Байден-Харрис маъмурияти ҳар бир инсоннинг эътиқод ва дин эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш ёълида собитқадам ишлашга, ана шу фуқаролик ҳуқуқларини поймол этаётган ҳукуматларга қаршилик кўрсатишга бел боғлаган.
Халқаро эътиқод эркинлиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, АҚШ Давлат котибига ҳар йили эътиқод эркинлигини топтаётган ҳукуматлар ва нодавлат структуралар рўйхатини эълон қилиш мажбурияти юкланган.
Жорий йилда эътиқод эркинлигининг қўпол тарзда бузилишига алоқадор тизимли ва мунтазам хатти-ҳаракатлардаги иштироки ёки шундай ҳаракатларга замин яратиб бергани учун қатор давлатлар алоҳида хавотирга молик мамлакатлар сифатида эълон қилди. Улар Мянма, Хитой, Эритрея, Эрон, Шимолий Корея, Покистон, Россия, Саудия, Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматларидир.
АҚШ бош дипломати Энтони Блинкен, шунингдек, Жазоир, Комор ороллари, Куба ва Никарагуани эътиқод эркинлигини топташдаги иштироки ёки бунга чора кўрмагани учун махсус назорат рўйхатига киритган.
Террорчи гуруҳлар “Аш-Шабоб”, “Боко Харам”, Ҳаят Таҳрир аш-Шом”, “Ансоруллоҳ”, “ИШИД”, “ИШИД – Катта Саҳрои Кабир”, “ИШИД – Ғарбий Африка”, “Жамоати Наср ал-Ислом вал-Муслимин” ҳамда Толибон алоҳида хавотирга молик субектлар рўйхатига киритилган.
“Замонавий дунёда эътиқод эркинлигига таҳдидлар структуравий, тизимли характерга эга ва чуқур илдиз отган бўлади. Бундай муаммолар ҳар бир мамлакатда мавжуд. Нафрат, тазйиқ ва тақибларга ёъл қўйишни истамаган ҳар бир давлат доимий толерантлик бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олиши лозим. Ушбу муаммо халқаро ҳамжамиятнинг зийрак назоратини талаб этади”, - деди Блинкен.
АҚШ эътиқод эркинлигини поймол этган давлатларни жавобгарликка тортиш мақсадида тегишли ҳукуматларга босим ўтказишни давом эттиради. Вашингтон дунё бўйлаб диний эркинликни тарғиб қилиш мақсадида ҳукуматлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда диний жамиятлар вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш аҳдида қатъий. Шунингдек, диний эътиқоди ва қарашлари туфайли тазйиққа учраган, тақиб қилинаётган ва дискриминатсия қурбонига айланаётган алоҳида шахслар ва жамиятлар аҳволини енгиллаштириш учун курашади.