loader
Foto

Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?

Бизнинг адабиётимиз тарихида тўқсоннинг нари-берисида умр кўрганлар кўп эмас. Асарлари 25-30 жилдни ташкил этувчилар деярли йўқ. Лекин бу адабиётимизнинг қашшоқлиги далолати эмас. Чунки бадиий адабиётда сон эмас, сифат муҳим.

Ҳазрат Алишер Навоий пайғамбар ёшидан ўтмаганлар. Лекин у муҳтарам устоз қолдирган адабий меросни беш юз йил давомида ўрганиб келаётган адабиётшуносу шоирлар илмий изланишларини ҳануз давом эттиряптилар. Ким билади, ҳазратнинг ижодларини мукаммал ўрганиб чиқиш учун яна беш юз йил керакдир.

Абдулла Қодирий ҳазратлари ҳаётлари ва ижодлари хусусида ҳам шундай деймиз. Бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўрган адибнинг мероси уч жилдга жамланади. Лекин бу уч жилдга тўпланган асарлар янги романчилик МАКТАБига асос солганини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Тарихдаги ўша 50-60 жилдга жамланган асарлар ҳақида эса бундай дея олмаймиз. Улар романчилик анъаналарини давом эттирган оддий асарлардир, десак, айрим адабиётшунос олимлар бу ҳақиқатдан ғашланмасинлар.

Абдулла Қодирий ижодий фаолияларининг бошланганига, яъни биринчи асарлари нашр этилганига 2014 йилда юз йил, таваллуд кунларига эса бир юз йигирма йил тўлади. Бу йил (2013) “Меҳробдан чаён” романи ёзиб тугалланганига 85 йил бўлди. Афсуски, бу сана эътиборсиз қолди. Европа зиёлилари орасида бу каби саналар ҳатто умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Бизда ҳам бу анъана туғилса ажойиб бўлар эди. Ҳамонки Абдулла Қодирий қисқа ҳаётлари даврида мактаб яратган эканлар, бу мактабнинг синфлари – бўлимлари кўп. Севги қиссаси, тил маҳорати, ҳикматлар маржони, халқ дардидан фиғон... Буларни ўрганиб, охирига етказиш учун ўнлаб олимларнинг умри етмайди.

Абдулла Қодирий ижодини чинор дарахтига ўхшатаман. Чинор ҳайбатини ҳар бир одам кўради, соясидан баҳраманд бўлади. Лекин дарахтнинг барглари қанча эканини, йўғон шохлари-ю, бармоқдан нозик шохчаларини биров санаб кўрмаган. Абдулла Қодирий асарларинг фазилати ҳам шундай. Битта баргини яхшилаб ўрганиш учун бир шогирднинг умри кифоя қилармикин?

Шу истиҳола билан устознинг диний қарашларини ўрганишга ҳаракат қилишга жазм этдик, бу борада адашиб қолмасликни, хайрли оқибат беришни Аллоҳдан сўраймиз.

ХХ аср ўзбек адабиётида диний масалаларнинг ёритилиши кўп баҳсларни уйғотган. Айниқса, “социалистик реализм” деган ғоянинг ҳақиқатдан ва илмдан узоқ экани ҳаёт тасдиғидан ўтиб, кунфаякун бўлгач, бу борадаги дунёқарашлар ҳам ўзгарди. Тўғри, “атеизм” деган аксил илмий ғоя адабиётимизда яйраб-яшнади. Динга қарши дам очиқдан очиқ, дам ҳажв йўлидами ҳуружлар бўлди. Ҳатто Бобораҳим Машрабни худосизлар сафига қўшиб, “Мабдаи нур”ни ёзган деган исноддан қутулди”, деган бемаъни ҳукмлар билан улуғ мутаассиб шоир қўлига “болшевиклар гувоҳномасини” тутқазиб ҳам қўйишди. Оқибат шу бўлдики,  Машрабни Ленин ХХ асрда илгари сурган “Дин-афюндир”, деган аҳмақона ғоясига мос шоирга айлантирилди.

Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларнинг ёқимсиз иллатларинигина қаламга оладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.

Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар.

Устоз Абдулла Қодирий асарларини дастлаб ўқиганимда бу ўгитни кўп эсладим. Гап шундаки, мен диндан хабарсиз ҳолда, рўзага қарши ҳикоя ёзган эдим. Устоз эса ислом илмидан атрофлича хабардор эканларини ҳар жумлада билдириб турадилар (Таҳлилга киришишдан аввал, мисол тариқасида келтириладиган сатрлардаги айрим сўз ёки ибораларни ажратиб ёзиб кўрсатишдан мақсад, сиз азизларни ўшал сўз-иборага ёки воқеага диққатларингизни жалб этмоқдан иборат эканини айтиб қўймоқчиман).

Ўрганишни кичик асарлар туркумига кирувчи ҳажвий ҳикоялардан бошласак:

“Фақирингиз ҳам тариқат ишларидан унча бепарво эмасман. Тўқсон тушуб (уч ойлик қиш кириб)  даҳага кириш (ўн кун мобайнида масжидда ўтириб, гуноҳларидан ўтишини сўраб-ёлбориб, туну кун тоат-ибодатда бўлиб, дунё неъматларидан юз ўгириб, Аллоҳга илтижо билан банд бўлиш) масаласи чиқғач, фақирнинг кўз ўнгида ёғлиқ хасиб, қизил палов, аччиғ сомса, заҳардек чой гавдалана бошлайдир.

...Бултур ўзимизнинг Ҳазрат эшон ҳам Миён бузрукнинг рақобатига “даҳа” ўлтуришни одат қилиб кўрган эдилар, натижа жуда яхши чиқди. Ўн еттита хилватхона тикилди. Ўттуз бештача муридлар даҳага ўлтурдилар. Ҳар кун намозшомдан кейин масжиднинг ичида сайл, хилватда ўлтурған ошна, оға-инининг олдиға кирсак узоқ-яқин ёр-дўстлардан келган анвоиъ турлук неъмат, қозоқ бовурларники ҳам қолмасун десак, яхна эт, эй... қайси бирисини санай энди...

Қоринни дўппайтириб олғандан сўнг бошланади жаҳр. Ҳазрат эшон меҳробда, ҳалқанинг бир чеккасида иккита ҳофиз, бир пайт зикр, бир пайт ҳикматдан ҳофизлик, йиғи-сиғи, аросат! Бу вақтда тош битиб кетганлар ҳам эрийдир, дуо олиш учун бир онда эшон бобомиз қоғоз оқча билан меҳроб оралаш кўмилган... ким ўғул талаб, ким қиз талаб, ҳой бовур, нима тилагингиз бўлса қўл дуода, ҳонақоҳ ичи қизғин бозор.

Нима кўп дунёда, ёмон кўп, яхши ишни кўра олмағувчилар кўб. Шу яқин орада ўзининг қўлидан эшонлик иши келмаган муллалардан биттаси: “Ҳонақоҳда савдо иши ҳаром. Бас, савдогарликдан иборат бўлған “зикр самоъ” ҳам ҳаром!” деб юбормасунми, бетамиз! (Зикр баҳонасида ҳадя олиш, моддий манфаат бўлгани сабабли бу ҳаракат тақиқланган, дейилмоқчи) Узоқ-яқиннинг халфа-муридлари ҳалиги пештаҳамни (оғзи бузуқ) ушлаб олуб “Ҳайф санга!” дейишдилар. Маҳалла аҳлининг ҳамияти диниялари қўзғаб кетиб тиюқсизни юртчиликдан ҳам чиқаришға қарор беришдилар. Эшонимизнинг “илми ботина”лари (руҳий илмлари) кўб бўлса ҳам, “илми зоҳириялари” (табиий фанлар) бир оз бемазароқ. Бўлмаса, ҳалиги мулланамонинг кофирлиги билан ҳукм қилиш мана-берда турған гап эди. Шундай бўлса ҳам, маҳалла юрт оғаси муфти аълам бўлса шунга етти танга пул билан югуриб турубдур.

Фақирингиз маҳкамаи шаръиянинг ишсизлигига туруб-туруб ҳайрон қоламан. Пайти келганда шундайин бемаза муллаларнинг кофирлиги ва тошбўрон қилиниши билан ҳукум қилуб дунёда ўзидан бир от қолдирмайдирми?.. Муҳиббут-тариқат (тариқат муҳиби,ошиғи) Жулқунбой”.  (“Туркистон” газетаси, 1923 йил, 12 январ).*



Бу пичинглар бежиз эмас. “Уламо” жамияти авжига чиққан даврларда диндаги бидъат ва хурофотга нисбатан қарши фикрлар билдирган зиёлилар бундан баттар жазоларга тортилганлар. Юзларига қора суртиб, эшакка тескари миндириб сазойи қилдирилганлар. Чунки динни нафслари ниқоби қилиб олганлар ҳақиқатдан қўрққанлар. Мен зиёли аҳли, хусусан жадидлар билан уламо аҳлини бир-бирига зид қўймоқчи эмасман. Йигирманчи асрнинг биринчи чорагида булар орасида мавжуд бўлган муносабат алоҳида тадқиқот мавзуси. Бу ўринда менинг айтадиганим: аввалги жамиятда партия арбобини танқид қилиш мумкин эмасди. Айрим дин пешволарининг талаби ҳам шунга ўхшайди. Мартабали эшон у ёқда турсин, оддий масжид имомининг салбий қилмишлари қаламга олинса ёки бирон минбардан айтилса, ҳақиқатпарвар устига дарров дин душмани жандаси ёпилади.

Ҳозир-чи? Ҳозир йўқми бундайлар? Бор. Фақат либослари ўзгачароқ. Бундайлар Абдулла Қодирийдан анча илгари ҳам бўлган. Покдомон, алломайи замон сўфий шоир Бобораҳим Машрабни “даҳрий” деб эълон қилганлар ва оқибат 1711 йилда Қундуз шаҳрида дорга осганлар. Ҳолбуки,  Қуръон оятлари, жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шарафли ҳадисларини тасаввуф шеъриятига сингдириб юборишга эришган шоирни даҳрий дейишнинг ўзи, замондошимиз Жалолиддин Юсуфий ёзганларидек, даҳрийликдир. Жамиятдаги дин арконлари эмас, балки жаҳолат, риёкорлик, ёлғон каби иллатлар Машрабнинг танқид ўқлари нишони эди. Бир мисол: Қишлоқ аҳли сув ичадиган катта ариқнинг юқори қисмида нохос йиқилиб ўлган эшакнинг ўлигини топишади. Шу сувни ичаётган қишлоқ аҳли сув қандай ҳолда ҳалолу қандай ҳолда ҳаром экани хусусида муллалардан сўрашганда улар “Сув етти марта думаласа ҳалол бўлади”, деб фатво беришади. Бу фатводан аччиқланган Машраб томга чиқиб, ўша муллалар устида таҳорат ушатиб юборган эканлар. Улар ғазабланишганда, кулиб: “Манинг сийдугим томдин устингизга тушгунча етти тугул ўн марта думалаб тушди. Ул нечук ҳаром бўлсун?” деган эканлар. Муллаларнинг фатвосидан уларнинг хурофотчи, жоҳил, риёкор ва ёлғончиликлари кўриниб турибди. Машрабнинг жавоблари аччиқ бўлса-да, ҳақиқатдир. Тўғри, оқар сувнинг ҳалоллиги тўғрисида шарафли ҳадислар мавжуд. Лекин эшакнинг ўлигидан  тушадиган зарарли микробларнинг сув етти марта думалаганда йўқ бўлиши ақлга сиғмас нарса. Муллалар ҳадисни тўғрима тўғри англашган, таҳлил қилишмаган, шарҳга эътибор беришмаган. Оқибатда жоҳилона фатво беришган. Машрабнинг таҳорат бобида тананинг юзини ювиш кифоя эмас, қалб таҳорати, яъни қалб поклиги муҳимроқ, деган гаплари ҳам барча мулларга ёқавермагани маълум.

Камина Ҳазрат Сўфий Оллоҳёрнинг “Саботул ожизийн” асарларини ўқий туриб, ҳам ҳайратомоз, ҳам киши кўнглини эзувчи бир воқеа баёни билан танишган эдим. Эҳтимолдан узоқ эмаски, Абдулла Қодирий ҳам Бобораҳим Машраб ҳаётларига доир тарих воқеаларини, хусусан Сўфий Оллоҳёр  асарларини яхши билганлар ва тариқат ниқобида иш юритаётган фосиқларнинг ҳамон мавжудлигидан, ҳамон жамиятда эътиборли мартабада эканидан кўнгиллари оғриган.

Мана ўша ҳолат:

Ғараз, э бандалар, нозир ўлунглар,

Ямон йўл фирқаға ҳозир бўлунглар.

Шарҳ: мақсад шуки, э бандалар, ёмон йўлдан юргувчи гуруҳлар ҳолидан баён қилайин. Сизлар эса ҳозиру нозир бўлингизлар.

Бани Одамда бордур бир фирқа

Тутарлар ўзларин аҳли тариқа.

Шарҳ: одам болалари орасида бир турли гуруҳ бордир. Улар ўзларини аҳли тариқат санаб, «бизлар аҳли жазабамиз», - дерлар. Ўзлари жазабанинг маъноси ва унинг неча хил бўлишини билмайдилар. Фақат тариқат аҳлиданмиз ва зикри жаҳрийаданмиз, дея бақириб, девона бўлиб юришади.

Алар шаръи набийнинг душманидур,

Аларнинг оти, яъни «равшаний»дур.

Шарҳ: сифатланмиш гуруҳлар Пайғамбаримиз (с.а.в.) шариатининг душманидир. Буларнинг ҳоллари кофир бутидан ортиқроқдир. Аммо мазҳабларининг оти мазҳаби Йаъраб ибни Сафвон Равшанийдур (Равшаний - Балхдаги бир қишлоқнинг номи).

Алар ўзлариға «ориф» қўйиб от,

Ўқурлар омийларға яхши абёт.

Шарҳ: бу ботил мазҳаб аҳли бир-бирларини «ориф» атаб, у шундай авлиё, шундайин ҳолли, дерлар. Бир уйга йиғилишиб, охират ҳолни кўрсатувчи абётлар ва ҳикматларни омийларга айтиб ва турли дафъу ноғораю бошқа чолғуларда оҳанглар чалурлар. Хотинлар ва бесоқоллар нафис товушлар билан ўзарлар. Бир замондан сўнг баъзиларининг димоғига шайтон уфиргач, ақлларидан озиб, ҳушдан кетишади. Лекин айтишларича, ақлдан озиб ҳушдан кетишлари бир тур доридандир. Сафро ўтини гулханга қўйиб, ундан тутун чиқиб, димоқларига киргач, ҳушсиз бўлишади. Аммо шайхлари ҳушларини йўқотмай доим оғизларига асал солиб туришади. Бу асал бояги гиёҳ тутинининг ҳароратини қайтариб туради. Ул малъуннинг ғарази - кўркам хотин ёки бесоқол ҳушсиз бўлгач, уни жимоъ қилишдир.

Валекин айтушур беҳуда маъний,

Ўзининг йўлиға солмоққа йаъний.

Шарҳ: аммо бу фирқанинг шайхлари ўтган авлиёлар ва уларнинг ҳоллари ҳақидаги беҳуда гаплар билан омийларни рағбатлантириб, ўзларининг ботил йўлларига солмоқ ва киритмоқ ҳавасида бўладилар.

Аларда бўлмагай ҳеч яхши ният

Аёлу аҳлида бўлмас ҳамиййат.

Шарҳ: ўша мажлисда бўлганларнинг яхши ниятлари йўқ. Бир-бирларига ошиқ бўлиб юришади. Хотинлари ва оилаларига куюнчак бўлишмай, балки қайси бирининг хотини қўлга тушса, ўшани жимоъ қилишади. Шундан сўнг «мен Аллоҳ ишқида маст бўлиб, нима нарса бўлганини билмадим», - дейишади. Ва яна айтурларки, Аллоҳ таоло ҳазрати кўзларига гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмас эмиш. Олимларни душман кўриб, намозни ёқтирмайдилар. Яна дейишадики, уларнинг мажлисида ҳар ким бир кеча ўтирса, қирқ йиллик ибодат савобини топармиш (Шу ўринда таъкид жоизки, мазкур шарҳ муаллифи Тожуддин Ёлчиқул бу мазҳаб ҳолини кўриб, ўрганиш учун уларнинг бир неча мажлисларида ўтирганлигидан афсус-надоматлар чекиб, тавбалар қилганлар).

Жамиъ жонворлар тушса кўзга,

Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.

Шарҳ: дунёдаги барча ҳайвонда ғайрат ва куюнчаклик бордир. Ёлғиз тўнғизда бу нарсалар йўқ.

Аларнинг феълидур тўнғизга ўхшаш,

Шариат мункаридур оғзиға тош.

Шарҳ: бу малъунларнинг феъли тўнғизларга ўхшашдур, чунки тўнғиз каби буларда ҳам рашк йўқ (хотинларини қизғанмайдилар). Шариатни инкор қилиш буларнинг одатидур. Олимлар ўгит қилиб, хатоларини айтсалар, уни сўкиб «кофир» дерлар. Рўзани икки-уч кун кейин бошлаб, жамоатдан икки кун бурун байрам қилишади. Шайхлари гуруҳдагиларнинг нимаики нарсасини хуш кўриб қолса, тиланчилик билан олишади. Яна нодон муридлар айтишадики: «Молимизнинг ярми шайхимизникидир. Сўрамайин олса ҳам, бизлар ризо бўлмасак ҳам ҳалолдир».

Аларнинг феълини ким яхши билди,

Бўлуб кофир, ёнар ўтга йиқилди.

Кимки, уларнинг қилмишларини билатуриб йиғинларига ўзи борса ва хотину аҳлини юборса, ёнар ўтига тушганидир. Яъни ул кимса кофирлардан бўлиб, жаҳаннамда мангу қолади.

Бўлибдур яна ҳам бир фирқа пайдо,

Оти мўмин, вале нафсига шайдо.

Яна Равшаний мазҳаби каби бир гуруҳ пайдо бўлибди. Исмлари «мўъмин»дир, аммо ўзларини ўзлари алдагувчилардир. Ўзлари «мўъмин» деб атасалар-да, аммо ичларида кофирдирлар.

Йиғарлар порайи бўйни йувонни,

Солурлар ўртаға қизу жувонни.

Бир гуруҳ бўйни йўғон гиёҳни йиғиб, мажлисларида ўтга қўйиб ёқадилар. Мажлисларига қизлар ва бесоқол болалар ҳам келтирилади. Тутаётган гиёҳнинг тутуни бурунга кириб, кишини ҳушсиз қилади. Шайх бўлмиш кимса доим сирка ва нордон нарсаларни ичиб тургани учун унга тутун таъсир қилмайди. Шундан сўнг истаган қиз ёки бесоқолни жимоъ қилади.

Агарчи Равшаний эрмас, бу - Авбош,

Вале бу иш шариат ҳукмдин тош.

Буни «мазҳаби Аббос ибни Убайда Харуфий Авбоший» дерлар. Равшаний мазҳабидан бошқадир ва ёмонроқдир. Лекин ҳар иккисининг мазҳаби шариат ҳукмидан ташқаридир. Ҳар иккиси кофирдир («Авбош» - Шероз яқинидаги шаҳар исмидир).

Абулҳасан Хирқоний ҳазратлари «Одоби сўфий» номли китобларида ёзишларича, мазкур бу икки гуруҳ замона охирида чиқиб жуда кўп бўлишар. Яна мазкур китобда ёзилмишки, бу икки гуруҳ йўлдан озганлардир ва йўлдан оздирувчилардир. Шариат аҳли олдида уятлидир. Ишонсинлар, деб неча ақлсизлар ул мазҳабнинг тобелари Хожа Аҳмад Яссавийдан нақл қилурлар, яъни «бизнинг силсиламиз Хожа Аҳмад Ясаввий», дерлар ва шу билан халойиқни алдамоқ истарлар. Ажаб! Хожа Аҳмад Яссавий Аллоҳ таолонинг дўсти (валий) бўлса-ю бунчайин бидъат ва ёвуз ишларни қиладими?! Асло! Улуғ авлиёдан бундайин куфр ишлар келмас! Нозими китоб айтадики, Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шариатнинг қуёши, яъни комилу мукаммал эрдилар. Ул зотнинг номини булғаб келаётган бу гуруҳ Аллоҳнинг раҳматидан йироқ ва уларнинг ишлари аҳли суннат ва жамоат ишидан айрилгандир. Шунинг учун улар кофирдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладиларки: «қиёмат кун бўлса, «оманно биҳи ва садақно» - жон билан тан бир-бирига қўшилиб қабрдан турсалар, ҳар ким ўзининг яхши кўрган гуруҳи билан бўлади».

Абдулла Қодирий халқ ардоқловчи “эшон” мартабасида туриб, жамиятнинг ардоқлаши эвазига уларга хоинлик қилувчи эшонлар билан муроса қила олмас эди. Халқни ҳидоятга бошлаш ўрнига ўзи залолатга кетган, номи “дин пешвоси” асли фисқ аҳли  пешвоси бўлган шахслар билан муроса қилиш мумкинми?

Йигирманчи асарнинг дастлабки чорагида нима учун зиёлилар уламолар, хусусан, эшонлар билан муроса қила олмадилар?

Ўнинчи йиллардан ўтиб, Русиядаги ғалаёнлар шабадаси Туркистонга ҳам етиб кела бошлагач, истиқлолга умид кучая борди. Айни шу дамларда халққа илм бериб, уларни озодлик йўлига олиб чиқишга масъул бўлган уламолар ўзларининг жоҳилликларини намойиш қилиш билан банд бўлдилар. Яъни зиммаларидаги улуғ вазифаларни бажаришга ҳаракат қилмадилар. Аксинча, бу йўлдаги зиёлиларга зид туриб олдилар. Айримларини сазойи қилдилар, баъзиларига  ҳатто ўлим ҳукмини ҳам ўқидилар. Бу зиддият озодлик йўлидаги курашга ғоят салбий таъсир этди.

Тарихга мурожаат қилсак, жамиятдаги ўз вазифасини тўғри англаган ва солиҳ амаллар билан банд бўлган уламоларни подшолар ўзларига яқин олганлар, уларнинг маслаҳатларига амал қилганлар. Ҳазрати Соҳибқирони акбар Амир Темур салтанатни бошқаришда пирлари Зайниддин Абубакр Тойбодийнинг кенгаш; машварату маслаҳат; қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик; эҳтиёткорлик борасидаги маслаҳатларига амал қилганларини ёзадилар. Туғлуқ Темурхоннинг даъвати олингач, “Туғлуқ –Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Тойибодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: “Тўртинчи халифа (Ҳазрати Али)дан, унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон – камон, ер - камон ипи, ҳодисалар (ва офату кулфатлар) эса ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғувчи - Худойи таоло бўлса, Унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қаерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб, “одамлар Тангрининг қошига қочсинлар”, дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил”. Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим”.  Амир Темур ҳазратлари умрлари давомида оқил уламоларнинг маслаҳатларига эътиборсиз қарамадилар. Қаерга борсалар, биринчи галда уламоларни суҳбатга чорладилар, уларга нафақалар бердилар. Шунинг баробаринда дин аҳлининг халқ гарданига ўтириб олишини маъқулламай, меҳнат билан тирикчилик қилишларини талаб этдилар. Темурзодаларнинг аксари боболари йўлидан бордилар. Бобур Мирзо Самарқандга қўшин тортиб келганларида Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор валийнинг сўзларига кириб, жангга кирмадилар, қон тўкмай, изларига қайтдилар. Тарих китобларида бу каби ибратлар кўп баён қилинган. Лекин асрлар ўтгани сайин бу яхши анъана юзига парда тортилди. Шунинг бир мисолини “Меҳробдан чаёнда” ўқиймиз:

 Қўқон хони Мадалихон отаси амир Умархоннинг канизагига етишолмай, “шу қизнинг дардида неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар хоннинг орзусиға кўндаланг келадирлар:

“Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришкач, оларман деб ният қилғанлар. Бинобарин бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир!” дейдирлар”.

Мадалихон бу ҳақиқат талаб уламоларни четлатиб, атрофига янгиларини тўплайди. “Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валий неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдилар-да:

“Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир (ҳурматга лойиқ дин алломаларининг назарича, асосий эътибор шариат қонунларига қаратилиши керак). Отангиз марҳум – никоҳланаман, деб айткан бўлсалар ҳам “никоҳландим” деб айтмаганлар. Бас, амиралмўъминин мазкурани худ нафсларига  ақди шаръий қилсалар (никоҳларига олсалар) жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб”, деб фатвономани “бинни муфти марҳум”, “бинни мударрис марҳум”, “бинни Ҳўқандий марҳум” – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир.

Кимларнингдир воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири – амир Баҳодир (Ботур) хонға етиб ул ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлған эди”.

Амир Насруллохоннинг бу ишқ дардига ҳам уламои киром малҳам топиб беради. “Уламойи киром ҳам дарон ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-эшитмас фатво ёзадирлар”. Асли дарди канизак бўлган амирга бу фатво “дин йўлида холис бир жиҳоди акбар” (дин йўлидаги улуғ уруш) номи билан ниқоб бўлиб хизмат қилади. Оқибат шуки, икки подшоҳга ёзилган икки фатво туфайли минглаб одамлар жон беради, Қўқон ариқларида одам қонлари  оқади. Бу тарихдан кўз юмиб бўлмайди.

Бу тарихни унутиш мумкинми? Ўша малъунлар ўша даврларда йўқ бўлиб кетишганми эди? Уларнинг зурриётлари, шогирдлари йўқми эди? Бор эди! Бор бўлганда-ки, аждодларидан, устозларидан ўтиб кетган эдилар. Шу боис ҳам адиб асарларида “уламолар,  уларнинг ички-ташқи аҳволи, ахлоқи, мадраса ва оила ҳаёти, уламода инсоний ҳис битканлиги ва қолғани ҳам хабосат (нопоклик) пардаси остида сезилмас даражага етканлиги мундарижа сиғдирган қадар баён қилинадир”. Туркистондаги аҳвол фақат маҳаллий зиёлиларнинг эмас, хорижликларнинг ҳам эътиборига тушган, танқид қаламига илинган. Хусусан, машҳур Турк шоири Меҳмет Акифнинг “Саёҳатнома”сида дин пешволарининг ачинарли аҳволи кўрсатиб ўтилган сатрлар мавжуд.

Муҳтарам адибимиз Абдулла Қодирий бу мавзуга қалам уриш чоғида масаланинг ғоят нозик ва қалтис эканини яхши билганлари учун ҳам, “эшон”лар ва уларнинг жоҳил муридларини “ҳақиқат отиға (ҳақиқат учун), деб ёзған таржумаи ҳолимиздан ранжимаслар ва ҳақиқат отиға гарчи бадҳазм бўлса ҳам, ҳазм қилғайлар”, деб огоҳлантирадилар. Ўзимизча фикр юритишдан тийилиб, эшонлик мартабасида давр сураётган кимсалардан бирининг сифатига диққат қилайлик: “Иззат сиришт (азалдан иззат эгаси) ва саодат сарнавишт (азалдан пешонасига саодат битилган), некукирдор (яхши феъл-атворли) орифулло (Аллоҳни таниган, ўзгалардан баланд илму амали туфайли юқори мартабага етган муслим)  Саид Маҳдихон бинни Саид Боқихон бинни Абулқосимхон эшон бинни қутбул-ақтобхон (даҳолар даҳоси) Тўрахон эшон алавий (Ҳазрат Алининг авлоди) нақшбандийдирлар”.

Авом халқ ана шундай асъасаю дабдаба тахтига ўлтирган эшонини бошига кўтариб юрар экан, бир адиб нечун маъюсланди экан?

“Шундоқки, Абулқосим эшон ўз замонининг қутби эди. Унинг валоятига (ҳокимлигига) Тошкандгина эмас, бутун Туркистон, ҳатто Некалай 1 ҳам ғойибона қойил эди. Абулқосим эшонни Русия истибдодига танитқан кишиларанинг биринчиси унинг Тошканд муридларидан бўлған машҳур Саидазимбой билан Шарафийбой (татар)дир. Ул вақтларда Туркистон хонлар қўлида бўлуб, ҳали Русия истибдодига ўтмаган, шунинг учун улуғ оқ подшоҳ қутби замонамиз бўлған Абулқосим эшоннинг валоятларидан умидвор эди. Бу жаноб ҳам ўзларининг югурдаклари бўлган Саид Азим ва Шарафийлар орқалиқ оқ подшоҳга ғойибона ҳусни таважжуҳларини (яхши муносабатларини) юбориб турар эрдилар.

Вақтики Абулқосимхон тўрамизнинг дуолари ижобат ҳадафи (нишони)га тегиб Чернаеф Тошкандни фатҳ қилди: дўстлар шод, душманлар ғамгин бўлуб тўрамизнинг ўзлари улуғ жондорол гўбарнатўр (генерал губернатор) Чернаефнинг олдида гулдек очилғон эди. Кўнгил тинчиб, орадан бирор йил чамаси ўткач, жондорол гўбарнатўр фатҳу нусрат (ғалаба қозониш)да улуғ фидокорлик кўрсатган авлиёларни ўз ҳузурига зиёфатка чақирған. Устол атрофи Шарафий, Абулқосимхон эшон, Ҳожи Алим, Ҳакимхўжа (Тошканд қозиси) каби оқ саллалик гўллар билан тўлған, дастурхонда тўнғуз гўштидан бошқа ҳар нарса муҳайё қилинған эди. Вақтики зиёфат хитомиға етуб, баъдаз фотиҳа адютант томонидан қаҳрамонларға инъом улашиладир. Жумладан, Абулқосимхон эшоннинг олдиға бир кумиш самовор, Ҳакимхўжанинг олдиға кумиш патнус қўйиладир. Бу вақт Ҳакимхўжа қози патнусни самоворнинг ўрнига қўюб, самоворни ўз олдиға тортадир... Бу ҳолдан воқиф бўлған адютант самоворни эшоннинг олдиға  олуб, Ҳакимхўжаға айтадир:

-Сизни таниғанимизға ёлғуз биргина йилдир. Аммо эшон бизнинг ҳукуматга ўн беш йилдан бери хизмат қилуб келадур!

Ҳакимхўжа қозининг дами кесиладир. Шу вақтда мажлиска онглашиладирким, эшон унча-мунча одам эмас...”

Албатта, авом эшоннинг бу мартабасидан воқиф эмас, балки  каромат соҳиби деб билиб, унга эргашадилар, бузруквор эшонларига лозим бўлса, ҳудди равшанийларнинг нодон муридлари каби жонларини ҳам ҳадя қилиб юборадирлар. 1891 мелодияда миллионлаб муридларини зор йиғлатиб, барча йиғиб-терганларидан умид узолмагани ҳолда дунёдан кўчганда “эшоннинг тирикликларида тўёлмай қолған халқ тобутни эртадан кечкача қўлма-қўл кўтаришиб юрадирлар. Энг охирда тобутни бурда-бурда қилуб, ўзаро тақсим қилишгач, тинчийдирлар”. Ана жаҳолат! Қабр тошидаги битик-чи? “Ин марқади (бу нурли гўр) мунаввар муршиди комили мукаммал шайхул ислом валмуслимин ҳофизи калом раббул оламийн муҳиббул уламо ва малжаул-ғурабо (камбағалпарвар) ҳазрати эшон Абулқосимхон бинни қутбул-ақтоб ҳазрат эшонхон Тўрахон алавий нақшбандий”... Бундай юқори сифатлаш тарих осмонида чарақлаб турган авлиёлар, саҳобалар қабрларида ҳам кўринмайди. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабрларида ҳам бу каби мақтов битиклар йўқдир. Бу воқеада авомни ҳидоятга бошлаши керак бўлган дин кўринадими? 1884 йилда фон Кауфман ўлганида бу эшон барчани ҳайратга қўйиб Кауфман руҳига “Таборак” сурасини ўқиб, бахшида этишида-чи? Дин ниқоби остида ўз халқига хиёнат қилган одамни бу қадар иззатда бўлиши, миллатнинг зулматда қолишига сабаб бўлган эмасми? Миллатни ёруғликка олиб чиқиш ғайратида бўлган зиёли бу ҳолатга кўз юмуши мумкинмиди?  

Энди халқ кўзига фариштадек кўринувчи эшоннинг хурмача қилиқларига келинса, “ул зот аксар авқот (вақт)ларини ёш, маъсум ўғлонларнинг суҳбатида кечирар эдилар. Ҳаққи таоло дийдорининг аксини шу ўғлонлар юзида мушоҳада қилар ва бир ўғлоннинг қўлидан ичилган бир пиёла чойни кавсар суви (жаннат булоғи)дан беҳроқ (яхшироқ) ҳисоблар эдилар. Ўзларидан сўнг ўн парлаб нозанин ёш хотун ва чўрилар сочларини ёйиб қолдилар”...

Мақсад барча эшонларни  аралашига кулги қилиш эмас. Энг муҳими шуки, адиб “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” қабилида иш кўрмаганлар, яъни, барча эшонларни қаторасига ёмонлаш ниятлари ҳам бўлмаган. Умумий тарзда сўз юритмай, аниқ шахслар мисолида фикрларини баён қилганлар. Ёзувчининг асосий мақсадлари шарафли “эшон” номига нолойиқ кимсаларнинг кирдикорларини очиш бўлган. Абулқосим эшон “мадҳи”дан сўнг яна бир нечалари тилга олинадиким, шулардан: “Аҳмад махдум” деганларининг қилмишлари ғоят таассуфлидир. “Аҳмад махдумни шаксиз каромат соҳиби эди, деб ривоят қилғувчилар бор. Лекин ул киши тўғрисидаги ривоятларга аниқ ишонилса ҳам бўлатурған кўринадур. Зероки, Аҳмад махдум ўзларининг каромат ва мўъжизалариға мункир (инкор этиш) келгувчи бағзи бир шаккокларга далил ўрнида “Яъти мин баъди исмуҳу Аҳмад” оятини ўқуб, мудофаа қилур ва ўкраб йиғлар эканлар. Мазкур оятдаги “Аҳмад”нинг сариҳ (аниқ) шу Аҳмад махдум бўлғанлиғиға уламо байни (ораси)да бир иттифоқ борлиғи Тошканд халқининг маълуми бўлса керак...”

Жиян”. (“Муштум” журнали, 1924 йилнинг 25 ва 27 сонлари)

Ана холос! Бу ҳол олдида Муқаннанинг пайғамбарликни даъво қилиши ҳеч гап бўлмай қолади-ку? Аҳмад махдум фосиқ, мунофиқ, аниқроғи – муртад экан. Халқ унга ишонувчи оми экан. Уламо аҳли-чи? Абдулла Қодирийнинг юракдан эзилиш сабабини билмоқ учун “Сафф” сурасидаги оятга қараймиз: “Ийсо бинни Марям: “Эй Бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга юборган пайғамбариман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда юборилдим”, деган эди”.  

Қуръони каримда Аҳмад исмли эшон эмас, “Аҳмад исмли бир пайғамбар” юборилиши ҳақида гап кетаётганини фаҳм этмасликни  жоҳилликнинг қайси даражаси билан белгилаш мумкин? Бундан уламо кўз юмса, зиёли кўз юмса, диннинг аҳволи нима бўлади? Жамиятнинг, миллатнинг тақдири нима бўлади?! Шарафли ҳадисдаги “Олимнинг бузилиши – оламнинг бузилиши” шунинг ўзи эмасми?

Бугун дин ниқобидаги турли зарарли оқимлар ҳақида кўп гапирилади. Бугун исломнинг бир минг тўрт юз  ўттиз тўртинчи йилида турган бўлсак, олтин асрни ҳисобга олмасак, ўн уч асрдан бери динда неча юзлаб оқимлар пайдо бўлди, неча юз минглаб ёки миллионлаб мусулмонларнинг дилини хира қилди. Бу жараённинг давом этишига сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий илмдан бебаҳралиги, яъни жоҳиллиги. Ислом илмидан хабардор бўлгани ҳолда, ҳидоят йўлида хизмат қилмай, нафси йўлини афзал билганларга айнан жоҳилларнинг кўплиги яхши. Жоҳил одам ким қаёққа бошласа, равшанийларнинг муридлари сингари орқасидан эргашиб кетаверади. Илмли одам айтилган масалани аввал ўйлаб кўради, таҳлил қилиб, сўнг хулоса чиқаради. Жоҳиллар дин учун ҳам ёқимсиз бўлган бидъат ва хурофотни авж олишига шароит яратиб берадилар. Тарихдан маълумки, кимлардир ўзлариниг манфаатлари учун ҳатто ҳадис тўқишгача борганлар. Натижада Бухорий, Термизий каби ўнлаб олимлар неча йиллар давомида ҳадисларни саралаш билан шуғулландилар. Халқ орасида тарқалган турли кераксиз урф-одатлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Абдулла Қодирий дастлабки саҳна асарларида “Бахтсиз куяв” шундай одатларни қаламга оладилар.

Исломда кўп яхши одатлар бор. Одамлар орасидаги меҳр-оқибатнинг чиройлик кўриниши бўлган саҳоват, эҳсон шуларнинг бири. Лекин айрим ҳолларда банда саҳоват саройини қураман, деб аслида пасткашлик кулбасини тиклаб қўйган, савоб ўрнига гуноҳ ортмоқлаб олган бўлиб чиқади. Рамазон ойида мусулмонларнинг закот бериши жуда яхши одат. Лекин катта бойлар катта миқдорда пул беришдан оғринадилар. Белгиланган закотни тўлалигича бермасликлари у ёқда қолиб, хийла ишлатишгача борадилар. Ўтган асрда Тошканд бойларидан бири чиройли извошни безаб, кўркам отларни қўшиб, хизматкорини чақираркан-да, “шу сенга закот” деркан. Хизматкор кўнмаса ҳам, зўрлаб, “закотни қабул қилдим”, деган иқрорни эшитиб, хизматкорнинг дуосини ҳам олар экан. Хизматкор отларни етаклаб, уч-тўрт қадам ташлагач, “Менга қара, сен бунақа извошни нима қиласан, яхшиси менга сотақол”, деб уч-тўрт тангага ўзи сотиб оларкан. “Хийлаи шаръий” деб шунга айтадилар. Шубҳасизки, Абдулла Қодирий бу каби хийлаларнинг кўпига гувоҳ бўлганлар ва мазкур мавзуни четлаб ўта олмаганлар. Қурбон байрамига доир “Бойларникида имлама, хасисларникида димлама”, деган ҳикмат билан бошланувчи ҳангамаларида яхши одатнинг моҳиятини тушунмайдиганларни ҳажв қиладилар. Дейдиларки:

“Бу кун қуввати келган ҳар бир “мусулмони комил” ўзлариға ўхшаған бир ҳайвонни қурбон қиладир. Қурбонлиқ қилған мусулмонларға охиратда бўладирған имтиёзлардан қуруқ қолмайлиқ, деб машҳур сиёсий тулки лорд Керзўн ҳам бу ҳайит Лондон халқи учун бир қўй қурбонлиқ қилмоқчи бўлди. Чунки у дунёда сирот кўпруги деган ваҳмалик бир нарса бор эканига Керзўн ҳам ишонибдир. Ҳар кимнинг бу “қиличдан тез, қилдан  нозик кўпрук”дан ўтиши мажбурийдир. Керзўндан каттароғи ҳам мусулмонларнинг ақлиға ҳайрон қолмасдан мумкинми? Сирот кўпругидан ўтиш учун бир мингта ҳаво флотининг икки чақача аҳамияти йўқдир. Қурбонлиқ қилған қўйни минасиз-да, пилдираб ўтуб кетаберасиз-да, тўп-тўғри сиз учун ҳозирланған жаннатга кириб, бир қулоғи бу дунёға юз минг баробар келадурган ҳур, бурнининг катаги мана шу Туркистон ўлкасига бир юз миллион баробар келадирган ғилмонни бир тийин налўг тўламасдан тасарруф қилаберасиз (“Мифтоҳул-жинон” таъбири). Мана бу имтиёзлардан кимнинг шўппайиб қолғуси келадир.

Ҳамма ҳам роҳат ва саодатни яхши кўрадир. Баҳо ҳам унча қиммат эмас: бир қўй ё икки кишига бир ҳўкуз, вассалом... Тағин бу томони ҳам бор, қон чиқарилса кифоя.

Бойларимиздан Салимсоқ семиз бултур қилған қурбонлиғи билан қизини чорлади. (Ажаб-ажабким, Рамазон ойи ифторликларида қуда чақириқ каби тадбирларни ўтказиш ҳозирги кунларда ҳам бизда авж олгандир. Агар бирон-бир саҳоватпешанинг таваллуд кунлари рўза кунларига тўғри келса, хавотирли жойи йўқдир. Аввал ифторлик берилади, жамоа тарқагач, улфатларнинг қорин ўйин базми бошланади. Кўринадиким, Жулқунбой тасвири бу кунда ҳам жилваланиб турадир. Т.М.) Қўчқорхўжа акам жўраларига гап берди. Болтичўлоқ маҳалла сўфиси билан имомини ва ҳам уч-тўрт маҳалла муштумзўрларини имлаб қурбонлиғини едириб юборди. Булар-ку майли, Ёдгор семиз шундай бой бўлса ҳам зиқна-да, қурбонлиқ гўшт-ёғини димлаб қўйди.

Бу тўғрида ҳеч кимга айб қўйиш керак эмас. Қурбонлиқ гўштлардан очларға насиба чиқариш учун пайғамбарнинг декрети босилған қонунлар мажмуаси ҳам умматлар қўлиға теккани йўқ, уламолар қўлиға теккан бўлса ҳам, улар бундай буйруқларни бекорга чиқарғанлариға кўб замонлар бўлди.

Қон чиқди – кифоя.

Ҳай-ҳай, қандай яхши... бу дунёда қадри йўқ мусулмон оға-иниларнинг у дунёда бундай роҳат билан кун кечиришларига ҳасад қилғувчи кофирларнинг кўзи чиқсун.

Мусулмонлар учун жаннатнинг баҳоси қўй, икки кишига бир ҳўкуз, туя бўлса ҳам майли. Қони чиқарилса кифоя. Ҳай, ҳай, ҳамма пайғамбарнинг уммати ичида бахтиёр Муҳаммад уммати. Ҳай-ҳай, бу давлат бизга етмасми, Муҳаммад умматидирмиз”.

(Ж-Қ) (“Туркистон” газети, 1923 йилниг 24 июль куни)

Тоҳир Малик (с)