Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш кимни хурсанд қилса, Мусҳафга қараб (Қуръон) ўқисин”, деганлар .
Аллоҳни, У Зотнинг Расулини яхши кўриш қайси биримизни хурсанд қилмайди? Қалбимизда Меҳрибон Парвардигоримизга, мушфиқ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан муҳаббат пайдо бўлишини ҳаммамиз хоҳлаймиз. Ким мана шу неъматга эришмоқчи бўлса, қўлига Қуръон олиб, хулуси ният билан тиловат қилсин.
Мусҳафга қараб ўқиган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини кўзи билан кўради, тили билан муборак сўзларни талаффуз этади. Кўз ва тил ёрдамида қилинган зикр қалбга кучлироқ таъсир қилади. Тиловат чоғида инсон қалбида секин-аста Аллоҳга, Расулига муҳаббат пайдо бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кишининг Мусҳафга қарамай қироат қилиши 1000 даража, Мусҳафга қараб ўқиши 2000 даражагача кўпайтирилади ”.
Бундан чиқди, Қуръонга қараб тиловат қилинса, ёддан ўқигандан кўра икки баравар кўп савоб олинади.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, дейилган .
Ривоят қилинишича, амирул мўминин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйига кирса, Қуръонни очиб қироат қиларди .
Нофеъ исмли тобеиндан сўралди: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу уйда қандай юмушлар билан банд бўларди?” Шунда Нофеъ: “Бунга биронтангиз тоқат қилолмайсиз. Ибн Умар ҳар бир намоз вақтида таҳоратни янгилар, орада Мусҳафни очиб тиловат қиларди”, деб жавоб берди .
Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб кўз оғриғидан шикоят қилганида, ул муҳтарам зот:
– Мусҳафга доим назар солиб тур! – деб тавсия этганлар .
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Кўзларингизга ибодатдан насибасини беринглар!” дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, кўзнинг ибодатдан насибаси нима?” деб сўралди. У зот: “Мусҳафга назар солиш, у ҳақида тафаккур қилиш, ажойиботларидан ибрат олиш” деб айтдилар .
Кўпчилик салафлар ёддан ўқигандан кўра Мусҳафга қараб тиловат қилишни афзал билишган. Чунки бунда кўз билан тил биргаликда иштирок этади. Қолаверса, кўз билан кўриш кишини тадаббурга ундайди.
Имом Нававий: “Бизнинг устозларимиз ҳам шундай дейишган. Аммо бу мутлақ эмас. Агар қори ёддан ўқиганда Мусҳафга қараб ўқигандан кўра кўпроқ тадаббур ҳосил қила олса, ёддан ўқигани яхши. Агар иккаласи тенг бўлса, Мусҳафдан ўқиш афзал”, деган .
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: “Отага назар солиш – ибодат. Каъбага назар солиш – ибодат. Мусҳафга назар солиш – ибодат. Биродарингга Аллоҳ йўлида меҳр-муҳаббат билан назар солишинг ибодатдир ”.
Мазкур амаллар бежиз ибодат саналмайди. Чунки инсон ота-онаси юзига меҳр-шафқат билан қараса, олдиларида ўзини хокисор тутса, падари бузрукворини, волидаи муҳтарамасини рози қилса, Аллоҳ ундан рози бўлади.
Каъбага назар солиш ҳам ибодат. Айтилишича, Каъбатуллоҳга қараш бир йиллик ибодат савобига тенг экан .
Мусҳафга назар солиш ҳақида юқорида тўхталиб ўтдик. Бу ерда айтилишича, Мусҳафга назар солган одамнинг номаи аъмолига савоб ёзилади.
Мўмин банданинг – Аллоҳ йўлида дўстлашган – биродарига қараши, унга табассум қилиши ҳам ибодатдир. “Биродаринг юзига табассум ила қарашинг ҳам садақадир”, деганлар Пайғамбар алайҳиссалом. Бир-бирига очиқ чеҳра билан муомала қилинса, мўминлар орасидаги ришталар мустаҳкамланади, қалблар бир-бирига ошно бўлади, орадаги гина-кудуратлар барҳам топади, ғиллу ғашлик арийди.
Орқага Олдинга