loader
У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. Унинг хотини бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У ҳамма нарсани Ўзи яратди ва У ҳамма нарсани яхши билгувчидир.
Ана ўша Аллоҳ сизнинг Роббингиздир. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. У ҳар бир нарсанинг Яратгувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинг. У ҳар бир нарсага вакилдир!
Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У латиф ва хабардор зотдир. (Аллоҳ кўзларни бу дунё ашёларини кўриш учун яратган. Шу вазифаларини бажарадилар, холос. Аммо имконларидан ташқари нарсани бажаришга қодир эмаслар. Кўзлар маълум масофадаги нарсаларни кўради. Ундан узоқдагисини кўра олмайди. Бу эса, ўша маълум масофадан наридаги кўзга кўринмаган нарса йўқдир дегани эмас. Балки кўз уни кўра олмаганидандир.)
Сизга Роббингиздан «кўз очувчи»лар келди. Кимки кўрса, ўзига яхши. Ким кўр бўлиб олса, ўзига зарар. Мен сизларга қўриқчи эмасман. (Биз «кўз очувчи»лар деб таржима қилган сўз Қуръони Карим истилоҳида «басоиру», деб келган. У «басийра» сўзининг жамъи бўлиб, бир нарсани кўриб, уни англаб етишга далолат қилувчи ҳодисага айтилади. Аллоҳ Ўзининг биру борлигига, Пайғамбарининг ва динининг ҳақлигига далолат қиладиган «кўз очувчи» нарсаларни юбориб қўйганини айтмоқда.)
Шундай қилиб, дарс олгансан, дейишлари учун ва билган қавмларга баён қилишинг учун оятларни тасарруф қилурмиз.
Сенга Роббингдан ваҳий қилинган нарсага эргаш. Ундан бошқа ибодатга сазовор зот йўқ. Мушриклардан юз ўгир.
Агар Аллоҳ хоҳласа, ширк келтирмас эдилар. Биз сени уларга қўриқчи қилганимиз йўқ. Ва сен уларга вакил ҳам эмассан.
Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, у қилиб юрган ишларининг хабарини берур. (Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Яъни, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам жавобан Аллоҳ субҳонаҳу таолони таҳқирлашига сабаб бўлади.)
Улар агар бирон оят-мўъжиза келса, албатта иймон келтиришлари ҳақида Аллоҳнинг номи билан жон-жаҳдлари ила қасам ичадилар. Сен: «Албатта, оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузурида», деб айт. Сизга нима билдирди? Эҳтимол оят келса ҳам, улар иймон келтирмаслар.
Худди аввал иймон келтирмаганларидек, қалблари ва кўзларини буриб қўярмиз ва туғёнларида довдираган ҳолларида тек қўярмиз.
Агар Биз уларга фаришталарни туширсак ҳам, уларга ўликлар гапирса ҳам ва уларнинг олдига ҳамма нарсани очиқ-ойдин тўпласак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, иймон келтирмаслар. Лекин кўплари жоҳилдирлар. (Аллоҳ таоло турли оят-мўъжизани, кишини лол қолдирувчи нарсаларни жилва қилдириб, одамларни танг қолдириб, кейин иймонга келишларини хоҳламаган. Аллоҳ таоло иймон йўлини инкишоф этиб, кишилар ўша йўл билан ақлларини ишлатиб, ўз ихтиёрлари асосида иймонга келишларини хоҳлайди. Иймонга келганларга мукофот беради, келмаганларга–жазо. Одамларнинг «кўплари жоҳилдирлар».)
Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар. Агар Роббинг хоҳласа, бундай қилмас эдилар. Бас, уларни ўзлари тўқиган нарсалари ила ёлғиз қўй! (Аллоҳ таоло Ўз хоҳиши билан ҳар бир Пайғамбарга инсий ва жинний шайтонларни душман қилиб қўйган экан. Жин шайтонлар одамларни иғво қилиб, васвасага солиб, залолатга чақириб турадилар. Аммо Аллоҳнинг зикри бор жойдан қочадилар. Аллоҳни эслаб турадиган мўмин-мусулмон кишига улар ўз таъсирларини ўтказа олмайдилар. Аммо одамдан бўлган шайтонлар эса, ҳамма-ҳаммасидан бадтаридир. Улар доимо орамизда, кўзларимиз ўнгида туради. Аллоҳнинг зикрини қилсанг ҳам, қочмайди. Турли йўллар билан васваса қилиб, гуноҳ ишларга бошлайди. Инсу жин шайтонлари доимо ғавғо ва туғён билан машғулдирлар.)
Унга (гапнинг гўзалига) охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалби мойил бўлиши, ундан рози бўлиб, қиладиган гуноҳларини бажаришлари учундир.
Аллоҳдан ўзгани ҳакам қилиб олайми? Ҳолбуки, У сизга китобни батафсил этиб нозил қилди. Биз уларга китоб берганлар уни Роббингдан ҳақ ила нозил қилинганини биладилар. Бас шак келтирувчилардан бўлма.
Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди. Унинг сўзларини ўзгартувчи йўқ. Ва У яхши эшитгувчи ва яхши билгувчи зотдир.
Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Улар гумондан бошқага эргашмаслар. Улар тахмин қиларлар, холос.
Албатта, Роббинг ким Унинг йўлидан адашишини яхши билгувчидир. Ва У ҳидоят топувчиларни ҳам яхши билгувчидир.
Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!
Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган нарсани емас экансизлар?! У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб берган-ку?! Магар музтар бўлганингизда, майли. Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳойу ҳаваслари ила адаштирадилар. Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир. (У зот Ўзининг ҳукмига тажовуз қилиб, ҳаром нарсаларни, Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўштини еганларни жуда яхши билади ва уларга тегишли жазони беради. Шунингдек, илмсиз, ҳавою нафснинг кўйига кириб, бу масалада ва бошқа масалаларда одамларни адаштирганларни ҳам яхши билади ва уларга ҳам тегишли жазосини беради.)
Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар! Гуноҳ қилувчилар, албатта, қилган гуноҳларининг жазосини олурлар.
Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қиларлар. Агар уларга итоат қилсангизлар, сизлар ҳам мушриклардан бўласизлар. (Уламоларимиз агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол, деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.)
Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўладими? Шундай қилиб, кофирларга қилаётган амаллари зийнатлаб кўрсатилди. (Бу ояти каримада кофир одам ўлик ҳисобида эканлиги таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло кимни иймонга ҳидоят этса, ўша одамнинг мўмин бўлиши гўё ўликнинг қайта тирилишига тенглаштирилмоқда.)
Худди шунга ўхшаш ҳар бир шаҳарда катта жиноятчиларни унда макр қилиш учун қўйиб юбордик. Улар сезмаган ҳолда фақат ўзларига ўзлари макр қиладилар, холос. (Бу жиноятчилар катта мансабларни эгаллаб олиб, одамларни ўз йўлига солиш учун турли ҳийла-найранглар қиладилар. Уларнинг жинояти Аллоҳ таолонинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилишдир. Катта жиноятчиларнинг динга қарши қилган макр-ҳийлалари ўзларининг бошига етади. Чунки улар динга қарши чиқиш билан Аллоҳга қарши чиқадилар. Ўзининг ҳалокатига замин яратган бўладилар. Мўминларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилади.)
Агар уларга оят келса, Аллоҳнинг Пайғамбарларига берилган нарсага ўхшаш нарса бизга ҳам берилмагунча зинҳор иймон келтирмасмиз, дерлар. Ўз Пайғамбарлигини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши биладир. Жиноят қилганларга қилган макрлари учун Аллоҳнинг ҳузурида, албатта, хорлик ва шиддатли азоб бордир.
Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?)
Мана шу Роббингнинг тўғри йўлидир. Ибрат олувчи қавм учун оятларни батафсил баён қилдик.
Уларга Роббилари ҳузурида дорус-Салом ( тинчлик уйи ) бордир. У зот қилган ишлари учун уларнинг дўстидир.
Уларнинг ҳаммасини тўплайдиган кунда: «Эй жинлар жамоаси, инсдан (адаштирганларингизни) кўпайтирвордингиз?!» дейди. Уларнинг инсдан бўлган дўстлари: «Эй Роббимиз, биз бир-биримиздан ҳузур топдик ва бизга белгилаган ажалингга етиб келдик», дейдилар. У зот: «Қайтар жойингиз дўзахдир. Магар Аллоҳ хоҳласа (қолмайсиз). Албатта, Роббинг ҳикматли ва билимли зотдир. (Демак, жинлар одамларни йўлдан уриб, иғво қилиб, ёмон йўлга юргизиб ҳузур-ҳаловат олган ва роҳатланганлар. Жинлар фитнасига учиб кофир ва гуноҳкор бўлган одамлар эса, уларнинг зийнатлаб кўрсатган, ҳавою нафсни қондирувчи ишларини бажариб ҳузур қилганлар. Булар иродаси заиф, ғофил, ҳавою нафсга берилган, шаҳватпараст одамлар бўлганлар. Шайтон уларнинг ушбу заиф жойларидан тутиб, иғвосига учирган ва ўзига малай қилиб олиб, ҳар кўйга солган, бу дунёда мақсадларига эришиш йўлида улардан фойдаланиб ҳузур қилган.)
Шундай қилиб, қилган касбларига биноан золимларни бир-бирларига дўст қилурмиз.
Эй жин ва инс жамоалари, сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сизга айтиб бермадиларми, сизларни ушбу кунингизга дучор бўлишингиз ҳақида огоҳлантирмадиларми?» дер. Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дерлар. Уларни ҳаёти дунё ғурурга кетказди ва ўзларига қарши кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик бердилар.
Бундай қилишнинг боиси, Роббинг ғофил турган шаҳар-қишлоқ аҳолисини ҳалок қилмаслигидандир.
Ҳар кимга қилганларига яраша даража бордир. Ва Роббинг уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир.
Ва Роббинг беҳожат ва раҳмат соҳиби бўлган зотдир. Агар хоҳласа, худди сизларни бошқа қавмлар зурриётидан пайдо қилганидек, сизларни кетказиб, ортингиздан нимани хоҳласа, ўринбосар қилиб келтирадир. (Аллоҳ таоло раҳмат соҳиби бўлган зот. Одамларнинг бу дунёда юришларининг ўзи ҳам Аллоҳнинг раҳматидан. У Ўз раҳматини Ўзи хоҳлаган бандаларига беради. Ҳозирги пайтда яшаб турган одамларни аввал ўтган кишилар зурриётидан пайдо қилганлиги ҳам ҳаммага маълум. Яъни, Аллоҳ Ўзи хоҳлаб шундай қилган. Бандаларга ҳожатмандлигидан эмас. Шунингдек, ҳозирги авлод одамларига ҳам ҳеч қандай ҳожати йўқдир. Агар Аллоҳ хоҳласа, бу авлодни ҳам кўтариб, йўқ қилиб, ўрнига Ўзи хоҳлаган нарсани келтира олади. Демак, Аллоҳ бандаларга эмас, бандалар Аллоҳга ҳожатманддирлар. Улар ўзларининг дунёга келишларида Аллоҳга ҳожатманд бўлганлари каби, бу дунёда яшашларида ҳам, ҳар лаҳзада, ҳар нарсада ҳожатманддирлар. Аллоҳ эса, Ўз раҳмати ила уларнинг ҳожатларини раво қилади. Аллоҳнинг бандаларига нисбатан раҳматининг энг юқори чўққиси, уларга Пайғамбарлари орқали дин–шариат юбориши. Динга юрмаганлар ўша олий мақом неъматдан юз ўгирганлар бўладилар. Ўзларига ёмонлик қиладилар. Қиёматда ҳоллари ёмон бўлади.)
Албатта, сизга ваъда қилинган нарса келувчидир. Сизлар эса У зотни ожиз қолдирувчи эмассиз. (Яъни, албатта, сизга ваъда қилинган қиёмат куни, ҳисоб-китоб, жазо ва мукофот келгусидир. Келмаслиги мумкин эмас. У пайтда сиз Аллоҳни ожиз қолдириб, қочиб қутула олмайсиз. Албатта, қилганингизга яраша жазоингизни оласиз.)
Сен: «Эй қавмим, ўрнингизда амалингизни қилаверинг. Мен ҳам амал қилувчиман. Тезда охират ҳовлиси оқибати кимнинг фойдасига бўлишини биласиз. Албатта, золимлар нажот топмаслар», деб айт.
Улар Аллоҳга Унинг Ўзи яратган экинлар ва чорвалардан насиба ажратдилар ва ўзларича: «Бу Аллоҳга, бу эса бутларимизга», дедилар. Бас, бутларига бўлган нарса Аллоҳга етмас. Аллоҳга бўлган нарса эса, бутларига етадир. Чиқарган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?! (Араб мушриклари экинлардан, чорва ҳайвонларидан Аллоҳга насиба ажратиш одатлари бор эди. Шу билан бирга, бутларига ҳам ўша экинлардан ва чорва ҳайвонларидан насиба ажратар эдилар. Агар Аллоҳга ажратган нарсалари бутларига ажратган нарсаларига қўшилиб кетса, майли, деб қўяр эдилар. Аммо бутларига ажратган насибадан Аллоҳга ажратилганига қўшилиб кетса, Аллоҳ бунга муҳтож эмас, деб қайтариб олишарди. Бу иш аслида мантиқсиз, қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, ахмоқона иш эди.)
Шунингдек, мушриклардан кўпларига шериклари уларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириш учун болаларини ўлдиришни зийнатлаб кўрсатди. Агар Аллоҳ хоҳласа, бундай қилмасдилар. Уларни ва тўқиётган нарсаларини қўйиб қўй.
Улар ўзларича: «Мана бу чорва ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина ейрлар ва мана бу миниши ҳаром қилинган чорвалар», дедилар. Улар маълум чорваларга Аллоҳнинг номини зикр қилмаслар. Бу эса, у зотга туҳматдир. У тезда қилган туҳматлари туфайли уларга жазо беражак. (Бу оятда мушрик ва кофирларнинг энг катта жиноятларидан бири–ҳалол-ҳаромни ажратишда Аллоҳнинг айтганига юрмай, ўзларича кўнгиллари тусаган ҳукмни чиқаришлари баён қилинмоқда. Аслида, ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқариш Аллоҳ таолонинг ҳаққи. Бандаларнинг бу илоҳий ҳаққа тажовуз қилиши куфрга олиб борадиган катта жиноятдир. Агар бир инсон ҳамма диний ақидаларга тўлиқ иймон келтирса, шариат кўрсатмаларига мукаммал амал қилса-ю, Аллоҳ ҳалол деган нарсани ҳаром деса ёки, аксинча, ҳаром деганини ҳалол деса, кофир бўлади. Бу масала шу даражада нозик масаладир.)
Улар, мана шу чорваларнинг қорнидаги нарсалар эркакларимизга ҳалол, аёлларимизга ҳаром, дерлар. Агар у(қориндаги нарса) ўлик бўлса, улар унга шериклардир. Тезда уларга васфлари учун Ўзи жазо беражак. Албатта, У ҳикматли ва яхши билувчи зотдир.
Ақли пастлик қилиб, жоҳиллик ила фарзандларини ўлдирганлар ва Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсаларни ҳаром қилганлар зиёнкор бўлдилар. Батаҳқиқ, улар адашдилар ва ҳидоятга юрувчилардан бўлмадилар. (Агар улар жоҳил бўлмасалар, Аллоҳнинг фарзандларни кўпайтириш, уларни тарбиялаб ўстириш ҳақидаги таълимотига душманларча терс, инсу жин шайтонларининг гапига кириб, ўз жигаргўшаларини ўлдирар эдиларми?! Ёки Аллоҳ таоло уларга ҳалол ризқ қилиб берган нарсаларни ҳеч қандай сабаб ёки далилсиз ўзларига ҳаром қилиб олармидилар?! Ана шундай аҳмоқона ишларни қилганлар: «... зиёнкор бўлдилар».)
У (ишкомларга) кўтариладиган ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмо ва экинларни емагини хилма-хил қилиб, зайтун ва анорларни бир-бирига ўхшатиб ва ўхшатмай пайдо қилган зотдир. Мевалаган пайтида унинг мевасидан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар. Ва исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилгувчиларни севмас.
Ва чорвалардан ҳаммолларини ва (сўйгани) ерга ётқазиладиганларни пайдо қилди. Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар. Албатта, у сизларга очиқ-ойдин душмандир. (Ўтган оятларда мушриклар ўзларича ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқсиз, далил-ҳужжатсиз баъзи ҳайвонларни минишни, баъзиларининг гўштини ейишни ҳаром қилганлари айтилган эди. Аммо, аслини олганда, ҳайвонларни миниш ёки минмаслик, гўштини ейиш ёки емаслик ҳақидаги ҳукмни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина чиқаради.)
Саккиз жуфт (пайдо қилди): қўйдан иккини (эркак-урғочи) ва эчкидан иккини. Сен: «Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?! Агар ростгўй бўлсангизлар, илмий қилиб хабарини беринглар-чи?» деб айт. (Араб тилида «ал-анъом» деб номланган ҳайвонлар туркумини биз «чорва» деб таржима қилмоқдамиз. Аслида «ал-анъом» деб туя, сигир, қўй ва эчкига айтилади. Уларни жуфт–бир эркак ва бир урғочи ҳисоб қилинса, саккизта бўлади.)
Туядан иккитани, қорамолдан иккини (пайдо қилди). ен«Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?! Ёки Аллоҳ сизларга буни амр қилганда шоҳид бўлиб турганмидингиз? Илмсиз ҳолда одамларни адаштириш учун Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ одам борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас». (Ҳаққингиз бўлмай туриб ҳаром ҳақида ҳукм чиқарганингиз бир гуноҳ ва ўзингизча чиқарган ҳукмни Аллоҳга нисбат беришингиз янада улканроқ гуноҳ. Қани, айтинг-чи, агар сиз таъкидлаётгандек, Аллоҳ буларни ҳаром қилган бўлса: «Иккала эркагини ҳаром қилдими ёки иккала урғочисиними ёхуд иккала урғочининг бачадонларида шомил бўлган нарсаними?!». Билмайсиз. Чунки гумон ва тахмин билан гапириб юргансиз.)
Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир. Ёҳуд фосиқлик ила Аллоҳдан ўзганинг номига сўйилган бўлса (ҳаромдир). Бас, киши музтар бўлиб, маза талаб қилувчи ва тажовузкор бўлмаган ҳолида (истеъмол қилса). Албатта, Роббинг мағфират қилгувчи ва раҳмли зотдир», деб айт. (Яъни, сиз ҳаром деб атаган нарсаларнинг бирортасини ҳам Аллоҳ ҳаром қилгани йўқ. Бу нарсаларни сиз ўзингизча ҳаром деб юрибсиз. Аллоҳ таоло менга ваҳий юбориб, нима ҳалол, нима ҳаром эканини баён қилди.)
Ва яҳудий бўлганларга барча (бутун) туёқлиларни ҳаром қилдик. Мол ва қўйдан эса, уларга ёғларини ҳаром қилдик. Магар орқа ва ичакларидаги ёки суякка аралашган ёғлари (ҳалолдир). Бу (ҳаром қилиш) зулмлари учун уларга берган жазоимиздир. Албатта, Биз ростгўймиз. (Демак, бу оятда зикр қилинган нарсалар фақат яҳудийларга хос бўлиб, улар қилган зулм эвазига Аллоҳ таоло томонидан жазо бўлиб келди. Бошқа қавмларга эса ҳалол. Оятда биз «(бутун) туёқли» деб таржима қилганимиз сўз, туёғи иккига ёки кўпга бўлинмаган ҳайвонлар, деган маънодадир. Бундай ҳайвонлар туя, туяқуш, ўрдак ва шунга ўхшаш оёғидаги туёғи бутун (битта) бўлган ҳайвонлардир. Ана шундай ҳайвонларни Аллоҳ таоло яҳудийларга ҳаром қилган. Шунингдек, мол ва қўйларнинг оятда истисно қилинганидан бошқа ёғларини ҳам ҳаром қилган.)
Агар сени ёлғончига чиқарсалар: «Роббингиз кенг раҳмат соҳибидир, аммо Унинг азоби жиноятчи қавмлардан қайтарилмас», деб айт.
Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар. Сен: «Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм–ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасиз» - деб айт. (Яъни, Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандалар иймон келтиришни хоҳлаганлари учун, иймон келтиринглар, деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун, куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар, деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳий қилиб қайтариб қўйган. Аллоҳнинг хоҳиши ҳаммаси очиқ-ойдин, илмий собит нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиши ичида, ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг, деган хоҳиш йўқ. Ёки, менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг, дегани ҳам йўқ.)
Сен: «Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди», деб айт. (Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат соҳиби қилиб яратилдилар. Лекин одамларни хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, ҳидоятга юрадиган қилиб яратишдан нима фойда бор? Аллоҳ таоло одамларга ҳидоят ва залолат йўлини кўрсатиб қўйди, ақл-идрок берди ва хоҳлаган йўлини танлаш ихтиёрини берди. Ана ўша ихтиёрга қараб жазо ёки мукофот олади. Мушрик ва кофирлар ана ўша ёмон–залолат йўлини танлаганлардир. Улар ўша ихтиёрлари учун жазоларини оладилар.)
Сен: «Аллоҳ мана шуни ҳаром қилганига гувоҳлик берадиган гувоҳларингизни келтиринг», деб айт. Бас, агар гувоҳлик берсалар, сен улар ила гувоҳлик берма. Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарувчиларнинг ва охиратга иймон келтирмайдиганларнинг ҳавои нафсларига эргашма. Улар Роббиларига ширк келтирурлар.