Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай амр қилган: “Шак-шубҳасиз, Биз улар (масхара қилиб) айтаётган сўзларидан дилингиз сиқилишини биламиз. Шундай экан Сиз Парвардигорингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг, сажда қилувчилардан бўлинг (Шунда Аллоҳ қалбингиздаги ғам-андуҳни кетказади! Шунингдек,) Сизга аниқ нарса (яъни, ўлим вақти) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!” (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Яъни: эй Муҳаммад, мушриклар Сизни инкор этаётганлари учун дилингиз сиёҳ эканини биламиз. Сиз бундан сиқилманг, Парвардигорингизни зикр қилинг, намоз ўқиб У Зотдан ёрдам сўранг! Зеро, Раббингизга ибодат қилсангиз, ғам-ташвишлардан фориғ бўласиз.
Аллоҳ таоло бандаларига шундай хитоб қилган: “Сабр ва намоз ўқиш билан мадад сўранглар! Албатта (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар Парвардигорларига рўбарў бўлишларини, Унинг ҳузурига қайтувчи эканларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмас)” (Бақара сураси, 45-46-оятлар).
Қалбида хушуъ йўқ одамга намоз ўқиш оғирлик қилади. Хушуъ-хузуъ билан ўқилган намоз қалбга роҳат бағишлайди. Зеро, ибодат лаззати хушуъда.
Улуғ пайғамбарлар бирон муаммога дуч келишса, намоз ўқишган . Жумладан, анбиёлар саййиди Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушкул вазиятда қолсалар, ибодат қилиб Аллоҳдан ёрдам сўрардилар.
Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом бошларига бирон юмуш тушса, дарров намоз ўқишга чоғланардилар .
Расулуллоҳ кўз қувончини намозда деб билганлар. Намоз ўқиб роҳатланар, Аллоҳга юкиниб ўзларини енгил ҳис этардилар. Шу сабаб бўлса керак, нажот сари чорловчи муаззин Билолга қараб: “Эй Билол! Намозга иқомат айтинг, бизни роҳатлантиринг!” дердилар .
Тарих китобларида ёзилишича, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга бирон масала мушкул келса, шогирдларига: “Қилган гуноҳларим туфайли шундай бўляпти”, деб таҳорат олар, икки ракат намоз ўқирди. Шундан кейин қийин масала ўз ечимини топарди .
Мусибатга учраган одам туриб яхшилаб таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқисин, хаёлини бир ерга жамлаб, ихлос билан ибодат қилсин, қалб тўридаги дил розларини Аллоҳга тўкиб солсин, Буюк Зотдан мадад сўрасин. Ана шунда Аллоҳ унга ёрдам беради, мушкулларини осон қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга тавсия этган нажот йўли – шу.
Ҳатто бирон жойимиз оғриганида ҳам намоз ўқисак, танамиз яйрайди, мушкулимиз осон бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Куннинг қоқ ўртасида, қуёш айни қиздирган маҳалда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдим. Ўшанда туриб намоз ўқидим. Кейин жойимга келиб ўтирдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга разм солиб туриб: “Қорнинг оғрияптими?” деб сўрадилар. Мен: “Ҳа, эй Расулуллоҳ!” дедим. Шунда у зот: “Ўрнингдан туриб намоз ўқи! Чунки намозда шифо бор”, деб марҳамат қилдилар ”.
Намоз ризқни жалб этади, соғликни тиклайди, азиятни кетказади, касалликни ҳайдайди, қалбни (юракни) бақувват қилади, кўнгилга шодлик бағишлайди, дангасаликни аритади, танани тетиклаштиради, куч-қувватни оширади, дилни равшан қилади, руҳни озиқлантиради, юзни нурли қилади, азобни қайтаради, барака келтиради, шайтонни узоқлаштиради, Аллоҳга яқинлаштиради. Бир сўз билан айтганда, қалбни, танани касалликлардан сақлашда намознинг ўрни жуда катта .