Москва патриархати ташқи черковлар ўртасидаги алоқалар бўлимининг раиси митрополит Иларион яқинда маълум қилдики, Константинопол патриархати Украинани Москва патриархати каноник ҳудудидан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қиладиган бўлса, Рус православ черкови олдида Константинопол патриархати билан алоқаларни узишдан бошқа чора қолмайди.
Низо сабаблари
Икки черков ўртасидаги ихтилофларнинг асосий сабабларини қисқача қуйидагича ифодалаш мумкин.
1. На Москва патриархати, на бошқа ҳар қандай православ черков Константинопол патриархатининг православ дунёсида биринчи ўринни эгаллаб турганлигига ҳеч қандай эътироз билдирмайди. Лекин Москва патриархати ва бошқа айрим православ черковларнинг таъкидлашича, Фанар патриархати фақат «ҳурмат-иззат» нуқтаи назаридан биринчи ҳисобланади. Бошқача қилиб айтганда, русларнинг сўзларига кўра: «Биз насронийликни Византиядан қабул қилганлигимиз сабабли Константинопол патриархатига чексиз ҳурмат билан муносабатдамиз ва унинг биринчи ўриндалигини тан оламиз. Лекин бу уларга православ дунёсида ўзини худди Католикларда Рим Папаси каби тутиш ва бошқа мамлакатларнин ички ишларига аралашиш ҳуқуқини бермайди. Бундан ташқари, Фанар патриархати жамоаси асосан Истанбулда яшайдиган бир неча минг кишидан иборат, холос. бизнинг черков қавми эса икки юз миллион кишидан ортиқ. Бунинг устига, усмонлилар ҳукмронлиги даврида Фанарга айнан биз молиявий ёрдам кўрсатардик. Агар Фанар ва Усмонийлар салтанатида яшаган бошқа православларга ҳеч ким тегмаган бўлса, демак бу ҳам фақат руслар туфайлидир. Чунки православлар ҳомийси – руслар». Яъни, моҳиятан, улар: «Ҳа, биз тарихий анъаналар кучини ҳурмат қиламиз. Лекин бундан буён ҳақиқий куч - биз» дейди.
2. АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасида совуқ уруш бошланган 1940-йилларнинг ўрталаридан бошлаб совет ҳукумати Москва патриархатини қўллаб-қувватлади, АҚШ эса Константинопол патриархатига ёрдам кўрсатарди. АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасида аҳолининг асосий қисмини православлар ташкил қиладиган Болқон мамлакатларида таъсир доираси учун кураши диний соҳада ҳам ўз аксини топди. (ўз тарихий даврларининг аксариятида диний муассасаларга қаттиқ босим ўтказган СССР каби диндан узоқ бўлган мамлакатнинг черковдан фойдаланиши ғалати бўлиб кўриниши мумкин, лекин Иккинчи жаҳон уруши йилларида советлар етакчиси Сталин ўзининг динга босим кўрсатиш сиёсатини юмшатишга ва айрим соҳаларда диний муассасалардан фойдаланишга қарор қилди). Шу пайтдан бошлаб Кремл маъмурияти Рус православ черовини (Москва патриархати), Ғарб эса – Фанардаги Константинополь патриархатини қўллаб-қувватлайди. АҚШ ва ЕИ қатор йиллар мобайнида Туркиядан Фанар патриархати учун кенг ваколатлар тақдим этишни талаб қилиши (Фанарнинг «бутун жаҳон» мавқеини тан олиш) Истанбулнинг греклар жамоаси диний ҳуқуқлари билан эмас, Шарқий Европада таъсир учун кураш билан боғлиқ эди.
Шундай қилиб, биз оддийгина диний тўқнашувга эмас, балки Россия ва Ғарб ўртасида таъсир доираси учун кураш доирасида диний фронтларда олиб борилаётган қарама-қаршиликка дуч келмоқдамиз.
Ҳозирги муносабатларнинг издан чиқиши ва инқирознинг авж олишига Украина сабабчи бўлди. Ғарб мамлакатлари тарафдори бўлиб олган Украина маъмурияти Константинопол патриархатига Украинани Москва каноник маконидан чиқариш ва Украинада миллатчилик кайфиятидаги руҳонийлар ташкил қилган православ черковини тан олишни сўраб мурожаат қилди. Украина маъмурияти шу йилнинг май ойида Константинопол патриархати бу масала бўйича ижобий қарор қабул қилишини кутганди. Бироқ Москва патриархати томонидан Фанарга нисбатан кўрилган ҳаракатлар туфайли қарор кечиктирилди. Ва ниҳоят, ўтган август ойида Москва патриархи Кирилл шахсан Истанбулга ташриф буюрди ва Фанар патриархи билан учрашди. Бироқ, эълон қилинган музокаралар якунларига кўра, Фанар патриархати бу сафар Украинани Россиянинг таъсир доирасидан олиб чиқишга қатъий қарор қилганлигини намойиш этди.
Фанар патриархатиниг ўтган ҳафта берган баёнотида қайд этилишича, Украинада Россиядан мустақил бўлган черков ташкил қилиш бу –Константинопол патриархати ваколатлари доирасидаги масала, барча православ черковлар кенгашининг эмас. Бу баёнот Москва патриархатининг кескин норозилигига сабабчи бўлди. Москва патриархатининг Украина православ черкови матбуот хизматининг бошлиғи Василий Анисимов, Фанар патриархати иғвогарлик қуролига айланганини айтиб, қуйидаги фикр билдирди: «Бу сўзларни ўзини ҳурмат қиладиган черков иерархи айтганлигига ишониш қийин», - ва Фанар ҳаракатларини «аҳмоқона» деб атади.
7 сентябрдаги Фанар патриархати Украинага мустақил кузатувчиларни юбориши ҳақидаги баёнот эса кескинликнинг янада кучайишига олиб келди. Москва патриархатининг ташқи черковлар ўртасидаги алоқалар бўлими раиси митрополит Иларион бу қадам Москва патриархатининг каноник ҳудудига аралашув сифатида кўриб чиқилиши ва бу икки черков ўртасидаги алоқаларнинг узилишига олиб келишини айтди.
АҚШ: биз Украинада мустақил черковни қўллаб-қувватлаймиз
Шу аснода черковлар ўртасидаги низолар масаласи бўйича илгари у қадар ошкора позиция эгалламаган АҚШ эндиликда ўз муносабатини очиқроқ намойиш этмоқда. Масалан, Украина пойтахти Киев шаҳрига ташриф буюрган халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ махсус вакили Сэмюэль Браунбек (Samuel Braunbeck) Украина президенти Петр Порошенко билан учрашди ва АҚШ Украинанинг автокефал черковга эга бўлиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаши ва қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.
Украинанинг Россия ва Рус православ черкови учун аҳамияти
Россия учун иқтисодий ва геосиёсий аҳамият билан бир қаторда Украина рус халқи келиб чиққан жой ҳам ҳисобланади. (Русларнинг таъкидлашича, уларнинг тарихи IX асрдан XIII асргача мавжуд бўлган Киев Русига бориб тақалади, у рус давлати, Киев эса русларнинг биринчи пойтахти эди). Рус православ черкови ташкил топган йил сифатида 988 йил кўрсатилади, шу йили Киев Руси расмий дин сифатида насронийликни қабул қилганди. Шу аснода украин миллатчиларининг айтишича, Киев Руси бу – украин давлати, руслар эса этник гуруҳ сифатида анча кейин, шимолий-шарқ томон ҳаракатланаётган айрим қабилаларнинг туркийлар, татарлар ва финлар билан аралашиб кетиши натижасида пайдо бўлган.
Бундан ташқари, Украинада Рус православ черкови жамоасининг катта қисми ва энг йирик православ монастирлар жойлашган (уларнинг энг йириги - Киев-Печерск лавраси, узоқ вақтдан бери руслар учун зиёрат марказига айланган). Бундай шароитларда сиёсий қарашлар сифатида ғарбпарастлик ва украин миллатчилигини қабул қилган автокефал украин черковининг вужудга келиши бир томондан церкви, Россияни Украинага таъсир этиш имкониятидан маҳрум қилади ва шу билан бир пайтда украин жамиятида ғарбпарастлик ва Россияга қарши тенденцияларнинг кучайишига олиб келади (Украинада миллатчи черковлар босма матбуотда чоп этилган нашрларда ва ўз чиқишларида ғарбпарастлик ва Россияга қарши қарашларни ҳимоя қилади). Бошқа томондан, Россиянинг ўз миллий айнан бир хиллигини ташкил қилишга зарба берилади (масаланинг бу томони Украинадаги миллатчи руҳонийлар томонидан ҳам, Украина ҳукумати амалдорлари томонидан ҳам ошкора айтилмоқда).
Шу йилнинг октябрь ойида Истанбулда барча православ черковлар вакилларининг учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда ва унда Украина масаласи бўйича қарор қабул қилинади. Можно Константинопол патриархатининг Украинани Рус православ черковидан якуний ажратиш ҳақидаги қарори православ дунёсида инқирозга олиб келибгина қолмасдан, Рус православ черкови билан ички ва ташқи сиёсатда фаол ҳамкорлик қиладиган Кремл маъмурияти ва Ғарб ўртасидаги муносабатлардаги инқирозни янада чуқурлаштиради. Яқин кунларда биз воқеалар ривожига қараб мавзуни муҳокама қилишни давом эттирамиз.
Интернет манбалари асосида
Абу Муслим тайёрлади