loader
Foto

Бангладешда диний низолардан сўнг кўкрак сути банки ёпилди

Бангладеш олий исломий раҳбарияти она сути ҳақида ҳали қарор қабул қилмаган, аммо унинг фаолияти тўхтатилган. Сабаби исломий шариатнинг эмизиш ҳақидаги қарорлари билан таниш бўлган барча инсонларга аён - агар иккита бола битта онадан сут олсалар, улар бир-бири билан эмишганлик муносабатларига киришадилар. Ва бу, масалан, улар энди ўзаро турмуш қуришлари мумкин эмаслигини англатади.

"Уларнинг бутун никоҳи ва оиласи ноқонуний бўлади", деди Ғози Атаур Раҳмон, «Исломий Андолан Бангладеш» сиёсий партиясининг вакили.

Партиянинг бошқа бир аъзоси Аҳмад Абдул Қайюмнинг айтишича, шариат қонунлари кўкрак сути банкига рухсат бермайди.

"Бу Исломга қарши", - деди у, расмийларга ушбу "жуда нозик масалани" мусулмон уламолари билан олдиндан муҳокама қилишга таклиф қилиб.

Бангладешлик таниқли исломий олимлардан бири бўлган Фаридуддин Масуд расмийлар кўкрак сути банки мавжуд бўлган Покистон, Эрон, Ироқ ва Малайзия сингари мусулмон давлатлари бу муаммони қандай ҳал қилганликларини аниқлашлари кераклигини таъкидлади.

“Биз бу муаммони қандай ҳал қилганликларини кўришимиз керак. Биз ечим топиш учун бирга ўтиришимиз керак”- деди.

Дакканинг кўкрак сути банки шу ойда ўз ишини бошлаши керак эди, аммо лойиҳа координатори Можибур Раҳмоннинг сўзларига кўра, лойиҳа "кенг танқидлар" туфайли номаълум муддатга қолдирилди.

У касалхонада ушбу схема учун жиддий эхтиёт чоралари кўрилиши лозимлигини қўшимча қилиб айтди.

«Биз сутни алоҳида тўплаймиз ва сақлаймиз, донорлар шахсини қатъи равишда қайд қилиб борамиз», - деди у банк иши тўхтатиб қўйилгани ҳақида маълум қилинган куннинг эртасига, душанба куни AFP га.

Мамлакатнинг етакчи болалар мутахассислари ҳам сут банки ғоясини маъқулладилар ва бу болалар ҳаётини сақлаб қолиш, уларни ўстириш учун зарур деб айтдилар.

"Етим ва оғир касал болаларга, айниқса, шифохонанинг реанимация бўлимида даволанаётган, оналари яқинига кела олмайдиган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун кўкрак сути банки керак", - деди Даккадаги болалар шифохонаси бош шифокори Маҳбубул Ҳақ.

«Сут банклари Ғарбдаги йирик шифохоналарда мавжуд. Биз энг яхши болалар шифохоналарида ушбу банкларни кўпайтиришимиз керак" - деди у Франс Пресс агентлигига.

Ўз навбатида, биз иккала томоннинг мулоҳазалари эътиборга лойиқ эканлигини таъкидлаймиз ва умид қиламизки, улар бир томондан муҳтож болаларни кўкрак сути билан таъминлашга имкон берадиган, бошқа томондан эса келажакда одамлар учун уларнинг эмишганлик муносабатлари маълум бўлмайдиган ҳолатлар юзага келишининг олдини оладиган муросага эришадилар.