loader

Нафснинг уч хил сифати

Қуръони каримда нафс калимаси уч хил сифат билан келади:
1. Хотиржам нафс (имонига шубҳа ораламаган сокин нафс);
2. Маломатгўй нафс (Аллоҳ таолога ибодат қилишда бепарволик қилган эгасини маломат қилувчи нафс);
3. Нафси аммора (гуноҳ-маъсиятга буюрувчи нафс).
Қуръонда хабар берилишича, Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, имон, ихлос билан эзгу амалларни қилиб ўтган мўминларга қарата шундай дейилади: “Эй хотиржам нафс, сен рози бўлган, рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт. Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига қўшил, жаннатимга кир!” (Фажр сураси, 27-30-оятлар).
Бу ерда айтилишича, Аллоҳга ҳақиқий имон келтирган, имонига шубҳа аралашмаган, шаҳватлар гирдобида қолмаган, тақдирдан рози бўлиб ҳаёт кечирган ҳақиқий мўмин бандага – ўлими олдидан  – жаннатий экани башорат берилади, унга берилган ажр-савоблардан рози бўлган, Парвардигори ҳам ундан рози бўлган ҳолида У Зотнинг ҳузурига қайтиш амр қилинади.
“Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига қўшил, жаннатимга кир!”
Эй сокин нафс, энди сен солиҳ бандаларим билан Мен ҳозирлаб қўйган жаннатга кир, ундаги кўз кўриб қулоқ эшитмаган, киши хаёлига келмаган неъматлардан баҳраманд бўл!
Бошқа оятларда Аллоҳ таоло шундай деган: “Мен қиёмат кунига қасам ичаман. Мен маломатгўй нафсга қасам ичаманки, (ҳеч шак-шубҳасиз, қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинасизлар!)” (Қиёмат сураси, 1-2-оятлар).
Аллоҳ таоло қиёмат куни, унда юз берадиган улуғ воқеалар, гуноҳ ишлар учун надомат чекадиган нафс билан қасам ичмоқда.
Биз оят таржимасида “маломатгўй нафс” деб ифодалаган сўз арабий матнда “нафси лаввома” тарзида келган. Мазкур сўз “эгасининг гуноҳ-маъсиятлари, тарк этган хайрли ишлари учун маломат қилувчи нафс” маъносини англатади.
Маломатгўй нафсдан мурод тақводор мўминнинг нафсидир . Чунки у доим ўз эгасини маломат қилиб туради: гуноҳ иш қилса, “Нима учун бундай қилдинг? Аллоҳдан қўрқмайсанми? Охиратда нима деб жавоб берасан?” деб тергайди. Савобли иш қилса, “Бу кам-ку, кўпроқ қилсанг бўлмайдими? Қанча кўп савоб иш қилсанг, ўзингга фойда-ку”, деб маломат қилади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхши одам доим ўзини маломат қилиб туради. Фожир одам нафсини тергамай юраверади”, деган .
Қуръонда Миср ҳокимининг аёли тилидан шундай дейилган: “Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир. Ҳақиқатан, Парвардигорим Мағфиратли, Меҳрибондир” (Юсуф сураси, 53-оят).
Яъни, мен нафсимни енгил-елпи нарсаларга мойил эмас, деб оқлай олмайман. Чунки инсон нафси ёмонликка буюргувчи, шаҳватларга мойилдир. Нафс шайтоннинг маркаби (улови). Шайтон айнан нафс орқали инсонни йўлдан уради. Магар Аллоҳ раҳм қилиб, хато-камчиликлардан сақлаган, Парвардигорига итоат этган нафсгина бундан мустасно. Нафс ёмонликларидан бандага нажот бериш Аллоҳнинг фазлидир. Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳм-шафқат қилувчи, солиҳ амалларни бажаришга тавфиқ берувчи, чин дилдан тавбага юзланадиганларни мағфират этувчи Меҳрибон Зотдир.

 

 

 

Орқага Олдинга