loader

Қуръон неча кунда хатм қилинади?

Қуръонни хатм қилиш деганда, Каломуллоҳни бошидан охиригача ўқиб чиқиш кўзда тутилади. Фотиҳа сурасидан Носгача бир сидра ўқиб чиққан одам Қуръонни бир марта хатм қилган бўлади.
Савобталаб инсон учун Қуръон ўқиш энг афзал ибодатдир. Аллоҳнинг Каломини ўқиган қорига ҳар бир ҳарф учун 10 та савоб ёзилади: қори “Алиф, лам, мим” деб ўқий бошлаши билан фаришталар унинг номаи аъмолига 30 та савоб ёзиб қўяди!
Қуръони каримда 300.000 дан зиёд ҳарф борлигини ҳисобга олсак, бир марта хатм қилганда 3000.000 дан ортиқ савобга эга бўламиз! Ақлли мўмин киши бундай фурсатни қўлдан чиқармайди. Оқил банда шундай йўл тутади: Қуръон ўқиш билан касб-корига халал етмайди, тирикчилик ҳам, ибодат ҳам ўз вақтида бўлаверади. Фақат ҳамма ишларини жой-жойига қўйиб, вақтини тўғри тақсимлай олса бўлгани. Шунда барчасига улгуради. Тартиб-интизомли одамнинг умри баракали, иши унумли бўлади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръонни бир ойда хатм қил!” дедилар. Мен: “Бундан ортиғига қодирман”, дедим. У зот: “Унда етти кунда хатм қил. Бундан оширма!” деб тайинладилар ”.
Қуръонни хатм қилиш ҳақида сўз кетганда машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг ибодатга кучли иштиёқи кўз олдимизда намоён бўлади.
Ривоятда аввал бир ойнинг зикр қилинишидан хатм учун энг афзал муддат 30 кун эканини билиб оламиз. Имкони борлар ундан кам муддатда хатм қилсалар ҳам бўлади. Лекин омма мусулмонлар учун тавсия этилган хатм муддати – 30 кун.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: Отам мени насл-насабли аёлга уйлантириб қўйганди. У доим бизникига келиб, мен ҳақимда сўрарди. Хотиним:
– У жуда ҳам яхши киши, келганимиздан бери ўрин ҳам солмайди, тирикчилик қилишни ҳам ўйламайди, – дерди.
Бу ҳолат узоқ давом этганидан кейин отам буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтибди. У зот:
– Ўғлингни олдимга чақир, – дебдилар.
Шунда мен Расулуллоҳ билан кўришдим.
– Неча кун рўза тутяпсан? – деб сўрадилар.
Мен:
– Ҳар куни, – деб жавоб бердим.
– Қуръонни қанчада хатм қиласан?
– Ҳар кечада.
– Бир ойда уч кун рўза тут! Қуръонни бир ойда хатм қил!
– Бундан ортиғига тоқатим етади.
– Ҳафтада уч кун рўза тут.
– Бундан кўпига қодирман.
– Икки кун оғзинг очиқ бўлсин, бир кун рўза тут.
– Бундан ҳам кўпига қодирман.
– Ундай бўлса энг афзал рўза – Довуд алайҳиссалом рўзасини тут. Бир кун рўза тутасан, бир кун оғзинг очиқ бўлади. Ҳар етти кечада бир марта хатм қил.
Ўшанда қанийди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсияларини қабул қилганимда! Чунки ҳозир ёшим ўтиб, анча заифлашиб қолдим.
(Мужоҳид айтади:) “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қилиб юрган амалини тарк этишга Абдуллоҳ ибн Амрнинг кўзи қиймасди. У оила аъзоларидан баъзиларга кундузи Қуръоннинг еттидан бирини ўқиб берар, кечаси енгил бўлиши учун ўқиганларини кундузи ёддан тиловат қиларди. Агар куч-қувватга киришни хоҳласа, бир неча кун рўза тутмас, кейин ҳисоблаб, шунча вақт рўза тутарди ”.
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни қурайшлик аёлга  уйлантириб қўйганди. Отаси Абдуллоҳнинг ҳолидан хабар олиш учун уларникига тез-тез келиб турар, келинидан ўғли ҳақида сўрарди. Келини Абдуллоҳ нуқул ибодат билан машғул бўлиб, рўзғор ишларига бепарво эканини айтарди. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳ хотинининг ҳақларини поймол қилаётганини билди. Бунинг олдини олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шу ҳақида сўз очди. У зот Абдуллоҳ ибн Амрни олдиларига чақиртирдилар. Абдуллоҳ келгач, неча кун рўза тутиши, Қуръонни қанчада хатм қилишини сўрадилар. Абдуллоҳ ҳар куни рўза тутишини, ҳар кечада Қуръонни бир марта хатм қилишини айтди. Бу ишга банданинг тоқати етмаслиги, бошқа муҳим ишлардан қолиб кетишини эътиборга олиб Пайғамбаримиз унга енгилроқ йўлни тавсия этдилар. Абдуллоҳ ҳар сафар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ишдан ҳам ортиғига қодир эканини таъкидлашдан чарчамади. Расули акрам охири кунора рўза тутишни, Қуръонни ҳафтада бир марта хатм қилишни тавсия этдилар.
Вақт ўтиб Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган осон йўлдан юрмаганига афсусланди. Чунки йигитлик чоғидан канда қилмаган амаллар кексайганида оғирлик қилаётганди. Бироқ шунча йилдан бери қолдирмай келган ишларни тарк этгиси йўқ эди.
Мужоҳид хабар беришича, Абдуллоҳ ибн Амр кексайиб, белидан мадор кетганида ҳам кундузи Қуръоннинг еттидан бир қисмини ёддан ўқирди, уларни кечаси намозда қироат қиларди.
Бошқа ривоятда айтилишича, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонни қанчада хатм қилиш ҳақида сўраганида, у зот: “Қирқ кунда”, кейин “бир ойда”, кейин “йигирма кунда”, сўнг “ўн беш кунда”, кейин “ўн кунда, охири “етти кунда”, деб жавоб берганлар. Етти кундан пастга тушмаганлар.

Орқага Олдинга