Қуръони карим ўн тўрт асрдан буён инсонларни ҳайратга солиб келмоқда. Илоҳийлигига ишонмаганларнинг шубҳаларини батамом тарқатиш учун Қуръоннинг аввал маълум бўлмаган тилсимлари очилмоқда.
ХХ асрнинг 70-80-йилларида замонавий компьютер технологиялари ёрдамида ўтказилган тадқиқотлар натижасида олимлар Қуръони карим ҳарфлари, сўзлари орасида ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлашди.
Маълум бўлишича, Қуръони каримда “дунё”, “охират” сўзлари элликдан зиёд оятда бир хил миқдорда – 115 мартадан такрорланган. “Дунё” қанча бўлса, “охират” ҳам шунча.
“Шайтон”, “фаришта”, улардан ясалган сўзлар ҳам Қуръонда бир хил – 68 мартадан келади.
Қуръони каримда “ўлим” сўзи, ундан ясалган калималар 145 марта такрорланган. Айни пайтда “ҳаёт”, ундан ҳосил бўлган сўзлар ҳам 145 марта такрорланган. Яъни, қанча ҳаёт бўлса, шунча ўлим.
Қуръонда “дин”, ундан ясалган сўзлар 92 марта, “масжид” сўзи ҳам 92 марта такрорланган.
Қуръонда “имон” сўзи, унинг ҳосилалари 811 марта келади. Шунингдек, “илм” сўзи 782 марта, “маърифат” сўзи 29 марта такрорланган. “Илм”, “маърифат” сўзларининг сонини қўшсак (782 + 29), 811 бўлади. Яъни, илм, маърифат қанча бўлса, имон шунчадир.
Қадр сурасида 30 сўз бор. Қадр кечасини ўз ичига олган рамазон ойида ҳам 30 кун бор. Қадр кечаси рамазон ойининг 27-туни эканини кўпчилик эътироф этади. Шуниси ҳайратланарлики, мазкур сурада қадр кечасини кўрсатувчи “у” 27-сўздир.
Ар-Раҳмон сурасининг 31-оятидан бошлаб дўзах ҳамда гуноҳкорлар тасвирланади. Мазкур сурада: “Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқарасизлар?!” деган жумла бир неча бор такрорланган. Дўзах борасида сўз кетганда мазкур сўроқ 7 марта такрорланган. Бу суранинг 46-оятидан бошлаб жаннат васфи келади. Мазкур сўроқ 8 марта такрорланган. Маълумки, дўзахнинг дарвозалари 7 та, жаннатники 8 тадир.
“Бахтсизлик” (аш-шидда), ундан ҳосил бўлган сўзлар Қуръонда 102 марта тилга олинган. “Сабр”, унинг ҳосилалари ҳам 102 марта такрорланган. Демак, бошга қанча қийинчилик тушса, шунча сабр қилиш керак.
“Жазо”, ундан келиб чиқадиган сўзлар 117 марта, “мағфират” сўзи, унинг ҳосилалари роппа-роса икки баравар кўп – 234 марта такрорланган.
“Қуръон” сўзи 80 марта келган. Қуръоннинг тушиши маъносидаги “ваҳий” сўзи ҳам 80 марта такрорланган.
Қуръони каримда “расул” (элчи), ундан ҳосил бўлган сўзлар 368 марта, “набий” сўзи 75 марта, “башир” (хушхабар берувчи) 18 марта, “назир” (огоҳлантирувчи) эса 57 марта такрорланган. Ҳаммаси – 518. Энди имонлиларга хушхубар келтирувчи, хавфдан огоҳлантирувчи пайғамбарлар исмлари неча бор зикр этилганини санаб чиқайлик: Мусо – 136 марта, Иброҳим – 69, Нуҳ – 43, Юсуф – 27, Лут – 27, Исо – 25, Одам – 25, Ҳорун – 20, Исҳоқ – 17, Сулаймон – 17, Ёқуб – 16, Довуд – 16, Исмоил – 12, Шуайб – 11, Солиҳ – 9, Ҳуд – 7, Закариё – 7, Яҳё – 5, Муҳаммад (Аҳмад) – 5, Айюб – 4, Юнус – 4, Ал-Ясаъ – 2, Илёс – 2, Идрис – 2, Зулкифл – 2, Илёсин – 1 марта. Ҳаммаси 518 ни ташкил этади!
Мўъжизани қаранг, Қуръони каримда “шаҳр” (ой) сўзи 12 марта, “явм” (кун) сўзи 365 марта, “айём” (кунлар) ҳамда “явман” (икки кун) сўзлари 30 марта, яъни, бир ойнинг кунлари сонича зикр этилган. Бундай мутаносиблик тасодифий бўлиши мумкинми ?!