loader
Агар хоҳласак, ҳар шаҳарга битта огоҳлантиргувчи юборар эдик.
Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!
У икки денгизни-буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир. (Барча уммонлар ва денгизлар шўр, дарёлар чучук. Дарёлар оқиб бориб сувини денгизларга, уммонларга қуяди. Аммо бу билан денгиз суви чучук бўлиб қолмайди, дарё суви шўр бўлиб қолмайди. Зотан, дарёларнинг суви ҳам денгиз ва уммонлардан буғланиб кўтарилган сувдан иборат.)
У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир.
Улар Аллоҳдан ўзга уларга наф ҳам, зарар ҳам етказмайдиган нарсаларга ибодат қиларлар. Ва кофир Роббига қарши ёрдамчи бўлгандир.
Биз сени фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юборганмиз, холос.
Сен: «Мен сизлардан бунинг учун ажр сўрамайман, фақат, ким хоҳласа, Робби томон йўл олишини (сўрайман)», деб айт. (Исломда эътиқод-динга кириш ёки унинг аъзолари сафида бўлиш учун тўланадиган бадал ёки солиғу мажбуриятлар йўқ. Хоҳлаган киши Аллоҳга томон йўл олсин. Унга иймон келтирсин, ибодат қилсин. Бошқалар эса, унинг йўлини тўсмасин.)
Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккал қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир.
У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. У Роҳмандир. Бас, ўша ўта Хабардордан сўра. (Ушбу маънолар эътиқод бобида ўта нозик ва ҳассос эканлиги эътиборидан уламоларимиз жуда ҳам эҳтиёткорлик билан баён қилишга ҳаракат қиладилар. «Олти кун» масаласига келганда, баъзилари, бу дунёнинг кунларига ўхшаш кунлар, Аллоҳ «бўл» деса бўлиб қолар эди-ю, лекин бандаларга шошилмай иш қилишни ўргатиш мақсадида шундай қилди, дейдилар. Бошқалари эса, «олти кун» қандай кунлар эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизнинг кунларимиз осмонлару ер яратиб бўлингандан кейин, қуёш мажмуасидаги сайёралар низоми яратилгандан кейин вужудга келган тушунчалар, дейдилар. «Сўнгра» калимаси одатда «кейин» маъносидаги тартибни ифода қилади, бу оятдаги «сўнгра» эса, мартабани билдиради.)
Қачонки уларга: «Роҳманга сажда қилинглар!» дейилса, улар: «Роҳман нима? Сен буюрган нарсага сажда қилаверамизми?» дерлар. Бу уларнинг узоқлашишини зиёда қилур.
Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди.
У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир.
Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир. (Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.)
Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказурлар.
Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир.
Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир.
Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар.
Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. (Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса, ўзига хос одам ўлдиришдир. Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.)
Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб) да хор бўлиб абадий қолур.
Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир.
Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар. (Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир, тавба ҳам амалсиз бўлмас.)
Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар.
Уларга Роббиларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар. (Роҳманнинг суюкли бандалари бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмайдилар. Мушриклар сохта худоларига худди кўр ва карқулоқдек билиб-билмай, кўриб-кўрмай, эшитиб-эшитмай ёпишиб оладилар. Агар улар «худо»ларининг нима эканлигини билганларида, кўрганларида ва эшитганларида, ҳеч қачон уларга ибодат қилмас эдилар.)
Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир.
Ана ўшалар сабр қилганлари учун «ғурфа» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар. (Араб тилида олий мақом хос хонани «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига, «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини беришган. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олий мақом хос хона, десак мақсадга мувофиқ бўлса керак.)
Улар ўшанда абадий қолурлар. У қандай ҳам гўзал қароргоҳ ва манзилдир.
Сен: «Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур», деб айт.