loader
Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган Набий ва Расул эди. (Эй Муҳаммад, илоҳий Китоб–Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини эсла. У Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган банда: ҳам Набий ва ҳам Расул эди. Биз Аллоҳ томонидан бандаларга етказиш учун кўрсатмалар олган шахсни Пайғамбар деб одатланиб қолганмиз. Аслида эса, Пайғамбарлик моҳият жиҳатидан икки турлидир. Бир турларига «Набий», бошқаларига «Расул» дейилади. Набийлар Аллоҳдан ваҳий келган, бироқ китоб берилмаган, шунингдек, даъватлари кенг оммага эмас, ўзлари учунгина кифоя қилган зотлардир. Расул Аллоҳ томонидан ваҳий берилган, даъватлари кенг оммага мўлжалланган зот ҳисобланадилар. Мусо алайҳиссалом ушбу икки сифатни ўзларида мужассам қилган Пайғамбарлардан биридир.)
Биз унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун Ўзимизга яқинлаштирдик.
Ва унга Ўз раҳматимиздан оғаси Ҳорунни Пайғамбар қилиб ҳадя этдик. (Оғалари Ҳоруннинг Пайғамбар бўлишини Мусонинг алайҳиссалом ўзлари Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраган эдилар.)
Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди.
У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди.
Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.
Ва уни олий мақомга кўтардик. (Унинг қадрини юксак, зикрини олий қилдик. Дунёда шундай олиймақом зотлар ўтган.)
Ана ўшалар, Аллоҳ неъмат берган зотлар, Пайғамбарлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, Ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардан бўлган зотлар, уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб саждага йиқилардилар.
Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар. (Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан, нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар, шаҳватга эргашадилар. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса, ҳалокат етади.)
Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар. (Ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди.)
Роҳман Ўз бандаларига ғайбдан ваъда қилган адн жаннатларидир. Албатта, Унинг ваъдаси келгусидир.
Улар унда беҳуда сўз эшитмаслар, илло, салом эшитурлар. Уларга у ерда эртаю кеч ризқлари келиб турур.
У жаннат, бандаларимиздан тақводор бўлганларига мерос қилиб берадиган жаннатимиздир.
Биз фақат Роббингнинг амри билангина тушамиз. Бизнинг олдимиздаги нарсалар ва ортимиздаги нарсалар ҳамда уларнинг орасидаги нарсалар ҳам Уникидир. Роббинг унутгувчи бўлмаган. (Яъни, эй Муҳаммад, бизда ўзимизча тушавериш ихтиёри йўқ. Қачонки амр қилсагина, ҳузурингга тушамиз. Акс ҳолда, амрни кутиб тураверамиз. Жамики нарса Аллоҳнинг измида. Бизнинг олдимиздаги ва ортимиздаги ҳамда ҳар иккисининг орасидаги нарсалар Уникидир.)
У осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Роббидир. Бас, Унга ибодат қил ва Унинг ибодатида сабрли бўл. Унга тенгдошни билурмисан? (Инсон сабр-матонат ила Аллоҳга ибодат қилиб, бутун ҳаётини унинг кўрсатмасига мос этиб яшагандагина мақсадга ноил бўлади.)
Инсон: «Агар ўлсам, яна қайта тирик ҳолда чиқариламанми?!» дейди.
Ўша инсон Биз уни бундан олдин ҳеч нарса бўлмай турганида яратганимизни эсламайдими?!
Роббингга қасамки, Биз уларни ва шайтонларни, албатта, маҳшарга тўплаймиз, сўнгра уларни жаҳаннам атрофига тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз.
Сўнгра ҳар бир гуруҳдан Роҳманга ашаддий осий бўлганини суғуриб оламиз. (Анчайин чорлаб ёхуд таклиф қилиб эмас, шиддат билан суғуриб олинади. Демак, кофирлар шайтонлари билан жаҳаннам атрофига ўтқазиб қўйилиб, қилган гуноҳларига қараб бирин-кетин дўзахга ташланадилар. Қолганлари навбат кутиб, кузатиб турадилар.)
Кейин, албатта, Биз у(жаҳаннам)га киришга кимлар лойиқроқ эканини яхши билгувчимиз.
Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир. (Аллоҳ таоло Анбиё сурасида мўминлар ҳақида: «Ана ўшалар у (жаҳаннам)дан узоқлаштирилганлар, унинг овозини ҳам эшитмайдилар» деган, шунинг учун ҳам бу оятга «Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ», деб маъно берсак аслига мувофиқ бўлади. Бинобарин, мўминлар жаҳаннамга, хусусан, сиротдан ўтаётганларида яқинлашадилар, бироқ тушмай ўтиб кетадилар. Кофирлар эса, яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва гуноҳларига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.)
Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз.
Қачонки уларга Бизнинг равшан оятларимиз тиловат қилинса, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Икки гуруҳнинг қайси бири мақом ва мажлис жиҳатидан яхшироқдир?» дерлар.
Ҳолбуки, Биз улардан олдин мол ва кўриниш жиҳатидан яхшироқ бўлган қанчадан-қанча асрларни ҳалок қилганмиз.
Сен: «Ким залолатда бўлса, Роҳман унга муҳлат бериб қўйсин. Токи ўзларига ваъда қилинган нарсани — азобни ёки қиёматни кўрганларида, албатта, кимнинг мартабаси ёмонроқ ва аскари кучсизроқ эканини билурлар», дегин.
Ва Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қиладир. Боқий қолувчи, солиҳ амаллар, Роббинг наздида, савоб жиҳатидан яхшироқдир ва оқибат жиҳатидан яхшироқдир.
Оятларимизга куфр келтирган ва: «Албатта, (охиратда) менга молу дунё ҳамда бола-чақа берилажак», деганни кўрдингми?!
У ғойибни билармикан ёки Роҳманнинг ҳузуридан аҳду паймон олдимикан?! (Ғойибда унга охиратда албатта молу дунё ҳамда бола-чақа берилиши муқаррар эканлиги ҳақида аломат бормикан?)
Йўқ! Нима деганини, албатта, ёзиб қўямиз ва унга азобни узундан-узоқ қиламиз.
У айтаётган нарсага меросхўр бўлурмиз ва у бизга ёлғиз ҳолида келур. (Кофир молу мулк, бола-чақа ва бошқа дунёвий нарсаларидан жудо бўлган ёлғиз ҳолида бизга–ҳузуримизга келади. Ўша пайт у билан қандай муомала қилишни ўзимиз биламиз.)
Улар ўзларига куч-қудрат, иззат бўлиши учун Аллоҳдан ўзгаларни худо қилиб оладилар.
Йўқ! у(худо)лар уларнинг ибодатларини инкор этурлар ва уларга зид бўлурлар. (Қиёмат куни сохта худолар мушрикларнинг уларга қилган ибодатини, бандалигини инкор этадилар. Биз уларга, бизга ибодат қилинг деганимиз йўқ, деб Аллоҳ ҳузурида ўзларини оқлайдилар.)
Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?
Уларнинг зиддига шошилма! Биз уларнинг саноғини санамоқдамиз.
Тақводорларни Роҳман ҳузурига меҳмон ҳайъати этиб тўплаган кунимизда.
Жиноятчиларни жаҳаннамга чанқоқ ҳолларида ҳайдаймиз.
Улар шафоатга молик бўлмаслар. Магар ким Роҳман ҳузурида аҳду паймон олган бўлса (молик бўлур). (Шафоатга молик бўлганлар фақат Аллоҳнинг Ўзидан бу ҳақда аҳду паймон олганлардир, холос.)
Улар: «Роҳман бола тутди», дедилар.
Батаҳқиқ, жуда оғир нарса келтирдингиз.
Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир.
Роҳманнинг боласи бор, деганларига.
Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. (Унинг бола тутишга ҳожати йўқ. У фарзанд талабида эмас. Бу унинг шаънига тўғри келмайди. Роҳман яккадир. Воҳид ва Биру Бордир.)
Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар.
Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир.
Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар.
Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур.
Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун у(Қуръон)ни тилингга осон қилдик.
Улардан олдин қанчадан-қанча аср(аҳли)ни ҳалок қилдик. Улардан бирортасини ҳис этасанми ёки шарпасини эшитасанми?!