loader
Foto

Тавҳид илмининг бошқа илмлардан афзаллиги

Қадим, Карим, вожибул вужуд (борлиги ўзгага боғлиқ бўлмаган) Аллоҳ таолога сўнгсиз ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ таоло айб ва нуқсон - сифатлардан покдир.

Раҳмат Набийси, уммат шафоатчиси, халққа Ҳақнинг ҳужжати Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.)га, аҳли байтларига, саҳобаларига, қиёматга қадар У зот (с.а.в.)га эргашувчиларга, У зот (с.а.в.)нинг йўлида бўлган мўминларга салот ва салом бўлсин!

Аллоҳ таолога энг муҳтож бўлган Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий, Аллоҳ таоло унга ва ота-онасига лутф ва марҳамат этсин. У киши айтади:

Бил(инг)ки: дин биносининг асоси бўлган Тавҳид илми, унда ўрганиладиганларга биноан, Китоб, Суннат ва Ижмои уммат далилларидан ташқари чиқмаслик, бидъат аҳли сингари фақат ақлий далиллар билан кифояланмаслик шарти билан илмлар-нинг энг шарафлисидир. Бидъат аҳли фақат ақлий далилларга суяниб аҳли сунна вал Жамоа йўлини тарк этдилар.

Имом Термизий ва бошқа “Сунан” китобларида ривоят қилинади: Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) бундай марҳамат этдилар:

“Бани Исроил етмиш икки гуруҳга бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг битта гуруҳидан бошқа ҳаммаси дўзахга киради”.

Саҳобалар: - Улар кимлар, ё Расуллуллоҳ? - деб сўрашди. Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат этдилар:

- Улар менинг ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлардир” (Ибн Можа: II, С. 1322, Ҳ №399; Термизггй, Имом, 18-боб).

Аҳмад ибн Ҳанбал ва Абу Довуд Ҳазрат Муовиядан ривоят қилган ҳадисда эса бундай келган:

“Етмиш икки гуруҳи жаҳаннамда, бир гуруҳи эса жаннатдадир. У бир гуруҳ жамоатдир”. Яъни, мусулмон умматининг кўп қисмидир. Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят этилади: “Уммати Муҳаммадия бузуқ йўлда бирлашмайди”. Бошқа ри-воятда бундай келган: “Сизлар жамоатдан ажралманглар”.

Суфён Саврий (р.а.)дан бундай ривоят этилган:

“Бир ёлғиз мужтаҳид тоғ чўққисида бўлса ҳам, унинг ўзи жамоатдир”. Яъни, у ёлғиз ўзи жамоат қилган амални адо этгани учун жамоат каби ҳисобланади. Ҳазрат Иброҳим (а.с) ҳақларида Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

“Ҳақиқатда Иброҳим (а.с) Ҳақ динга йўналган, Аллоҳга этоат этгувчи бир уммат эди. У мушриклардан эмас эди” (На$л сураси, 120-оят).

Шоир шеърида бундай дейди:

“Бир кишида бутун дунёни жам этиш Аллоҳ таолога муҳол эрмас.”

Ибн Аббос (р.а.) бундай деганлар:

“Аллоҳ таоло Қуръони каримни ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилувчиларни дунёда тўғри йўлдан адашмаслигини, охиратда заҳмат ва изтироб чекмаслигини ваъда этган”.

Ибн Аббос (р.а.) ана шундай деб сўнг бу ояти каримани ўқидилар:

“Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас” (Тоҳо сураси, 123-оят).

Кўпчилик салаф олимлари ва улардан кейинги баъзи олимлар Калом илмини ва унга эргашган мантиқ илмини хуш кўрмадилар. Ҳатто Имом Абу Юсуф Бишр ал-Марийсийга бундай деган эдилар: “Калом илмини билиш жаҳолатдир, калом илмини билмаслик эса илмдир”.

Имом Абу Юсуф у гаплари билан аҳли суннадан бўлмаган мўътазила каби бидъат аҳлининг эътиқодини назарда тутганлар. Чунки ал-Марийсий адашганлиги билан машҳур эди. Аслида, Китоб ва суннатга асосланган Калом илми фойдали илмдир.

Яна Имоми Абу Юсуфдан бундай нақл этилади: “Каломни ўрганиш билан илм истаган зиндиқ бўлади, кимё орқали мол тўплашни истаган камбағал бўлади, ғариб ҳадисларни ўрганган ёлғончи бўлади”.

Имом Шофиъий (р.а.) бундай деганлар:

“Аҳли калом ҳақидаги ҳукмим будир: “Уларни хурмонинг арчилган ҳўл чивиқлари ва кавишлар билан уриб, элма-эл, элатма-элат айлантириш керак”. Имом Шофиъий шу сўзлари билан “Китоб ва Суннатни тарк этиб, бидъат аҳли Каломига мурожаат қилганларнинг жазоси ана шудир”, деганлар.

Шоир бир шеърида бундай дер:

“Куръондан бошқа илмлар адаштирур,

Аммо ҳадис ва фиқҳ, бил, ундай эмас”.

“Қола” ва “Ҳаддасана” бўлган илм илмдир,

Улардан ўзгаси шайтоний васваса.

Имом Шофиъий яна бундай деганлар:

“Банданинг ширкдан бошқа ҳамма гуноҳларни қилиб оламдан ўтиши Калом илмининг бир қисмини ўрганиб оламдан ўтишидан яхшидир”. (Бу ерда Калом илмини ғояга етишмоқ учун бир восита эмас, мақсад қилиб олганлар назарда тутилган - мутаржим).

Имом Шофиъий яна бундай деганлар:

“Калом аҳлидан мусулмон гапиради деб ўйламаганим гапни эшитдим”.

Ханафий уламолари фатво китобларида бундай зикр этганлар: “Бир киши молини шаҳарининг олимларига васият қилса, калом илми билан шуғулланадиганлар у васиятга дохил бўлмайди. Бир киши кутубхонасидаги илмий китобларни вақф этилишини васият этса, салаф олимлари унинг кутубхонасидаги калом илмига оид китоблар вақф бўлмайди, улар сотилади”, деб фатво берганлар. Бу фатво “Фатовойи Зоҳирия”да зикр этилган.

Бу мавзуда шоир бундай гўзал марҳамат этмиш:

Эй илм излаб, йўлга чиққан инсон ўғли!

Билсанг, барча илм Пайғамбар илмининг кули,

Асосни тузатмок, учун сен илм истарсан, Асослар асосин қандай унутдинг?!

Баъзилар калом илмини фарзи кифоя деса, баъзилар фарзи айндир, чунки у ибодатларнинг энг афзали ва мукаммалидир. Калом илми билан тавҳид (Аллоҳ таолонинг зотида, исм ва сифатларида ягоналиги) ўрганилади, Аллоҳ таолонинг дини муҳофаза этилади, дейди.

Пайғамбарларнинг афзали, жаноби Ҳазрат Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)га эргашиш барча мусулмонларга вожибдир. Аллоҳ таоло Ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) шонларининг юксаклиги ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Бас, Роббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқар-ган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар” (Нисо сураси, 65-оят).

Ким динга оид бирор масалада Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.)дан собит бўлган ҳукмдан бошқа ҳукмни беришни истаса ва шу ишини яхши деб ҳисобласа, адашади. Зеро, Ҳазрат Пайғамбар (с.а.в.) келтирганлари кофийдир, етарлидир, шифодир. У зот (с.а.в.) келтирганларида бирор нарса четда қолмаган. Нима ҳақ, нима ботил эканлиги очиқ баён этилган. Аллоҳ таоло марҳамат этади:

“Ҳақни ноҳақлик билан қориштирмангиз ҳамда била туриб, ҳақиқатни яширмангиз!” (Бақара сураси, 42-оят).

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР