loader
Foto

Ислом инфратузилмаларининг ривожи

Мусулмонларнинг эҳтиёжларини кимдир четдан келиб, ҳаммасини лаганга солиб, едириб, кетадиганидек бир нарсани кутиб ўтиришлари, қандайдир боқимонда кайфият қиёфасидан ҳали ҳам халос бўла олмаяпмиз. Шу ўринда яна бир бор ўйлаб кўрайлик, бизга бу керакми ёки йўқ. Эҳтиёжга яраша ҳамма жойда ҳамма нарса учун пул тўлаймиз.



Фақат, Ислом (аниқроғи Ислом инфратузилмаларининг маҳсулотлари) негадир текин бўлиши керак. Аммо, одатда текин бўлган нарсаларнинг сифати ҳам... текин бўладида. Агар биз кимнидир қизиқтира оладиган ва бирон нарсага таъсир қила оладиган сифатли ва рақобат бардош маҳсулотларни истар эканмиз унинг нархи ҳам шунга яраша бўлиши кераклигига ҳозир бўлишимиз керак. Бу дунёдаги ҳар қандай фаолият, маҳсулот, ресурс ўз қийматига эгадир.  Аллоҳ таоло шундай яратган ва буни тан олиш айб эмас. Боз устига мусулмонларнинг динларида бизнес одоблари, меҳнат, жамғариш, истеъмол қилиш ва соғлом капитализм ҳақида батафсил баён қилинган-ку. Иккиюзламачилик қилишимизга етар энди. Пулга муносабат соғлом, исломий бўлиши керак, яъни суннатга мувофиқ. Саҳобалар ҳаётига назар солинг – улар Аллоҳ йўли учун пул сарф қилишда ўта сахий эдилар, аммо шу билан бирга улар пулнинг қадри ва кучини жуда яхши билишган,  режали ва ишбилармон бўлишган. Уларнинг ҳеч қайсиси Пйғамабаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаломдан динга бўлган қизиқишлари учун пул талаб қилишмаган.

Ҳар қандай маҳсулот – китоблар, нашидлар концерти, таълим учун барибир кимдир пул сарф қилиши керак. Концерт заллари, нашриётлар, ўқитувчилар хизмати учун ҳақ тўланиши керак, электр, сувнинг ҳам ўзига яраша баҳоси бор. Ҳатто Аллоҳнинг Қуръони ҳам барча учун раҳмат ўлароқ нозил бўлган, бироқ тайёр китоблар шаклида эмас, балки оғзаки (сўзлар) шаклида нозил қилинган.

Уни ҳали нашр этиш керак. Буни эса бепул амалга ошириб бўлмайди. Агар булардан фойдаланаётган мусулмонлар у учун пул сарф қилишдан бош тортишса, қандайдир бой ҳомий, хорижий фондалар ёки давлат бу харажатларни бўйнига олиши керак бўлади. Ва биз буларни нормал ҳолат деб ҳисоблаймиз. Четдан келаётган ёрдам ва қурбонликлар улар ким тарафидан бўлмасин, буларнинг эвазига ўзимизни уларга қандайдир маънода қарам қилиб қўйишимизни ҳам ҳисобга олиб қўйишимиз керак. Биз, тўрт мучали соғ эркаклар оёқ қўли йўқ ногиронлар каби кимгадир қарам бўлиб ўтиришимиз уят эмасми? Ногиронларнинг узрлари бор ахир, бизнинг эса қандай узримиз бор.

Қуръони карим ёзилган китобларни савдо расталарида сотилиши шаккоклик,  Аллоҳнинг каломи билан даромад кўриш мумкин эмас, деб айюҳаннос соламиз, Саудия қиролининг пулига чоп қилинган ва бепул тарқатилаётган китобларга эса қўл чўзамиз. Шунга ўхшаш сўзларини яқингача бошқа диний адабиётлар ҳақида ҳам гапириб юргандик. Ислом орқали пул топиш мумкин эмас, китобларни текин тарқатиш керак, дердик. Ажойиб мантиқ-а. Ҳайрон қоласан киши.

Китоб нашр қилиш – кўп сарф харажат талаб қиладиган қийин ишдир. Муҳаррир, мусаҳҳиҳ (корректор), таржимон, муаллифларни топиш керак, сўнг уни тарқатиш учун транспорт, тарқатиш савдо шаҳобчалари, у ерда ишлайдиган хизматчилар иш ҳаққи ва ҳк. Агар китоб нашр қилувчи китобларини текин тарқатса, кейин унинг нашриёти қандай қилиб фаолиятини давом этиради. Китоблар қайси маблағ эвазига чиқарилади? Шундай оддий нарсаларни ҳам тушунтириб ўтиришнинг ўзи ажиб ҳолат эмасми?

Агар биз нашидалар концерти, болалар байрами, маросим, масжид, мадрасаларни хоҳласак “диндор ҳомий” келиб ҳамма харажатларни бўйнига олиб, сўнг уларни ташкил қилиб ва бизларга таклифномалар юборишини кутиб ўтирмасдан, улар учун  ўзимиз пул сарф қилишимиз кераклигини билишимиз, ўрганишимиз керак. Масалан, биз Ғарб ва мусулмон мамлакатлари пойтахтларида бўлгани каби бизда ҳам Сами Юсуф концерт беришини хоҳлаймиз. Ундай бўлса, биз чипталарни “текин”га, “таниш-билиш” бўлганимиз учун ёки “намоз ўқиганимиз” учун қўлга киритиш йўлларини ўйламай, балки чипталарни ўзимиз сотиб олишга тайёр бўлишимиз керак. Бу пулларга зал ижарага олинади, керакли хизматлар учун ҳақ тўланади, ташкилотчи ва бошқа хизматдаги одамларга маош берилади. Фойдага қолган маблағ эса янги концертлар ўтказиш имкони беради. Шу тарзда, мусулмон агентлиги ёки продюсер марказлари ишлаб кетади. Исломий ҳордиқ ва дам олиш саноати ҳам шаклланади. Шунга ўхшаш оддий тадбиркорлик асосларида бутун инфратузилмалар ташкил қилиниши мумкин.  Талаб бор экан – унга яраша таклиф ҳам бўлиши керакда. Ҳаммаси оддий. Фақат шу ҳолатдагина у ҳаётий, муваффақиятли ва профессионал бўлиши мумкин.  Агар биз динимиз, Исломга бўлган қизиқишимиз учун, исломий инфратузилмалар, маросим ва маҳсулотларга маблағ сарф қилишга тайёр бўлмас эканмиз ўзимизга савол берайлик – бизга Ислом керак-ми? Ахир бу бизнинг имонимизнинг реал кўрсаткичидир. Исломга бўлган муҳаббатимиз ҳақида қанча кўп гапирганимиз ҳеч нарса эмас, фақат Аллоҳ йўлида Ислом учун қанча вақт, куч ва пул сарф қилдик шуниси муҳимдир.

Текинхўр ва боқимандалик психологиясидан тезда озод бўлишимиз керак. Пул  билан ҳам Исломни қўллаб-қувватлаш мумкинлигини ўрганишимиз керак. Бу ҳамма қила олиши мумкин бўлган имонимизнинг бир кўриниши, исломий фаоллигимиздир. Албатта, истисно ҳолатлар ҳам бор.  Муҳтож одамларга ёрдам қилиб туришимиз керак. Улар учун бепул дастурлар ташкил қилиниши ҳам кўзда тутилган бўлиши лозим. Аммо булар айрим ҳолатларидир. Шунда ҳам бизлар хориждан бой биродарлар ёрдамини кутмасдан уларга ўзимиз тезда амалий ёрдам бера олишимиз керак-ку ахир. Мана шу ҳолат ҳам ўта муҳимдир. Қачонки одамлар ўзларининг шахсий пулларини ўз ихтиёрлари билан сарф қила бошласалар – қўлга киритган нарсаларига кўпроқ эътиборли бўлишига, уларнинг қадрига етиши ва масъулиятни ҳис қилишига сабаб бўлади. Агар нимадир текин қўлга киритилган бўлса уларга муносабат ҳам шунга яраша бўлади-да. Текин нарса кам қадрланади.

Мусулмонларга кимдир ниманидир қарз эканлиги ёки ногирон, нафақаҳўр ҳақидаги тушунчаларнинг бизларга қаердан келиб ёпишиб олгани умуман тушунарсиз. Дунёда муҳтож бўлганлар жуда кўплаб топилади, Сомоли, Афғонистон, Бангладеш каби мамлакатларда одамлар уйсиз, очликдан ўлиш ҳолатига келишган. Ўзимизни ўзимиз молиялаштиришга ўтгандагина Ислом оёққа туради, қувватли бўлади. Ҳалол, диний хизмат ва маҳсулотларга маблағ сарф қилинишининг  ўзиёқ мақбул ва кифоя бўлган амалдир ва шулар билан бирга сиз Исломнинг ривожи  ва унинг қувватига ҳисса қўшаётганингизни асло унутманг. Яъни, сиз Исломнинг тарқалишида иштирок этмоқдасиз.

Хизмат ва маҳсулотлар мукаммал сифатга эга бўлмаса ҳам барибир уларга сарф қилишдан чўчимаслигимиз керак. Чунки, шу билан сиз уларнинг ривожига улкан ҳисса қўшаётган бўласиз. Акс ҳолда, яъни бегоналарнинг номи чиққан “бренд” маҳсулотлари ёки бошқа сифатли нарсаларни танласангиз, ўзимизнинг инфратузилмаларимиз яхшиланмайди, ҳатто уларга етарли даражада талаб бўлмаганлиги боис улар йўқ бўлиб кетишлари ҳам мумкин. Албатта, ҳеч нарсага парво қилмай Ислом, Шариат ва Ҳалол тамғалари бор барча нарсалар учун пулларингизни сарф қилиб ташланг, демоқчи эмасмиз. Албатта, танлаш керак. Агар бирон нарса ёқмаса, яхшироғини излаш керак, аммо шу ўринда биродарлар таклиф қилаётган нарсалар чегарасидан чиқмаслик имкониятини ҳам қилишимиз керак. Бундай ёндашишлар тадбиркорларимизни рағбатлантиради. Шундай қилиб, сифатсиз рақобатга дош бера олмайдиган хизмат ва маҳсулотлар ўз-ўзидан йўқ бўлади, талабга эга нарсаларнинг бозори эса ҳамиша чаққон бўлади. Фақат ҳақиқий талабга эга бўлган нарсаларгина қолади, яъни сиз пул сарф қилишга тайёр бўлган нарсалар. Сўнги вақтларда нега муслима аёллар либоси сотиладиган дўконлар кўпайиб бормоқда? – чунки муслималар ўз либослари учун пулларини сарф қилишмоқда. Талаб бор экан – саноат ҳам ривожланади.

Ҳа, бизларда кўпчилик масжид олдида турадиган эҳсон қутиларига ишонмай қўйишди ва намозларидан сўнг хайр эҳсон қилишга ҳам тайёр эмас. Балки муаммо бироз бўрттирилгандир, аммо баъзиларга шубҳали муносабатда бўлишга асос бор. Мамлакатнинг катта масжид имомларидан бири таътилга чиққанида садақа тушуми кўпайгани, таътилдан қайтгач эса садақа пуллари ҳисоби яна камайган ҳолатлари қайд этилган...

Агар кимнингдир нопоклиги борасида аниқ шубҳага борсангиз ҳисоботларни талаб қилинг, аудиторлик текширишларга сабабчи бўлинг, одамларни йиғинг, масжид маъмуриятини назорат қилинг.

Яна аниқ қилиб сарф қилсак бўлади. Тўғридан тўғри ўқитувчиларнинг ўзига сарф қилинг. Агар улар ҳисоб рақамига пул ўтказишдан чўчисангиз масжид учун қурилиш молларини олиб беринг; ҳеч бўлмаса таҳоратхона учун ўнта совун олиб беринг;  деразанинг синган ойнасини алмаштиринг, жума намозидан кейин масжидни тозалашга ёрдамлашинг. Яъни, жамоат ҳаётида пул, вақт ва кучингиз билан иштирок этинг. Кимдир келиб сизнинг ишингизни бажариб қўйишини кутиб ўтирманг. Келинглар, ўзимиздан ўзимиз сўрайлик: агар мен шу ишларни қилмасам, унда ким уларни қилади? 

Ким нима деса ҳам аксар масжидлар бизларнинг садақа пулларимизга фаолият юритадилар. Хар қандай шаклда бўлса ҳам улар учун пул сарф қилишимиз натижаси ўзимиз учун бўлади. Бизларнинг хайр эҳсонларимиз иссиқлик, жойнамозлар, сув ва тоза ҳожатхоналар бўлиб ўзимизга қайтиб келади. Наполеон айтмоқчи, қайси бир миллат ўз армиясига эга бўлмаса, бошқаларнинг армиясини боқишга мажбур бўлади. Мавзуга қўлласак, агар биз ўз динимиз инфратузилмаларини қўллаб-қувватламасак, бошқа динлар учун сарф қилишга мажбур бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Масжидлар учун маблағлар бўлмаса, улар ёпилишини наҳотки билмаймиз!? Улар ёпилиб ва улар ўрни бўш туради, деб хом хаёлга борманг. Бу бўшлиқ узоққа бормайди: улар ўрнига черковлар, протестант марказлари, кришначиларнинг ибодатхоналари очилади. Улар атрофдаги одамлар билан ишлайди ва уларнинг сафига қўшиладиганлар топилади. Қўшилганлар орасида ўзининг хайр-эҳсонларини уларга олиб бориб берадиганлари ҳам албатта чиқади.

Агар шаҳрингизда яхши ҳалол ресторанлар бўлишини истасангиз, уларга ташриф қилиб туринг. У ерда қизиқарли тадбирлар ўтказилишини хоҳласангиз, у ерга бориб бирон нарса сотиб олишни канда қилманг.  Нашидалар концерти ва болалар байрамини истасангиз, чипталарга пул сарфлаб туринг. Мусулмонлар учун фитнес, такси ва ҳаммомлар керак бўлса улардан пулларингизни қизғанманг. Исломий сайтлар ва китоблар ўқиш сизга ёқадими, уларни сотиб олишга шошилинг. Болаларингиз диний оромгоҳларда дам олишини истасангиз йўлланмалардан (путевкалар) харид қилинг. Бошқа йўл йўқ, текин пишлоқ қопқонда бўлади. Ҳамма нарса учун кимдир пул тўлайди, ахир. Келинг яхшиси ўзимиз учун ўзимиз сарфлашни ўрганайлик.



Дин хизматида юрган ёки шу хизмат доирасида тирикчилик қилаётганларни маломат қилманг. Масалан, масжид имомлари ёки бошқа уламолар кўпинча маломат нишонига айланишади. Масалан, бундан уч-тўрт йил олдин шайх ҳазратларига қуйидаги саволлар келиб тушган эди.



Савол:

Ҳазрат.. Саволим, масжид ходимлари масжидга тушган эҳсон, закот ва бошқа шунга ўхшаш молиявий нарсаларни ўз эҳтиёжлари (яъни масжид ёки бошқа бир муҳтож инсонларга эмас) учун ишлатсалар бўладими? Агар мумкин бўлса унинг адади чегаралари қай даражада булади. Саволдан мурод бир масжидда тушган ўхшаш пуллар шу масжид ишчилари ўзаро бўлиб олишар ва бу пул орқасидан ўз уйларини замонавий таъмирлар ва автоуловлар сотиб олишар экан. Шуни кенгроқ ёритиб берсангиз, чунки хар бир эҳсон қилувчи савоб умидида бўлади ва у берган нарса шу йўлларда ишлатилганини эшитса хоҳламаса ҳам кўнгли ғаш бўлади. Инша Аллоҳ биз шу жавобдан эҳсон қилиш одоблари ва эгаларини топиб эҳсон қилишни ўргансак. Олдиндан раҳмат, Аллоҳ сизни ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин....



Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ)

- Масжидга тушган пулдан сиз айтган ишларни қилишга имкон йўқ. Масжидларга у миқдорда пул тушмайди. Ишонмасангиз, истаган масжидга бориб текшириб кўришингиз мумкин. Яқинда мавлид маросими қилиб одамлардан пул жамлаган масжид одамлари икки юз минг сўм тушганини айтишди. Сиз ўзингиз масжидга қанча пул бергансиз, ўйлаб кўринг. Ўзингиз танийдиган одамлардан сўраб кўринг. Қанча пул беришган экан. Ҳозирги кунда энг камбағал муассасалар масжидлардир десак муболаға қилмаган бўламиз.

Жамиятда масжидларда пул кўп бўлади деган фикр тарқалиб қолган. Одамлар топганини масжидга обориб беради, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Лекин ўша гапни айтганларнинг ўзидан, сен неча пул бердинг, масжидга, деб сўралса, мен бермаганим билан, бошқалар беради, дейди. Қани ўша бошқалар, дейилса, жавоб бера олмайди. Аниқ билганлар бўлса, чиқиб айтсинлар.

Мен шахсан билган масжидларнинг кўплари электр пули ва бошқа чиқимларни одамлардан тиланиб юриб тўлашади. Тўғри баъзи бир мозори бор масжидларда бунга етарли ёки ортиб қоладиган пул бордир. Аммо ҳамма масжидда эмас. Масжидга тушган пул автоуловлар ва бошқа нарсалар учунгина эмас, имом ва ишчиларнинг маошига ҳам етмаётгани масжид қавмларига маълум.

Охирги пайтда масжидга яқин йўламайдиган, масжиднинг бугунги ҳолидан бехабар баъзи кишилар сиз айтганга ўхшаш гапларни матбуотда ва турли ОАВларида тарқатмоқдалар. Бу гаплар асоссиздир. Гумон билан гап тарқатиш яхши эмас. Мен билган имом домлалар маош олишга имконлари йўқлари ҳам бор. Ўтган йили бир нечаларига мажбурий равишда энг оз иш ҳаққи белгиланди. Агар имомнинг машинаси бўлса, бошқа даромад манбасидан олиши мумкин эмасми? Масжидларнинг тафтиш ҳайъатлари бор. Тушган ҳар бир сўмнинг ҳисоби бор. Масъул идоралар ҳам текшириб туради.

Сиз ўз саволингизда “бир масжидда тушган барча шунга ўхшаш пулларни масжид ишчилари ўзаро бўлиб олишар ва бу пул орқасидан ўз уйларини замонавий таъмирлар ва автоуловлар сотиб олишар экан” дебсиз. Ким ўшалар? Қайси масжиднинг одамлари? Қайси уйларини таъмир қилишибди? Қайси автоуловларни сотиб олишибди?

Кўпгина масжидларда жума кунлари имом домлалар минбарда туриб, фолончи писмадон учун икки минг сўм берибди, писмадон фалон ниятда ўн минг берди..... дея бирма бир рўйхатни ўқиб ортидан дуо қиладилар. Агар бирор киши унутиб қолдирилса, дарҳол жанжал кўтаради. Ҳар бир одам ўзининг берган нарсасини суриштиради. Мен бу билан масжид ходимларининг барча фаришталар демоқчимасман. Баъзи ҳолатларда нотўғри ишлар ҳам бўлиши мумкин. Аммо масжидга тушган маблағни ўзаро бўлиб олиш, уларга автоуловлар олиш каби гаплар имкони йўқ ишлар ҳақидаги уйдирма ва бўҳтондан бошқа нарса эмас.

Бундай гапларни тарқатаётганлар ўйламай нетмай хаёлига келган гапни тарқатиш ўрнига масжидга борсин. Имом, мутавалли ва бошқалар билан гаплашсин. Маошини сўрасин. Тушадиган даромадни сўрасин. Ўзидан ўзи умри бўйи масжидга неча сўм беганини ўйлаб кўрсин. Таниш билишлардан, ёр-дўстлардан, маҳалла-кўйдан неча марта ва қанча миқдорда масжидга пул берганини суриштирсин. Ундан кейин хулоса чиқарсин. Ишончим комилки, сўралганлардан кўплари, мен берганим йўқ-ку, аммо бошқалар беради, дейди. Аммо бирор кишини кўп пул берганини, масжид ходимлари ўша пуллардан замонавий уйлар қуриб, автоуловлар сотиб олганини исботлаб бера олмайди.



Яна бир бошқа шунга ўхшаш саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ, қуйидагича жавоб берганлар:

...Жума куни ушбу маънодаги саволга жавоб бериб, кейин жума намозга бордим. Намоздан кейин имом домла ва масжид ходимларига мазкур саволнинг маъносини айтдим. Имом ва масжид ходимлари тушган эҳсонларни ўзлаштириб, ҳовли қуриб, автоуловлар олишар экан деган савол келди, дедим. Шунда мутавалли қуйидагиларни айтди: “Уйи йўқ, ижарда ўтирган имомларни ким гапиради!? Автоулови йўқ чиптага пул сўраб юрган имомларни ким гапиради?! Бизга берилган ҳар бир сўм учун тўлов қоғози ёзиб, берган одамнинг қўлига тутқазамиз. Агар буни қилмасак, балога қоламиз. Тушган пулларни маълум қисмини диний идорага ўтқазамиз. Масжид атрофидаги ёрдамга муҳтожларга имкони борича ёрдам берамиз.

Авваллари имом билан масжид қавми орасида шартномалар тузилган. Имом қавмнинг диний хизматини қилади. Қавм имом ва унинг оиласини турар жой, озиқ овқат ва бошқа эҳтиёжларини таъминлайди. Ҳатто ўтинни ёриб беради ва ҳоказолар. Ҳозир эса, бир кунлик харажатни қоплайдиган маблағни ойлик дейилмоқда ва имом еб кетди деб жар солинмоқда.

Ўтган даврларда халқимиз ўзи емай уламоларга едирган, ўзи киймай уламоларга кийдирган, ўз ҳаётини хавфга солиб уламоларни ҳимоя қилган.

Бугунги кунга келиб, баъзи одамлар олимларни, имомларни мазаммат қилишга ўтдилар. Уларга нисбатан нолойиқ муомала ва тўҳматлар қилишга ўтдилар. Бу ишда улар номусулмонлардан ўрнак олишаётган бўлсалар, ажаб эмас.

Аммо ушбу мактубни ёзган азиз биродаримиз каби ҳақиқатни тушунадиганлар кўп, алҳамдулиллаҳи! Шу билан бирга бошқаларга ҳам билдириб туришимиз керак, беодобларни одобга чақириб туришимиз керак.

Марҳамат қилиб, бу борада фикр ва мулоҳазаларингизни ушбу сайтга ёзишингизни сўрайман!

“Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас!”

Баъзи маълумотлар асосида

Абу Муслим тайёрлади