Футбол оддий ўйин эмас, дейишади. Лекин баъзи жамоалар борки, уларга мухлислик қилиш шунчаки ҳавас ёки қизиқиш даражасидан чиқиб, аста-секин руҳий ҳолатга, ҳатто касалликка ўхшаб қолади. Шу маънода қаралса, FC Barcelonaга мухлислик қилиш кўп ҳолларда соғлом муносабатдан узоқлашиб кетган ҳолатни эслатади.
Барселона мухлиси доим ўтмиш билан яшайди. Унинг хотирасида Пеп даври, Месси мўъжизалари, «тики-така» романтикаси айланиб юради. Ҳозирги реал ҳолат эса шу хотиралар билан солиштирилгани учун янада оғриқли қабул қилинади. Ҳар мағлубият фақат ҳисобдаги ютқазиш эмас, балки «қадриятлар емирилиши» сифатида қабул қилинади. Бу эса соғлом футбол муҳокамасидан кўра руҳий азобга яқин.
Касалликка ўхшаш жиҳат шундаки, Барселона мухлиси доим ўз жамоасини оқлашга мажбур. Ҳакам айбдор, майдон ёмон, об-ҳаво тўғри келмади, рақиб омадли бўлди. Ҳатто очиқ-ойдин устун бўлган Real Madridга қарши мағлубият ҳам «тасодиф» деб изоҳланади. Бу инкор механизми эса ҳар қандай касалликда учрайдиган классик белгидир. (Аслида эса, Барса Реалда паст жамоа)
Яна бир аломат — умид билан ўз-ўзини азоблаш. Ҳар мавсум бошида «энди қайта туғиламиз» деган ишонч пайдо бўлади. Ёшлар келди, янги лойиҳа, янги мураббий. Лекин бир неча ой ўтиб, ўша эски сценарий: асаб, хафалик, ижтимоий тармоқларда бақириш, ҳақорат ва йиғи, Реални тан олмаслик. Соғлом мухлис ютқазишни қабул қилади, Барселона мухлиси эса уни шахсий фожиага айлантиради.
Энг хавфли жиҳати — реалликдан узилиш. Замонавий футбол натижа, барқарорлик ва психологик мустаҳкамликни талаб қилади. Барселона мухлиси эса ҳали ҳам «гўзал ўйин» афсонаси билан яшаб, натижа иккинчи даражали, деб ўзини алдайди. Лекин футболда афсона билан соврин олиб бўлмайди. Реал зўр эканини тан олиш бмилан бу касаллик ўтиб кетади, аммо касалликлари бунга йўл бермайди...
Хулоса қилиб айтганда, Барселонага мухлислик қилишнинг ўзи эмас, балки уни мутлақлаштириш касалликка ўхшайди. Агар мухлислик инсонни хурсанд қилиш ўрнига доим асабий, аламзада ва ўтмишга боғланган ҳолатга солиб қўяётган бўлса — демак, бу энди шунчаки футбол эмас. Бу — даволаниши керак бўлган муҳаббат.
Абу Муслим (профессор)
