Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган операция натижасида ҳибсга олинган Sputnik Озарбайжон директори Игор Картавих ва ходими Евгений Белоусовга нисбатан суд мажлислари бўлиб ўтади.
Тегишли тақдимнома Боку шаҳрининг Хатаий туман судида кўриб чиқилади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон элчиси Раҳмон Мустафаевга «Россиялик журналистларни дарҳол озод қилиш талаби» билан оғзаки нота топширди.
Бу ҳақда РФ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилади.
Озарбайжон элчисини РФ Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин қабул қилди.
Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан «Россия сегодня» ахборот агентлигининг Бокудаги филиалида (Sputnik Озарбайжон) ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида етти киши ҳибсга олинди.
Фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик, жиноий йўл билан олинган мулкни легаллаштириш бўйича Озарбайжон Жиноят кодекси моддалари асосида қўзғатилган жиноят иши бўйича икки киши ҳибсга олинди, яна беш киши жиноий жавобгарликка тортилди.
Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Россия Боку билан тўғридан-тўғри алоқалар орқали Озарбайжонда ҳибсга олинган Sputnik Озарбайжон агентлиги ходимларининг озод қилинишига эришишга умид қилмоқда.
«Биз яқин келажакда Озарбайжон томони билан тўғридан-тўғри алоқалар орқали уларни озод қилишга муваффақ бўлишимизга умид қиламиз», - деди Песков.
Озарбайжон ОАВлари ёзишича, Sputnik-Озарбайжон офисида тинтув ўтказилганидан сўнг полиция томонидан 7 киши ҳибсга олинган, улардан икки нафари ҳибсга олинган.
РФ Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган Озарбайжоннинг Москвадаги элчиси Раҳмон Мустафаев вазирлик биносини тарк этди. У дипломатик идорада бир соатга яқин вақт ўтказди, дея хабар беради ТАСС.
Элчи Смоленск майдонидаги вазирлик биносини изоҳсиз тарк этди.
