loader
Foto

Дия

(Дия - жонга ва унинг ҳукмидаги нарсага нисбатан қилинган жиноятларда тўланадиган товон тури, хун.)

Кимки бирор кишига жароҳат етказиб, бу ишни қасддан қилмаган бўлса ва бунга далил келтирилса, далил келтирганлар суриштирилади. Далил келтирганлар ишончли кишилар ёки улардан иккитаси ишончли киши бўлса, жиноятчининг ота томонидаги қариндошларидан уч йил давомида ҳар йили учдан бири тўланадиган хун ундирилади. (Қотил ва ўлдирилган одамнинг қариндошлари ўртасида) сулҳ тузилган, жиноятни қасддан қилгани аниқланган ва жиноятчи жиноятига иқрор бўлган ҳолларда хун ундирилмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва саҳобаларнинг имомларидан қилинган ривоятларга кўра, қотиллик дияси 100 та туя ёки 1000 динор ё 10000 дирҳам ёки 2000 та қўй ё 200 та сигир ёки 200 та кийим кўринишида ундирилади.

Муҳаммад ибн Исҳоқ Атодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга қотиллик диясини ўз молларидан - туя эгалари 100 та туя, қўй эгалари 2000 та қўй, сигир эгалари 200 та сигир, кийим эгалари 200 та кийим тўлашларини белгилаб берганлар”.

Ибн Абу Лайло Шаъбийдан, у Убайда Салмонийдан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қотиллик диясини олтин эгалари 1000 динор, кумуш эгалари 10000 дирҳам, туя эгалари 100 та туя, сигир эгалари 200 та сигир, қўй эгалари 2000 та қўй, кийим эгалари 200 та кийим тўлашларини белгилаб берган”.

Ашъас Ҳасандан ривоят қилади: “Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар қотиллик диясини белгилаб, уни тўлайдиган одамга хоҳласа туя, хоҳласа ўша қийматдаги пул билан тўлаш имконини берганлар”.

Абу Юсуф айтади: “Бу мен кўрган ироқлик уламоларнинг сўзлари, Мадина уламолари эса қотиллик диясини 12000 дирҳам деб белгилаганлар”.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун тўланадиган туянинг ёши борасида турли фикрда бўлганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони -100 танинг) бешдан бири олинади”, деганлар. Бу ҳакда Ҳажжож Зайд ибн Жубайрдан, у Хишф ибн Моликдан, у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони -100 танинг) бешдан бири олинади”, деганлар”.

Мансур Иброҳим ва Абу Ҳанифадан, у Ҳаммоддан, у Иброҳимдан, ривоят қилади: “Абдуллоҳ: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони 100 танинг) бешдан бири - 20 та ҳиққа(Ҳиққа - 3 ёшдаги туя.), 20 та жазаъа(Жазаъа - 5 ёшдаги туя.), 20 та бинт лабун(Бинт лабун - икки ёшдаги урғочи бўталоқ.), 20 та ибн лабун(Ибн лабун - икки ёшдаги бўталоқ.), 20 та бинт махоз(Бинт махоз — бўғоз туя.) олинади”, деган”.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам қасддан қилинмаган қотиллик дияси ҳақида шундай деган. Абу Ҳанифа Ҳаммоддан, у Умардан ривоят қилади: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (беш хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони 100 танинг) бешдан бири олинади”, деган.

Лекин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (тўрт хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони 100 танинг) тўртдан бири олинади”, деган. Мансур Иброҳимдан, у Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун (тўрт хил ёшдаги туялар гуруҳининг ҳар биридан умумий туялар сони 100 танинг) тўртдан бири - 25 та ҳиққа, 25 та жазаъа, 25 та бинт лабун, 25 та бинт махоз олинади”.

Усмон ва Зайд ибн Собитлар: “Қасддан қилинмаган қотиллик дияси учун 30 та жазаъа, 30 та бинт лабун, 20 та ибн лабун, 20 та бинт махоз олинади”, - деганлар. Бу ҳакда Саид Қатодадан, у Саид ибн Мусаййибдан ривоят қилган.

Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Куфийнинг

"Китоб ал-Харож" китобидан

А. Маннапова таржимаси