loader
Foto

The New York Times (АҚШ): Курдлар Америка душмани тимсолида янги иттифоқчини топдилар

Узоқ вақт мобайнида АҚШнинг иттифоқчиси бўлиб келган Суриядаги курд жангарилари якшанба куни Вашингтоннинг ашаддий душмани ҳисобланган ва Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия ҳукумати билан янги келишув ҳақида эълон қилди. Бу турк қўшинлари курдлар томонидан эгаллаб турилган ҳудудларга тобора чуқур кириб бораётган, америка ҳарбийлари эса Трампнинг буйруғи билан Сурия шимолини тарк этаётган пайтда рўй берди.

Бу кескин ўзгариш Суриядаги кўп йиллик урушда муҳим бурилиш нуқтасини кўрсатди.

Беш йил давомида Қўшма Штатлар Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Эрон ва Россиянинг таъсирини чеклаш, шунингдек, можарони ҳал қилишнинг келгуси жараёнига таъсир этувчи воситаларни сақлаб қолиш учун ИШИДга қарши курашда курдлар билан ҳамкорлик қилди.

Якшанба куни Трамп кутилмаганда бундай сиёсатдан воз кечганда, Америкада деярли ҳеч қандай таъсир кўрсатиш воситалари қолмади. Шундай қилиб, президент Башар Асад ва унинг Эрон  ҳамда  Россиялик ҳомийлари ҳаракатлар эркинлигига эришдилар. Ушбу қарор, шунингдек, ИШИДга қарши курашда эришилган ютуқларни хавф остига қўйди ва бу ташкилотнинг саҳнага қайтишига эшик очди.

Курдларнинг Дамашқ билан битим тузиши ҳукумат кучларига Трамп маъмурияти ўз қўшинларини олиб чиқишга қарор қилганидан кейин туркларнинг ҳужумларини қайтариш учун охирги бир неча йил ичида биринчи марта мамлакатнинг шимолий-шарқий қисмига қайтиш имконини берди.

Битим имзолангани ҳақида якшанба куни кечқурун эълон қилинди, кундузи эса турк аскарлари ва улар қўллаб-қувватлайдиган кучлар тезда олдинга силжишди. Ушбу кун, шунингдек, "Ислом давлати" деб номланган билан боғлиқ юзлаб аёллар ва болалар лагеридан қочиш каби воқеа билан эсда қолди. АҚШ ҳарбий кучлари чиқиб кетишни бошлаганда, икки нафар ҳарбий вакил АҚШ 60 та "қимматли" ИШИД жангарисини мамлакатдан олиб чиқа олмаганини айтди.

Турклар томонидан қўллаб-қувватланаётган кучлар шу қадар тез ҳужум қилишдики, муҳим йўлни эгаллаб олиб, америка қўшинларининг чиқиб кетишини жиддий қийинлаштириб қўйди.

Туркия президенти Ражаб  Эрдўған ҳужум бошлашга буйруқ берди ва ушбу буйруқ президент Трамп қўшинларни олиб чиқишга яшил чироқ берганидан кейин янгради. Ҳужумдан мақсад ИШИДга қарши курашда асосий шерик бўлган курдлар бошчилигидаги Сурия Демократик Кучларининг жанговар бўлинмаларини йўқ қилишдир. Туркия бу ташкилот ўз хавфсизлигига таҳдид солади, деб  ҳисоблайди.  Чуунки бу Анқара ўнлаб йиллардан бери курашиб келаётган курд сепаратистик ҳаракати билан боғлиқдир. 

Туркларнинг ҳужуми натижасида кўплаб одамлар ҳалок бўлди ва курд жангарилари АҚШни америкаликлар уларни туркларга тилка-пора қилишга ташлаганликлари учун хиёнат қилганликда айблашди. Шу сабабли курдлар Дамашқ билан келишиб олдилар ва Сурия ҳукумати якшанба куни ўз қўшинлари шимолга икки шаҳарни назоратга олиш ва "турк агрессияси"ни тўхтатиш учун йўл олаётганини маълум қилди.

Туркларнинг бостириб кириши Суриянинг шимоли-шарқидаги тинчликни бузди, бу мамлакат ҳудудини энди назорат қилмаётган, лекин у ерда ўзининг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйган ва тарафдорларига эга бўлган "Ислом давлат"ининг тикланиши билан таҳдид солади.

Туркия чоршанба куни ҳужум бошлаганидан бери ИШИД Сурияда камида иккита ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Биринчиси - шимолдаги Эл-Камишли шаҳрида портловчи моддалар бўлган машинанинг портлаши, иккинчиси - жанубда жойлашган Хасек вилоят маъмурий маркази яқинидаги халқаро ҳарбий базада портлашдир.

Трамп, ИШИДнинг энг хавфли асирлари қочиб кетишининг олдини олиш учун АҚШ уларни Суриядан олиб кетганини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ, аслида АҚШ ҳарбийлари фақат Британияда қўлга олинган, «Битлз» ячейкасига кирган ва гаровга олинган ғарб фуқароларини қийноққа солиб ўлдирган икки нафар маҳбусни назоратга олган.

Турк қўшинлари олдинга силжиб, курдларнинг йўқотишлари кўпайиб бораётган бир пайтда, Сурия Демократик Кучлари аъзолари АҚШдан тобора қаттиқ ғазабланмоқда. Уларнинг баъзилари таъкидлашича, Трампнинг қарори хиёнатдан ҳам ёмонроқ.

Америка вакилларининг сўзларига кўра, курдлар АҚШга собиқ мактаблардан тортиб, собиқ давлат қамоқхонасигача бўлган турли жойларда сақланиб келаётган ИШИД жангариларини вақтинча сақлаш лагерларидан олиб кетишларига рухсат беришмаган. Умуман олганда, бундай қамоқхоналарда 11 мингга яқин одам бор, улардан тўққиз минги сурияликлар ва ироқликлардир. Икки мингдан ортиқ одам 50 мамлакатдан келган бўлиб, бу мамлакатлар ҳукумати уларни қайтаришни рад этишган.

Жанговар ҳаракатлар туфайли асирга олинган ИШИД жиҳодчиларининг қочиб кетиши ва ўзларининг Ислом давлатини тиклай бошлашлари мумкин деган қўрқувни кучайтирди. Курд вакилларининг сўзларига кўра, жума куни Туркиянинг Эл-Камишли шаҳридаги қамоқхонага берилган бомба ҳужуми вақтида беш маҳбус қочиб кетган.

Курдлар ҳукумати, шунингдек, можаролар пайтида кўчирилган одамларнинг оилалари учун ўн минглаб одамлар яшайдиган лагерлар ташкил қилган. Уларнинг аксарияти "Ислом давлати" жангариларининг хотинлари ва фарзандлари ҳисобланади.

Айн Исса лагерида Туркия ҳаво ҳужумидан сўнг ИШИД билан алоқадор аёллар исён кўтаришди. Лагер раҳбари Жалол ал-Ияф (Jalal al-Iyaf) айтганидек, улар чодирларни ёқиб, деворларни йиқитдилар.

Унинг сўзларига қараганда, юзага келган тартибсизлик оқибатида 500 дан ортиқ киши қочиб кетишга муваффақ бўлди.

Ушбу лагерда 13 мингдан ортиқ одам бўлиб, уларнинг аксарияти сурияликлар ҳисобланади. Аммо, шунингдек, Ироқдан Сурияга бошпана қидириб келган қочқинлар ҳам бор. Лагер раҳбарининг сўзларига кўра, тунда баъзи одамлар у ерда бўлиш хавфсиз эмаслигидан қўрқиб, қўриқчиларсиз қолган лагерни тарк этишган.

«Ҳамма лагер халқаро ҳимоя остида деб ўйлаётганди, лекин маълум бўлишича, бундан асар ҳам йўқ экан, — деди Жалол ал Ийяф. — У мутлақо ҳимоясиз».

Якшанба куни жойлардаги вазият қандай ривожланаётганини аниқлаш қийин эди, чунки араб жангариларининг Туркия кўмаги билан олға қараб ҳаракатланиши туфайли илгари маълумот бериб турган курд расмий вакиллари тарқаб кетишди.

ИШИДнинг қайта туғилиш эҳтимоли қандай эканлигини аниқлаш ҳам шу даражада қийин, чунки Сурия курдлари раҳбарияти Ғарб эътиборини жалб қилиш учун баъзи воқеаларни бўрттириб кўрсатиши мумкин.

Лагердан қочиш АҚШ ҳарбийлари келгуси ҳафталарда ўз қўшинларининг қолдиқларини Суриянинг шимолига кўчиришлари ҳақида хабар беришдан бир неча соат олдин юз берди.

Мудофаа вазири Марк Эспер Си-Би-Эс телеканалига берган интервьюсида, америкаликлар "шимолий Сурияда бир-бирига қарши ҳаракат қилаётган икки армия орасида қолишлари мумкинлиги"ни айтди.

Яқин келажакда Сурия ҳукумат кучлари Кобани шаҳрига киришлари керак.

Курдлар бошчилигидаги кучларнинг айтишича, Сурия ҳукумати Сурия-Туркия чегараси бўйлаб қўшинларни жойлаштириб, "мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш ва Сурия суверенитетини сақлаб қолиш" мажбуриятини олади.

Аввалроқ, Трамп маъмурияти ушбу ҳудудга ҳукумат қўшинларини юбормаслик жуда муҳимлигини таъкидлаган эди, чунки бу Эрон ва Россия таъсирининг ўсишига тўсқинлик қилади ва Асадга босимни ушлаб туришга ёрдам беради.

Энди Трамп Америка қўшинларини турклар бостириб кираётган ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш қарори унинг Яқин Шарқ ва бошқа жойларда "АҚШни чексиз урушлардан олиб чиқиш" ҳаракатларининг бир қисми эканлигини айтмоқда.

"Курдлар ва турклар кўп йиллардан бери жанг қилиб келмоқда", деб ёзди Трамп якшанба куни твиттерда.

Трамп шунингдек, танқидчиларни, шу жумладан, президент билан Сурияга оид қарори юзасидан жанжаллашиб қолган Жанубий Каролинадан республикачи сенатор Линдси Грэмни тинчлантиришга ҳаракат қилди ва иккала партия кучлари билан Туркияга қарши иқтисодий санкциялар тўғрисидаги қонунни қабул қилишга ваъда берди.

"Мен Линдси Грэм ва Конгресснинг кўплаб аъзолари, шу жумладан Туркияга қарши кучли санкцияларни қўлламоқчи бўлган демократларга бас келишга ҳаракат қилмоқдаман, - деб ёзган Трамп, -Молия вазирлиги уларни қўллаб-қувватлашга тайёр ва ҳозирда қўшимча қонун қабул қилиш устида иш олиб борилмоқда."

Аммо унинг қарори суриялик курдлар учун ҳалокатли оқибатларга олиб келди.

ИШИД билан бўлган жангларда улар минглаб жангчиларини йўқотишди ва жиҳодчилардан озод қилган жойларда автономия ташкил этишни хоҳлашди. Энди уларнинг режалари барбод бўлди ва агар улар Асад ҳукуматига бўйсунадиган бўлса, қандай ҳуқуқларни сақлаб қолишлари аниқ эмас.

Якшанба куни турк қўшинлари ва уларнинг араб гумашталари Сурия ҳудудига чуқур кириб боришди ва стратегик аҳамиятга эга бўлган чегара шаҳри Тел-Абядни қўлга олишди, бу эса Туркияда қувончларга сабаб бўлди.

Туркия билан чегарадош Акчакал шаҳрида аҳоли турк байроқларини силкитиб, шаҳар атрофида машиналарда айланиб чиқишди ва баланд овозда сигналлар чалишди. Кўпчилиги келиб чиқиши Тел-Абядлик бўлган суриялик қочқинлар жанг қандай якунланишини томоша қилиш учун уйларнинг томларига чиқиб олишди.

Уч ярадор араб жангчиси, курдлар билан жангларда яраланиб фронт чизиғидан қайтди ва Акчакалдаги хусусий квартирада ўз кучларини тиклашди.

Бу одамлар курдлар назорати остидаги ҳудуддан бўлиб, уларнинг сўзларига кўра, курдлар уларнинг уйларига қайтишларига тўсқинлик қилишган.

«Биз тўхтамаймиз, — деди оёғидан уч марта яраланган 34 яшар Абу Қаср ал Шарқия (Abu Qasr al-Sharqiya). — Биз отларимизни, фарзандларимизнинг уйларини қайтаришимиз лозим».

Якшанба куни кечки пайт Эрдўған ўз қўшинлари Суриянинг шимолидаги 180 квадрат километрлик ҳудудни назорат қилаётганини эълон қилди.

Туркия Мудофаа вазирлигининг баёнотига кўра, ҳарбийлар курдлар қўлида бўлган ҳудуднинг икки ён томонларини боғлайдиган муҳим йўлни эгаллаб олишди. Бу турк қўшинлари ва уларнинг назорати остидаги кучларга курд жангарилари таъминотини ёпиб қўйиш, шунингдек, Ироққа қочиш йўлларини тўсиш имконини беради.

Энди Америка қўшинлари учун Сурияни йўллар бўйлаб тарк этиш анча қийин бўлади.

Сурияда саккиз йил олдин фуқаролар уруши бошланганидан бери унинг шимолий қисми бир неча бор қўлдан-қўлга ўтган, чунки бунинг учун исёнчилар, исломчилар, экстремистлар ва курд қўшинлари курашган.

"Ислом давлати" га қарши курашган Америка қўшинларига қўшилиш орқали курдлар бошчилигидаги жангарилар бу минтақада асосий кучга айланди. Улар илгари ИШИДга тегишли бўлган ҳудудни қайтариб олдилар ҳамда АҚШ ва бошқа хорижий иттифоқчилар манфаатларини ҳимоя қилиб, "Ислом давлати" жангариларини қамоққа олдилар.

Сўнгги ойларда турклар курд ҳарбий қисмларини ўз чегараларидан узоқлаштириш зарурати ҳақида баланд овозда гапира бошладилар ва АҚШ ҳарбийлари Суриядан 60 га яқин маҳбус бўлган жуда «қимматли» экстремистларни олиб чиқишни режалаштирдилар.

Бу режалар ўтган йилнинг декабрида, Трамп қўшинлари Суриядан олиб чиқиш ҳақида илк бора эълон қилганидан кейин тузила бошлади. Бироқ кейинчалик маъмурият уни шов-шувсиз йўққа чиқариб юборди.

Дастлаб,  америка махсус кучлари 9 октябрда икки нафар битан асири — Ал-Шафи Элшейх (El Shafee Elsheikh) ва Александа Котини (Alexanda Kotey) олиб чиқди, чунки уларга нисбатан аниқ режа ишлаб чиқилганди. Адлия вазирлиги уларни Виргинияга олиб ва суд қилишни истайди. Ҳозир эса улар Ироқда ушлаб турилибди.

Аммо ҳарбийлар қолган асирларни ҳам олиб чиқишга қарор қилганида, курдларнинг ўжарлиги тутиб қолди, деди Америка вакили. Энди эса курдларнинг қаршилиги янада кучаяди, чунки улар АҚШ душмани бўлган Асад томонига ўтдилар.

Шу сабабли, шунингдек, америка қўшинлари олиб чиқилиши сабабли Қўшма Штатлар қандайдир маҳбусларни олиб чиқа олмаса керак.

Абу Муслим таржимаси