loader
Foto

Мулла Абдураҳмон қандай олим?

...Меҳробдан чаён”ни Абдураҳмон образисиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ. Лекин Абдураҳмон образини Бухородаги аянчли ҳаётисиз бериш мумкинмиди? Эҳтимол мумкин эди. Нега бу ҳолатлар берилди?  “Ўтмишни идеаллаштириш” деган даъволарнинг олдини олиш учун, совет тузумига ёқимсиз бўлган мулланинг аянчли образини бериш билан бу “ўқ”лардан қутулишни назарда тутиб бу саҳифларга ўрин бергандирлар?

“Абдулла Қодирий пролетариат инқилобиға нисбатан узоқроқ кишидир. Чунки ҳақиқатан А.Қодирий майда буржуазия ёзувчисидир. Унинг синфий асосини белгилаш таҳлил вақтида катта аҳамиятга эгадир” (Болшевиклар партияси Тошкент вилояти  комитети органи – “Шарқ ҳақиқати” газетасидан). Бу тахминда ҳам жон бордек туюлади. Лекин асл сабаб бошқадир? Диққат қилайлик-чи?

Жамиятдаги бу бузуқликка, бу шармандали иллатга бўлган нафрат ўти “Жувонбоз”ни ёзиш билан сўнмаган эди. Ҳар икки асар орасида йиллар ўтди (1915-1928). Лекин бу иллат камаймади. (Камайиш ўрнига авж ола борди, дунёни ўргумчак тўри каби ўраб олди. Оқибат шу бўлдики, ХХасрнинг сўнги чораги ва ХХ1 асрнинг аввалига келиб Европада эркак билн эркакнинг никоҳланишига, уларнинг ҳатто бола асраб олишига қонун тусида ижозат берилди...) “Жувонбозда” бу иллатга ўз нафратини очиқ баён қилган адиб, бундан буёғига кўз юмиб юролмас эди. Мулла Абдураҳмоннинг ўсмирлик кунлари тасвирига назар ташлайлик: у “силлиққина бола, мадраса  муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч”. Шу боис амакиси уни иҳота қилмоқ мақадида ўз меҳмонхонасидан жой беради. “Домла мударрис “замона бузуқлигини” назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисидан жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу “маҳрам” балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна “замона бузуқлиғи”дан шикоят қилишлари  ўша вақтлардағи “мадраса мантиғи”га ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми “фавқалодда”, ўзи “варасатул анбиё” саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ ҳайвонликни қиладурған бўлса: “Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!”

Мулла Абдураҳмон  “Бухорода илм кўрган” ҳисобланади. Аммо қандай илм? Тўғри, кундузлари Қуръони карим оятларини ўқигандир, ёдлагандир, тафсирларни ўргангандир, ҳадис шарҳлари билан танишгандир. Лекин қуруқ ўқиш ёки ёдлашдан нима нафки, агар маъносини англаб, амал қилишга ҳаракат бўлмаса?! Қуръон бандани бузуқликдан қайтаради, яхшиликка йўллайди. Солиҳ толиби илмлар кундузги мутолаага қаноат қилмай, кечалари ҳам дарсга берилганлар, тунни ибодатлар билан ўтқазганлар. Ҳа, ҳидоят йўлидагилар кўп эди. Лекин Мулла Абдураҳмончи? Амакиси кечаси ухлаганда у қандай дарс олди? “Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси “Абдураҳмонча”ни йўлдан оздирған эдилар... “Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай! (айланай, бошингга жоним фидо, дардингни олай)” каби мадҳу саноларга кўмилган “Абдураҳмонча” ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб “табаррук” қилар; дутор, танбурға йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан “ошиқ”ларни раҳмсиз қамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирида... Қисқаси, бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди...”

“Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса – елкадан, қўлдан сув очмаса – оёқдан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига (шахсига, одамига) шу касал сироят (таъсир) қилмай қолмайдир...” Адиб касалнинг илдизини очди – жамият! Одамлар тиш оғриғидан азобланадилар. Лекин оғриқ кўриниб турган тишда эмас, унинг илдизида. Дарахтни қуритадиган касаллик ҳам баргда эмас, илдизда.

“Ўткан”кунлар”даги Ҳомиднинг бузуқлиги фақат унинг хотинбозлигида, Кумушга нисбатан қилган тажовузидагина эмас. Зийрак китобхон уста Алимнинг дўконни нега айри қилгани ҳақидаги баённи ўқиётганда унинг яна бир ярамаслигини билади: гарчи кенг тасвир этилмаган бўлса-да, Ҳомиднинг Сайфига шилқимлик қилиши биргина жумлада берилгани фақат унинг кимлигини эмас, у яшаётган жамиятнинг қандайлигини ошкор этади. Ҳомид битта эмас, атрофда ҳомидлар мавжудлиги учун уста у билан олишиб ўтирмай, дўконини бошқа қилиш билан бу бузуқликдан қутулди.

(Мавзудан сал чекиниб, бугунга боқсак, адиб тасвирлаган замондаги иллат бугун бошқа динлар, хусусан, насаро ва яҳуд динлари пешволарини анча хомуш қилмоқда. Католик руҳонийларининг баччавозликлари ошкор бўлгач, бу каби бузуқликларга қарши курашиб келаётган Рим папаси, чорасизлиги оқибатида шу йил (2013) истеъфога чиқди. Бу дин пешволарини хомуш қилаётган воқеалар хусусида тарихда кўп асарлар битилди, черковдаги бузуқликлар фош этилди. Мисол тариқасида эсласак, ўзбек китобхонларига ўтган асрнинг биринчи ярмидан бери таниш “Сўна” асарида Артур ўзининг валади зино эканини, отаси кардинал эканини билгач, Худодан воз кечади. Ўлими олдидан ибодатни, хусусан тавба қилишни истамайди. “Қўлларидан шариллаб қон оқиб тушди. Жон талвасасида типирчилаётган жасадни ушлаб туриб, унинг ўзи ҳам бошдан-оёқ титрамоқда эди. Даҳшатнинг зўридан эсини йўқотиб, ёрдам топиш ниятида теварагига жовдирай бошлаганида, руҳоний келиб унинг елкаси устидан энгашиб, жон берувчининг лабларига бутни босди: “Гуноҳингни Худо Ўзи кечирсин...” Сўна (Артур) докторнинг тиззасига суяниб, ярим-ёрти турди-да, бутга кўзларини олайтириб қаради. Ўртага ўлгин бир жимлик тушди; Сўна ўқ теккан ўнг қўлини секин кўтариб бориб, бутни итариб юборди. Юзида қонли яра тиржайиб турарди...” Ўғилнинг ўлимидан сўнг бутун умрини черковга хизмат қилишга бағишлаган “севгили епископ, кардинал хазратлари монсиньор Лоренцо Монтанелли Равеннада қўққисдан юраклари ёрилиб вафот этдилар”. Унга қадар эса, черковда ўлимдан ҳам даҳшатлироқ воқеа юз берган – кардинал ҳам Худодан юз ўгирган эди: “Саҳрода бир ўзим қолдим, кўзларимнинг нури кўмилган, лахта-лахта қонлари тўкилган ердан назаримни олиб, бўм-бўш, бадбуруш осмонга қарайман. мени ғазаб қамрайди. Мен Ундан юз ўгирдим!..” Бу хитоб қандайдир хилватда эмас, черков тахтидан туриб айтиляпти. Бу ҳолат ҳам аҳамиятлидир. Бу асар биз ўрганаётган мавзуга тааллуқлидир. Ҳозир аҳвол шундайки, бир эмас, ўн папа, юзлаб кардиналлар истеъфога чиқсалар-да, бузуқликнинг давосини қила олмаслар. Чунки бузуқликни тўсиб турувчи тўғон бузилган. Тўғонни тиклаш чораси ҳақида ўйланяпти, аммо ҳозирча қоронғу ғорнинг ичида нажот чироғи милт этмаяпти.)

Мавзуга қайтсак: Абдураҳмоннинг шармандали ўтмиши алоҳида масала. Бош масала унинг иймонидаги қусурда. Унинг энг катта айби: ўзининг ибодати ҳам, динга хизмати ҳам холис эмас, Аллоҳ розилиги учун эмас. Хизматларида ғараз бор, нафс бандаси экани ҳар бир ҳаракатида кўринади. Ўзининг “Бухорои шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлиб” ўлтириши унинг нафсини хорлади. Масжид имомининг дин учун хизмат қилиб ҳам Аллоҳ ризолигига етиши мумкинлигини фаҳм этмади. Имон заифлиги ҳасад ўтининг аланга олишига имкон яратди. Ҳидоят йўлидан чекиниб,  тош қалби фитна ботқоғига ботишни афзал билди. Йигирма саккиз ёшида хатми кутуб қилган Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар чоғида “кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турган уламолиқ шуҳратига; муфтилик, қози ва аъламлик мансабига ошиқинар эди. Унинг фикрича, Қўқондаги қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар”. У кутгандек бўлмади. Чунки у Аллоҳ йўлида холис хизмат қилишга интилмади, шуҳратни истади. Шуҳрат ҳақидаги орзуси туздан қурилган саройдек эриб кетди. Раънога қўйган совчиси ҳам қуруқ қайтди...

Орзусига етишмак учун, “кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни “Ақоид”нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди”... “Мулла Абдураҳмон бутун камолатини ишка қўйиб, имомат ва хатибликка шуруъ қилди. Ҳар кун қавмлариға амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар ҳафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди. Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб” ғараз кўчасида дадил юра бошлади. Бухоро мадрасасида илм олган мулланинг нияти динга хизмат қилиш эмас, балки хон ўрдасига яқинлашиш эди. Шу боис жумъа намозларида “хонға тегишлик ҳукуматдор беклардан кўриниб қолса, жаннат ва жаҳаннам устидаги масалани дарҳол хонга итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда, айниқса, хонбоп бўлишға тиришар эди”.

Шу ўринда Мавлоно Румийнинг бир шарафли ҳадисга берган шарҳларига эътибор қаратсак:

«Пайғамбар, саллолоҳу алайҳи васаллам, буюрадиларким: «Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир».

Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган. Яъни бир олим ёмон олим бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келгандир. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.

Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Аллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгани қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса - АҚЛдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш ва эрмаги - бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.

Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўргана олмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар.»

Бу маънони ўргангач, савол туғилади: Мулла Абдураҳмон қандай олим?

Ҳидоят йўлида эмас, хон саройига олиб борувчи йўлда юрувчи мулладан қандай хайрли ишлар кутиш мумкин? Агар  Абдураҳмон каби муллалар юз ё икки юз йилда бир чиқиб, сўнг сўниб қолсалар, бир асарга салбий образ бўлиб кирмаган бўлар эдилар. “Гуруч курмаксиз бўлмас”, дейдилар. Лекин гуручдаги курмаклар кўпайиб бораверса-чи? Ахир паловга гуруч солинишидан олдин курмакдан тозаланади-ку? Аслида бу тозалашни уламоларнинг ўзлари қилишлари керак. Тозалаш ишлари етарли даражада бўлмагач, ислом илмидан бохабар зиёли аҳли ёрдамга келса нимаси ёмон экан? Кампирнинг кўзи хиралик қилиб қолса, курмак теришга кўзлари ўткир набираларини жалб қилади-ку?

Бадиий адабиётдаги шайхур-раисимиз Абдулла Қодирийнинг асарларини оддий китобхон икки марта, зиёли аҳли эса камида беш-олти марта ўқисагина асарларнинг асл моҳиятига кириб бора олади, деб ўйлайман. Камина аввал ҳам бир-икки фикрларни қоғозга туширган бўлсам ҳам, бунисида мавзуга чуқурроқ киришга уриндим. Лекин мавзуни тўлалигича ўрганиб, тўлалигича таҳлил этиб, атрофлича фикрлай олдим, деб даъво қилишдан узоқман. Ҳа, ақлим етган қадар, зеҳним кўра олган қадар ўргандим, бундан хулосам шу бўлдики, Абдулла Қодирийнинг асарларидаги динга муносабат даҳрийлик эмас, балки наҳйи мункар – ёмонликдан қайтаришга уринишдир. Назаримда энг тўғри баҳо шу бўлса керак. Ҳар ҳолда камина бу хулосада собитдир.

Яна шуки, мавзуни ўрганиш давом этиб, муҳтарам уламоларимиз, қадрли адабиётшунос олимларимиз бу илм таҳлилига фаолроқ киришсалар нур аланнур бўлар, инша Аллоҳ!

Тоҳир Малик (с)