loader
Қачонки, Биз бир оят ўрнини бошқа бир оят ила алмаштирсак, –ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни ўзи яхши билгувчидир–улар: «Шубҳасиз, сен уйдирмачисан!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар. (Аввалги ўрганган сураларимизда Қуръондаги баъзи оятлар кези келганда маълум сабабларга кўра насх этилиб, Аллоҳ уларнинг ҳукми ўрнига бошқа оят ила бошқа ҳукм жорий қилишини билган эдик. Ушбу оятда Қуръондаги баъзи оятларнинг насх бўлишига мушрикларнинг муносабатлари билдирилмоқда.)
Сен уни руҳул қудус Роббингдан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб ҳақ ила туширганини айт. (Эй Муҳаммад! Сен уларга Қуръонни Аллоҳ таоло ҳузуридан руҳул қудус унвонига эга бўлган фаришта Жаброил (а. с.) олиб тушганини айт.)
Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин араб тилидадир. (Қадимги Қурайш кофирлари, Муҳаммадга Қуръонни Жабр, Балзот ёки Яъийш ўргатди, деб ажам қулларнинг исмларини айтганлар. Улардан бир минг тўрт юз йил сўнги кофирлар, Муҳаммад катта олимларни тўплаб Қуръонни ёздирди, сўнгра уларнинг ҳаммасини ўлдириб юбориб, китобни бедапояга ташлаб қўйди-да, одамларни чақириб келиб, мана менга осмондан китоб тушди, деб даъво қилди, дейишди. Ушбу уйдирмани уялмай-нетмай дарс қилиб ўтишди. Уларнинг бу уйдирмаси ўзларининг ақлсизликларига далолат эканини тушуниб етишмас эди. Кофир бўлгандан кейин шу экан-да!)
Албатта, Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларни Аллоҳ ҳидятга солмас ва уларга аламли азоб бордир.
Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир.
Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор. (Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир (р. а.) ва у кишининг оталари Ёсир (р. а.) ҳамда оналари Сумаййаларни (р. а.) ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййанинг (р. а.) икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра Амморнинг отаси Ёсирни (р. а.) ҳам ўлдирдилар. Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди. Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар. Бунга жавобан Расулуллоҳ (с. а. в.): «Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.)
Бу уларнинг дунё ҳаётини охиратдан устун қўйганлари сабабидандир. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят этмас.
Ана ўшаларнинг қалблари, қулоқлари ва кўзларига Аллоҳ муҳр босгандир. Ана ўшалар ғофиллардир.
Ҳеч шубҳа йўқки, охиратда улар зиён кўргувчилардир.
Сўнгра, албатта, Роббинг фитнага учраганларидан кейин ҳижрат этиб, жиҳод қилган ва сабр этгани учун, албатта, Роббинг шулардан кейин мағфиратли ва раҳмлидир.
У кунда ҳар жон ўзи ҳақида тортишиш учун келур ва ҳар бир жонга амалига яраша вафо қилинур ҳамда уларга зулм этилмас. (Яъни, қиёмат кунида ҳар ким ўзини ўйлаб, ўзини азобдан қутқазиш пайидан бўлиб қолади. Бошқаларни тамоман унутади.)
Аллоҳ бир шаҳарни зарбул масал қилади: у омонлик ва хотиржамликда эди. Ризқи ҳар макондан сероб ҳолда келиб турарди. Сўнг у Аллоҳнинг неъматларига куфр келтирди. Бас, Аллоҳ унга қилган ишлари учун очлик ва хавф кийимини тоттирди. (Яъни, қилган ношукрчиликлари, келтирган куфрлари учун уларга очлик ва хавфни кийим қилиб кийгазиб қўйди. Аллоҳнинг амри билан Маккага етти йил қаҳатчилик келгани, унинг аҳолиси ўлимтиклар, туянинг юнги ва одатда еб бўлмайдиган бошқа нарсаларни еганлари ҳаммага маълум. Шундай қилиб, Аллоҳ уларни тўқликдан очликка чиқарди. Мусулмонлар Мадинаи Мунавварага ҳижрат этиб, ўша ерда ўз жамиятларини қурганларидан сўнг эса, аҳли Маккадан хотиржамлик неъматини ҳам олиб, уларни хавф-хатарда яшайдиган қилиб қўйди. Улар мусулмонлар Маккани фатҳ этиши учун келиб қолармикан, деган хавфда яшардилар.)
Батаҳқиқ, уларга ўзларидан Пайғамбар келди. Бас, улар уни ёлғончига чиқардилар. Кейин золим бўлганлари учун уларни азоб тутди. (Аҳли Макка бу Пайғамбарга иймон келтириш, у билан фахрланиш ўрнига, уни ёлғончига чиқарди, унга турли бўҳтонлар қилди ва озорлар берди.)
Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар Унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг.
Сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Ким золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолида мажбур бўлиб қолса, албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. (Инсонни яратган ва унга неъматларини берган зот–Аллоҳ таолонинг Ўзигина инсонга нима ҳалол ва нима ҳаром эканини ҳам белгилаб беради.)
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар. (Инсон неъматни розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади.)
Озгина матоҳ ва аламли азоб бор.
Яҳудий бўлганларга эса, сенга бундан олдин айтиб берган нарсаларимизни ҳаром қилдик. Биз уларга зулм қилмадик. Лекин улар ўзларига зулм қилган эдилар. (Ушбу оятда ишора этилаётган, — Аллоҳ яҳудийларга ҳаром қилган нарсалар Анъом сурасида келган.)
Сўнгра, Роббинг билмасдан ёмон амал қилган, ундан кейин эса тавба қилиб яхши амалларни қилганларга, албатта, Роббинг ўшандан сўнг мағфиратли ва раҳмлидир.
Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилгувчи, ҳаққа мойил уммати эди. Мушриклардан бўлган эмас.
Унинг неъматларига шукр қилгувчи эди. У зот уни танлаб олди ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилди.
Унга бу дунёда яхши (ҳаёт) бердик. Охиратда эса, у, албатта, солиҳлардандир.
Сўнгра сенга: «Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш. У мушриклардан бўлмаган эди», деб ваҳий қилдик.
Шанба фақат у тўғрисида ихтилоф қилганлар зиммасига юкланди, холос. Албатта, Роббинг қиёмат кунида улар орасида ихтилоф қилган нарсалари ҳақида ҳукм чиқарур. (Яҳудийларга фарз қилинган шанба кунини улуғлаш ҳам Иброҳимнинг (а. с.) миллатларида йўқ нарса. Аллоҳ яҳудийлар ихтилоф қилганлари учун жазо сифатида жорий этгандир. )
Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир. (Аввало, даъват «Аллоҳнинг йўлига» бўлмоғи керак. Баъзи шахсларга, гуруҳларга эмас, холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак. Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим. Учинчидан, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш учун чиройли гапларни топиб гапириш зарур. Уларни нафратлантирмаслик лозим. Тўртинчидан, кишилар билан «гўзал услубда мунозара қилиш» керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, унинг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим. Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.)
Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир. (Ўрни келганда сабр қилиб ўч олмаслик ҳам, хайр бўлиб, Ислом даъватига фойда келтириши мумкин.)
Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ ила бўлур. Улар(ҳоли)га хафа бўлма. Улар қилаётган макрдан сиқилма.
Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир.