loader
Foto

Ривояти қабул қилинадиган шахсларнинг сифатлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бизга ровийлар йўли билан етиб келгани сабабли, мазкур ровийлар ҳадиснинг саҳиҳлигини ёки саҳиҳ эмаслигини билиш йўлидаги энг асосий таянч бўлиб ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳадис уламолари ровийларга алоҳида эътибор берганлар ва уларнинг ривоятларини қабул қилишга жуда нозик шартларни қўйганлар. Мазкур шартлар яхшилаб ўрганиладиган бўлса, ҳадис уламолари узоқни кўра билганларига, уларнинг фикрлари тўғри эканига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Ҳадис уламолари ровийга қўйган шартларнинг барчасини ва шунингдек, ҳадис ва хабарларни қабул қилиш бўйича қўйилган бошқа бир қанча шартларнинг ҳаммасини қўшиб олганда, Ислом уммати инсоният тарихида ҳеч бир миллат қилмаган амални қилганига, яъни маълумотларнинг илмий аниқлигига ўта масъулият билан ёндашганига шоҳид бўламиз.

Ровийни қабул қилиш шартлари

Ҳадис ва фиқҳ имомларининг барчалари ровийнинг қабул бўлиши учун иккита асосий шартни қўйганлар:

1.    Адолат:

Уламолар «адолат» деганда, ровийнинг мусулмон, балоғатга етган, ақлли эканини ҳамда фисқдан ва мурувватни кетказувчи омиллардан саломат бўлишини ирода қиладилар.

2.    Зобт:

«Зобт» деганда, мазкур уламолар ровийнинг сиқоларга (ишончли кишиларга) хилоф қилмаслигини, ёдлаш қобилияти яхши бўлишини, хатоси катта бўлмаслигини, ғафлатда қоладиган шахс бўлмаслигини ва ваҳм (асоси йўқ) нарсаларни кўп гапирмайдиган одам бўлишини шарт қиладилар.

Адолат нима билан собит бўлади?

Адолат икки ишнинг бири билан собит бўлади:

1.    Адолатни белгиловчи олимларнинг ёки улардан бирининг қарори билан ровийнинг адолати собит бўлади.

2.    Бир инсоннинг одил экани кенг тарқалган бўлади. Одамлар унинг исмини эшитиши билан, «одил» дейдилар. У кишининг шуҳрати тарқалган бўлади. Мана шуларнинг ўзи унинг адолати учун кифоя қилади. Адолатни белгиловчи шахслардан бирортасининг: «Бу -адолатли шахс», деб айтишига эҳтиёж йўкдир. Адолати шуҳрат топган бундай зотларга тўрт мазҳабнинг имомлари, Суфён ибн Уяйна, Суфён Саврий, Абдурраҳмон Авзоъий ва бошқа машҳур имомлар кирадилар.

Ҳофиз Ибн Абдулбаррнинг адолатнинг собит бўлиши ҳақидаги мазҳаби

Ҳофиз Ибн Абдулбарр: «Илм соҳиби бўлган ва илмга инояти қилиши маъруф бўлган ҳар бир шахсни, токи жароҳати аён бўлгунча, одил деб айтаверамиз», деган. У ўзининг ушбу фикрига қуйидаги ҳадисни далил қилиб келтирган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу илмни ҳар бир кейинги келганлардан одиллари кўтарадилар. Улар илмда ғулувга кетганларнинг ўзгартиришини, ботилда юрувчиларнинг даъволарини ва жоҳилларнинг таъвилини қайтариб борадилар», дедилар». Ибн Адий ривоят қилган.

Ҳофиз Ибн Абдулбаррнинг бу фикри кўпчилик уламолар томонидан қабул қилинмаган ва бунга рози бўлмаганлар. Чунки у далил қилган ҳадиснинг ўзи саҳиҳ эмас. (Масалан, таниқли муҳаддислардан бири Ироқий шундай дейди: «Бу ҳадиснинг бир қанча йўллари бор, уларнинг бари заиф, ҳеч бири собит эмас».) Агар саҳиҳ деб фараз қиладиган бўлсак, ҳадиснинг маъноси хабар эмас, балки амр маъносида келади. Яъни «Бу илмни ҳар бир кейинги келганлардан адолатлилари кўтарсин» деган маъно чиқади. Чунки ҳар бир қавмнинг ичида илм аҳли бор, лекин уларнинг орасида одил бўлмаганлари ҳам бор. Айниқса ҳозирги кунда бундай кишилар кўпайиб кетган.

Ровийнинг зобти қандай билинади?

Ровийнинг зобтини билиш йўлларидан биттаси - у қилган ривоятнинг сиқо ва мустаҳкам ровийлар нақл қилган ривоятларга мувофиқ келишидир. Агар ровий-нинг ривоятлари мазкур ишончли ровийларга кўп ҳолларда тўғри келса, ана шу ровий «зобти бор» дейилади. Нодир ҳолатларда қилган хилофи эса зарар қилмайди.

Лекин унинг сиқоларга хилоф қилиши кўпайиб кетган бўлса, зобтига путур етади ва унинг ривояти ҳужжат сифатида қабул қилинмайди.

Жарҳ ёки таъдилнииг сабаби баён этилмаса ҳам ривоят қабул қилинадими?

Машҳур ва саҳиҳ қавлга биноан, таъдилнинг сабаби зикр қилинмаса ҳам ривоят қабул қилинади. Чунки таъдилнинг сабаблари кўп ва уни чегаралаш қийиндир. Агар сабабларни зикр қилиш шартини қўйсак, бир одамнинг адолати тўғрисида гапирувчи одам «уни қилмаган, буни қилган» ёки «уни қилган, буни қилмаган» деб адолатга керак бўладиган барча сифатларни санаб ўтиши керак бўлиб қолади.

Жарҳ ҳақидаги фикр фақат уни тафсир қилиб, тушунтириб берилгандагина қабул қилинади. Чунки уни зикр қилиш қийин иш эмас. Аммо ровийларни жарҳ қилишнинг сабаблари ҳар хилдир. Уламолар бу борада ихтилоф қилганлар. Баъзи имомлар бир нарсани «жарҳ етказувчи сабаб» деган бўлсалар, бошқалари уни қабул қилмасликлари, худди шу сабабни «жарҳ ҳисобланмайди» дейишлари мумкин. Шунингдек, баъзи имомлар жарҳ ҳисобланмайдиган сабаблар билан ҳам ровийни жарҳ қилишлари мумкин.

«Мусталаҳул ҳадис» илмининг машҳур уламоларидан, асосчиларидан бўлган Ибн Салоҳ айтади: «Мана шу юқорида айтилган гап зоҳир, тўғридир. Фиқхда ҳам усулда қабул қилинган».

Ҳофиз Хатиб айтади: «Жарҳ тафсирсиз қабул қилинмайди» деган гапни ҳадиснинг барча имомлари, имом Бухорий, имом Муслим ва бошқалар қабул қилганлар».

Шунинг учун имом Бухорий бошқалар жарҳ қилган одамлардан, масалан, Икрима, Амр ибн Марзуқ каби кишилардан ҳадис ривоят қилган. Имом Муслим ҳам Сувайд ибн Саййид ва таъна етгани билан танилган бошқа ровийларнинг ривоятларини қабул қилган. Имом Абу Довуд ҳам шундай қилган.

Айтиб ўтилган гаплардан маълум бўладики, улар «Жарҳ фақат сабаби изоҳлангандан кейингина собит бўлади» деган фикрга амал қилганлар.

Жарҳ ёки таъдил битта одамнинг гапи билан собит бўладими?

Жарҳ ёки таъдил биргина одамнинг гапи билан ҳам собит бўлади.

Баъзилар: «Битта эмас, икки киши бўлиши керак», дейишган. Лекин бу қавлга ҳеч ким суянмаган.

Бир ровийда ҳам жарҳ, ҳам адолат сифати жамланиб қолиши

Бир ровийда ҳам жарҳ, ҳам адолат сифати жамланиб қолса, эътимод қилинган қавлга биноан, агар унга қилинган жарҳ изоҳлаб берилган бўлса, ўша муқаддам қилинади ва у ровий «жароҳатланган» деб сифатланади.

Баъзи қавлларга кўра, уни «жароҳатланган» деб атайдиган кишилар ҳамда «адолатли» деб атайдиган кишилар санаб кўрилади. Агар «адолатли» дейдиганлар кўп бўлса, «адолатли» деб билинади. Аксинча бўлса, «жароҳатланган» деб билинади. Лекин бу заиф ва суянилмайдиган фикрдир.

Адолатли ровийнинг бир кишидан ривоят қилишининг ҳукми

Адолатли ровий бир кишидан рйвоят қиладиган бўлса, бу ҳолат мазкур кишига адолат ҳукмини берувчи омил бўла олмайди. Мана шу тўғри фикрдир. Баъзилар: «Адолатли ровий бир кишидан ривоят қилса, шунинг ўзи ўша кишининг ҳам адолатли эканини билдиради», дейишган. Лекин бу гап қабул қилинмаган.

Бир олим маълум ҳадисга амал қилди ёки ўша ҳадисга мувофиқ фатво берди. Унинг бу амали ёки фатвоси мазкур ҳадиснинг саҳихдигига ҳукм бўла олмайди. Шунингдек, бир олимнинг ўша ҳадисга хилоф қилиши ҳам унинг саҳиҳлигига ва ровийларига зарар қилмайди.

«Олимнинг амали ёки айтган фатвоси мазкур ҳадисга нисбатан чиқарилган ҳукм сифатида қабул қилинади», деган уламолар ҳам бор. Баъзилар: «Олимнинг ўша иши ҳадиснинг саҳиҳлигига ҳукмдир», дейишган. Мана шу фикрни Омидий ва бошқа усулул фиқҳ уламолари тасдиқлаганлар. Лекин бу масала жуда узоқ баҳсни талаб этади.

Фосиқликдан ёки ёлғончиликдан тавба қилувчининг ривояти ҳукми

а)    фосиқликдан тавба қилган кишининг ривояти қабул қилинади;

б)    ёлғончилиқдан тавба қилган кишининг ривояти эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қабул қилинмайди. Бу нарса зажр ва бошқаларнинг ибрат олиши учун қилинади.

ҲАДИС УЧУН ҲАҚ ОЛГАН КИШИНИНГ РИВОЯТИНИНГ ҲУКМИ

1.    Баъзи уламолар наздида, ривояти учун ҳақ оладиган одамнинг ривояти қабул қилинмайди. Бу гапларни айтганлар қаторида имом Аҳмад, Исҳоқ, Абу Ҳотим каби уламолар бор.

2.    «Ҳадис айтиб берганига ҳақ оладиган кишининг ривояти қабул қилинаверади», деганлар ҳам бор. Бу тоифадаги уламоларга Абу Нуъайм ва Фазл ибн Дукайн каби уламолар кирадилар.

3.    Абу Исҳоқ Шерозий: «Агар ҳадис айтиб бериши туфайли касб-ҳунардан қолиб, оиласини боқа олмай қолса, ҳақ олиш мумкин, бўлмаса, йўқ», деган.

Енгил бепарволиги билан танилган, талқийнни қабул қиладиган ва кўп унутадиган одамларнинг ривоятининг ҳукми

1. Бировдан дарс эшитиш ёки бировга дарс беришда бепарволиги билан танилган одамнинг ривояти қабул қилинмайди. Мисол учун, бепарво киши дарсни эшитиб ўтириб, ухлаб қолади ёки ўзи гапириб туриб, бўйни пастга тортилиб, чўчиб уйғониб кетадиган одати бор. Мана шундай одамларнинг ҳадиси қабул қилинмайди. Шунингдек, ҳадисни китобга қараб ўқитадиган шайхнинг китоби устозиникига солиштириб чиқилмаган бўлса, унинг ҳам ривояти қабул қилинмайди.

Ҳадисда талқийнни қабул қилиш билан танилган кишининг ривояти ҳам қабул бўлмайди.

«Талқийн» - ровий ҳадис ривоят қилаётганда бошқа бир ровий унинг зобтини текшириш учун тўғри ёки нотўғри луқма берса, ўша луқмани қабул қилиб, тасдиқлаб кетаверишдир.

Шунингдек, ривоятида кўп хатога йўл қўювчи кишининг ривояти ҳам қабул бўлмайди.

ҲАДИСНИ АЙТИБ, КЕЙИН УНУТИБ ҚЎЙГАН КИШИНИНГ РИВОЯТИНИНГ ҲУКМИ

Бир киши: «Ҳадисни фалон шайхдан эшитганман», дейди. Шайх эса: «Мен унга буни айтмаганман ва менинг бундай шогирдим борлигини билмайман», дейди.

Ана шундай ровий ҳақида: «Ҳадисни айтиб, кейин унутиб қўйган киши», дейилади.



Унинг ривояти ҳукми



1.    Рад қилинади.

Агар ўша шайх: «Йўқ, бу менинг шогирдим эмас, мен буни ривоят қилганим йўқ, у менга ёлғон гапирибди», деб очиқ-ойдин айтса, ривояти қабул қилинмайди.

2.    Қабул қилинади.

Аммо шайх иккиланиб қолса, яъни «Сиздан шу киши ривоят қилди», деганда, шайх: «Эсимга келмаяпти», деса, қабул қилса бўлади.

Юқорида зикр қилинган ҳолат юз берса ва ҳадис рад қилинса, шогирд ва шайхнинг иккисидан бирига таъна етган бўладими?

Шогирд ва шайхга таъна етган бўлмайди. Чунки уларнинг бирининг иккинчисидан фарқи йўқдир.

Унинг мисоли:

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар Рабийъа ибн Абу Абдурраҳмондан, у Суҳайл ибн Абу Солиҳдан, у отасидан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қасам ва бир гувоҳ билан ҳукм чиқардилар».

Абдулазиз ибн Муҳаммад Даровардий айтади: «Мана шу ҳадисни менга Рабийъа ибн Абу Абдурраҳмон «Суҳайлдан...» деб ривоят қилган эди. Мен Суҳайлни кўриб қолиб, ўша ҳадис ҳақида сўрадим. Суҳайл эса Рабийъа ибн Абу Абдурраҳмонга ривоят қилганини эслай олмади. Мен: «Рабийъа менга сендан шу нарсани ривоят қилди», дедим. Буни эшитгач, Суҳайл ҳар ривоят қилганда: «Менга Абдулазиз айтди, Абдулазиз Рабийъадан эшитган экан, Рабийъа мендан эшитган экан, мен отамдан, отам Абу Ҳурайрадан ривоят қилган», деб, ҳадиснинг матнини келтирадиган бўлди».

Бу борада ёзилган машҳур китоблардан бири Хатиб Бағдодийнинг «Ахбару ман ҳаддаса ва насия» номли китобидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Мусталуҳул ҳадис" китобидан

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Илмни ишончли кишилардан олиш ҳақида

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР