loader
Foto

Ҳадис илмининг фазилатлари ҳақида

Ҳадис илмининг энг муҳим бешта фазилати мавжуд:

1. Ҳадис илми Қуръони Каримдан кейинги энг афзал илм

Қуръони Каримдан кейин мавзуси, мақсади ва ғояси эътиборидан энг шарафли ва афзал илм ҳадис илмидир. Ҳатто жумҳур муҳаддис ва мутакаллим уламолар наздида, тафсир илмидан ҳам ҳадис илми афзал экан. Чунки тафсир илмининг мавзуси ҳарф ва товушдан иборат, ҳодис бўлган лафзий каломдир. Ҳадис илмининг мавзуси юқорида айтилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотларидир. Барча уламоларнинг иттифоқига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотлари барча махлуқотлардан, ҳатто Арш, Курсий ва Байтуллохдан ҳам афзалдир. Айнан мавзусининг афзаллиги эътиборидан тафсир илмидан ҳадис илмини устун кўришган. Чунки илмнинг шарофати унинг мавзусига қараб белгиланади.

2. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадис ўрганиб, уни бошқаларга етказган кишиларни дуо қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ҳадис ўқувчиларга, уни ўқитганлар ва етказганларга ниҳоятда кўп дуолар келган. Бу эса улуғ саодатдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Мендан бир нарса эшитиб, уни эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Гоҳида етказилган киши эшитувчидан кўра сақлагувчироқ бўлади» (Термизий ривоят қилган ва «бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ», деб айтган).

Бу дегани баъзилар муҳаддис бўлсада, фақиҳ бўлмаслиги мумкин. Фақиҳлар ўша муҳаддисдан ҳадисни олиб, ундан аҳкомлар чиқаришлари мумкин. Бу ўриндаги бизга эътиборли жиҳат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан ҳадисни эшитган, уни етказган кишиларга дуо қилинмокда. Бу ҳам мазкур илмнинг фазилати ҳисобланади.

3. Ҳадис илми билан машғул бўлганлар пайғамбаримиз алай-хиссаломга ўринбосар бўладилар.

Бу ҳақида ҳадис шарифда шундай дейилган:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, менинг ўрин-босарларимга раҳм қилгин», дедилар. Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўринбосарларингиз кимлар?» дедик. У зот: «Ҳадисларимни ривоят қилиб, уни инсонларга таълим берадиган кишилардир», дедилар (Табароний «Муъжамул Авсат»да ривоят ҳилган).

Бундан маълум бўладики, ҳадисни ўрганиш, уни тарқатиш, одамларга етказиш ва таълим бериш Пайғамбар алайҳиссаломга ўринбосарлик нишонаси экан. Чунки у зотнинг асосий вазифалари Исломни етказиш эди. Ҳадисни етказиш билан эса, Исломни етказишнинг энг муҳим қисмларидан бири амалга ошади.

4. Ҳадис илми билан шуғулланган киши, Набий алайҳиссаломга кўп салавот айтгани учун у зотга қиёмат куни энг яқин кишилардан бўлади.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи, менга энг кўп салавот айтганидир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Ҳадис ўқиган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-роқ салавот айтади. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтса қиёмат куни У зотга кўпроқ яқин бўлар экан.

5. Ҳадис ва суннатнинг фазилати борасида уламоларнинг айтган фикрлари.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: «Агар суннат бўлмаганда ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик», деганлар.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: «Имомлар айтган сўзнинг ҳаммаси суннатнинг шарҳи. Суннат айтган сўзнинг ҳаммаси Қуръоннинг шарҳидир», деганлар.

Довуд Зоҳирий: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билмаган, унинг саҳиҳидан сақимини (яъни саҳиҳ бўлмаганини) ажрата олмаган киши олим эмас», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: «Иснод диндандир. Агар иснод бўлмаса хоҳлаган киши хоҳлаган гапини айтарди», деганлар.

Исломнинг фазилатларидан бири бу - санад (яъни ривоят қил-гувчи шахслар силсиласини тўлиқ баён қилиш)дир. Агар шу санадни тўлиқ баён қилиш бўлмаганида, истаган киши истаган сўзини айтарди. Шунинг учун ҳам бирор киши бир гапни гапирса, ундан «Қани, бу гапни қаердан олдинг? Унинг санади қандай?» деб сўралади. Агар айтилган сўзнинг санади ишончли бўлса қабул қилинади, акс ҳолда қабул қилинмайди.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан