loader
Уларга Иброҳимнинг меҳмонлари хабарини бер.
Унинг ҳузурига кирганларида: «Салом», дедилар. У: «Албатта, биз сизлардан қўрқмоқдамиз», деди.
Улар: «Қўрқма, биз сенга ўта билимдон ўғилнинг хушхабарини берурмиз», дедилар.
У: «Мени кексалик тутганида, хушхабар берасизларми? Ниманинг хушхабарини беряпсизлар ўзи?» деди.
Улар: «Биз сенга ҳақ ила башорат бердик. Бас, сен ноумид бўлувчилардан бўлма», дедилар.
У: «Фақат залолатга кетган кишиларгина ўз Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар», деди. (Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш фақат бир тоифага–йўлдан адашган, гумроҳ тоифага хос. Аллоҳнинг раҳматидан юз ўгириб, залолат йўлига кириб кетган кимсагина ноумид бўлади, холос.)
У: «Эй элчилар, нима иш ила юборилдингиз?» деди. (Яъни, менга жуда билимдон ўғил хушхабарини беришдан бошқа яна нима иш билан юборилдингиз, деди.)
Магар Лут аҳлига эмас. Албатта, Биз уларнинг ҳаммасини қутқаргувчилармиз.
Фақат унинг хотинигина истиснодир. Унинг, албатта, қолувчилардан бўлишини тақдир қилдик», дедилар.
Элчилар Лут аҳлига келганларида...
У: «Албатта, сиз нотаниш қавмсиз», деди.
Улар: «Йўқ! Биз сенга улар шак қилаётган нарса ила келдик.
Сенга ҳақ ила келдик ва албатта, бизлар ростгўйлардурмиз.
Аҳлинг ила кечанинг бир бўлагида йўлга чиқ, сен уларнинг ортидан кузатиб бор. Сизлардан ҳеч бирларингиз ортга қарамасин. Амр қилинган томонингизга кетаверинглар», дедилар.
Ва унга ушбу амрни ваҳий қилдик: «Албатта, анавиларнинг орқаси субҳ чоғи кесилажакдир».
Ва шаҳар аҳли севиниб, етиб келдилар. (Лут (а. с.) қавми яшайдиган Садум шаҳрининг жинояткор аҳолиси, Лутнинг уйига чиройли, ёш йигитлар келган эмиш, улар билан фоҳиша иш қиладиган бўлибмиз, деб севинган ҳолларида етиб келдилар.)
У: «Булар менинг меҳмонларим, ахир. Мени шарманда қилманглар.
Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Мени хор қилманглар», деди.
Улар: «Биз сени оламлардан қайтармаганмидик?!» дедилар. (Лут (а. с.) уларни ўтакетган фаҳш иш бўлмиш баччабозликдан қайтарганлар, кимларнидир ҳимоя қилганлар ва жиноятчи қавм у кишига оламда ҳеч кимни ҳимоя қилмасликни айтиб таҳдид солган. Улар ҳозир Лутга (а. с.) ораларида аввал бўлиб ўтган ўша гап-сўзларни эслатмоқдалар.)
У: «Агар (бу ишни) қилувчи бўлсангиз, анаву қизларим бор», деди.
Сенинг умринг ила қасамки, албатта, улар ўз сархушликларида тентирамоқдалар.
Бас, уларни қуёш чиқиш пайтида даҳшатли қичқириқ тутди.
Бас, Биз (бу шаҳарнинг) остини устин қилдик ва улар устига лойи қотган тошлар ёғдирдик.
Албатта, бунда фаросатли кишилар учун оят-белгилар бордир.
Албатта, у(шаҳар) боқий йўл устидадир. (Яъни, Лут (а. с.) қавми ҳалокатга учраган шаҳарнинг вайроналари ҳозиргача боқий йўл устидадир. У орқали одамлар Ҳижоз билан Шом ўртасида қатнайдилар. Жумладан, Макка аҳли ҳам Шомга борганларида ва у ердан қайтганларида, шу йўлдан юрадилар.)
Албатта, бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир.
Албатта, бир-бирига киришиб кетган дарахтзор эгалари золимлардан бўлганлар.
Бас, Биз улардан интиқом олдик. Албатта, уларнинг икковлари ҳам очиқ йўл устидадир.
Батаҳқиқ, Ҳижр эгалари Пайғамбарларни ёлғончига чиқардилар.
Ва уларга оятларимизни бердик. Бас, юз ўгирувчи бўлдилар.
Улар тоғдан ўйиб уй ясаб, омонликда юрар эдилар.
Бас, субҳидам чоғида уларни қаттиқ қичқириқ тутди.
Қилган касблари уларга бирон фойда бермади.
Биз осмонлару ерни ва улардаги нарсаларни ҳақ ила яратдик. Албатта, қиёмат келгувчидир. Бас, сен гўзал шаклда юз ўгир.
Албатта, Роббинг яратгувчи ва билгувчи зотдир.
Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчини ва Улуғ Қуръонни бердик. (Оятдаги «етти такрорланувчи»дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки бу сураи карима етти оятдан иборат бўлиб, жуда кўп такрорланади. Намознинг ҳар ракатида қайта-қайта ўқилади.)
Биз улардан баъзи гуруҳларни баҳраманд қилган нарсаларга (ҳавас-ла) назар солма! Улар учун хафа ҳам бўлма! Мўминларга қанотингни пастлат!
Ва: «Албатта, мен очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман», деб айт.
Худди тақсимловчиларга туширганимизга ўхшаш. (Аҳли китоб; яҳудий ва насоролар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Ана ўшаларга китоб туширганимизга ўхшаб сенга ҳам китоб туширдик.)
Қуръонни парча-парча қилганларга. («Қуръонни парча-парча қилган тақсимловчилар» деганда аҳли китоб яҳудий ва насоролар назарда тутилгандир. Улар ўзларига келган илоҳий китобларни тақсимлаб, бир қисмига иймон келтириб, бир қисмига иймон келтирмаган эдилар. Энди Қуръонни ҳам парча-парча қилиб, ўз фикрларига мос келганини олиб, тўғри келмаганини тарк этмоқчи бўлмоқдалар.)
Бас, Роббинг ила қасамки, уларнинг ҳаммасидан, албатта, сўрармиз.
Қилиб юрган ишлари ҳақида.
Бас, сенга амр этилган нарсани юзага чиқар ва мушриклардан юз ўгир. (Ушбу оят нозил бўлгунга қадар Расулуллоҳ (с. а. в.) одамларни динга сирли-яширин равишда даъват этар эдилар. Бу оятдаги «юзага чиқар» деган амрга мувофиқ ошкора даъватни бошладилар. Мушрикларнинг гап-сўзларига эътибор бермай қўйдилар.)
Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қилурмиз.
Улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ (шерик) қилурлар. Бас, тезда билурлар.
Албатта, Биз уларнинг айтаётганларидан сенинг дилинг сиқилишини яхши биламиз.
Бас, Роббинг ҳамди ила тасбиҳ айт ва сажда қилгувчилардан бўл.
Ва сенга аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил.