loader
У билан Роббиларига тўпланишдан қўрқадиганларни огоҳлантир. Уларга Ундан ўзга валий ҳам, шафоатчи ҳам йўқ. Шоядки тақводор бўлсалар.
Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма. («Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар (с. а. в.) бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбарнинг (с. а. в.) зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари–ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради. Шунингдек, улар Пайғамбарнинг (с. а. в.) ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради. Ёки Пайғамбар (с. а. в.) улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар.)
«Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?» дейишлари учун шундай қилиб, баъзиларини баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми? (Демак, бойларнинг бой, камбағалларнинг камбағал бўлиши синов экан. Синов бўлганда ҳам, бирларини бошқалари билан синаш экан. Бой шукр қиладими, йўқми–синалади. Камбағал ҳам сабр қиладими, йўқми–синалади. Айниқса, бойлар кўпроқ синалади.)
Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт.
Шундай қилиб, жиноятчиларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларни муфассал баён қиламиз.
Сен: «Мен Аллоҳни қўйиб, сиз ибодат қилаётганларга ибодат қилишдан қайтарилганман», деб айт. Сен: «Мен сизнинг ҳавойи нафсларингизга эргашмайман. Зеро, адашган бўламан ва ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан», деб айт.
«Албатта, мен Роббимдан берилган аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар уни ёлғонга чиқардингиз. Сиз шошилтираётган нарса менда йўқ. Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У ҳақни аниқлайди. У ажрим қилувчиларнинг энг яхшиси», деб айт. (Пайғамбаримиз (с. а. в.) даъватларини, эътиқодларини, амалларини «очиқ ҳужжатлар» асосида олиб бормоқдалар. Бу очиқ ҳужжатлар ердан чиққани йўқ, балки осмондан тушган. Мушрик-кофирларнинг эса, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки улар Роббиларини ёлғонга чиқариб қўйганлар. Мушриклар шошилтираётган нарса эса–талаб қилинган мўъжиза келгандан сўнг азобни тушириш. Бу иш Пайғамбарнинг илкидаги иш эмас. Унинг имкони ҳам йўқ, вазифасига ҳам кирмайди.)
Сен: «Агар сиз шошилтираётган нарса менинг ҳузуримда бўлса эди, мен билан сизнинг орангизда иш аллақачон битган бўлар эди. Аллоҳ золимларни яхши билгувчидир», деб айт.
Ғайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, Уларни унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир. («Очиқ китоб»дан мурод–Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқни бўлса ҳам билади, дегани Унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.)
У кечаси сизни вафот этдирар. У кундузи қилган касбингизни билар. Сўнгра белгилаган ажал тугал бўлиши учун У (кундузи)да сизни қайта тирилтирар. Сўнгра қайтиб боришингиз Унинг Ўзигадир. Сўнгра нима қилиб юрганингизнинг хабарини берар.
У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборур. Қачонки бирортангизга ўлим келса, элчиларимиз камчиликка йўл қўймаган ҳолда уни вафот эттирарлар.
Сўнгра ҳақиқий хўжалари–Аллоҳга қайтарилурлар. Огоҳ бўлингизким, ҳукм қилиш Унинг Ўзигагина хосдир. Ва У энг тезкор ҳисоб-китоб қилгувчидир.
Сен: «Сизни қуруқлигу денгизнинг зулматларидан қутқарадиган ким? Унга тазарруъ қилган ҳолда ва махфий ҳолда, агар мана шундан бизни қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлар эдик, дейдиганингиз ким?» деб айт.
Сен: «Сизни улардан ва барча ғамлардан Аллоҳ қутқарар. Сўнгра эса, сиз ширк келтирасиз», деб айт.
Сен: «У сизга устингиздан ёки оёғингиз остидан азоб юборишга, турли фирқаларга аралаштириб юборишга, баъзиларингизга баъзиларингизнинг азобини тотдиришга қодирдир», деб айт. Оятларимизни қандай тасарруф қилишимизга назар сол. Шоядки англаб етсалар. (Кофир-мушрикларнинг устидан юбориладиган азобга Лут қавмига ва Фил эгаларига юборилган азобларни мисол келтирадилар. Оёқ остидан юбориладиган азобга Қорунни ер ютиши ва тўфон балоси мисол қилиб келтирилади. Одамлар фирқаларга бўлингандан кейин, ҳар фирқа аъзолари ўз фирқаларига таассуб қилиб, бир-бирига шафқатсиз равишда зулм ўтказишга, азоб беришга қаттиқ уринади. Инсоният тарихида бундай ҳолатлар кўплаб бўлган ва ҳозир ҳам давом этиб келмоқда.)
Қавминг уни ёлғонга чиқарди. Ҳолбуки у ҳақдир. Сен: «Мен сизларга вакил эмасман.
Ҳар бир хабарнинг ўз вақти бор. Тезда буни биласизлар», деб айт. (Кофирлар Қуръонни ёлғонга чиқармоқдалар. Аммо бу билан у ёлғонга айланиб қолмайди. Чунки ҳақиқий баҳо берувчи зот «Ҳолбуки, у ҳақдир», демоқда.)
Оятлармизни (истеҳзо қилишга) шунғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шунғигунларича улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг, золим қавмлар билан ўтирма! (Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса, ўша кофирлар мажлисда Аллоҳнинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар. Уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммадга (с. а. в.) «золим қавмлар»–мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.)
Тақво қиладиганлар зиммасида у «мушрик»ларнинг ҳисобидан ҳеч нарса йўқ. Лекин эслатма бор. Шоядки тақво қилсалар.
Ўз динларини ўйин-кулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У (Қуръон) ила эслатгин, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, Аллоҳдан ўзга бирор дўст ва шафоатчисиз ҳолга ва барча фидо қиладиган нарсани фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушиб қолмасин. Ана ўшалар қилган касблари туфайли ҳалокатга дучор бўлганлардир. Куфр келтирганлари учун уларга қайноқ сувдан шароб ва аламли азоб бордир. (Ўз динларини ўйин қилиб олганлар, динга эҳтиром билан қарамайдиган, динни ўз хоҳишларича тўғрилашга ҳаракат қиладиганлардир. Улар мушриклардан, аҳли китоблардан ёки мусулмонман деб юрганлардан ҳам бўлиши мумкин. Улар, мен фалон динданман, дейдилар-у, аммо ўша динга амал қилмайдилар, эҳтиромини жойига қўймайдилар. Вақти келганда, ўзини диндор қилиб кўрсатишга уринадилар-у, аммо нарироққа бориб, билганларидан қолмайдилар. Улар, агар ўхшатиш жоиз бўлса, хўжайинни алдаб, ўйин-кулгу қилиб юрган хизматчига ўхшайдилар. Балки улардан ҳам баттардирлар.)
Сен: «Аллоҳни қўйиб на фойда, на зарар бера олмайдиган нарсаларга ибодат қиламизми? Худди оғайнилари, бу ёққа кел, деб ҳидоятга чақириб турган бўлса ҳам, шайтон адаштириб, ер юзида ҳайрон бўлиб қолганга ўхшаб, Аллоҳ бизни ҳидоятга солгандан кейин орқамизга қайтамизми?» деб айт. Сен: «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти ҳақиқий ҳидоятдир. Оламларнинг Роббига таслим бўлишга амр қилинганмиз», деб айт. (Булар эътиқодда, ибодатда, ихлосда, таслимда, розилик тилашда ва амрни адо этишда турли нарса ва шахсларни Аллоҳга шерик қиладиганларга айтиладиган гаплардир. Бу хитоб уларнинг виждон ва ақлларига очиқчасига мурожаатдир.)
Намозни қоим қилинг ва Аллоҳга тақво қилинг! У сизлар ҳузурига тўпланадиган зотдир.
У осмонлару ерни ҳақ ила яратган зотдир. «Бўл», деган куни бўладир. Унинг гапи ҳақдир. Дуд чалинадиган куни мулк Уникидир. У ғайбни ҳам, шоҳидни ҳам билувчи зотдир. Ва У ҳакийм ва хабардор Зотдир. (Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан осмонлару ерни ҳақ ила яратган Зот. Бу масала–ҳақ. Бошқа гап-сўз ёки тахминлар ҳаммаси бекор. Ушбуларни яратган Зот учун қиёматни қоим қилиб, ҳамма одамларни ўз ҳузурида жамлаб, ҳисоб-китоб қилиши ва мукофот ёки жазо бериши жуда ҳам осондир. Яъни, қиёмат куни. Дуд сурнайга ўхшаб чалинадиган асбоб бўлиб, ўша асбобни Исрофил (а. с.) чалганларидан сўнг қиёмат қоим бўлади. Шунинг учун ҳам қиёмат куни дуд чалинадиган кун деб ҳам номланади.)
Иброҳимнинг отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла. (Иброҳим (а. с.) соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Иброҳим (а. с.) отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди. Бу тушунчани уларнинг юзига очиқчасига айтди.)
Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатамиз. (Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз.)
Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди.
Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди.
Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди.
Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (Бу иқрор Иброҳимнинг (а. с.) мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари, –ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани–фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.)
Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?
Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!» деди. (Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?!)
Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир.
Ана ўшалар Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир. (Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим (а. с.) тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди.)
Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
Ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари аҳли солиҳлардир.
Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. (Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ишорат билан, бошқа ўн саккиз Пайғамбарни исмлари билан зикр қилмоқда. Иккинчи гуруҳда зикр қилинган Пайғамбарлар: «Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс»лар (а. с.) тарки дунё, зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада: «Ҳаммалари аҳли солиҳлардандир», ибораси ила васф қилинаётир. Зотан, ҳамма Пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт Пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.)
Ва уларнинг оталаридан, зурриётларидан ва биродарларидан ҳам ҳидоят қилдик. Уларни танлаб олдик ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилдик.
Ана ўша Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ўшани унга йўллайдир. Агар улар ширк келтирсалар, қилган ишлари, албатта, бехуда кетадир.
Ана ўшалар биз уларга китобни, ҳукмни ва Пайғамбарликни берган зотлардир. Агар анавилар буларга куфр келтирсалар, батаҳқиқки, Биз уларга куфр келтирмайдиган қавмни вакил қилиб қўйганмиз.
Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш. «Мен сизлардан бунинг учун ҳақ сўрамайман. У оламлар учун эслатмадан иборат, холос», деб айт. (Зикр қилинган Пайғамбарлар (а. с.) Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Аллоҳдан келган ҳидоят эса, доимо эргашиш зарур бўлган нарсадир. Пайғамбаримиз (с. а. в.) иқтидо қилишлари лозим ҳидоят ҳам шу ҳидоятдир. Кишилар даъват қилинадиган ҳидоят ҳам шу.)
Улар, Аллоҳ башарга ҳеч нарса туширгани йўқ, деганларида, Аллоҳни тўғри тақдирламадилар. Сен: «Мусо кишиларга ҳидоят ва нур этиб олиб келган, уни сиз қоғозга тушириб олиб, баъзисини зоҳир, кўпини махфий қилган; ва сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсаларни сизга ўргатган китобни ким туширди?!» деб айт. «Аллоҳ» деб айт. Сўнгра уларни тек қўй, шунғиган нарсаларида ўйнайверсинлар. (Нима учун Тавротни Мусога Аллоҳ нозил қилганини тан оладилар, бироқ Қуръонга келганда, Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган йўқ, дейдилар?! Ёки Таврот ҳам нозил бўлмаганми?! Йўқ, ундай эмас, «Таврот»ни Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий китоб, деб биладилар. Яҳудийлар Тавротни ёзиб олишгач, ундан ўзларига мувофиқ ўринларни одамларга кўрсатишар, мувофиқ келмаган ўринларини эса, махфий тутишар эди.)
Бу, Биз туширган китоб муборакдир, ўзидан олдингини тасдиқловчидир. Уммул Қуро ( шаҳарлар онаси )ва унинг атрофини огоҳлантиришинг учундир. Охиратга иймон келтирганлар унга иймон келтирарлар. Ва улар намозларини муҳофаза қиларлар. (Уммул Қуродан, Маккаи Мукаррама назарда тутиляпти. Бу муқаддас шаҳар араблар орасида қадимдан шу ном билан ҳам машҳур бўлган. Чунки бу муборак шаҳарда Аллоҳга ибодат этиш учун қурилган дунё ва башарнинг биринчи уйи «Байтуллоҳ» бор.)
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки унга ҳеч нарса ваҳий қилинмаса ҳам, менга ваҳий келди, деган ёхуд, Аллоҳ нозил қилган нарсага ўхшаш нарсани мен ҳам нозил қиламан, деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми? Золимларнинг ўлим талвасаси пайтларини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонингизни чиқаринг! Бугунги кунда Аллоҳга нисбатан ноҳақ гап айтганларингиз учун ва Унинг оятларидан мутакаббирлик қилиб юрганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дегандаги ҳолларини кўрсанг эди. (Кофир мушриклар Пайғамбарни (а. с.) инкор қилиб, у зотга қўяётган айблар ғоят катта айблардир. Бундай ишлар Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбаридан содир бўлиши асло мумкин эмас. Агар фаразан кимдир бундай зулмни қиладиган бўлса, албатта, жазосини тортади ва тезда фош бўлади. Тарих бунинг кўпига гувоҳ. Пайғамбаримизнинг (с. а. в.) даврларида Мусайламатул каззоб, унинг хотини Сажоҳ бинти ал-Ҳорис ва ал-Асвад ал-Анасийлар шундай даъво билан чиқдилар. Аммо тезда шарманда бўлдилар. Бундай кишилар энг золим кишилар ҳисобланадилар. Уларнинг кимлигини ояти каримадаги таърифдан ҳам билиб олиш мумкин.)
Худди сизларни дастлаб халқ қилганимиздек, ҳузуримизга якка-якка келдингиз. Сизларга берган нарсаларимизни ортингизда қолдирдингиз. Сизлар ўзингизча шерик деб ўйлаган шафоатчиларингизни кўрмаяпмиз?! Батаҳқиқ, ораларингиз узилди. Сиз даъво қилган нарса ғойиб бўлди.
Албатта, Аллоҳ донни ҳам, данакни ҳам ёрувчи зотдир. У ўликдан тирикни чиқарадир ва тирикдан ўликни чиқаргувчидир. Ана шундай Аллоҳдир. Сиз қаёққа бурилиб кетяпсиз?!
У субҳни ёритгувчи зотдир. У тунни сукунат, қуёш ва ойни ҳисоб қилиб қўйди. Бу эса, ғолиб ва яхши билгувчи зотнинг ўлчовидир. (Тунни инсон, ҳайвонот, наботот ва жамодот олами учун ором олгувчи сукунат қилиб қўйган ким?! Нима учун сукунат фақат тунгагина хосдир? Хўш, буни ким қилди? Ўз-ўзидан бўлиши мумкин эмас-ку. Инсон ҳар куни тунга киради, унинг сукунатидан таскин топади, ором олади. Аммо, буни ким қилди, деб сўраб кўрмайди.)
У сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни қилиб қўйган зотдир. Биладиган қавмлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз.
У сизларни бир жондан яратган Зотдир. Бас, (у жон) қарор топадиган жойда (она раҳмида) ёки сақлаб қўйиладиган жой (ота сулби)дадир. Яхши англайдиганлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз. (Эркак бўлсин, аёл бўлсин, даставвал ҳаммаси ота сулбида сақланиб туради. Сўнгра она раҳмига–бачадонга ўтади, у ердан жой топади ва шундан кейин дунёга келади. Бу ишни ким қилади? Албатта, Аллоҳ таоло қилади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Агар бирор зот қила олса, айтсин! Албатта, инсон ўзидан-ўзи дунёга кела олмайди. Ушбу ҳақиқатни ўйлаб кўрган ҳар бир инсон Аллоҳ таолонинг биру борлигига қоил қолмай иложи йўқ. Фақат, бу оддий ҳақиқатни англаш учун фаҳм керак, онг керак, холос.)
У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у(сув ) ила турли набототлар чиқардик: Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир.
Улар жинларни Аллоҳга шерик қилдилар. Ҳолбуки, у ҳаммаларини яратган зотдир. Илмсиз ҳолда унга ўғиллар ва қизлар ясадилар. У улар васф қилган нарсалардан пок ва олий бўлди. (Жинларда инсонлардан бошқача–ғайри табиий баъзи сифатлар борлигини билгач, уларда илоҳий сифатлар бўлса керак, деб гумон қилдилар ва Аллоҳга ширк келтирдилар. Ислом ақидасидан ўзга ақидаларда ушбу нарса бор, десак муболаға бўлмайди.)