loader

Қуръон бизга Аллоҳни танитади

 

 

 

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Тирик ва Абадий Турувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олади. Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз қўллай олмайди. У (барча одамлар) олдиларидаги, ортларидаги бор нарсани билади. Улар У Зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва ердан кенгдир. Осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоя қилиб туриш Уни қийнамайди. (Аллоҳ) энг Юксак, Буюкдир” (Бақара сураси, 255-оят).
Бу – Қуръони каримдаги энг улуғ оят. Оятул курсий деб аталувчи мазкур оят ўнта мустақил жумладан иборат:
1. “Аллоҳ – ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир”.
Бу жумла хабар беришича, Аллоҳ таоло бутун оламлар, барча махлуқотлар учун Яккаю Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Танҳо Илоҳдир.
Лаа илааҳа иллаллоҳ калимаси Ҳақ таоло бандаларига айтган сўзларининг энг улуғи, бандалари айтадиган сўзларнинг ҳам энг буюгидир. Унинг улуғлиги шундаки, агар кофир одам ихлос билан тавҳид калимасини айтса, мусулмонга айланади.
Аллоҳ – Ягона, Ундан ўзга ибодат қилишга муносиб зот йўқ. Фақат Аллоҳнинг Ўзи ибодатга лойиқдир. Шунинг учун бандалар фақат Аллоҳга тоат-ибодат қилишлари, Унинг айтганини бажаришлари керак.
2. “У Тирик ва Абадий Турувчидир”.
Оламдаги барча жонзотлар Аллоҳ уларга ҳаёт беришидан олдин ўлик бўлган. Аллоҳ ирода қилган соатда яна ўлади. Фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина азалий Тирикдир, адабий Турувчидир. Барча мавжудотлар яралишида, туришида, ризқу рўзида, дунёю охират ҳаётида Ягона Яратувчига, Мангу Барҳаёт Аллоҳга муҳтождир, аммо Аллоҳ ҳеч кимга муҳтож эмас.
3. “Уни на мудроқ, на уйқу олади”.
Аллоҳ доим сергакдир. Аллоҳ мудрамайди, ухламайди. Мудраш ожизлик, заифлик белгисидир. Аллоҳ таоло бундай нуқсон-камчиликлардан Покдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бани Исроил қавми: “Эй Мусо, сенинг Раббинг ухлайдими?” деб сўраганида, у: “Аллоҳдан қўрқинглар!” деди. Шунда Аллоҳ таборака ва таолодан ваҳий бўлди: “Эй Мусо, сендан “Раббинг ухлайдими?” деб сўрадилар. Сен икки қўлингга икки шиша идиш олгин-да, бу кечани ухламай тик туриб ўтказ!” Мусо Яратганнинг буйруғига амал қилиб, икки қўлига икки шишани олиб тунда ухламай тик турди. Кечанинг учдан бири ўтганида уни мудроқ босиб қолди, қўлидаги шишалар тушиб тиззасига етганида ўзига келди, уларни қайтадан ушлаб олди. Кеча охирлаб қолгунча ўзини тутиб турди. Аммо тонг отай деганида уни яна мудроқ босди, қўлларидаги шишалар ерга тушиб, парча-парча бўлиб кетди. Шу онда Ҳақ таоло Мусога ваҳий қилиб: “Эй Мусо, агар Мен ухлайдиган бўлсам, осмонлару ер ҳам худди қўлингдаги шишаларга ўхшаб чилпарчин бўлиб кетарди”, деди”.
4. “Осмонлар ва ердаги бор нарсалар Уникидир”.
Осмонлардаги фаришталар, қуёш, ой, юлдузлар, ердаги жонли-жонсиз мавжудотлар, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг мулкидир. Борлиқдаги барча нарса Аллоҳга тегишли, Унинг бандалари, Унинг қўл остидадир. Аллоҳ мавжудотлари ишларини тасарруф қилади, ўзларини ҳимоя қилади.
5. “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз қўллай олмайди”.
Қиёмат кунида, ҳисоб-китоб учун Аллоҳ ҳузурида тўпланган соатда ҳар бир инсон қўлловчига муҳтож бўлиб қолган пайтда на ердаги, на кўкдаги бирон киши Аллоҳнинг рухсатисиз бировни шафоат қилолмайди, рухсатсиз гапиришга ҳам ҳадди сиғмайди.
Бандаларнинг барчаси – ким бўлишидан қатъи назар – Аллоҳ ҳузурида бандалигини тан олиб туриб қолади. Орага тушиб бировни қўллашга ҳеч ким журъат этолмайди. Фақат Аллоҳнинг изни билангина шафоат қилади.
6. “У (барча одамлар) олдиларидаги, ортларидаги бор нарсани билади”.
Бу сифат Аллоҳнинг илми шомил экани, У Зот ҳамма нарсани Ўзининг чексиз илми билан билиб туришини англатади.
Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган ишларини ҳам, ҳозир бўлаётган, келажакда бўладиган ишларини ҳам билади. Аллоҳ таолонинг илми ҳамма нарсани қамраб олган. Шу жумладан, У Зот бандалар билган-билмаган нарсалардан ҳам воқифдир.
7. “Улар У Зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”.
Ҳар бир нарсани билувчи Аллоҳ таолонинг чексиз илми олдида еру кўкдаги инсон ҳамда фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса эмас. Бандалар Аллоҳ пайғамбарлар орқали билдирган нарсаларнигина биладилар холос.
8. “Унинг Курсиси осмонлар ва ердан кенгдир”.
Ушбу муборак жумлани ўқиган инсон ундан олдинги оят маъносини тушунади. Ҳақиқатан, инсонга нақадар оз илм берилган! Ҳақ таолонинг Арши Аълодаги Курсиси, ҳажми осмонлар ва ердан кенг Курси инсоннинг ожиз тасаввурига сиғадими?
Абу Зар Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳнинг Курсиси ҳақида сўраганида, шундай жавоб қилганлар: “Эй, Абу Зар! Етти қат осмон, етти қават ер, шуларнинг ҳаммаси ёзилиб, текисланиб, бир-бирига уланган тақдирда Курси рўбарўсига қўйилса, худди бепоён даштга ташланган бир эшикнинг ҳалқаси эгаллаган жойни эгаллайди. Энди Аршнинг Курсига нисбатан буюклиги худди даштнинг ҳалқага нисбатан буюклиги кабидир”.
Саҳобаи киромлар, буюк муфассир уламолар Аллоҳнинг Курсиси ҳақида турли қавллар айтишган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Курсидан мурод Аллоҳнинг илми. Аллоҳ таоло Ўзининг илми осмонлар ва ердан кенг эканига ишора қилмоқда”, деб тафсир қилган.
Аксар уламолар: “Бу сўзнинг маъноси Ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига аён. Биз унинг ҳақ эканига имон келтирамиз, мазмуни айнан нима эканини Яратганнинг Ўзига ҳавола қиламиз”, дейишган.
Демак, биз ўқувчиларнинг ўрнимиз энг пойгакда, улуғ устозларимиз китобларини варақлаб, Каломуллоҳни тафсир қилишдаги одобларига таҳсин айтиш, ҳақларига дуолар қилиш, сўзларига қулоқ солиш. Уларга биронта сўз қўшишга на ҳаддимиз, на илмимиз бор.
9. “Осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоя қилиб туриш Уни қийнамайди”.
Аллоҳ таоло осмонлару ерни муҳофаза қилишдан чарчамайди. Бу иш У Зотга ҳечам оғирлик қилмайди. Бундан Аллоҳнинг қудрати нақадар чексиз эканини билиб оламиз.
Бу ҳақиқатга неча минг йиллар давомида ақли расо ҳар бир инсон гувоҳ бўлиб турибди. Аллоҳ таоло еру осмонларни ҳифзу ҳимоясида сақлаб келмоқда. Ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бу иш ҳар нарсага Қодир Зотга қийин эмас. Коинотдаги энг кичик заррадан тортиб, энг буюк сайёраларгача бўлган мавжудотлар Яратганнинг амрига бўйсуниб турибди. Шунинг учун ҳам ҳаёт давом этмоқда. Фараз қилайлик: Аллоҳнинг амри билан сузиб юрган қуёш сайёраси бир зум тўхтаб қолса, осмону замин куйиб, денгиз-дарёлар қуриб кетган бўлар эди. Алҳамдулиллаҳ, Меҳрибон Парвардигоримиз сақлаётгани учун осмонлар ҳам, ер ҳам тинч, ҳаёт бир маромда давом этмоқда.
10. “(Аллоҳ) энг Юксак, Буюкдир”.
Аллоҳ ҳар нарсадан олий ва улуғдир. У Зот шу қадар Юксакки, Аллоҳга ҳеч ким тенг кела олмайди, ўхшай олмайди, рақобатлаша олмайди. Аллоҳ шу қадар Буюкки, буюклигини англашга ақллар ожизлик қилади. Бироқ ҳаётнинг ҳар соҳасида, ҳар лаҳзасида имонли инсонлар учун Аллоҳнинг буюклиги яққол кўриниб туради.
Ушбу ояти карима шундай улуғ маъноларни ўз ичига олган. Бу фазилатли оятни тафаккур билан ўқиган мўминнинг қалби ишончга, маърифатга, имонга тўлади. Шу оят баракотидан – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваъда қилганларидек – шайтоннинг ёмонлигидан омон бўлади .
Ривоят қилинишича, мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга:
– Эй Муҳаммад, бизга парвардигорингни васф қилиб бер! – дейишганида, Аллоҳ таоло Ихлос сурасини нозил қилган .
Ихлос сураси ўз номи билан қалбни ихлосга, Ёлғиз Аллоҳни эътироф этиб, улуғлигини тан олишга чақиради. Келинг, мазкур фазилатли сура тафсири билан яқиндан танишиб чиқамиз.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
1. (Эй Муҳаммад,) айтинг: “У Аллоҳ Аҳаддир.
Яъни: эй Муҳаммад, Сиздан истеҳзо ила Мен ҳақимдан сўраган мушрикларга: “Аллоҳ Ўз зотида Ягонадир. Унинг сифати билан ҳеч ким сифатлана олмайди. Аллоҳ қилган амалларни биронтаси қила олмайди. Аллоҳ Яккаю Ягона Илоҳдир, шерикдан Покдир!” деб айтинг.
2. Аллоҳ Самаддир.
Арабча “самад” сўзи луғатда “махлуқотлар томонидан ҳожатлари раво этилиши сўралувчи Зот” маъносини англатади. Бандалар Аллоҳдан эҳтиёжларини қондиришни сўрайдилар, бошларига бирон юмуш тушса, Парвардигорга дуо қиладилар. Барча оламлардаги махлуқотлар Аллоҳ таолога ниҳоятда муҳтождир.
Салафлар айтишича, “самад” сўзи қуйидаги маъноларни ифодалайди:
– Салтанати мукаммал ҳукмдор (Ибн Аббос, Абу Воил, Зайд ибн Аслам);
– ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган (Ибн Аббос, Икрима);
– махлуқотлар ўтиб кетганидан кейин ҳам боқий қолувчи (Ҳасан Басрий, Қатода).
3. У туғмаган, туғилмаган.
Аллоҳ таолонинг фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ. У туғиш, туғилишдан Покдир. У Зот азалийдир, бошланишининг чегараси йўқ. Аллоҳ абадийдир, охирининг чегараси йўқ. Туғиладиган, ўзидан фарзанд қолдирадиган аввал йўқ бўлиб, кейин дунёга келади, вақти-соати етганда дунёдан ўтади. Аллоҳ таоло бундай нуқсонлардан Покдир.
Ихлос сурасининг мана шу оятида мушрикларга, насроний ҳамда масиҳийларга қаттиқ раддия берилмоқда. Қатода айтади: “Араб мушриклари: “Фаришталар Аллоҳнинг қизлари”, яҳудийлар: “Узайр Аллоҳнинг ўғли”, насронийлар: “Масиҳ Аллоҳнинг ўғли”, дейишарди. Аллоҳ уларнинг даъволарини ёлғонга чиқариб, “У туғмаган, туғилмаган”, демоқда”.
4. Ва Унга ҳеч ким зинҳор тенг бўлган эмас”.
Исм-сифатларда ҳам, қиладиган ишларда ҳам Аллоҳга ҳеч ким тенг келолмаган, келолмайди ҳам. Унинг шериги, ўхшаши йўқ. Аллоҳ Ёлғиздир. Бутун коинотни, махлуқотларни яратишда, уларни ризқлантиришда, бошқа ишларда ҳеч ким Аллоҳ таолога шерик бўлмайди.
Ҳашр сурасида ҳам Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатлари келтирилган. Аллоҳ таоло айтади: “У Аллоҳ шундай Зотки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У яширин ва ошкора нарсаларни Билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир. У Аллоҳ шундай Зотки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (Ёлғиз) Подшоҳдир, (барча айб-нуқсонлардан) Пок-Саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатларидан, охират азобидан) омон қолдирувчидир, (бандалар амалларини) кузатиб турувчидир, қудрат Соҳибидир, Бўйсундирувчидир, улуғлик Эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) ширкларидан Покдир. У Аллоҳ Яратувчи, (йўқдан) бор қилувчи, (барча нарсага) сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бор. Осмонлару ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтади. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир” (Ҳашр сураси, 22-24-оятлар).
Бу оятларда Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатлари жамланган. Уларнинг қадри баланд, шаъни улуғ. Уларни ўқиб-ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун лозим. Зеро, эътиқод илми пухта ўрганилса, банданинг Аллоҳга имони, тақвоси, муҳаббати кучаяди.
“У Аллоҳ шундай Зотки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У яширин ва ошкора нарсаларни Билувчидир. У Меҳрибон ва Раҳмлидир”.
Бу оятлардан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига бўлиши, барча қалблар фақат Унгагина талпиниши керак. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билмаган нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ. Аллоҳ меҳрибон, раҳмли Зотдир. Аллоҳ таоло барча махлуқотларига – мўминга ҳам, кофирга ҳам, бошқа турли мавжудотларга ризқ берувчи, улардан яхшиликларини аямайдиган, ўта карамли Зотдир. Аллоҳ таоло бу дунёда итоаткор мўмин бандаларини ҳам, куфр йўлини танлаган кимсаларни ҳам баравар ризқлантираверади, неъматлар ато этади, уларни кўзлаган мақсадларига эриштиради. Чунки моддий неъматларга эришиш имон ёки куфрга боғлиқ эмас. Бироқ охиратда фақат мўминларга шафқат қилади. Қиёмат куни ҳамманинг ҳоли танг бўлиб турган бир паллада Аллоҳ таоло ҳақиқий имон келтирган, Ўзининг розилиги учун солиҳ амаллар қилган мўмин бандаларига раҳм қилади, гуноҳларини кечириб, раҳматига эриштиради.
У Аллоҳ шундай Зотки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (Ёлғиз) Подшоҳдир, (барча айб-нуқсонлардан) Пок-Саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатларидан, охират азобидан) омон қолдирувчидир, (бандалар амалларини) кузатиб турувчидир, қудрат Соҳибидир, Бўйсундирувчидир, улуғлик Эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) ширкларидан Покдир”.
Бу оят ҳам Аллоҳнинг ваҳдонияти исботи билан бошланмоқда, унда Аллоҳнинг бир нечта исмлари келтирилмоқда. Жумладан:
Ал-Малик – ҳақиқий Эга, Подшоҳ. Шунинг учун ҳам бандалар фақат Аллоҳга қул бўладилар. Ҳеч бир замонда қулнинг икки хожаси бўлмайди. Шундай экан, одамлар ўзларига ўхшаган ожиз бандага эмас, Ягона Яратувчига, ҳақиқий Ҳукмдорга итоат этадилар, унга қуллик қиладилар, амрига мувофиқ яшайдилар.
Ал-Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан Пок Зот. Мутлақ муқаддаслик Аллоҳгагина хосдир.
Ас-Салом – нуқсонлардан саломат, тинчлик-хотиржамлик берувчи Зот.
Ал-Мўъмин – имон ва омонлик берувчи, пайғамбарларини тасдиқловчи Зот.
Ал-Муҳаймин – барча нарсани қамраб олувчи Зот. Аллоҳ таоло барча нарсанинг гувоҳи бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Ал-Азиз – барчанинг устидан Ғолиб Зот.
Ал-Жаббор – Олий Зот. Аллоҳнинг олдида бошқалар ўзини хор тутади, амрига бўйсунади.
Ал-Мутакаббир – ўта Улуғ, ниҳоятда Буюк, ҳар қандай айбдан, жавру зулмдан Пок Зот.
Мана шундай комил сифатларга эга Зот – Аллоҳ мушриклар ибодатда шерик қилаётган нарсалардан Покдир.
“У Аллоҳ Яратувчи, (йўқдан) бор қилувчи, (барча нарсага) сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бор. Осмонлару ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтади. У қудрат ва ҳикмат Соҳибидир”.
Суранинг сўнгги оятида ҳам Аллоҳ таолонинг бир қанча сифатлари келтирилган:
Ал-Холиқ – Яратувчи Зот.
Ал-Бориъ – йўқдан бор қилувчи Зот.
Ал-Мусаввир – махлуқотлар суратини Ўзи истаган тарзда шакллантирувчи Зот.
Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, улуғ сифатлари бор. Уларнинг миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Уларнинг барчаси гўзалдир, комил сифатлардир. Ҳадиси шарифда асмоул ҳуснадан тўқсон тўққизтаси саналган, ким уларни ёдласа жаннатга кириши башорат берилган. Зеро, Аллоҳ асмоул ҳуснани, уларга муҳаббатли бандани яхши кўради, бандалар ўша исмлар билан дуо қилишларини хуш кўради.
Ердаги, кўкдаги барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг поклигини, улуғлигини эътироф этади, унга тасбеҳлар айтади. Бироқ биз уларнинг тасбеҳини тушунмаймиз. Аллоҳ барча нарсадан Ғолиб чиқувчи, ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир. Аллоҳ бирон ишни ирода этса, шубҳасиз, амалга ошади. Ҳар қандай ишни ҳикмат билан қилади, унда махлуқотлар учун фойда бўлади.

 

 

 

Орқага Олдинга