loader
Foto

Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар

Талабалик йилларимизда ҳозирги замоннинг кўзга кўринган уламоларидан бири “Аёллар масаласи Ислом оламининг кўксига урилган заҳарли ханжардир”, деб гапирганларини эшитиб, бу масала нақадар хассос эканини англаган эдим. Йиллар ўтиб, ўқиб-ўрганиб, янада кўпроқ тушуниш имкони бўлди. Ислом оламининг ажралмас қисми бўлган бизнинг юртимизда бу муаммо янада чуқурроқ эканини ҳам тушуниб етдим. Қайта қуриш ва демократия йилларида бошқа масалалар қатори аёллар масаласи ҳам кўтарилди. Яхшигина муҳокама ва мунозаралар ҳам бўлиб турди. Халқ депутатлари ичида шу масалага эътибор берганлари ҳам бўлди. Аммо, афсуски, амалда ҳеч нарса қилинмади, десак ёлғон гапирмаган бўламиз. Турли баҳсларда аёллар масаласига турлича ёндашилмоқда. “Баъзан, октябр тўнтариришидан олдин аёлларимиз яхши яшаганларми ёки кейинми? Аёллар ишлаши керакми ёки уйда ўтириш керакми? Аёлларга муносабатни кимдан ўрганишимиз керак?” каби саволлар берилмоқда.

Менимча, бундай масалаларни ҳал этиш учун жуда кенг кўламда ўйлаш, режалаш ва иш олиб бориш керак. Аввало, биз ўзимизнинг кимлигимизни кенг маънода англаб етишимиз керак. Яъни, инсоният тарихида тутган ўрнимиз, жаҳон маданияти, тараққиётида ким сифатида танилганмиз ва ўз тарихимизнинг барча босқичларини яхши тушуниб олмоғимиз лозим. Агар шу маънода гапирадиган бўлсак, биз хоҳлаймизми, йўқми, турли баёнотлар бериб, рад этамизми, барибир бизни бутун дунё мусулмон, деб билади. Туркистоннинг тарихи бу охирги илоҳий дин билан чамбарчас боғлиқ. Халқимиз тарихда ўз ўрнини қолдирган бўлса, маданият ва жаҳон сивилизасияси саҳифаларидан муносиб ўрин олган бўлса, қўйинки, кўзга кўринарли нимага эришган бўлса, Ислом орқали эришган. Олдин ҳам эмас, кейин ҳам эмас. Бу ҳақиқатни исботлашга уриниб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Ўз-ўзидан маълум ҳақиқат. Ушбудан келиб чиқиб, тарихни яхшироқ ўргансак, аёллар масаласида яхши ҳолатлар ҳам худди ўша Ислом маданияти гуллаб яшнаган пайтга тўғри келишини англаб етамиз. Ҳозирда номларини фахр билан эслаётган машҳур момоларимиз ҳам ўша, юртимиз тарихида олтин давр бўлган вақтда яшаб ўтганлар. Мен, ўша даврга қайтайлик, демоқчи эмасман. Шунингдек, бу мақолани аёллар ҳақидаги шаръий ҳукмларни санаб ўтишга ёки диний маърузага айлантирмоқчи ҳам эмасман. Балки, аёлларимизнинг жамиятда тутган ўринлари, қадрлари қандай эди, қай даражага тушиб қолди, нима қилиш керак, деган маъноларда фикр юритмоқчиман. Мусулмон олами ва унинг энг муҳим ва ажралмас қисми-бизнинг юртимиз тарихи кўпчилик томонидан, айниқса рақиблар томонидан яхшилаб ўрганилган. Тарих давомида бу юрт катта қийинчилик ва синовларни ўз бошидан ўтказган. Ташқаридан ва ичкарида уюштирилган кўплаб душманликларни енгиб чиқиб, бир вақтлар дунё халқларининг пешқадами бўлди. Ҳаётнинг, илмнинг ҳамма соҳаларида дунёга шуҳрат таратган кишиларни тарбиялаб етиштирди. Уларни санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Лекин ҳозиргача ўша ютуқларнинг ярмига, балки, ундан ҳам кўпроғига шу юртнинг аёллари, ўша даврда яшаб ўтган момоларимиз шерик эканликлари айтилгани йўқ. Мен юртимизга шуҳрат келтирган улуғ боболаримизни ҳам аёл туққан, сут берган, боқиб ўстирган, демоқчи эмасман. Бу ишларни ҳамма аёллар ҳам қилмоқда. Мен ҳақиқий инсонларни тарбиялаган, уларни юқори инсоний чўққида тутиб турган аёллар ҳақида гапирмоқдаман. Ҳар бир тирик инсон икки оёғи билан тик турганидек, ҳар бир жамият ҳам икки бўлаги-эркак ва аёл билан тик бўлади, ишларини адо этади. Эркакларни тўғри йўлга солиб, уларни катта зафарлар сари чорлашда аёлларнинг ўрни беқиёс. Юртимиз тарихини ўрганганлар ушбу ҳақиқатни тушуниб етганлар. Бу юртнинг бошига қанчалик оғир кунлар тушмасин, қанчалик муваффақиятсизликлар бўлмасин, бари-бир яна қаддини кўтариб, олға кетаверишида аёллари бош ўринни эгаллаганликларини аниқлаганлар. Мағлубиятга учраган, тушкунликка тушган эркакда янгидан умид пайдо бўлиши, оғир давонларни ошиши, қийинчиликларни енгишда аёл асосий ўрин тутушини яхши билишди. Ислом таълимотлари билан суғорилган, Аллоҳга иймонлари бақувват, қиёматдан умиди бор момоларимиз ўзларига юклатилган вазифаларни шараф билан адо этишганда, юртимизга муваффақиятлар ёр бўлган. Имом Бухорий, Ибн Сино, Фаробий, ал-Хоразмий, Имом Термизий, Улуғбек, Навоий каби сонсиз-саноқсиз алломаларимиз, шоир ва фозилларимиз шуҳратларининг ярми уларниннг мўмина, муслима оналари, аёллариники эканини ким рад эта олади? Шунингдек, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби улуғ давлат арбоблари, буюк саркардаларни, уларнинг шерюрак аскарларини зафарларга чорлаган аёлларимиз эмасми? Эркак киши ҳар қандай ҳолда ҳам аёл кишига мурожаат қилишга мажбур. Қийин ҳолда қолган эркакка онаси, хотини, опа-синглиси, қизи ёки бирор аёл қариндоши ўз меҳри, доно маслаҳати билан қайтадан умидворлик руҳини солиши турган гап. Ёки муваффақиятга эришиб, ғурурланиб турган эркакни камтарликка чақириши осон. Ўтган даврдаги аёлларимиз шу вазифаларни олий даражада адо этганлари учун юртимиз ҳар қандай қийинчиликдан сўнг ҳам қаддини тезда тиклаб олаверган. Ўша даврдаги аёлларимиз отаси ёки эрини ишга кузатаётиб: “Ой бориб омон келинг, аммо бизга ҳалол ризқ келтиринг. Биз очликка чидаймиз-у, ҳаром луқма сабабли у дунё азобидан қўрқамиз”, дейишган. Қизидан ёки хотинидан бу гапни эшитиб йўлга чиққан эркак, ҳеч қачон ҳаромга қўл урмайди. Маъсума оналармиздан бирлари сафарга кетаётган ўғлининг чопонига тилло тангаларни тикар экан, ўғлим сенга насиҳатим, ҳеч ёлғон гапирмагин, дептилар. Йўлда қароқчилар карвондаги ҳамма молу мулкни тортиб олибди. Ўғрибоши ҳалиги йигитнинг олдига келиб, яна: “Ниманг бор?” дебди. Йигит: “Онам чопонимга тиккан тиллоларим бор”, деб жавоб берибди. Ўғрибоши: “Сен қизиқ одам экансан, ўзинг айтмасанг, тиллоларингни қаёқдан билар эдик”, дебди. Шунда йигит: “Менга онам ҳеч ёлғон гапирмагин, деганлар”, жавобини айтибди. Бу ўғрибошига қаттиқ таъсир қилиб, онасининг насиҳатига амал қилган йигит шарофатидан ҳамманинг молу-мулкини қайтариб берибди. Ўзи эса йигитлари билан тавба қилиб, аҳли солиҳ кишилар орасидан ўрин олибди. Айтинг-чи, шундай оналари бор жамиятда ахлоқсизлик бўладими? Ўз йигитлари билан душман қуршовида беомон жанг қилган мард ўғлон, қариб, икки кўзи кўрмай қолган онасининг олдига кирди. Она ўғлидан ҳол сўради. Ўғил, тинимсиз жанглардан сўнг қуршовда ёлғиз ўзим қолдим, деди. Она “Чиқиб душман билан жангни давом эттир. Бу ерда нима қилиб ўтирибсан ёки ўлимдан қўрқасанми?” деди. Ўғил, “Онажон, сиз мени ўлимдан қўрқмайдиган қилиб тарбияладингиз, мен фақат ўлимимдан сўнг жасадимни қиймалашармикан, деб ўйлаяпман”, деди. Она “Болам чиқ, душман билан уруш, сўйилган қўйнинг терисини шилди нима-ю, шилмади нима, барибир эмасми?” деди. Ўғил чиқиб, ёлғиз ўзи охирги томчи қони қолгунча жанг қилиб, шаҳид бўлди.

Ҳозиргина зикр қилинган уч мисол мақоланинг бадиий безаги эмас. Бир-икки марта бўлиб ўтган нодир мисол ҳам эмас. Балки, Воқеъликда бўлиб ўтган, ҳужжатла исбот бўлган ҳодисалар. Булар қадимги аёлларимизнинг олий маънавиятлари денгизидан бир томчи, холос. Бизга худди мўъжизадек бўлиб кўринаётган бу ишлар улар учун оддий кундалик бурч ҳисобланган. Ўз масъулиятини тўла тушунтириб етган, етарли тарбия топган, ҳақиқий фозил жамиятнинг аёллари учун бу ишлар мақтаниб юришга восита ҳам ҳисобланмайди. Ана шундай аёллари бор жамият мағлубиятга ҳам учрамайди, тушкунликка ҳам тушмайди. Душманлар узоқ давом этган ўрганишлардан сўнг бу ҳақиқатни англаб етдилар. Мусулмонларни енгиш учун уларнинг метин қалъаси оилани ва оиланинг гултожи-аёлни бузиш керак, деган қарорга келдилар. Бугунгача Париж коммунасидан бошлаб давом этган бузғунчилик ҳаракатлари самараси ўлароқ, ғарбдаги аёлларни арзон иш кучи сифатида кўчага чиқариб, сўнгра матоҳ сифатида ўйин қилиб бузиб бўлинган эди. Тенглик, озодлик каби ялтироқ шиорларни ишга солиб, аёлларни “озод” қилиш ишлари авж олиб, мусулмон дунёсига ҳам кириб келди. Хусусан, бу қабиҳ режа бизнинг юртимизда коммунистлар қўли билан амалга оширилди. “Ҳужум” номли бузғунчилик оқибатида нима ишлар бўлганини ҳамма яхши билади. Давлат куч билан аёлларнинг кийими, тафаккури, поклиги ва бошқа қадриятлари, энг асосисийси дин-диёнати, иймон-эътиқодига ҳужум бошлади. Бу хил бедодликлар бошқа ўлкаларда бўлмаган бўлса керак. Оқибатда, аёлларимиз аста-секин издан чиқиб бордилар. Ор-номус, шарм-ҳаё ва бошқа шунга ўхшаш тушунчалар ўлчови ҳам ўзгарди. Жамиятнинг ўзи билан унинг латофатли қисми бўлган аёллар ҳам коммунистик мафкура заҳри билан заҳарланди. Бошқа юртларда аёллар бир-икки тарафдан бузилган бўлса, бизда ҳамма тарафдан бузила бошлади. Ҳозирги пайтда аёл ҳаётининг қайси соҳасига қарасангиз, ҳаммасида ҳақсизлик, зулм ва истибдод. Аёлларга оила, жамият, соғлиқ, меҳнат ва бошқа соҳаларда етган зулмлар ҳақида қайта қуриш ва демократия даврида кераклича ёзилди, айтилди. Аёлларнинг шу ҳолатга тушиб қолишларига, энг аввало, эркаклар сабабчи. Онасини ночор ҳолга солиб қўйган эркак қандай эркак? Хотинини, қизини, опасинглисини ноқулай ҳолга солиб қўйиб, қараб турган эркак қандай эркак?! Воқеъликдан бир мисол, мактабга рўмол ўраб келган қизчаларни, мудир, илмий мудир ва муаллимлар қистовга олиб, ўқишдан ҳайдайман деб, рўмолини ечиришга қаттиқ турганликларини ҳаммамиз кўрдик. Шунингдек, тез-тез чет элга бориб танфуришлик қилиб, халқимиз номига доғ тушираётганларни ҳам кўриб билиб турибмиз. Аммо уларнинг йўлини тўсишни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Қолгани ўзимизга ҳавола.

Менимча, аёлларимизнинг ҳозирги таҳликали ҳолатини бартараф этиш осонлик ила бўлмайди. Бу масалага жиддий эътибор бериб, аввало аёлларнинг ўзларига кимликларини англатиш лозим. Улар, коммунистлар ўйлагинидек, бу дунёнинг ўткинчи матоҳи ёки ишлаб чиқариш воситаси эмаслар. Улар Аллоҳ мукаррам қилган Бани Одамнинг тенг ярми, латиф қисми. Улар аёл деган мўътабар номга лойиқ бўлишлари лозим. Аёллар қиз, опа-сингил, хотин ва ниҳоят она сифатида улуғланишга ва ўз ҳақҳуқуқларининг тўла эгаси бўлишларига эришиш керак. Бунинг учун, аввало, аёлларнинг ўзлари ҳаракат қилишлари керак бўлади. Қанчалик бузилиш бўлмасин, бари-бир бизнинг аёлларимизда яхшилик томирлари сақланиб қолган. Агар ҳурфикрлик, эркинлик, халқнинг дардига қулоқ солиш, яъни, сиёсий таъбир билан айтилганда, демократия бўлса, бу томирлар дарров авж олиб, кўклай бошлашини қайта қуриш ва демократия вақтида кўрдик. Биргина мисол. Ўша пайтда бизда бола туғилишини камайтиришга кўрсатма берилди. Бизга Москвадан тазйиқ ўтказишларига қарамай, улар хоҳлаган фатвони чиқармаганмиз. Шунда аёлларимиз ажойиб фаолллик кўрсатдилар. “Болани биз туғамиз, биз боқамиз, биз тарбия қиламиз, сизларнинг ишингиз бўлмасин!” дедилар. Демак, бошқа масалаларни ҳал қилишда ҳам шундай оқилона ва шижоат билан фаоллик кўрсатишлари турган гап. Фақат, аёлларимиз ўзликларини англаб олишлари лозим. Қайси ватанда яшаётганликларини, кимнинг қизлари эканликлари, бу юртнинг ва унда яшаган инсонларнинг шонли тарихини, жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини, бир вақтлар бошқа халқларга устоз бўлганликларини билишлари керак. Шу билан бирга, ота-бобом бу бўлган, деб фахрланиш билан иш битмаслиги, ота-бобо ва она-момога муносиб фарзанд бўлиб, “мана менман!” дейиш учун ҳаракат қилмоқлик керак. Ўқиб ўрганиш, илм олиш, дину диёнатда, иймону эътиқодда мустаҳкам бўлиш асосий талаб ҳисобланади. Ана ўшанда, маҳаллий буқаламунлар, ҳар маҳаллага уч-тўрттадан овруполи оилаларга уй қуриб берайлик, улар бизникиларга маданият ўргатсин, демайди. Ана ўшанда, кўчада аёллар асфалт қуйиб, туғриқхонада эркаклар доялик қилмайди. Ана ўшанда, иймони тақозаси билан рўмол ўраган афифа қизларнинг бошидаги рўмолига биров чанг солмайди. Ана ўшанда, халқимиз номига доғ тушираётган беҳаёлар бузуқлик қила олмайди. Албатта, бу ишларни амалга оширишда асосий масъулият эркаклар бўйнида. Уларнинг эркаклик бурчи ўз юртидаги барча муаммолар қатори аёллар масаласини ҳам атрофлича, кенг асосда, ўзига яраша савияда ҳал қилишдир. Ҳозирги пайтда аёлларга боғлиқ муаммоларни бир-икки масала билан ҳал этишга урунилмоқда. “Аёл уйда ўтирсинми?” қабилидаги уруниш эса, чипта қопдан бўлган кўйлакка, атлас ямоқ солишга урунишга ўхшайди. Биз аёлларга хос муаммоларни дину-диёнат, маънавий қадрият, боболар тажрибаси ва бошқа қардош халқлар билан ҳамкорликда бутунлай ечиб, асл атласдан кийим тикишимиз керак. Ана шундагина аёллар масаласи юртимиз кўксига урилган заҳарли ханжар эмас, балки, бошига кийгизилган тожга айланади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР