда европада шу йўлда одамлар тайёрланмоқда;

Учинчиси, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуда иккита мажмуа бор эди. Улардан бири «Содиқа» саҳифаси бўлиб, унда саҳиҳ ҳадислар жамланган эди. Иккинчиси «Ярмукия» саҳифаси бўлиб, унда барча исроилиёт ривоятлари тўпланган эди. Кишандан қутулиб келадиган шайтонлар исроилиёт ривоятлари тўпламини ўқиб бериши ҳам мумкин;

Тўртинчиси, Шаббир Аҳмад Усмоний «Фатҳ ал-мулҳим» китобида қайд қилишича, бундай воқеа Қиёматга яқин зоҳир бўлиши мумкин. Чунки у пайтда ўта кўп ғайри одатий ишлар содир бўлади.

Шаббир Аҳмад Усмоний ҳаётларида дуч келган бир воқеани шундай айтиб берган: «Бундан йигирма йилча олдин бир шайтон европалик доктор суратида келган. Унинг қўлида ўта эски бир нусха бор эди. У шу қўлимдаги китоб Қуръони Каримнинг энг қадимий нусхаси ва асли, деб айтган. Ҳолбуки, унинг қўлидаги китоб билан бизларнинг қўлимиздаги Қуръони Карим тамомила бошқа-бошқа нарса эди. У Қуръони Каримни бузишни хоҳлади, лекин унинг макри иш бермай ортига ноумид бўлиб қайтиб кетди».

Товусдан ривоят қилинади: «Мана бу, яъни Бушайр ибн Каъб - Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг олдига келиб, унга ҳадис айта бошлади. Шунда Ибн Аббос унга: «Фалон-фалон ҳадисни қайтар-чи», деди. У қайтарди. Кейин яна ҳадис айтди. У киши унга: «Фалон-фалон ҳадисни қайтар-чи», деди. У қайтарди ва «Тушунмадим, ҳадисимни ҳаммаси сизга танишу, шунисигина нотанишми ёки ҳамма ҳадисим нотанишу, шунисигина танишми?» деди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо унга: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан ёлғон гапирилмаган пайтларда ҳадис айтар эдик. Одамлар яхши-ёмонни ажратмай қўйгач, ҳадис айтмай қўйдик», деди».

Шарҳ:

Ҳадисдаги Ибн Уяйнадан Суфён ибн Уяйна ирода қилинган. Имом Муслимнинг «Саид деди» ибораси билан «Саид Суфёндан нақл қилганини» айтмоқчи бўлган. Имом Муслим Ибн Уяйнанинг исмини очиқлаб, «Суфён айтди», демоқда. Муҳаммад ибн Аббод эса Ибн Уяйна кунясини зикр қилиб, Суфён исмини тилга олмаган ва муъанъан тарзда ривоят қилган. Демак, бу ерда ҳадиснинг икки тариқи баён қилинмокда, унинг бир тариқи муъанъан билан, иккинчи тариқи «бизга хабар берди» лафзи билан ривоят қилинган. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бир тариқни иккинчи тариқ билан қўллаб-қувватлаб қўймокда.

Товус ибн Кайсон (ваф. 106/724) яманлик машҳур тобеъинлардан бўлиб, у Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг хос шогирдларидандир. У ўта юқори мартабали муҳаддис ва фақиҳ бўлган.

Товус раҳматуллоҳи алайҳ бу ривоятда Бушайрнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога ҳадис айтиб бериш қиссасини баён қилиб бермокда. «Бушайр» исми тасғир бўлиб, у асли басралик тобеъинлардан бўлган. У сиқа ровий бўлиб, ёши тахминан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо билан тенг эди. Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ бу ерда Бушайр ибн Каъбнинг исмини зикр қилган-у, лекин ундан ҳадис нақл қилмаган. Бошқа саҳиҳ тўплам соҳиблари эса ундан ҳадис ривоят қилганлар. У фурсат топиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога ўта кўп ҳадис ўқиб берди. Лекин Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога бу ҳолат маъқул келмади.

«Тушунмадим», деган гап савол эмас, таажжубдир. Яъни «қайта-қайта менга ҳадис ўқитяпсиз-у, лекин нимани хоҳлаётганингизни тушунмаяпман» деганидир.

(нуҳаддасу) сийғасини икки хил шаклда, яъни маълум ва мажҳул тарзда ўқиш мумкин. Яъни ишончли даврда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитиб, унинг ҳамма томонига эътибор қаратар эдик.

(ас-саъбу) сўзи луғатда «қайсар от», (аз-залулу) сўзи «итоатсиз от» маъносида ишлатилади. Бундан яхши ва ёмон улов тушунилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур ташбехдан саҳиҳ ва заиф ҳадисларни ирода қилмокда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз ҳадис ёдлар эдик. Зеро, ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёд олинади. Аммо сизлар яхши-ёмонни аралаштириб юборганингиздан кейин эса... ҳайҳот бўлди (ишонч камайиб кетди)!»

Шарҳ:

Мазкур ривоятда Товуснинг ўғли дадасидан ривоят қилмокда. Унинг ўғлининг исми Абдуллоҳ ибн Товус (ваф. 132/749) бўлган. У олим, фозил ва солиҳ киши бўлган.

(фаҳайҳота) исми феъл бўлиб, «узоқ бўлди» маъносида қўлланилади. Бу сўзни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ишлатган. Яъни ҳолат ўзгариб, оғирлашиб кетиб, ишонч ҳам камайиб кетди.

Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Бушайр Адавий Ибн Аббоснинг олдига келиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар», деб ҳадис айта бошлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо унинг ҳадисига қулоқ солмади, унга қараб ҳам қўймади. Шунда у: «Эй Ибн Аббос, нима бўлди, ҳадисимга қулоқ солмаяпсан?! Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қиляпман-у, сен бўлсанг эшитмаяпсан-а!» деди. Шунда Ибн Аббос: «Бир пайтлар биз бирор кишининг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар...» деяётганини эшитсак, кўзларимизни у томонга тикиб, қулоқларимизни унга тутар эдик. Одамлар яхши-ёмонни аралаштириб юборгач эса улардан ўзимиз танийдиган (ҳадислар)дан бошқасини олмайдиган бўлдик», деди».

Шарҳ:

Саҳобаи киромлар даврининг охирида саҳиҳ ва эътиборли ҳадисларни билиш ва тўқима ҳадисларнинг йўлини тўсиш учун учта муҳим иш жорий қилинган: 1. Иснод жорий бўлди. Ровийларга нисбатан «Бу ҳадисни кимдан эшитдинг?» «Қандай эшитдинг?» «Қаерда эшитдинг?» деган саволларни қўйиш бошланди. Шундан кейин бепарволик билан ҳадис ривоят қилиш сезиларли камайди; 2. Ровийларни танқид қилиш ва уларни текшириш йўлга қўйилди. Яъни қайси ровий ростгўй, қайсиниси ёлғончи, қайси ровий пухта, қайси ровий ғўр, ким кимдан эшитган, ким кимдан эшитмаган, деган саволларни бериш бошланди. Бунинг натижасида ҳадис санадларини уланиши, узилиши, кучли ва кучсизлиги маълум бўлди. 3. Дин пешволаридан ривоятларни ишончли эканига аниқлик киритиш бошланди. Яъни ровийлар ўзларининг ривоятини саҳобаи киромлар, кибор тобеъинлар ва ҳадис илми имомларидан ўтказиб ола бошладилар. Жумладан, муҳаддислар бу жиҳатдан ҳам пешво олимларга чин дилдан мурожаат қилдилар. Бошқа томондан, Аллоҳ таоло ҳадисларни сақлаш ва текшириш учун жарҳ ва таъдил имомларини чиқарди. Улар ўз ҳаётларини ушбу ишга вақф қилдилар.

Ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратишнинг энг пухта йўли ҳадис фани олимларига мурожаат қилишдир. Жумладан, киши ўзининг кумуши ва тилласини заргарга текширтириб олганидек, ҳадис илми билан шуғулланаётган кишилар ҳам ҳадис фани арбобларига мурожаат қилишлари лозим бўлади. Натижада, ҳадисларнинг саҳиҳи, заифи маълум бўлади. Қуйида шунга тегишли бир неча мисоллар зикр қилинади:

Ибн Абу Мулайкдан ривоят қилинади: «Менга бир битик ёзишни ва (унда яшириш керак бўлган нарсани) яшириб қолишини сўраб, Ибн Аббосга мактуб ёздим. У: «Бу самимий бола. Мен унга масалаларни танлаб-танлаб бераман. (Яширадиганимни) яшираман», дебди. Сўнг Алийнинг ҳукми (ёзилган битик)ни олиб келтириб, ундан баъзи нарсаларни кўчириб ёза бошлабди. Баъзи нарсаларга дуч келганда: «Аллоҳга қасамки, Алий бундай ҳукм қилмаган. Акс ҳолда залолатга кетар эди», дер экан».

Шарҳ:

(юхфий) сўзи (афъала) бобидан «яшириш» маъносидадир. Ибн Мулайка Алий розияллоҳу анҳу битмаган, лекин инсонлар томонидан унга нисбати берилган қазо ва ҳукмларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан яширишини илтимос қилиб, тўғриларини қоғозга туширишини сўради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Ибн Мулайкани яхши бола, деб мақтади. Чунки у менга: «Алий розияллоҳу анҳунинг фақат эътиборли гапларини ёзиб, эътиборсизларини яширинг, дебди», деди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Алий розияллоҳу анҳуга нисбати берилган барча ҳукмларни келтиришларини сўради ва уларни синчковлик билан назардан ўтказишга киришди. Одамлар томонидан Алий розияллоҳу анҳуга ёлғон нисбати берилган гап-сўзларнинг барчасини ўчириб ташлаб, саҳиҳ гап-сўзларни қолдирди. Баъзан ғариб гап-сўзлар кўзга ташланса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Агар Алий бундай ҳукм қилганда, у гумроҳ бўлар эди» дер эди. Аниқки, Алий розияллоҳу анҳу гумроҳ эмас. Шундай экан янглиш гап-сўзларни унга нисбатлаш хатодир. Чунки улар аниқ Алий розияллоҳу анҳуга ёлғон нисбат берилгандир. Ривоятлардан ўзининг ривоятларини катта олимлар назаридан ўтказиб, ишончлилигини тасдиқлатиб олиш салафи солиҳларнинг маслаки экани собит бўлмокда.

Товусдан ривоят қилинади: «Ибн Аббосга Алий розияллоҳу анҳунинг ҳукми бор бир битик келтирилди. У унинг (мана шунча) микдордан бошқасини ўчириб ташлади. (Ровий айтади) Суфён ибн Уяйна (бундай деб) билаги билан ишора қилди.

Шарҳ:

Қадимда мактублар узунасига ёзилиб, уни думалоқ шаклда ўраб қўйилар эди. У «сижил» деб аталган. У ғалтак каби ўраб қўйилган. Ундан бармоқ учидан зиро миқдоричаси қолган, қолгани эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо томонидан ўчириб ташланган. Бу ҳадисда ҳам катталарга ҳадисларни ўқиб эшиттириб ўтказиб олиш собит бўлмокда.

Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: «Алий розияллоҳу анҳудан кейин улар ўша (ёлғон) нарсаларни (тўқиб) чиқаришганда, Алийнинг дўстларидан бири: «Аллоҳ ҳалок қилгурлар, қандай илмни бузишди-я!» деди».

Шарҳ:

Қандай улкан илмни бадбахт кимсалар барбод қилишди. Алий розияллоҳу анҳунинг шогирдининг бу ердаги ишораси шиа ва рофизийлар томонгадир. Улар назар-писанд қилмай, Алий розияллоҳу анҳуга жуда кўп янглиш гап-сўзларнинг нисбатини бериб юбордилар. Бу ривоятдан ҳам эшитган ҳадисларни катталар ҳузуридан ўтказиб олиш собит бўлмокда.

Муғира (ибн Миқсам Доббий) айтади: «Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишда Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдларидан бошқаси рост гапирмай қўйди».

Шарҳ:

сўзи (насоро янсуру) бобидан ҳам (тафъийл) бобидан ҳам бўлиши мумкин. Агар (насоро) бобидан бўлса, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан бошқа бирор кишини Алий розияллоҳу анҳудан қилган ривояти саҳиҳ эмас, деган маъно тушунилади. Яъни фақат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдлари Алий розияллоҳу анҳунинг саҳиҳ гап-сўзларини ривоят қиладилар. Агар у (тафъийл) бобидан бўлса, Алий розияллоҳу анҳунинг ривоятлари борасида фақат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг шогирдларидан ривоят қилинганлари тасдиқ қилинар эди. Ўзгаларнинг ривоятлари эса рад этилар эди, деган маънони англатади. Чунки улар Алий розияллоҳу анҳуга нисбатан ёлғон гапиришмас эди. Бу ривоятдан ҳам ҳадисларни салафи солихдар ҳузурида тасдиқлатиб олиш собитлиги маълум бўлмокда.

Ҳикматуллоҳ Абиевнинг

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан