“Абу Юсуф айтади: “Мен камбағал, кийимларим жулдур ҳолда фиқҳ, ҳадис илмидан таълим олар эдим. Бир куни Абу Ҳанифанинг олдида ўтирганимда отам келиб қолди. У билан бирга кетдим. Отам менга: “Ўғлим, Абу Ҳанифа билан бирга оёғингни чўзиб, ялпайиб ўтираверма. Чунки унинг нони тайёр, пишиб етилган. Сен эса пул топишинг керак”, - деди. Мен илм дарсларига бормай қўйдим, отамнинг айтганини қилганим яхши деб ўйлаган эдим. Абу Ҳанифа мени дарс ҳалқаларида кўрмагач, мен ҳақимда сўрабди. Шундан сўнг яна у зотнинг дарсларига қатнай бошладим. Бир муддат қўринмай қолиб, биринчи кун ҳузурларига борганимда: “Нима учун дарсга келмаяпсан?” деди. “Тирикчилик ва отамнинг буйруғи”, - дедим ва дарс ҳалқасига ўтирдим. Дарс тугаб, одамлар кетгач, у менга бир ҳамён бериб, “Буни ишлатгин”, - деди. Ичини очиб қарасам, юз дирҳам бор экан. У киши яна: “Дарс ҳалқасида иштирок этишга астойдил ҳаракат қил. Агар бу пул тугаса, менга айтгин”, - деди. Мен яна дарсларга доимий қатнаша бошладим. Бир оз вақт ўтгач, у менга яна юз дирҳам берди. У зот мени ўз қарамоғига олиб, таъминотимни қилиб турди. Мен у зотга ҳеч қачон бирор камчилигимни ёки пулим тугаб қолганлигини айтмаганман. Лекин у зот худди пулим тугаганидан хабардордек, айни керак пайтда пул бериб турар эдилар. Шу сабабли тирикчилик учун пул топишимга ҳожат қолмади. Илмда бир даражага етгунча у зотнинг дарс ҳалқасида йигирма тўққиз йил (ёки ўн етти йил) бардавом бўлдим. Аллоҳ менга у зотнинг баракаси ва яхши нияти сабаб илм ва бойлик эшикларини очиб берди. Аллоҳ у зотни менинг номимдан гўзал муко-фотлаб, Ўз мағфиратига олсин!”
Абдулфаттоҳ Абу Ғудда роҳимаҳуллоҳнинг "Саҳифалар" китобидан