loader
Foto

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари

Аллоҳ таоло Ўзининг исмлари ва сифатлари билан ҳамиша бўлган ва ҳамиша бўлади. Унинг ҳеч бир исми ва сифати кейин пайдо бўлмаган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳамиша камол сифатлар билан сифатланган, жамол (гўзал) ва жалол (улуғ) сифатлар билан танилгандир. Аллоҳ таолонинг ҳамма исмлари, барча сифатлари азалийдир, кейин пайдо бўлмагандир ёки янгидан яратилмагандир, абадийдир, ниҳояси йўқдир. Аллоҳ таолонинг сифатларидан бирор сифати, исмларидан бирор исми янгидан пайдо бўлмаган. Жаноби Ҳақ вожибул вужуддир, борлиги Ўзгага боғлиқ эмасдир, Зотида ва сифатларида комилдир, нуқсонсиздир. Унинг бирор сифати кейин пайдо бўлган, ёхуд сифатларидан бирор сифати йўқ бўлса, Унинг камол мақомида нуқсон бўлар эди. Бу Аллоҳ ҳақида муҳолдир, мумкин эмасдир. Аллоҳ таолонинг барча сифатлари азалий ва абадийдир.

Машҳур бир савол бор. У савол будир: Аллоҳ таолонинг каломи, Қуръони каримда кўп хабарлар ўтган замон лафзи билан келган. Масалан:

“Биз Нуҳни қавмига юбордик”.

“Мусо деди...”

“Фиръавн Аллоҳга исён этди”. Ҳали бўлмаган нарсадан ўтган замон лафзи билан хабар бериш ёлғондир. Аллоҳ таоло ёлғон айтиши мумкин эмас!

Саволнинг жавоби бундай: Аллоҳ таолонинг хабарлари азалда ўтган замон ёҳуд ҳозирги ё келажак замон билан сифатланмайди. Чунки Аллоҳ таоло наздида замон йўқ! Аллоҳ таоло хабарлари ўтган, ҳозирги ва келаси замон билан боғлиқ бўладиганларга кўра сифатланади, халос. Яъни бундай дейилади: Нуҳ алайҳиссаломнинг пайғамбар қилиб юборилиши ҳақидаги хабар Аллоҳ таолода мутлақ (бирор замонга боғланмай) бўлган. У хабар азалда бўлган ва абадда ҳам бўлади. Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишидан олдин унга далолат қилувчи ибора: “Биз юборамиз”, бўлган. Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилгандан сўнг у ибора: “Биз юбордик” бўлди. Ўзгариш хабар лафзидадир. Аллоҳ таоло хабарида ўзгариш йўқ. Бу масала, Аллоҳ таолонинг илми ҳақида, Нуҳ алайҳиссаломнинг расул эканликлари ҳақидаги илм (билиш) Аллоҳ таолода азалда бўлган, абадда ҳам бўлади, дейишимиз кабидир. У илм Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлмасларидан олдин пайғамбар бўлишлари, Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан сўнг пайғамбар бўлганлари ҳақидаги илмдир. Ўзгариш илм (билиш) да эмас, маълумда, билинган нарсададир.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан