loader
Мен уларни на осмонлару ерни яратишга ва на ўзларини яратишга гувоҳ қилмаганман ва адаштиргувчиларни ёрдамчи қилиб олган эмасман.
У зот: «Сизлар Менинг шерикларим, деб ўйлаганларингизни чақиринг», деган кунида уларни чақирдилар. Бас, улар жавоб бермадилар ва уларнинг орасига ҳалокатгоҳ қилмишмиз.
Жиноятчилар дўзахни кўрурлар ва, албатта, унга тушувчи эканларига ишонарлар ва ундан қочар жой топмаслар. (Аллоҳнинг тайёрлаб қўйган дўзахидан қочиб бўладими? Бу жойдан қочиш фурсатини у дунёда бой берганлар. Ёруғ дунёда иймон ва Исломда яшаганларида, бу жойдан нажот топардилар. Ёруғ дунёда Қуръонга эргашганларида, дўзахдан сақланган бўлардилар.)
Батаҳқиқ, бу Қуръонда одамлар учун турли масаллар баён қилдик. Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди.
Одамларни уларга ҳидоят келганида иймон келтиришларидан ва Роббиларига истиғфор айтишларидан фақатгина аввалгиларнинг суннати келишини ёки очиқ азоб келишини кутишлари тўсди, холос.
Биз Пайғамбарларни башорат бергувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юборамиз, холос. Куфр келтирганлар эса, ботил ила мунозара қилиб, у билан ҳақни енгмоқчи бўлурлар. Ҳамда Менинг оятларимдан ва ўзлари огоҳлантирилган нарсадан истеҳзо қилурлар.
Роббиси оятлари ила эслатилганда, улардан юз ўгириб, ўзи қилган (гуноҳ)ларни унутган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Биз у (Қуръон)ни англамасликлари учун уларнинг дилларига пардалар ва қулоқларига оғирлик қилиб қўйдик. Агар уларни ҳидоятга чақирсанг ҳам, ҳаргиз ҳидоят топмаслар.
Ва Роббинг сермағфират ва раҳм-шафқат соҳиби зотдир. Агар уларни қилган касбларига биноан олганида, азобларини тезлаштирган бўлар эди. Лекин уларга ваъда қилинган вақт бор. У келганда ундан ўзга паноҳгоҳ топмаслар.
Ана у шаҳарларни ҳам зулм қилганларида ҳалок этганмиз ва уларнинг ҳалокатларига вақт белгилаганмиз.
Мусо ўз йигитига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, йилларни ўтказсам ҳам, юравераман», деганини эсла. («Мусо Бани Исроил орасида бир куни хутба қилиб турганида, одамларнинг қайсиниси энг илмли, деб сўралди. У: «Мен», деди. Аллоҳ уни илмни ўзига нисбат бергани учун итоб қилди. У Мусога: «Икки денгиз қўшилган жойда менинг бир бандам бор. У сендан илмлироқ», деди. Мусо: «Эй Роббим, мен уни қандай топаман?» деди. Аллоҳ: «Ўзинг билан бир балиқни саватга солиб ол. Балиқни қаерда йўқотсанг, уни ўша ерда топасан», деди». Шундан кейин Мусо (а. с.) йўлга тайёргарлик кўрдилар ва хизматкор йигитларига юқоридаги оятда келган азму қарорни айтдилар. У киши ўзларидан илмлироқ бандани топиш учун икки денгиз жамланган жойга боришга қарор қилган эдилар.)
Икковлон икки (денгиз) жамланган жойга етганларида, балиқларни унутдилар. Бас, у денгизни тешиб йўл олди. (Мусо (а. с.) хизматкор йигит билан юриб-юриб, икки денгиз қўшиладиган жойга етиб келдилар. Ўша жойда саватда олиб келган балиқларини унутиб қўйдилар. Балиқ эсларига келмади. Яна юриб кетавердилар. Яъни, балиқ денгизни тешиб сузиб кетди. Яъни, балиқ сузиб кетган жой тешик бўлиб сувсиз ҳолга келиб қолди. Уни кўрган одам, бу ердан бир балиқ сузиб ўтибди, деган хулосага келадиган бўлди.)
У(ер)дан ўтганлари замон у йигитига: «Тушлигимизни келтир. Бу сафаримизда чарчоққа учрадик», деди.
У: «Буни қара, харсангга (суяниб) жойлашганимизда, мен балиқни унутибман. Фақат шайтонгина уни эслашимни унутдирибди. Ажабо, у денгизга йўл олибди», деди. (Тушлик пайти балиқ ёдларига келса, уни тушириб қўйишгани маълум бўлади. Билъакс, унинг денгизга йўл олишидан йигит ажабланмас ҳам эди. Мусо (а. с.) тушлик сўраганларидан сўнг балиқнинг йўқлигини билди. Аввалги харсанг тошга суяниб дам олган жойларида балиқ сувга тушиб, сузиб кетганини пайқаб қолди. Ҳамда бу ишдан ғоятда ажабланганини баён қилди.)
У (Мусо) «Ана шу биз истаган нарса», деди. Бас, келган йўлларидан изларига қайтдилар.
Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик.
Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?» деди. (Мусо (а. с.) улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар.)
У: «Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан.
Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», деди. (Бўлаётган ҳодисани иҳота эта олмаган одам унга сабр қилиб, индамай қараб тура олиши қийин эканини эслатди.)
У: «Инша Аллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», деди.
У: «Агар менга эргашадиган бўлсанг, то ўзим зикр қилиб айтмагунимча бир нарса ҳақида сўрамагин», деди.
Бас, юриб кетдилар. Кемага минганларида, уни тешиб қўйди. У (Мусо): «Буни унинг аҳлини ғарқ қилиш учун тешдингми?! Жуда ғалати нарса қилдинг-ку», деди.
У: «Сенга, албатта, мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди.
У: «Эсимдан чиққан нарса учун мени жазолама, бу ишим учун мени қийнама», деди.
Бас, улар юриб кетдилар. То бир болани учратганида, уни ўлдирди. У (Мусо): «Бировни ўлдирмаган бегуноҳ жонни ўлдирасанми?! Жуда мункар нарса қилдинг-ку?!» деди. (Бу иши кемани тешгандан ҳам баттар туюлди. Чунки кўриб билиб туриб бир маъсум гўдакни қасддан ўлдириш ҳазилакам иш эмас эди.)
У: «Сенга, албатта, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан демабмидим?!» деди.
У: «Агар бундан кейин сендан яна бир нарсани сўрасам, мен билан биродарлик қилмай қўявер. Батаҳқиқ, мен тарафимдан узр (қабули)ни охирига етказдинг», деди.
Бас, юриб кетдилар. То бир шаҳар аҳолисига келганларида, унинг аҳлидан таом сўрадилар. Улар икковларини зиёфат қилишдан бош тортдилар. Икковлари у ерда йиқилиб кетай деб турган бир деворни кўришди. Бас, уни турғизиб қўйди. У (Мусо): «Агар хоҳласанг, бунинг учун ҳақ олар эдинг», деди.
У: «Бу, мен билан сенинг орамиздаги ажрашишдир. Энди сенга сабр қила олмаган нарсанинг таъвилини айтиб бераман;
Кемага келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Бас, мен уни айбли қилишни ирода қилдим. Чунки ортларида бир подшоҳ бўлиб, барча кемани тортиб олаётган эди. (Кемани айбли қилиб, кема эгаларига зарар етказдим. Аммо аслини олганда, уларга фойда қилдим. Подшоҳ одамлари айбли кемани ташлаб кетадилар. Камбағаллар кемасиз қолгандан кўра, айбли бўлса ҳам, уни ишлатиб кун ўтказа берадилар.)
Энди болага келсак, ота-онаси мўмин кишилар эди. Бас, биз унинг икковларини туғён ва куфр ила эзишидан қўрқдик. (Боланинг ота-онаси мўмин кишилар эдилар. Аммо бола улғайса, кофир бўлиб, туғёнга кетиб, ота-онасини эзар эди. Ўша ота-онани келажакдаги ёмонликдан асраш учун болалари вояга етмасдан, куфр ва туғён содир этмасдан ўлдириб қўйишни лозим топдик.)
Бас, Роббилари уларга унинг бадалига ундан кўра яхшироғини, аҳли солиҳроқ ва меҳрибонроғини беришни ирода қилди.
Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишини ирода қилди. Бу Аллоҳнинг раҳмати ила бўлди. Мен ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қила олмаган нарсанинг таъвилидир», деди.
Сендан Зулқарнайн ҳақида сўрарлар. сен: «Сизга унинг ҳақидаги зикрни тиловат қилурман», дегин. (Баъзи ривоятларда яҳудийлар сўраган, дейилса, бошқаларида яҳудийлар ўргатган, қурайшликлар сўраган, ҳам дейишади. Умуман олганда, одамлар Пайғамбардан (с. а. в.) Зулқарнайн ҳақида сўрашган. Қуръоннинг хабар бериши шундай. Аллоҳ Пайғамбарига савол ҳақида хабар бериб, унга қандай жавоб беришни ҳам ўзи ўргатмоқда: Ўша зикр-хабарга назар солинса, сўров Зулқарнайннинг шахси, яшаган жойи ёки замони ҳақида эмас, балки бошқа нарсалар, яъни, қилган ишлари ҳақида экани ойдинлашади.)
Албатта, Биз унга ер юзида имконият бердик ва ҳар бир нарсага (эришиш) сабабини ато қилдик. (Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик ва бошқа катта имкониятларни берган эди.)
Бас, сабабга эргашди. (Яъни, ўзига осон қилинган йўлдан юрди.)
То қуёш ботиш жойига етганида, унинг қора балчиқ булоққа ботаётганини кўрди ва унинг олдида бир қавмни кўрди. Биз: «Эй Зулқарнайн, ё уларни азобларсан, ёки гўзаллик-ла тутарсан», дедик. (Аллоҳ бу гапни Зулқарнайнга қандай айтганини Ўзи билади. Ваҳий орқалими, илҳом қилдими? Лекин ўша қавм бўйича қарор қабул қилишни–хоҳласа, азоблаб, хоҳласа, яхшилик этишни ихтиёрига қўйди.)
У: «Ким зулм қилган бўлса, тезда уни азоблаймиз, сўнгра Роббига қайтарилар, бас, У зот ҳам уни мункар азоб ила азоблайдир.
Аммо иймон келтириб яхши амаллар қилганларга эса, уларга гўзал мукофот бордир ва унга ўз ишимиздан осонини айтурмиз», деди.
Сўнгра яна сабабга эргашди.
То қуёш чиқиш жойига етганида, уни бир қавм устидан чиқаётганини кўрди. Уларга у(қуёш)дан тўсиқ бўладиган нарса қилмаган эдик.
Ана шундай, батаҳқиқ, Биз унинг олдидаги нарсанинг хабарини иҳота қилдик. (Яъни, мағрибдаги ҳақ сўзлар ва ишлар машриқда ҳам жорий қилинди. Зулқарнайн мағрибда ҳукмронлик қилганидек, машриқда ҳам ҳукмронлик қилди. Биз, шубҳасиз, Зулқарнайннинг ҳузуридаги ҳамма нарсанинг хабарини тўлиқ биламиз.)
Сўнгра у яна сабабга эргашди.
То икки тоғ орасига етганида, уларнинг ортида бирон гапни англамайдиган қавмни кўрди.
Улар: «Эй Зулқарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар. (Яъжуж ва Маъжуж ҳақида ҳам жуда кўп гаплар бор. Бу ҳам тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса, Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.)
У: «Роббим менга берган имконият яхшидир. Бас, сиз менга куч ила ёрдам беринг. Сиз билан уларнинг орасида бир девор қилажакман.
Менга темир парчаларини келтиринг», деди. Ниҳоят, икки тоғ томонлари ила баробарлашганда: «Дам уринглар», деди. Ниҳоят, у (тўп темир)ни ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», деди. (Икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб эритиб олов ҳолига келтирдилар. Эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман, деди.)
Бас, улар унинг устига чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар.
У: «Бу Роббим раҳматидандир. Агар Роббимнинг ваъдаси келса, буни ер баробар қилур. Роббимнинг ваъдаси ҳақдир», деди.
Ўша куни уларни бир-бирлари ила мавж урган ҳолларида тарк этдик ва сур чалинди. Бас, уларнинг ҳаммаларини жамладик.
Ўша куни кофирларга жаҳаннамни кўндаланг қилиб кўрсатдик.