У ўзининг «Ал-Жазира» телеканалининг жонли эфирида телетомошабиннинг «Ҳақиқатда ҳам жинлар инсон вужудини ишғол этиб, унга жойлашиб олиб, унинг номидан гапиришадими?» деган саволига берган жавобида “Мен бунга ҳеч қандай ишончли далил йўқ , билъакс Қуръон буни инкор этади, деб биламан”, деган.
Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Батаҳқиқ, биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик...» (Исро сураси, 70). Аллоҳ инсонни Ер юзида ҳукмдор, Ўзининг қули ва халифаси қилиб қўйди. Парвардигори олам инсонга бутун Ер юзини бўйсундириб, у ерда халифа қилиб қўйганидан кейин ҳам, уни жинларга бўйсундириб, унинг вужудини уларга ишғол эттириб, унинг номидан гапиртирадиган қилиб қўйиши мумкинми? Бу – бемаъниликку?!
Бизга Қуръондан маълумки, инсон жинларни бошқариши мумкин, бунга Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга жинлардан “бинокор”лардан тортиб, “ғаввос”ларигача “кишанланган” ҳолда бўйсундириб қўйгани далилдир (Сод сураси, 37-38). “У(жин)лар унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди...” (Сабаъ сураси, 13) ва ҳ.к.
Кўп ҳолатларда инсоннинг жиндан қудратлироқ эканлигини кўрамиз. У (Сулаймон): “Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга у (малика)нинг тахтини келтира олади?” деди. Жинлардан бўлган Ифрит: “Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Албатта, бунга қувватим ва ишончим бор”, деди. Китобдан илми бор шахс: “Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман”, деди... (Намл сураси, 38-40)
Яъни бири мажлис тугаши биланоқ 4-5 соатдан кейин, бошқаси кўз очиб юмгунча бажаришни ваъда қилишди. Ва шу иккинчиси Китобдан илми бор шахс, шубҳасиз, инсон эди. Ваҳоланки, мурожаат мажлисда иштирок этаётган жин ва инсонлардан ташкил топган илм аҳлига қаратилган эди. Фаришталар у ерда йўқ эдилар.
Жинларнинг инсонларни бошқариш масаласига келсак, бу ҳақда Қуръони Каримда, Қиёмат куни шайтон “...Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ижобат қилдингиз...” дейилади. ( Иброҳим сураси, 22).
Яъни, менинг устингиздан сизларни васваса қилишдан бошқа ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди, мен сизларни фақат васваса қилдим, сизлар қулоқ солдингиз.
Бир куни менга қизиқ воқеани айтиб беришган эди, бир жиноятчи банкдан катта миқдорда пул ўғирлаб, қозининг олдига боради ва ичига жин кириб, ўғирлик қилишга мажбур этганини айтади. Гувоҳ сифатида ўзини жинлардан ўқиб юрган шайхни олиб боради. Шайх жиноятчи ҳақиқатда жинлар билан чалинганини тасдиқлайди. Шунда қози улардан далил, яъни жинларни кўрсатишни талаб қилган экан...
Хулоса ўрнида
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ислом.Уз порталининг савол-жавоб саҳифасида жумладан қуйидагича деган:
"...Агар одам ўзининг ичига жин киради, деган эътиқодни қилса, унга ўша нарса бўлганга ўхшаб кўринаверади. Ақидаси мустаҳкам, Аллоҳ таолога қаттиқ ишонган, “бу нарса бўлиши мумкин эмас”, деб юрган одамларнинг ичига жин ҳам кирмайди, улар бундай васавасаларга учрашмайди ҳам. “Жин одамнинг ичига киради” деган гапни саволингизда зикр қилинган каби “қори”лар айтса, оми одамлар бу сафсатага “қори одам айтмоқда-ку”, дея яна ҳам қаттиқроқ ишонишади. Бир катта қори одамнинг шогирди шу ишни қилган экан, бу динга, Қуръони Каримга тўғри келмайди, гуноҳкор бўлибсан, деб менинг олдимга ўша шогирдини бошлаб келди. Мен унга ҳаммасини тушунтирдим. Аммо Қуръони Каримдан бир оз ёд олиб, “қори” бўлган одамнинг илми йўқ экан, кейин яна ўша ишини давом эттирибди. Айтмоқчиманки, бировнинг қори бўлиши одамларни алдаб қўймаслиги керак. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи имомлар ҳам шу ишни қилишади. Бу ҳам кўпчиликни алдаб қўймаслиги керак. Шунингдек, ўша жин чиқариш даъвосини қилаётган кишилар одамларга кўрсатаётган, телефонларга ёзиб олган кўринишлар ҳам одамларни алдаб қўймаслиги керак. Кўп марта такрорланганидек, бу нарсалар одамнинг ишонишига боғлиқ. Кейин фитна ва синов ҳам бўлади. Қадим замонлардаёқ мужтаҳид уламоларимиз “жин билан гаплашишни даъво қилган одамнинг шаҳодати (гувоҳлиги) соқит бўлади” деб фатво чиқарганлар. Шундай бўлгандан кейин жинкашлик қилиш, бундай ношаръий йўл билан пул топиш обрў келтирмайди, бу ор-номусни булғайди, шармандаликка сабаб бўлади. Чет элларда ҳам авваллари бу каби ҳолатлар бўлган. Жин чиқариш, азайимхонлик ва буларга ўхшаш нарсалар авж олиб кетган эди. Ҳозирда жинкашлик ва бошқа ишларни қилганлар тавба қилиб, одамларга узр айтдилар. Саудия Арабистонида ҳукумат маҳаллий ҳокимият вакили, миршаблар, диний олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалардан иборат махсус ҳайъатлар тузиб, жинкаш, фолбин ва шуларга ўхшаш тоифаларга қарши катта сафарбарликлар ўтказди. Мазкур жинкаш, азайимхон, фолбин ва бошқаларнинг ҳийла-найрангларини оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказиб, уларни шарманда қилишди. Бизга бу гаплар ўша тарафлардан кечроқ келгани учун ҳамон давом этмоқда, холос. Бизда ҳам уларга қарши қаттиқ чоралар кўрилса, яхши бўлар эди.“Одамнинг ичига жин кириб олади” деган гап бизда яқинда пайдо бўлди. Авваллари умуман бундай гаплар йўқ эди. Мисрда ўқиб келганлардан баъзилари ўша ердаги “жин чиқарувчи”лардан бу ишни ўрганиб келишди. Мен бу гапни жин билан ўралашганларга айтган эдим, улар тан олишди. Нимага бошқаларнинг ичига эмас, фақат мусулмонларнинг ичига жин киради, деган саволга ҳам жавоб бера олишмади. Энг ёмони, бу ишларнинг ҳаммаси пул учун қилинади. Гўё жин кирганга бепул дам соладиган “жин чиқарувчи”ни кўрганимиз-билганимиз йўқ. Шариатда жинга қарши дам солишни касб қилиб олиш мутлақо мумкин эмас. Аввал айтиб ўтилганидек, Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш жин ва шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир. Одамлар ўзлари билган сураларини ўқиб, ўзларига дам солиб юришлари керак. Айниқса, ҳадисларда келган Фотиҳа, Кафирун, Ихлос, Фалақ, Нас каби сураларни ва “Курсий ояти”га ўхшаш оятларни ўқиб ўзига дам солиб юриш жуда ҳам манфаатлидир".
Абу Муслим тайёрлаган