Бу тажвид ёки араб тили бўлсин, Қуръонни ўрганишни энди бошлаётган кишилар билан рўй беради. Баъзида ушбу блок сабабини тушунишнинг имкони ҳам бўлмайди.
Шундай қилиб, қуйида Қуръон ўқишни одат қилиб олишга халақит берадиган айрим сабаблар келтирилган. Улар билан танишиб олиш сизга муаммони тушунишга ва уни баратраф этишга ёрдам беради.
1. Қуръон ўқишда хато қилиш гуноҳ эканлигига ишониш
Бу фикрга амал қиладиган киши, эҳтимол, ҳаттоки тажвид бўйича экспертга айланса ҳам, Қуръон ўқишни ҳеч қачон ўргана олмаса керак. Гўё хатосиз ўқиш-ўрганишнинг асло имкони йўқдек! Агарда йиқилишдан қўрқадиган бўлса, бола ҳам ҳеч қачон юришни ўргана олмайди-ку.
Шу сабабли, бу қўрқувни бартараф қилиш учун бу фикр нималарга асосланишини кўриб чиқайлик. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар». (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган)
Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишини ёдга олиб ўтади. Уларнинг биринчиси – амалда ҳеч қандай қийинчилик ҳис қилмайдиган тажрибали қоридир. Иккинчиси эса, аксинча, тутилиб қолади ва бунда қийинчиликлар ҳис этади, шу сабабли у яққол профессионал ҳисобланмайди. Лекин барибир Қуръон ўқишга ҳаракат қилади ва бунда, хатоларга қарамай, икки карра мукофотга сазовор бўлади – чунки унга қийин бўлишига қарамай, ҳаракат қилишда давом этмоқда. (Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни ўқишда қийналган кишига қийналмаган кишидан кўра икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда)
2. Вақт топишнинг имкони бўлмайди
Баъзида ҳар куни Қуръон ўқиш учун бўш вақт топишнинг имкони бўлмайди. Кун шувиллаб ўтиб кетади, тунда эса ўтириб, Қуръон билан «машғул бўлиш» учун одам жуда чарчаб қолган бўлади.
Бундай киши Қуръон ўқиш учун бериладиган ажр ҳақида ва унинг Аллоҳ олдидаги мавқеини ошириши ҳақида билиши керак. Бу, шунингдек, ҳар куни фақат Қуръон ўқиш учун ярим соат ажратишга ёрдам беради ва бунинг учун энг яхши вақт – тонг саҳар ҳисобланади, чунки фаришталар бу пайтда сизнинг Қуръон ўқиётгангингизга гувоҳ бўлади:
«Қуёш оғишидан то кун қоронғусигача намозни тўкис адо қил. «Фажр Қуръони»ни ҳам. Албатта, «фажр Қуръони» гувоҳлантирилгандир. (Исро сураси, 78).
Сизни чалғитадиган жиҳатлардан атиги ярим соатга халос бўлинг ва бу вақтни тўлалигича Аллоҳга бағишланг.
3. Ўқиётган нарсага эътиборни мужассам қилмаганлик гуноҳидан қўрқиш
Бу бироз чалкаш бўлиб кўриниши мумкин, шу сабабли изоҳлашга рухсат этинг. Кўпчилик дастлаб Қуръонни мунтазам равишда ўқий бошлайди, лекин кейин ўқишни ташлаб қўяди, чунки уларнинг диққат-эътибори бир жойга тўпланмаётгани ва ўқиш вақтида ҳар қаерга тарқаб кетаётганини тушуниб қолади, бу эса Муқаддас Китобга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатиш ҳисобланади. Шу сабабли, Қуръонга беҳурмат бўлишдан қўрқиб, уни ўқимай қўя қолишади.
Шайтоннинг ҳийла-найранглари ўргимча ини каби чалкашиб кетади, лекин шу билан бир пайтда мустаҳкам ҳам бўлмайди. Араб тилини яхши тушунмайдиган одам, албатта, бор эътиборини Қуръонга жамлаши қийин бўлади ва бу юқорида келтирилган ҳадисда айтилганидек, худди шу даражада Қуръон ўқиётган киши «тутилиб қолиши ва бунда қийинчиликлар ҳис этиши»ни кўзда тутади. Бу ерда худди биринчи банддаги каби мантиқ қулланади – бола маъносиз сўзларни айтмасдан туриб гапиришга ўргана олмайди.
4. Ҳаддан ташқари кўп нарсани ўз зиммангизга оласиз
Масалан, ҳар куни бутун бир жузни ўқиш йўли билан бошламаслик керак. Ўқиш ва ўрганиш тамойили шундан иборатки, ўқилаётган материал жуда ҳам содда бўлмаслиги, лекин шу билан бир пайтда жуда мураккаб ҳам бўлмаслиги лозим.
Қуръон хотиржамлик бахш этиши керак, кортизол даражасини ошириши эмас. Шу сабабли кичик нарсадан бошланг ва аста-секинлик билан суръатни ошириб боринг. Инша Аллоҳ, тез орада бутун бир жузни ўқиш ҳам сизга қийинчилик туғдирмайди ва осон бўлади!
Манба: About Islam
Абу Муслим таржимаси