loader
Foto

Пайғамбар (с.а.в.)ни энг охирги кўрган киши

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Яъқуб ривояти орқали Абдуллоҳ ибн Ҳориснинг шундай деганини ривоят қилади:

«Умар ёки Усмон (р.а.)нинг халифалик даврида Али (р.а.) билан бирга умра қилдим. Али (р.а.) синглиси Умму Ҳони бинти Абу Толибнинг ҳузурига тушди. Умрасини адо этганидан сўнг қайтди. Ювинишни истаган вақтда унинг устидан сув тўкдим. Ғусл қилди. Ғуслини тугатганидан кейин ироқликлардан бир неча киши унинг ҳузурига келиб шундай дедилар:

— Эй Абу Ҳасан! Биз сендан бир нарсани сўраш учун келдик. Уни бизга сўзлаб беришиңни хоҳлаймиз.

— Шундай тахмин қиламанки, Муғийра ибн Шуъба сизларга Расулуллоҳни энг охирги кўрган одам ўзи эканини айтган.

— Ҳа. Шу сабабли сенга келдик. Шуни сендан сўрамоқчимиз.

— Расулуллоҳ (с.а.в.)ни энг охирги кўрган киши Қусум ибн Аббосдир.»

Юнус ибн Букайр Муғийра ибн Шуъбанинг шундай деганини ривоят қилади:

«Юзугимни Расулуллоҳнинг қабрига ташладим. Халқ у ердан чиқар экан, мен:

— Юзугим қабрга тушиб кетди, дедим. Аслида мен Расулуллоҳнинг жасадига қўлимни тегизиш ва инсонлар орасида уни энг охирги кўрган киши бўлиш учун юзугимни қасддан қабрига ташлаган эдим.»

Муғийра ибн Шуъбанинг шундай дегани мақсадига етиб борганини англатмайди. Чунки Али (р.а.) уни қабрга тушишига рухсат бермаган, бошқа бировга буюрган, ўша киши тушиб юзукни чиқариб Муғийрага берган бўлиши мумкин. Олдинги ривоятга кўра эҳтимол Али (р.а.) Қусум ибн Аббосга буюрган, Қусум қабрга тушиб юзукни чиқарган ва уни эгаси Муғийра ибн Шуъбага топширган бўлиши мумкин.

Воқидий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбанинг шундай деганини ривоят қилган:

«Муғийра ибн Шуъба юзугини Расулуллоҳнинг қабрига ташлади. Али (р.а.) унга шундай деди:

— Сен “Мен Пайғамбар (с.а.в.)нинг қабрига тушдим”, дейиш учун юзугингни қасддан қабрга ташлагансан.

Шунингдек, Али (р.а.) қабрга тушиб юзукни чиқарди ва Муғийрага берди. Ёки бошқа бир кишига буюрди. У киши қабрга тушди, юзукни чиқариб Муғийрага берди.»

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Баҳзнинг шундай деганини ривоят қилган:

«Мен Пайғамбар (с.а.в.)нинг жаноза намозида ҳозир бўлдим. Одамлар:

— Бу намозни қандай ўқиймиз? — дедилар. Унга: “Қатор-қатор ичкари кириб ўқинглар”, дейилди. Улар ўша эшикдан кириб намоз ўқишар, кейин бошқа эшикдан чиқиб кетишарди. Лаҳдга қўйилганида Муғийра:

— Расулуллоҳнинг оёқлари қабрда яхши жойлашмади, деди. Унга:

— Кириб тўғрила, дейилди. У ҳам қабрга тушди. Қўлини айтаётган жойга қўйиб, Расулуллоҳнинг оёқларига қўлини тегизди. Кейин:

— Устимга тупроқ сепинглар, деди. Унинг устидан тупроқ сепишди. Тупроқ оёқларининг ярмигача чиқди. Кейин ўзи қабрдан чиқиб шундай деди:

— Мана мен сизлар орасида Расулуллоҳ (с.а.в.)ни энг охирги кўрган киши бўлдим.»[9]

Ибни Касирнинг "Ал-Бидоя ва-н-Ниҳоя" китобидан

Абу Муслим таржимаси