Тожикистонлик 8 минг киши СВОга жўнатилди, деб маълум қилинди РФ Жамоатчилик палатаси йиғилишида.
Халқаро Ислом миссияси раиси, муфтий Шафиқ Пшихачев Россия Федерацияси Жамоатчилик палатаси йиғилишида берган баёнотига кўра, Россия ҳарбийлари билан елкама-елка 8 минг нафар этник тожик махсус ҳарбий операцияда (СВО) жанг қилмоқда. Бу ҳақда «МК» хабар берди.
Пшихачевнинг фикрича, бугунги кунда «Крокус»даги терактнинг 19 нафар фигуранти тилга олинаётгани, аммо айни пайтда 8 минг нафар этник тожик Россия манфаатларини СВОда ҳимоя қилаётгани ноўриндир.
Муфтий собиқ СССР республикаларидан келганлар билан умумий қадриятларни мустаҳкамлашга, асосан – Улуғ Ватан урушидаги умумий ғалаба хотирасини қадрлашга чақирди.
Бундан ташқари, Ислом миссияси раиси миграция оқимлари билан бирга Россияга «сохта диний шиорлар остидаги экстремизм»нинг кириб келиши муаммосига эътибор қаратди ва бу салбий ҳодисага қарши изчил кураш олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
РФ Жамоатчилик палатасининг Хавфсизлик ва ЖТО билан ҳамкорлик бўйича комиссияси раиси Михаил Аничкин ўз навбатида Россия мусулмонларини радикал кайфиятдаги элементларнинг таъсиридан ҳимоя қилишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Россияга келаётган кўплаб муҳожирлар на умумий маълумотга, на ўз динлари ҳақидаги билимга эга эмаслар. Аничкин Ислом ҳақидаги парча-парча билимларни бу одамлар турли хил ваъзхонлардан олишларини қайд этди.
Йиғилиш иштирокчилари Россияда турли конфессиялар вакилларининг тинч-тотув яшаши миллий хавфсизликнинг гарови эканлиги ҳақида умумий фикр билдирдилар.
Ўтган йилнинг кузида Россия Мусулмонлари диний мажлиси раиси, муфтий Албир Крганов СВО иштирокчилари сони 200 минг мусулмон эканини маълум қилган эди. Ўшандан бери уларнинг сони сезиларли даражада ошган.
Абу Муслим
(профессор, сиёсий таҳлилчи)
