Ҳасад инсон ҳаётини издан чиқаради, осуда турмушини бузади. Чунки ичи ҳасадга тўла одам ўзгалар бахтини кўролмайди, уларга ёмонлик тилайди. Шунинг учун ўзининг ҳам ҳаёти ғам-қайғуга тўлади. Ҳасадгўйнинг қалби доим безовта бўлади. Қачон қарасангиз, (худди бошқалар унинг ҳисобидан бахтли бўлаётгандек) юрагини чангаллаб бировнинг ютуғидан хавотирда юради.
Сиз ўзингизда ҳасад туйғуси бор-йўқлигини билиш учун биродарингиздаги бир фазилатни эсланг. Бу фазилат унга Аллоҳ ато этган неъмат. У мана ўша неъмат билан сиздан афзал. Энди ростини айтинг: бу неъматга муносабатингиз қандай? Шу неъмат сабаб дўстингизни ёқтирмай қолмаяпсизми, унинг йўқ бўлишини ич-ичингиздан хоҳламаяпсизми? Агар мана шу ҳолатни ҳис қилсангиз, бу аниқ ҳасаддир.
Агар биродарингизга берилган неъматдан кўзларингиз қувонса, ўзингизга ҳам ана шундай неъмат берилишини хоҳласангиз, бу ҳасад эмас, ҳавасдир.
Ҳасад тил офатларига эшик очади. Ҳасадчи “душман”ларини ғийбат қилади, устидан туҳматлар ёғдиради. Хуллас, ҳасадгўй яхшиликка ёмон кўз билан қарайди, фақат ўзини ўйлайди.
Қуръони карим қалбни ҳасаддан поклашга чақиради: “Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни (бошқа) бирингиздан ортиқ қилиб қўйса, сизлар уни (ҳасад-адоват билан) орзу қилманг! Эркаклар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бордир. Аёллар учун ҳам қилган меҳнатларидан насиба бордир. Сизлар (бировларга берилган неъматларга кўз олайтириш ўрнига) Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан сўранглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани билувчи Зотдир” (Нисо сураси, 32-оят).
Қуръонда айтиляпти: эй инсон, кимда бирон неъматни кўрсанг, унга ҳасад қилма, бировнинг ютуғига кўз олайтирма! Унинг ўрнига Аллоҳдан сўра. Аллоҳ сўраганингни беради.
Бир одамнинг бойлиги ошиб-тошиб кетса, мансаб-мартабаси юқориласа, парво қилманг. Ахир, сизнинг ҳимматингиз эвазига эришгани йўқ-ку! Тўғрими? Ҳасад қилиш ўрнига сиз ҳам сўранг Аллоҳдан. Аллоҳнинг карами кенг. Бировларга ёмонлик тилаб ҳасад қилиш ўрнига феълингизни кенг қилинг, инсонларга хайрихоҳ бўлинг!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирон киши бойлик ҳамда тана тузилишида ўзидан афзал одамни кўрса, ўзидан пастдагиларга назар солсин”, деганлар .
Ҳасадчи Аллоҳнинг тақдирига қарши чиқади, қазои қадардан нолийди, “Эй Аллоҳ, фалончига нега бу неъматни бердинг, уни бой қилиб қўйдинг, тан-жонини соғ қилдинг, илм-маърифат бердинг!..” деб Аллоҳга арз қилади. Қалбида ҳасад иллати бор одамнинг дили сиқилади, кўнгли безовта бўлади. Чунки бировларнинг муваффақияти унинг оромини ўғирлайди, тинчини бузади. Қалбдаги ҳасадни чиқариб ташламагунча инсон комил мўмин бўлолмайди, хотиржам яшолмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Албатта мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад ”.
Қуръонни тафаккур билан ўқиган, мазмунини қалбига жойлаган инсон ҳасад ўтидан нажот топади. Ўзгалар ютуғини кўрганда кўзи қувонадиган, эзгу амалларига ҳаваси келадиган инсоннинг қалби тоза, кўнгли хотиржам бўлади.
Орқага Олдинга