loader

Расулуллоҳнинг чеккан азиятлари

Муҳаммад пайғамбар динга ошкора даъват эта бошлаганларидан кейин жуда кўп қийинчиликларга, тазйиқларга дуч келдилар. Хусусан, Байтуллоҳга бориб намоз ўқиш азобга айланди. Расулуллоҳга кўп азият етказувчи бир гуруҳ бўлиб, очиқдан-очиқ ҳақоратлаб озор бергани учун улар масхара қилгувчилар, дейиларди. Бу кимсаларнинг бошлиғи Мағзум жамоасидан бўлмиш Абу Жаҳл Амр ибн Ҳишом ибн Муғира эди. Бир куни у ўз Одамларига: "Эй биродарлар, кўриб турибсизлар, Муҳаммад динимизни камситяпти, илоҳларимизни сўкяпти, бизларни ақлсизликда, ота-боболаримизни залолатда қолганликда айблаяпти. Оллоҳга қасам ичиб айтаманки, эртага катта бир тошни олиб, Муҳаммадни пойлаб ўтираман. Намоз пайтида саждага бош қўйганида бошини янчиб ташлайман. Кейин мени Абдумоноф жамоасига топширасизларми ёки ҳимоя қиласизларми ихтиёр ўзларингизда. Абдумоноф жамоаси қўлидан келганини қилсин", деди. Эртасига у катта бир тошни олиб, расулуллоҳни пойлай бошлади. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Пайғамбар алайҳис-салом одатдагидек намоз ўқигани келдилар. Тамошаталаб қурайшлар Абу Жаҳлнинг нима каромат кўрсатишини кузатиб туришарди. Сарвари олам саждага бош қўйганларида Абу Жаҳл орқадан пусиб келди-да, тошни баланд кўтарди ва бирданига ранги оппоқ оқариб, қўллари қалтираганча орқага тисарилди, қўлидаги тош тушиб кетди. Текин томоша илинжида тўпланганлар унинг олдига келиб, нима бўлганини сўраб-суриштиришди. "Муҳаммадга яқинлашиб эндигина ураман деганимда баҳайбат бир буғро (эркак туя) пайдо бўлиб, даф қилди. Худо ҳаққи, умримда бунақа қўрқинчли туяни сира кўрган эмасман", деди Абу Жаҳл. Бу гап расулуллоҳнинг қулоқларига етганда у киши: "Оша туя қиёфасидаги Жаброил эди, агар Абу Жаҳл яна бир қадам ташлаганида оёғи остига олиб тепкилаб ташларди", дедилар. Абу Жаҳл, барибир, расулуллоҳнинг жиғига тегишини, у кишининг намоз ўқишига халал беришини қўймади. Ҳатто бир куни: "Агар яхшиликча намоз ўқишни йиғиштирмасанг, ҳолинг вой бўлади", деди сурбетлик билан. Расулуллоҳнинг жаҳллари чиқиб, уни койиб ташладилар. Оллоҳ "Алақ'* сурасининг 15-19- оятларида Абу Жаҳлга таҳдид солади: "Агар у ниятидан қайтмаса, албатта унинг зулфидан, (барча) ёлғончи ва гуноҳкорларнинг сочидан тутиб жаҳаннамга судраймиз, у ўз шерикларйни чақирсин! Биз забонияларни* чорлаймиз. Унга бўйсунма, Оллоҳга сажда қил ва яқин бўл".
Имом Бухорий ривоят қилишича, пайғамбар алайҳис-салом намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл: "Ким туянинг қорнини опкелиб Муҳаммаднииг устига ташлайди", дея одамларни гиж-гижлайди. Ақаба ибн Аби Муайд тозаланмаган қоринни олиб келиб расулуллоҳ саждага бош қўйганларида устиларига ташлади. Масжиддаги мусулмонларнинг биронтаси у кишини ҳимоя қилишга, ҳатто қоринни олиб ташлашга ботинолмади, улар оз, мушриклар эса кўпчилик эди. То қизлари Фотима келиб қоринни олиб ташламагунча расулуллоҳ саждадан бош кўтармадилар. Мушриклардан қаттиқ дили оғриган пайғамбар алайҳис-салом: "Эй Худо, мана шу қурайшларнинг жазосини ўзинг бсргин!" — дея дуоибад қилдилар ва бир қанча одамнинг номини тилга олдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг гувоҳлик беришича, ўша одамлар Бадр урушида битта қолмай ҳалок бўлишган.
Тарихчилар ривоят қилишича, пайғамбар алайҳис-салом билан Абу Жаҳл ўртасида яна бир ғаройиб воқеа юз берган. Бу муртад кимса Ароший деган одамнинг туяларини олиб, пулини бермай юраверади. Бир куни Ароший қурайш зодагонлари тўпланиб турган ерга келиб, дардини айтиб ёрдам сўрайди. Улар пайғамбар алайҳис-саломни майна қилиб, устидан кулиш ниятида: "Ҳов анови одамга учрашсанг, ҳаққингни ундириб беради", дейишади. Томошаталаблар расулуллоҳ билан Абу Жаҳлнинг муносабатини яхши билишгани учун ҳам туякашни атай рўпара қилишади. Ароший сарвари оламнинг ёнига келиб муддаосини айтади. Расулуллоҳ уни бошлаб Абу Жаҳлникига борадилар. Дарвозани тақиллатишганида ичкаридан: "Ким?" — деган овоз эшитилади. Расулуллоҳ: "Бу мен, Муҳаммадман", дейдилар. Абу Жаҳл ранги ўчган ҳолда бўшашиб чиқади. Расулуллоҳ: "Манави одамнинг ҳаққини бер", дейдилар. Абу Жаҳл чурқ этмай пулни санаб беради. Иши осонгина битганидан туякашнинг оғзи қулоғига етади. Томошаталаблар эса ҳайрон бўлишиб, Абу Жаҳлнинг олдига келишади. "Муҳаммаднинг овозини эшитганимдаёқ тепамда баҳайбат бир буғро туя пайдо бўлди. Бунақа қўрқинчли ҳайвонни сира кўрмаганман. Ўтакам ёрилиб кетишига сал қолди", дея шикоят қилди.
Оз амакилари Абулаҳаб ибн Абдулмуттолиб ҳам расулуллоҳга кўп озор бериб, масхара қилгувчилардан бири эди. Девор-дармиён қўшни бўлган Абулаҳаб жиянининг эшиги олдига нажосатларни келтириб ташларди, хотини Умму Жамила ҳам эридан қолишмас, бекор турмай расулуллоҳни ҳақоратлар, тинмай ғийбат қилар, ахлату нажосатларни топиб келишда эрига кўмаклашарди. Улар ҳақида Таббат сураси нозил бўлгач, баттар қутуриб кетишди. Расулуллоҳнинг иккинчи қўшниси Уқба ибн Абумуайт ҳам ҳар қадамда ёмонлик қилиб иғво тарқатиб лаззатланар, маразликда. Абдулаҳабдан қолишмас, қилмиши ёвузлик эди. Бир куни у қурайш оқсоқолларига қўшиб, расулуллоҳни меҳмонга чақирди. Пайғамбар алайҳис-салом: "Худо ҳаққи, имонга келиб, калима келтирмагунингча овқатингни емайман", дея шарт қўйдилар. Уқба наридан-бери калимаи шаҳодатни айтди. Бу хабар шу заҳоти Уқбанинг дўсти Убай ибн Халафга етиб борди. У Уқбадан: "Бир ғалати хабар эшитдим, шу гап ростми?" — деб сўради. Уқба: "Э, бўлмаган гап, уйимга бир мўътабар одам келиб, имонга келмасанг, овқатингни емайман, деб туриб одди. У менинг хонадонимдан туз тотмай чиқиб кетишидан кўнглим ғаш бўлиб, калима келтирган бўлдим. Аслида ниятим бошқалигини яхши билансан-ку", деди. "Муҳаммадни оёғинг остига олиб, юзига туфлаб, кўзига қўлингни тиқиб олмагунингча сенинг юзингга қараш менга ҳаром", деди Убай. Уқба унинг шартини бажо келтирди. Оллоҳ Фурқон сурасининг 27-29-оятларида Уқба ҳақида шундай дейди: "У куни золим киши (Уқба) икки қўлини тишлаб: пайғамбар билан бир йўлни танлаган, фалончини дўст тутмаган бўлсам кошки эди. Қуръон келгандан кейин у (шайтон) мени йўлдан урди, дейди. Шайтон инсонни (йўлдан ургач) ташлаб кетади".
Уқбанинг расулуллоҳга қилган энг ёмон муомаласидан яна бири "Саҳиҳул Бухорий"да баён этилган. Кунларнинг бирида пайғамбар алайҳис-салом намоз ўқиётганларида Уқба орқадан келиб у кишининг бўйнига чопонини ташлаб, бўга бошлади. Тасодифан келиб қолган ҳазрат Абу Бакр расулуллоҳни ажратиб олди-да, Мўминлар сурасининг "Роббинг Оллоҳ" деган ва "роббингиз томонидан сизларга мўъжизалар олиб келган кишини ўлдирасизларми", деган оятини айтиб, мушрикни койиди. Расулуллоҳга ўчакишиб озор етказадиганлардан яна бири Амр ибн Оснинг отаси Ос ибн Воил эди. У доим: "Муҳаммад ўлганидан кейин тириласизлар деб (саҳобаларни) алдаяпти. Худо ҳаққи, биз фақат вақт ўтиши билангина ўламиз", дерди. Оллоҳ Оснинг гапига раддия бериб Жосия сурасининг 24-оятини нозил қилди: "Улар ҳаёт деганлари фақат бу дунйода кўрган-кечирганимиз, туғиламиз ва умргузаронлик қиламиз, фақат вақт ўтиши билангина йўқ бўламиз, дейишади. Бу ҳақда улар ҳеч қандай маълумотга эга эмас, қиёс билангина шундай дейишади".
Хаббоб ибн Аратт деган саҳобанинг Осда пули бор эди. У ҳақини талаб қилганда Ос: "Сен ислом динига киргансан, Муҳаммад жаннатда олтин-кумуш, кийим-кечак, хизматкорлар муҳайё бўлади, дейди. Тўғрими?" деб сўрайди. Хаббоб унинг гапини тасдиқлайди. "Сен жаннатга киргунингча менинг мол-мулким, бола-чақам кўпаяди, ўшанда қарзингни қайтараман", дейди Ос сурбетлик билан. Оллоҳ Марям сурасининг 77-80-оятларида бундай дейди: "Бизнинг оятларимизни инкор этган, менга мол-дунё, бола-чақа берилади, деган одамни кўрдингми? У гайбни билармиди ёки Оллоҳ билан аҳду паймон қилишганми? Сира ундай эмас, унинг айтганларини ёзиб қўямиз, унга бериладиган азобни кўпайтирамиз, унинг мол-мулки, бола-чақаси бизнинг измимизда қолади, олдимизга ёлғиз ўзи келади".
Зуҳра жамоасидан Асвад ибн Абдуяғус расулуллоҳга қариндош бўла туриб, ҳар қадамда у кишига озор етказарди. Агар у пайғамбар алайҳис-саломнинг саҳобалар билан келаётганларини кўрса: "Қаранглар, подшолар келишяпти!" деб мазах қиларди. Саҳобалар турли томондан тазйиққа учрагани учун тирикчилигини зўрға ўтказишар, энгил-бошлари юпун эди. "Ҳа, бугун осмондан гапирмайсанми?" дея расулуллоҳни майна қиларди Асвад. Хадичанинг амакиваччаси Асвад ибн Муттолиб Асади ҳам масхараловчилардан бири эди. У мусулмонларни кўрса, шерикларига кўз қисиб, пичинг қиларди, уларни иззат-нафсига тегиб, жанжал чиқаришга уринарди. Оллоҳ Қур'они каримда улар ҳақида шундай дейди: "Мушриклар имон келтирган кишиларни доим масхара қилиб, устиларидан кулишади. (Имон келтирганлар) ёнидан ўтганда кўз қисишади, уйларига мақтаниб қайтишади, мусулмонларни адашганлар деб ҳисоблашади".
Абу Жаҳлнинг амакиси Валид ибн Муғира қурайш оқсоқолларидан бири эди. Озига тўқ, обрў-эътиборли бу кимса ҳам пайғамбарни масхара қилувчилардан бири эди. Кунларнинг бирида у Қуръон оятларини эшитиб қаттиқ таъсирланди. Ўз қавми бани мағзум жамоасига келиб: "Муҳаммаднинг оғзидан шундай сўзларни эшитдимки, худо ҳаққи, бу инсу жинснинг каломига ўхшамайди. Бу шу қадар ширин, чиройли, бошдан-охиригача лутфдан иборат сўзларки, ҳар қандай байту ғазални босиб тушади. Дунйода бундан ўтадиган сўз бўлмаса керак". Қурайш мушрикларининг юрагига ғулув тушди: "Агар Валиддек одам динини ўзгартирса бас, қолганларни тўхтатиб бўлмайди". Абу Жаҳл уларни хотиржам қилиб: "Амаким билан ўзим гаплашаман, у Муҳаммаднинг орқасидан эргашадиган жинни эмас", деди ва Валиднинг олдига бориб, аҳволни ётиғи билан тушунтирди, ота-бобонинг йўлидан қайтиш гумроҳлик эканини, ҳамма эътиқод қилаётган дин қолиб, кўзга кўринмайдиган Худога сиғиниш ақлдан эмаслигини айтди. Валид жиянига ўйчан кўз ташлаб: "Сизлар Муҳаммадни жинни дейсизлар, лекин унинг пойинтор-сойинтор гапирганини эшитганмисизлар? Уни фолбин дейсизлар, бироқ қачон фол очиб, кароматгўйлик қилган? Уни шоир дейсизлар, аммо унинг шеър ёзганини ким кўрган. Уни ёлғончи дейсизлар, лекин шу пайтгача у бирон кимсани алдаганми?" деб сўради. Абу Жаҳл ва унга эргашиб келганлар бу гапларнинг ҳаммасини рад этишди, лекин унинг қандай одамлигини тушунтириб беришни ўтинишди. Валид бир оз сукутга чўмгач: "У сеҳргар! — деди. — Агар сеҳргар бўлмаса эрни аёлдан, отани боласидан, хўжани қулидан ажрата олармиди". Йиғилганлар қувонганидан қийқириб юборишди. Валид айни уларнинг кўнглидаги гапни топиб айтган эди. Оллоҳ Муддасир сурасининг 11-26-оятларида бу кимса ҳақида шундай дейди: "Мен танҳо яратган кишини (яни Валидни) ўзимга қўйиб бер. Унга жуда кўп мол-дунё, амрига тайёр турадиган ўғиллар бердим, мартабасини баланд қилдим. У яна кўпроқ беришимни тама қилади. Асло, асло! У бизнинг оятларимизга қарши чиқди. Унга қаттиқ азоб бераман, чунки у ўйлаб режалар тузди. Лаънатлар бўлцинки, қандай режалар тузди? Яна лаънатлар бўлцинки, қандай режалар тузди, а? Ундан кейин қовоғини уюб, афтини буриштириб, разм солди. Такаббурлик билан орқасига ўгирилди. Бу ўрганилган сеҳр ва инсоннинг сўзи, деди. Мен уни дўзахга соламан".
Валид ҳақида Қалам сурасининг 10-16-оятларида яна бундай дейилади: "Қасамхўр, паст, туҳматчи, ғийбатчи, бахил, ҳаддидан ошган, гумроҳ, қўпол, устига-устак отаси номаълум одамга итоат этма. У бой-бадавлат ва серфарзанд бўлгани учун бизнинг оятларимиз ўқиб берилса, қадимгиларнинг чўпчаклари дейди. Димоғини куйдиради". Димоғ куйиши хорликнинг нишонаси. Юз-эт қадрли аъзо бўлиб, юзга жойлашган бурун ғурур нишонасидир. Худо қадрли қилган. Юздаги қимматли аъзонинг куйиши такаббур инсоннинг хор бўлажагига ишорадир.
Абдуддор ибн Қусай жамоасидан Назир ибн Ҳорис ҳам расулуллоҳнинг ғанимларидан эди. Бир кун сарвари олам ваъз-насиҳат қилаётган ва ўтган умматларнинг тарихларини сўзлаётганларида Назир шартта ўрнидан туриб: "Эй одамлар, буёққа келинглар, мен сизларга Муҳаммаддан кўра қизиқроқ нарсаларни гапириб бераман", деди ва Эрон шоҳлари ҳақида ҳикоя қила кетди. Чиндан ҳам у Эрон подшолари тарихини яхши биларди. Шу боис расулуллоҳнинг гапларини худди шундай тарихий воқеа ёки одатдаги афсоналар деб ҳисобларди. Оллоҳ Луқмон сурасининг 6-7-оятларида Назир ҳақида бундай дейди: "Одамлар орасида Оллоҳнинг йўлидан адаштириш ва уни (яъни пайғамбарни) кулгига қўйиш учун ўзи оми бўла туриб, қуруқ гап сотадиганлар ҳам бор. Бундай одамлар хорлик азобига гирифтор бўлишади. Бундайларга оятларимиз ўқиб берилса, гўё эшитмаётгандек, худди икки қулоғи оғирлашиб қолгандек такаббурлик билан тескари қарашади. Ундайларнинг қаттиқ азобга гирифтор этилажагидан башорат беринг".
Ҳижр сурасининг 95-96-оятларида Оллоҳ пайғамабар алайҳис-саломни масхара қилгувчилардан ўч олажагини баён этади: "Масхара қилгувчиларга қарши туришга шак-шубҳасиз бизнинг ўзимиз кифоямиз, улар Оллоҳдан бошқа илоҳга чўқинишади, ҳадемай (бунинг оқибатини) билишади". Оллоҳ айтган гапини албатта амалга оширажагини аввалдан маълум қилган, Маккада нозил бўлган оятларда бу ҳақда хабар берган эди. Расулуллоҳ Мадинага кўчганларидан кейин масхара қилгувчилар бирин-кетин ҳалок бўлишди. Абу Жаҳл, Назир ибн Ҳорис, Уқба ибн Муайт ўлдирилди. Абулаҳаб, Ос ибн Воҳил, Валид ибн Муғира кабилар оғир дардга чалиниб, абгор бўлишди.

___________
*Забониялар — гуноҳкорларни дўзахга ташлайдиган фаришталар.

Орқага Олдинга