loader

Қуръон ва инсон руҳияти

Қуръон инсон эътиқодини тўғрилайди, руҳини тетиклаштиради, иродасини тоблайди. Қуръон ўқийдиган одам ҳуда-беҳудага сиқилавермайди, умидсизликка тушмайди. Зеро, Аллоҳ шундай марҳамат қилган: “(Эй Муҳаммад, турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини кечиради. Албатта (Аллоҳ) Мағфиратли, Меҳрибондир”, деб айтинг” (Зумар сураси, 53-оят).
Уламолар: “Мўмин киши қалбида умид учқунларини пайдо қиладиган оятларнинг энг зўри – мана шу”, дейишган.
Мусулмон банда: “Аллоҳ барча гуноҳларимни кечиради. Тавба қилсам, қабул этади”, деб ишонади. Шунинг учун руҳан соғлом бўлади. Ҳозирги кунда тиббиёт илми даво тополмаётган жуда кўп асаб касалликларининг энг яхши давоси ҳам шунда. Психолог олим Фрейднинг фикрича, асаб касалликларининг асосий сабаби руҳий тушкунликда экан.
Қуйидаги оят ҳам инсонга руҳий далда беради: “(Эй мўминлар,) сизлар ўзингиз учун яхши нарсани ёқтирмаслигингиз, ўзингиз учун ёмон нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).
Инсон бошига мусибат тушганда сиқилади, руҳан эзилади. Инсон кўп ҳолларда воқеа-ҳодисаларнинг фақат ташқи тарафига қараб хулоса чиқаради. Бироқ Қуръони карим бизга бундай вазиятда шошилмасликни ўргатади, Аллоҳга таваккул қилишга чақиради. Сабаби биз ёмон деб ўйлаётган нарса хайрли бўлиб чиқиши, кўзимизга фойдалидек кўрингани эса биз учун зарарли бўлиши мумкин. Биз асл ҳақиқатни билмаймиз, Аллоҳ билади. Шунинг учун ишларимизни Аллоҳга ҳавола қиламиз, У Зотдан мадад сўраймиз. Кимга нима фойдали экани Аллоҳга аён: балки банда бошига тушган бу мусибат унинг фойдасигадир. Эҳтимол бизга ёмонлик бўлиб кўринган нарса ортида ҳикмат бордир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик” (Балад сураси, 4-оят).
Бу – инсон иродасини тоблайдиган улуғ оят. Унинг маъносини англаб етсак, ҳаётга нимага келганимизни, нима учун бошимиздан шунча синовлар ўтаётганини тушуниб етамиз. Шунда кўнглимиз хотиржам бўлади, “Ҳаёт имтиҳондан иборат экан”, деб ўзимизга далда берамиз, мусибатларга чиройли сабр қилишни ўрганамиз.
“Қаёққа қарама, ҳаммаёқ муаммо”, деб нолийдиган одам учун мана шу оят шифо бўлади. Бундай одам билиб қўйсин, у ҳаётга ўйнагани келгани йўқ. Бу дунё машаққатлардан иборат. Инсон фарзанди қийинчиликларни енгиб ўтади. Шундан кейин жаннатга киради. Жаннатга кириш осон эмас. Бунинг учун сал жон куйдириш, машаққат чекиш лозим.

Орқага Олдинга