loader
Foto

Имом Абу Ҳанийфанинг сифатларни таъвил қилишдаги мазҳаблари

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг сифатлардаги мазҳаби-ўтган саҳобалар, табаъ тобеъинлар жумҳурининг мазҳабидир. Қисқасини айтганда, бу асрнинг энг яхшисининг мазҳаби бўлиб, сифатларда таъвил қилмаслик, уларни таъвил номи ила Қадария ва Муъаттила мазҳабларига ўхшаб инкор ҳам қилмасликдан иборатдир.

 Имом Аъзам ўзлари «ал-Фиқҳул Акбар»да айтганларидек: «У зот таолонинг қўли, юзи ва нафси бордир. Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган; юз, қўл ва нафс У зотга сифатлардир, кайфияти йўқдир. У зотнинг қўли - қудратидир ёки неъматидир, дейилмайди. Чунки, бунда сифатни йўқ қилиш бор. Бу аҳли қадар ва эътизолнинг гапидир. Лекин, У зотнинг қўли - кайфиятсиз сифатидир. У зотнинг ғазаби ва розилиги - сифатларидан икки сифат бўлиб, кайфиятсиздир». (ал-Фиқҳул Акбар Мулла Али Қорининг шарҳи билан 36 с.)

Аллома Али Қори Имомнинг гапларини шарҳ қилиб қуйидагиларни ёзади: «У зот»нинг, яъни Аллоҳ субҳанаҳунинг «қўли, юзи ва ва нафси бордир». Яъни, ўз зотига ва сифатига лойиқ равишда. «Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган юз», « У зотнинг юзидан бошқа ҳамма нарса ҳалок бўлувчидир», (Қасос сураси, 88)»Қаёқа бурилсангиз, ўша ёқда Аллоҳнинг юзи» (Бақара сураси, 115) ва «Жалол ва икром эгаси Роббинниг юзи боқий қолажак»(Раҳмон сураси, 27) оятларидаги каби. «Қўл»– «Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устидадир»(Фатҳ сураси, 10), оятидаги каби. «Нафс»–Ийсо алайҳиссалом тилидан айтилган «Сен менинг нафсимдаги нарсанинг билурсан. Мен сенинг нафсингдаги нарсани билмасман»(Моида сураси, 116) оятидаги каби.

Аммо нафсни Аллоҳ таолога мушокала шаклида итлоқ қилиш мардуддир. (Яъни, юқоридаги оятда зикр қилинганга ўхшаб, бир нарса шаклига муқобил равишда келтириш). Чунки, нафс сўзи ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан муқобилсиз ҳам келган: «Сен худди Ўз нафсингга Ўзинг сано-мақтов айтгандексан». (ал-Фиқҳул Акбар шарҳи, 36 с.)

Эй , ҳанафийлар жамоаси! Улуғ имомимизнинг ақидаси мана шу. У кишининг шогирдлари Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ва Имом Зуфар раҳматуллоҳи алайҳиларнинг ва улардан бошқа миллатимиз фуқаҳоларининг ақийдаси шу. Имом ат-Таҳовий ўз ақийдасининг аввалида айтганидек: «Ушбулар аҳли сунна ва жамоанинг, миллатнинг фуқаҳолари Абу Ҳанийфа Нўъмон ибн Собит ал-Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳилар мазҳабига биноан ақийдасидир ва дин аслларида эътиқод қилиб, Роббул Оламийнга диёнат қиладиган нарсалардир». («ал-Ақийда ат-Таҳовия» матни 3 с.)

Бас, қаён кетмоқдасиз?! ўаззолий, Розий ва Тафтазонийларнинг этагини тутасизларми?! Ўки бидъат аҳли (сифатларни таъвил ва манфий қиладиганлар)нинг кўплигидан қўрқасизми?! Аммо муқаллид-тақлид қилувчининг суянадигани мужтаҳидини гапидир. Гумони эмас, гумони эмас!(Бухорий, «Мусалламус Субут», 7 с.)

Аллоҳ таолога дуо қилиб, бизни ва сизни ўтган солиҳларнинг йўлига, уларнинг соф ақийдасига ҳидоят қилишини сўраймиз.

«Бас Роббимиз жалла ва ало ваҳдоният сифатлари ила сифатлангандир, фардоният наътлари ила наътлангандир. Халойиқдан ҳеч бири У зотнинг маъносида эмасдир».

Шарҳ: Бу аввал зикр қилинган, тойишга ва поклашга эриша олмасликка сабаб бўладиган, сифатларни манфий қилиш ва ўхшатишдан сақланмасликни кенгроқ тушинтиришдир. Агар Аллоҳ таоло ваҳдоният сифатлари ила сифатланган бўлса, фардоният наътлари ила наътланган бўлса, хайиқдан бирортаси У зотнинг сифатларидан бирор сифат ила сифатланмайдиган бўлса, қандоқ қилиб, У зотдан сифатларни манфий қилиб бўлади? Қандоқ қилиб, У зотни махлуқларидан бирига ўхшатиб бўлади?

Васф ва наът мутародиф сўзлардир. Бир-бирига яқиндир. Васф зот эътиборидан, наът феъл эътиборидан ишлатилади.

Шунингдек, ваҳдоният ва фардоният ҳам мутародиф сўзлардир. Маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Ораларидаги фарқ шулки, ваҳдоният зот эътиборидан, фардоният сифат эътиборидан (якка - ягона мъносида) ишлатилади. Аллоҳ таоло зотида муваҳҳаддир, сифатида мунфариддир. Яъни, Аллоҳ таоло зотида ёлғиздир ва сифатида ягонадир.

Далил: Муаллифнинг мазкур гапи Ихлос сураси маъносидан олингандир. «Вахдоният сифатлари ила сифатлангандир», деган гапи эса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»(Ихлос сураси, 1) дан олингандир. Фардоният наътлари ила наътлангандир» деган гапи, «Аллоҳус Сомад»(Ихлос сураси, 1) дан олингандир. «Халойиқдан ҳеч бири У зотнинг маъносида эмасдир» деган гапи, «Валам якун лаҳу куфван аҳад»(Ихлос сураси, 1) дан олингандир.

Аллоҳ таолога дуо қилиб, бизни ва сизни ўтган салаф солиҳларнинг йўлига, уларнинг соф ақийдасига ҳидоят қилишини сўраймиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Талхийс"дан