loader
Foto

Султон Абдулҳамид II ибн Абдулмажид

Абдулҳамид II ҳокимиятдан четлатилгач, усмонийлар императорлигининг юлдузи сўнди. Ундан олдин иккита султон аввал бўшатилиб, кейин қатл қилинган, ундан кейинги султон Мурод эса ақлдан озиб, вазифасидан бўшатилган эди. Бу ишларда катта ҳарбий кўмондонлар ва давлат одамлари ҳамкорлик қилишган.

Абдулҳамид II даврида Ислом олами жуда оғир, аламли мағлубиятларга учради. Оқибатда бир пайтлар бутун дунёни зир титратган давлат Европа давлатларининг иттифоқи ўртасида қолиб, насронийларнинг қақшатқич зарбасига учради ва уларнинг барчасига қарши ёлғиз курашишга имконсиз қолди. Бу пайтга келиб, насронийлар усмоний императорлигининг Европа, Осиё ва Африкадаги кўп ерларини тортиб олишган, рус армияси эса усмонийлар пойтахти Истанбулгача етиб келган эди.

Усмоний дастур

Абдулҳамид II ўз халифалигининг дастлабки босқичида ҳижрий 1293 (милодий 1876) йилда шўро (маслаҳат кенгаши машварат) асосида қабул қилинган Усмоний дастурни эълон қилди. Шундан кейин умумий сайловлар бўлиб ўтди. Лекин ҳижрий 1295 йилда бу ишлар тўхтаб қолди. Ҳокимиятнинг услуби яна аввалги ҳолатига қайтарилди.

Ёш Туркия жамияти

Ушбу жамият мазкур дастур тўхтатилгандан кейин, давлат бошқа тарафдан кетма-кет мағлубиятларга учрайвергач, ташкил қилинди. Уларнинг бир маркази Парижда яна бири Женевада эди. Улар бу жамиятни тузиб, фаолият олиб боргандан кейин Македонияда Туркия аскарлари билан бирлашдилар. Сўнгра «Иттиҳод ва Тараққий» жамияти тузилди. Мустафо Камол Отатурк уларга қўшилгач, дастурни қайтаришни талаб қила бошлашди.

Дастурнинг қайтиши ва Ислом жамоасининг фикри

Мазкур жамоатларнинг босими остида султон Абдулҳамад II ўттиз бир йилдан кейин дастурни яна қайта жорий қилишга мажбур бўлди. Бу иш ҳижрий 1326 (милодий 1908) йилда юз берди. Бир неча ой ўтгач, дастур яна бекор қилинди. «Иттиҳод ва Тараққий» жамиятига қарашли лашкар пойтахтга етиб қолган, уларнинг қўли султон аскарларидан баланд кела бошлаган эди. Ниҳоят Абдулҳамид II ҳукуматдан четлатилди. Унинг бутун мол-мулки мусодара қилинди, ўзи эса юртдан ҳайдаб чиқарилди. Бу ишлар ҳижрий 1327 йилда содир бўлди.



Ушбу воқеалардан бироз аввал султон Ислом жамоаси тузиш фикрини айтган бўлиб, бу иш барча мусулмонларни бирлаштириш ниятида қилинган эди. Бу йўналиш мусулмонларда катта акс-садо берди. Кўпчилик Абдулҳамиднинг бу даъватига лаббай деб жавоб берди. Султон шу йўл билан ўзининг қулаб бораётган мавқеини яхшилаш ва мустаҳкамлаш ниятида эди. Лекин унинг бу таклифи юзага чиқмай қолиб кетди.

«Иттиҳод ва Тараққий» жамиятининг диктатураси Султон вазифасидан бўшатилгач, ҳукумат «Иттиҳод ва тараққий» жамиятига тегишли одамларнинг қўлига ўтиб бўлган эди. Улар нимани хоҳласа, шуни қиладиган бўлишди: дастурга ҳам қарашмади, шариатга ҳам. Сўнг уларга Камол Отатурк раҳбар бўлди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Ислом тарихи" китобидан