loader
Foto

Христианликнинг тарқалиши ва ривожланиши

Хулласи калом, мазкур дин Рим империяси ҳудудларида ҳамда унинг кучи ва таъсири остида дунёнинг бошқа тарафларида ҳам кенг тарқалди.

Император Константин ўз фойдасини кўзлаб, масиҳийликка турли имтиёзлар берди. Ундан кейинги подшоҳлар ҳам бу ишни давом эттирдилар. Шу тариқа аста-секин ҳамма нарсага черков эга чиқиб олди...

Жумладан, европалик меъморлар авваллари турли қасрлар ва ижтимоий иншоотлар қуриб донг таратган бўлса, энди асосан черков ва унга оид биноларни қуриб кун кўрадиган ва обрў топадиган бўлишди.

Европа ҳайкалтарошлари авваллари турли олиҳалар, афсонавий қаҳрамонларнинг ҳайкалини ясаш билан шуғулланган бўлса, энди черковда Ийсо Масиҳнинг, Биби Марямнинг ва турли ҳаворийлар ва авлиёларнинг ҳайкалларини ясашни ўзларига асосий вазифа қилиб олишди.

Европанинг христианликдан аввалги даврдаги рассомлари олдин турли манзаралар, санамлар, афсонавий қаҳрамонларнинг расмини чизиш билан шуғулланган бўлса, христианлик ҳамма нарсага эга чиқиб олганидан кейин турли диний ман-зараларнинг, иконаларнинг ва шунга ўхшаш черковга хизмат қиладиган нарсаларнинг расмини чизадиган бўлишди.

Мусиқа ва қўшиқ деганда ҳам европаликлар фақат черков мусиқаси ва қўшиғини тушунадиган бўлиб қолишди.

Христиан дини таркидунёчилик дини бўлиб, жасадни қўйиб, эътиборни фақат руҳга қаратган. Масиҳийларда «Руҳ билан жасад ҳар доим келишолмай юради» деган фикр бор. Шунинг учун ҳам уларнинг эътиқодига кўра, руҳ ва жасад ёнма-ён туриб тараққиётга эриша олмайди, жасад руҳ учун қамокдир. Дунё ишлари, унинг лаззатларидан баҳраманд бўлиш эса инсон руҳини кишанлаб қўядиган ёмон нарсалардир. Улар руҳни жасаддан устун қўйганлари учун уни тараққий эттиришнинг турли йўлларини ахтариб, дунёвий ишлардан четда қолишган. Улар руҳни ривожлантираман деб, жасадни қийноққа солишган, ўзи учун баданни қийновчи турли машқлар ўйлаб топишган, баъзилари таом ейишни камайтирган, бошқалари эса баданни қийнаш учун темир занжирлар осиб юришган ва ҳоказо.

Ушбу зикр қилинган ва бошқа зикр қилинмаган сабабларга кўра, одамлар томонидан бузиб юборилган дин - черков кишиларга яхшилик келтириши жуда қийин эди. Шунинг учун ҳам бу дин тарқалган жойларда ҳаётнинг турли соҳаларида ривожланиш бўлмади. Балки ўша ерларда истиқомат қилган халқ вакиллари, тарихчилари ва арбобларининг таъкидлашича, аҳолининг ҳаёти аввалги ҳолатдан ҳам кўра ёмонлаша бошлади.

Черков бора-бора мол-мулк, мафкура, ҳаёт ва мамотга оид нарсаларнинг ҳаммасини эгаллаб олди. Натижада масиҳийлик дини тарқалган барча ҳудудларни қоронғилик, зулмат эгаллаб ола бошлади...

Келинг, ўша пайтлардаги ҳолатни европаликларнинг ўзлари ёзган матнлардан олинган иқтибослар орқали ўрганайлик:

«Европа халқининг тақдирини белгилашда милодий IV аср улкан аҳамият касб этди. Бу аҳамият асосан Рим империясининг насоролаштирилиши жараёнида кўринади. Бу даврнинг асосий моҳияти айнан мана шу насоролаштиришдан иборат бўлган, десак ҳам бўлади. Константиндан Феодосийгача бўлган даврда Рим империясини насороликка «юзлантириш» ва насороликни эса Рим империясига «юзлантириш» амалга оширилди. Ушбу ўзаро юзлантиришлар, яъни черковни давлатлаштириш ва давлатни черковлаштириш натижаси ўлароқ, милодий V асрга келиб, Рим империяси «насоролик империяси»га айланиб қолди».

Бу ҳақда европаликларнинг ўзлари қуйидагиларни ай-тишади:

«Константин бошлаб берган черковни давлатлаштириш жараёни бутун ўрта (V-ХV) асрлар мобайнида давом этди. Константин империя пойтахтини Римдан Константинополга (ҳозирги Истамбулга) кўчирди. Ҳукумат дастагининг бошқа жойга кўчирилиши Римда ҳукуматсизлик бўшлиғини вужудга келтирди. Пайдо бўлган бу бўшлиқни эса Рим епископи тўлдирди. Константинополь епископи ўша даврда Шарқдаги энг эътиборли черков раҳбари ҳисобланар эди. Урта асрлар давомида епископлар ҳукмронлиги бутун Европа бўйича ортиб бориб, шунинг баробарида дунёвий ишлар сиёсатида ҳам уларнинг таъсири ўса борди.

Ғарбдаги каби, Шарқда ҳам насоро епископлари бойиб, қудратли бўлиб кетишди. Насороликнинг ўзи кўпчилик учун турмушдаги бир одатга айланди ва илгарилари кузагилган қадимги черковга хос жонбозлик бора-бора камроқ учрайдиган бўлиб қолди. Энди черков бирор ҳожат учунгина келинадиган жой ёки муассасага айланиб қолган эди.

Баъзи эркак ва аёллар шаҳарларни тарк қилиб, дашту биёбонларга чиқиб кетишар ва у ерларда камроқ дунёвий-лашган насороликни топишга интилишар эди. Ушбу таркидунёчилар ва монахларнинг иймони самимий бўлса-да, улар насороликни янглиш тушунишга йўл очиб беришган. Монахлик (юнон тилидан олинган «монах» сўзи «таркидунёчи» маъносини англатади) насороларни дунёдан, яъни Худо яратган ва Ийсо пайғамбар ўша инсоннинг гуноҳи учун вафот этган дунёдан ажратиб турарди.

Таркидунёчиликни тарғиб қилган ва тарғиб қилиб келаётган насоролик дини инсон танасига абадий ўлмайдиган руҳнинг вақтинчалик бир қобиғи сифатида, ташвишини қилишга, асраб-авайлашга лойиқ бўлмаган, ўткинчи бир нарса сифатида қарайди. Қадимгиларда жисмни тарбиялаш руҳ ҳақида қайғуриш билан алмаштириб қўйилган бўлиб, бунинг амалда намоён бўладиган энг юксак мисоли жисмни ўлдиришдан иборат эди ва бу нарсага олий саодатга эришишнинг энг ишончли йўли деб қараларди. Касаллик ва дардларга эса инсоннинг бирор-бир нотўғри жисмоний хатти-ҳаракатларининг ёки юқумли касалликлар тарқалишининг натижаси деб эмас, балки қилинган гуноҳлар учун илоҳий иқоб деб қараларди.

Роҳиб ва роҳибалар бошқа насороларга Худога сиғинишнинг шунга яраша намунасини кўрсатишар эди:

Афтидан, роҳибалар роҳиблардан анча илгари, яъни учинчи асрдан аввалроқ пайдо бўлишган. Улардан баъзилари ўзларини тириклайин сағаналарга қамаб, чиқиш йўлини суваб ташлашган. Улар поклик ва покликка риоя қилиш масаласига жирканиб қарашган. Битларни «илоҳий дур» деб билиб, уларни танадаги «муқаддас авлиёлик белгиси» деб ҳисоблашган. «Авлиё» насоролар, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, одатда оёқларига ҳеч қачон сув тегмаганлиги билан фахрланишарди. Дарёнинг саёз жойидан кечиб ўтишга мажбур бўлгандаги сув тегиши эса истисно деб қараларди» (Бертран Рассел).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг

"Олам ва одам, дин ва илм" китобидан