Абдулмалик ибн Марвон Шомга қайтгач, аскарини йиғди:
– Зубайр ўғли билан жангга боринглар, – деди. Аммо бу жангга амирлардан ҳеч ким қатнашмади. Фақат Ҳажжож ибн Юсуф туриб келди ва:
– Эй Амирул мўъминин! – деди. – Мени юбор, чунки кеча тушимда Зубайр ўғлини тутиб, асир қилганимни кўрдим.
Абдулмалик:
– Жойингда ўтир, – деди. Кейин уч марта амирларига:
– Зубайр ўғли билан уруш қиладиган ким бор? – деб сўради. Ҳеч ким:
– Мен бораман, – деб жавоб бермади. Фақат Ҳажжож чиқиб:
– Мен борай, – деди. Абдулмалик Ҳажжожга 2000 киши берди. Уни Зубайр ўғли билан жангга юборди. Ҳажжож аскари билан Маккага яқин жойга келди, Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳам Маймун водийси деб аталадиган жойда унинг рўпарасига чиқди. Икки аскар тўқнашди. Ҳазрати Зубайр ўғли Абдуллоҳ мағлуб бўлди. Ҳажжож Абдулмаликка ғалаба хабари ёзди. Яна ёрдам сўради. Ва амирлардан Ҳорис билан Ториқни юборишини талаб қилди. Абдулмалик уларни унга юборди.
– Ўша вақт Рамазон ойи эди, Макка халқининг устидан танқислик ва қаҳатчилик тушган эди. Шу сабаб Макка атрофидан ҳеч ким ҳеч нарса олиб кела олмасди. Маккага келган ҳар қандай кервонни Ҳажжож тала қилиб, уриб-тартиб кетарди. Зилқаъда ойида кўп жанг бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг аскаридан кўп киши ҳалок бўлди. Баъзилари Яманга қочишди. Баъзилари эса Мадинага кетишди. Ҳажжож ибн Юсуф 8000 киши билан Маккани муҳосара қилди. Кейин келган Зилҳижжа ойида Ғарбдан ва Шарқдан (Магрибдан ва Машриқдан) ҳажга келган халқ Маккани муҳосараланган ҳолда топишди. Йўл топа олмаганлари учун ҳаж фаризасини адо эта олишмади. Ҳажнинг энг катта рукни Арафотда вуқуф туришдир. ( )
Ўша йили Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр Арафотга чиқмади. Ҳажжож:
– Имом менман! Келинглар, сизларга ҳаж қилдириман, – деди. Аммо ҳеч ким Ҳажжожнинг гапига эътибор қилмади. Ҳаж фаризасини ҳеч ким адо қилмасдан қайтиб кетишди. Ва Ҳажжож ибн Юсуф аскарини Маккага юборди. Ҳар куни жангни тўхтатмас эди. Ҳар куни кўп кишилар қиличдан ўтарди.
Ҳажжож Каъба уйи устига манжаниқ (катапулт) ўрнатган эди. Аллоҳ таолога тошлар отарди. Шундай қилиб Макканинг кўп уйларини ёқиб, вайрон қилди.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзининг атрофидаги халқ билан ҳар куни Макка ботқоғида чиқиб жанг қиларди. Ва ўзи арабларнинг зотли, мард инсонларидан эди. Бир неча киши билан тўрт ой давомида Макка дарвозасида 8000 киши билан жанг қилди. Бир куни Ҳажжож манжаниқ билан Маккани тошлаётган вақтда бир тош Каъба уйининг устига тушди. Ўша заҳотиёқ булутлар қуёшни тўсди. Дунё қоронғу бўлди. Қуёш тутилгандек туюлди. Ҳаво тўсатдан қоронғилашди, чақмоқ уриб тушди. Ва бу чақмоқлар ўша манжаниқни ва уни отганларни ҳам ёқиб юборди. Ҳажжожнинг одамлари қўрқишди. Манжаниқни ташлаб қайтишга тайёрландилар. Бедбахт Ҳажжож:
– Қўрқманглар, – деди. – Бу Ҳижоз юртининг аҳволи шундай. Ҳар доим чақмоқ ва яшин бўлиб туради. Бугун сизни ёқди, эртага бошқаларни ёқса керак.
Аммо халқ унинг бу гапларига ишонмай қайтишга тайёрландилар. Лекин Ҳажжож ўзи манжаниқни отишга ўзи киришди. Ҳар куни жанг қиларди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳузурида ким бўлса, Ҳажжожнинг амонига кириб, Маккадан чиқиб кетарди. Маккада жуда қаттиқ қаҳатчилик бўлиб, халқ очликдан қирила бошлади. Жами 10.000 маккалик Ҳажжождан амон сўраб чиқиб кетишди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг икки акаси бор эди. Бирининг исми Ҳабиб, иккинчисиники Ҳамза эди. Иккови ҳам Ҳажжожнинг амонига кириб, унинг ҳузурига боришди. Ҳажжож ҳам ўшанда Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳузурида ҳеч ким қолмаганини англади. Элчи юборди ва:
– Эй Абдуллоҳ! Ўзингни бекорга ҳалок қилмаяпсанми? Инак, халқ сендан юз ўгирди, узоқлашди. Болаларинг ҳам сени ташлаб сендан юз ўгиришди. Сен ҳам кел, амон сўра, кўнглинг нима истаса, мен уни сенга бераман, – дегизди.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр бу таклифни қабул қилмади. Ва амонга рози бўлмади. Ҳажжож эса Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қалбини шаҳидлик йўлига қўйганини англади. Макканинг беш дарвозасига одам қўйди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳузурида фақат беш киши қолган эди. Уларнинг ҳар бирини бир дарвозага қўйган эди. Онаси Зотун Нитақайн Ҳазрати Асмо эди – Ҳазрати Абу Бакрнинг қизлари. У ақлли ва ибодатни яхши кўрадиган аёл эди. Абдуллоҳ унинг ҳузурига борди. Чунки ўғил онасидан маслаҳат олмасдан ҳеч иш қилмасди. Ҳазрати Абдуллоҳ унга:
– Эй онам! – деди. – Ҳар бир инсон мендан юз ўгирди. Ва Ироқ халқи мен билан қилган ишни Ҳазрати Ҳусайн билан ҳам қилган эдилар. Ҳазрати Ҳусайннинг аҳли байти (аҳли оиласи) унга эргашиб, жангдан чекинмадилар. Унинг олдида шаҳид бўлдилар. Инак, менинг икки ўғлим ҳам душман тарафига ўтишди. Ва Ҳажжож менга:
– Кел, – дейди, – бу дунёда нима хоҳишинг бўлса, сенга бераман. Эй хотун, сен нима дейсан? Қабул қилиб унинг ҳузурига борийми? Ёки бормай?
Ўшанда Ҳазрати Асмо:
– Эй ўғил! – деди. – Сен ўз ҳолингни ўзинг яхши билсанки, сен ҳақ йўлида эдинг. Ва инсонларни ҳам ҳақ йўлига даъват қилардинг. Яна ҳам ҳақ йўлида бўл. Ҳаққингни ҳеч кимга берма. Шаҳидликни афзал бил, Исломни улуғлашга ҳаракат қил. Жаннатни топ.
Ҳазрати Абдуллоҳ ҳам онасининг бошини ўпиб:
– Эй онажоним! – деди. – Менинг қалбим ҳам шу йўлдадир. Мен сен билан ҳозир видолашишга келдим. Аллоҳ таоло билгувчидирки, мен ҳақ йўлидаман. Мендан ҳеч қачон ботил нарса содир бўлмаган. Ва ҳеч бир шахсга зулм қилмаганман. Доимо Аллоҳ таолонинг розилигини истаганман. Ҳазрати Абдуллоҳ кейин қуйидаги дуони қилди:
– Ё Илоҳӣ! Сен билгувчидирсанки, мен ўзимни мақтамаяпман. Фақат онамга тасалли беряпман.
Ҳазрати Асмо ҳам:
– Эй ўғил! Менга тасалли бериш шарт эмас. Иншааллоҳ, мен сенинг орқангдан тез келаман. Агар тирик қолсам, сабр қиламан, – деди. У ҳам Аллоҳ таолога дуо қилиб, шундай деди:
– Ё Роббул оламин! Сен билгувчидирсанки, бу менинг ўғлим умрининг кўп қисмини рўза билан ўтказди. Тунларини намоз билан ўтказди. Сен ўз раҳматинг билан унинг рўза ва намозларини зое қилма.
Сўнгра Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр онаси Асмо хотун билан видолашиб уйдан чиқди. У кеча Маккада қолган дўстлари билан Масжидул Ҳаромда ибодат билан вақт ўтказди. Эртаси куни – Расул (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳижратларининг етмиш учинчи йили Жамодул аввал ойининг ўн учинчи сешанба куни эди – бомдод намозини ўқиб, жангга юрди. Масжидул Ҳаромнинг беш дарвозаси ҳам аскар томонидан тўсилган эди. Ҳар бир эшикни очиб, олға ҳужум қилди. Кўп кишиларни ўлдирди. Орқага қайтди. Бошқа эшикка борди. У ерда ҳам худди шу ишларни қилди. Энди кун илиқлашган эди. Ўз жойида туриб:
– Агар мен билан жанг қиладиган битта одам бўлса, у қанчалик мард бўлмасин, мен унга етардим. Аммо булар тугамайдиган бир халқдир, – деди.
Ёна ҳужум қилиб, халқни олдига солиб ҳайдаб келаётганида, Сафа тоғига етиб келган эди, Сафа тоғининг юқорисидан унга бир тош отилди. Тош унинг муборак юзига тегди. Бўйни синди. Ва оёғи синди-да, ерга тушди. Тушган пайтда аскарлар дарҳол унинг устига йиғилишди. Уни парча-парча қилишди. Бошини ҳам кесиб, дорга осишди.
Ҳажжож энди Маккага кирган эди. Абдулмалик ибн Марвон номидан халқдан байъат олди. Ва Ториқни Мадинага юборди. Ўзи Макка амирлигига ўтирди. Абдулмаликдан фармон келди. Яман амирлигидан қанча жой бўлса, уни унга берди. Ва Холид ибн Абдул Ғазони Басрадан азл қилди. Басра ва Куфани Бишр ибн Марвонга берди.
Ҳижратнинг етмиш тўртинчи йили бўлганда Ҳажжож яна аввалги ҳолатда бўлди. Чунки уни Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зубайр бузиб, аввалгидан каттароқ қилган эди. Яна шу етмиш тўрт йил ичида Абдулмалик Мадинани ҳам Ҳажжожга берди. Ҳажжож Мадинага келди. У ерда қанча Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари бўлса, ўша бахтсиз киши уларни масхара қилди ва уларни хор қилди:
– Нима учун Ҳазрати Усмонга ёрдам бермадингларки, уни шаҳид қилишди? – деди. Саҳобалардан ким унинг ҳузурига борса, ўша кишини тик турган ҳолда ушларди. Унга:
– Ўтир, – демасди. Уч ой Мадинада қолди. Саҳобалардан кўп кишиларни шаҳид қилди. Сўнг яна Маккага қайтди. У ерга боргач, ўтиради ва атрофнинг аҳволидан хабардор бўларди.
«Тарихий Табарий» китоби, 4-жилдидан
Абу Муслим таржимаси